Марокашнинг тарих яратишида оналар муҳим рол ўйнамоқда
12 dec 2022 19:44
News
Марокашнинг тарих яратишида оналар муҳим рол ўйнамоқда
"Шерлар" нафақат жаҳон чемпионатининг ярим финалига йўл олган дастлабки Африка жамоасига айланди, балки ўз муваффақиятларини уларнинг энг кўп қўллаб-қувватлаётган инсонлари билан баҳам кўриш бахтига муяссар бўлишди.
Нимчорак финалдаги Испанияга қарши пенальтилар сериясида ўзининг ҳал қилувчи зарбасидан сўнг Ашраф Ҳакими хурсандчилигини одамлар орасида турган онаси билан нишонлаш учун борди ва камерачилар эътиборини тортди ҳамда онасининг юзидан мағрурона ўпган ҳолда суратларга муҳрланди. Ҳимоячи Марокашнинг чорак финалдаги Португалияга қарши ўйиндаги ғалабасидан кейин ҳам худди шу ишни такрорлади ва онасини бағрига босиш учун трибуна томон яқинлашди. Испанияга қарши ўйиндан сўнг Ҳакими ижтимоий тармоқдаги саҳифасига онаси билан бирга тушган суратини жойлаштириб, шундай изоҳ қолдирди: "Мен сизни яхши кўраман, онажон".
Турнир давомида волидасининг кўмагидан баҳраманд бўлган футболчи фақатгина Ҳакими эмас. Португалияга қарши ўйиндан сўнг футболчиларнинг ота-оналари билан ғалабани қарши олаётгани акс этган бир қанча лавҳалар интернетда тарқалди, шу жумладан, Софиан Боуфал Марокаш мухлисларининг олқишлари остида онаси билан рақсга тушганининг гувоҳига айландик.
Жамоат бош мураббий Валид Реграгининг ҳам Марокашнинг ярим финалгача бўлган мисли кўрилмаган ғалабаларини онаси билан нишонлаш учун трибунага кўтарилганини гувоҳи бўлган. Реграги шогирдлари билан Испания устидан ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққач, "Ал Жазира" телеканали таҳлилчиси Ушер Комугиша Твиттердаги саҳифасида шундай пост қолдирди: “Валид Реграгининг онаси Фотима 50 йилдан ортиқ вақтдан бери Парижда истиқомат қилади, бироқ ўғлини футболчи ёки мураббий сифатида иштирок этган ўйинларини томоша қилиш учун бирор марта саёҳатга чиқмаган. Шу боис мураббийнинг волидаси Қатардаги жаҳон чемпионатига ташриф буюриш учун қатъий туриб олди. Натижада нима бўлди? Онаизор Марокашни чорак финалга йўл олиб, тарихий натижа қайд этишида руҳлантирди”.
"Ал Жазира" нашрининг хабарига кўра, Реграги ва Марокаш Қироллик футбол федерацияси президенти Фузи Лекжа футболчиларнинг оила аъзоларини Қатарга саёҳат қилишини таъминлаган. Ота-оналар Марокаш учун ажратилган база — "Wyndham Doha West Bay" меҳмонхонасига жойлашган.
Турнирга ўйинчиларнинг ота-оналарини жалб қилиш режаси уларнинг шижоатини кўтариб туриш мақсадида Реграги томонидан атайин ишлаб чиқилди. Август ойида ишга киришган мураббий бу ҳақда шундай деди: "Бизнинг муваффақиятга эришишимиз ота-оналаримизнинг бахтиёрлигисиз содир бўлмайди".
Марокашнинг натижасидан хулоса чиқарадиган бўлсак, бу режа ишлаётганга ўхшамоқда. Уларнинг Испания ва Португалияга қарши ғалабалари турнир давомидаги энг катта сенсатциялардан ҳисобланади. Эндиликда финал йўлланмаси учун Францияга қарши муҳим баҳс ҳам рақиб жамоанинг хавотирига сабаб бўлмоқда.
Жамоанинг ўнг қанот ҳимоячиси бўлган таниқли ўйинчиларидан бири бўлган Ҳакими аввалроқ ота-онаси унинг учун қанчалик қадрли экани ҳақида гапирганди. "Биз фақатгина кун кўриш учун курашган камтарона шароитдаги оиламиз", деди Ҳакими 2018 йил "Реал Мадрид"дан ижара асосида Дортмунднинг "Боруссия"сига кўчиб ўтганида берган интервюсида. "Бугун мен улар учун ҳар куни курашаман. Улар мен учун ўзларини қурбон қилдилар”.
Оқил Абдубарноев таржимаси
Comments