Иван Бошкович: "Сўғдиёна"да ишлашга қийналмаяпман"
19 may 2023 23:20
News
Иван Бошкович: "Сўғдиёна"да ишлашга қийналмаяпман"
- Бу ўйинда бизда катта босим ҳис қилишимизни, ҳаводаги тўп учун курашлар бўлишини билардик. Бундай рақибга қарши ўйнаш доимо ноқулай. "Бухоро"да иштиёқ юқори бўлишини билгандик. Асосийси - ғалаба қозониб олдик. Кетма-кет учинчи ўйинда гол ўтказиб юбормадик. Бу мени қувонтирмоқда. Демак, ҳимоямиз юқори даражада ўйин кўрсатяпти. Ўйин сифати борасида эса менда доимо эътироз бор. Биринчи бўлимда секинроқ ўйин намойиш қилдик, ўткир паслар бера олмадик. Майдонга мослаша олмадик ва тўп билан яхши ишлай билмадик. Иккинчи бўлимда эса ишлар яхшироқ кечди ва вазиятлар яратишни бошладик. Албатта, рақибда ҳам яхши вазиятлар юзага келаётганди. Ўша вазиятларда бизнинг омадимиз келди. Биринчи бўлиб гол уриб олганимиздан кейин ўйин якунигача ҳисобни ушлаб туришга қийналдик. Энг муҳими - ғалабали йўналишда давом этяпмиз. Ўйин сифатини янада яхшироқ қилишга, вазиятлардан кўпроқ гол уришга ҳаракат қиламиз. Албатта, бу йўлда натижа биринчи навбатда бўлади. Бироқ сифатли ўйинсиз натижани узоқ кутиб қолишимиз мумкин.
- Футболчиларингизнинг ўйинидан мамнунмисиз?
- Айтганимдек, ўйин сифатидан эътирозим бор. Рақибдан бир бош устун бўлиб ўйнашимизга ишонаман. Исталган мураббийга ўз ўйинини сингдириши учун вақт керак. Биз ҳам бу йўлда меҳнат қиляпмиз.
- Жамоанинг асосий таркиби деярли ўзгармаяпти.
- Ҳа, таркиб ўтган ўйиндаги каби. Асосий таркибда ўзгариш бўлмади. Рақибнинг даражасини, футболчиларимнинг ҳолатини инобатга олдик ва мураббийлар штаби билан келишган ҳолда таркибни ўзгартирмадик. Бизда доимо ўйинни кучайтирадиган захира футболчилари бор. Барча футболчилар менга керак. Ҳар ўйинда ёш футболчиларга имконият берилмоқда. Иккинчи бўлимда ёки ўйин тугаши ёки бошланиши мумкин. Шундай паллада таркибдаги икки ёш футболчилар - Ҳислат Ҳалилов ҳамда Нодир Сойибовлардан кўпроғини кутяпман. Режамиз шундай, ушбу йўлда давом этишимиз керак.
- Сиз жамоа бошқарувини қўлингизга олганингиздан кейин жамоа 180 градусга ўзгарди ва кетма-кет тўрт ўйинда ғалабага эришди. Муваффақиятнинг сири нимада?
- Одатда жамоаларда бош мураббий ўзгарганидан кейин футболчиларнинг кайфияти ҳам яхши бўлади. Мураббий жамоага келибоқ ўйин услубини ўзгартириб ташлай олмайди. Илк навбатда, бу рухий томонга боғлиқ. Иккинчидан эса биз тактик ўйинни позицион ўйин билан ўзгартирдик. Албатта, доимо эътиборли бўлиш ва ҳимояда мустаҳкам туриб бериш - жамоа ўйинининг асоси бўлиши керак. Бу мен учун энг асосийси ва мана ишлар ҳам қадам ва қадам яхшиланмоқда. Энди гол ўтказмай ютаётган эканмиз, демак, ўйин сифатини яхшилаш бобида ишлашимиз ва олдинга ҳаракатланишимиз керак. Бу жамоада ишлаш мен учун қийинчилик туғдирмаяпти. Чунки таркибдаги футболчиларнинг савияси юқори даражада ва буни биринчи ўйиндан кейиноқ айтгандим. Бундай футболчилар билан ишлаш мураббийларга ҳам қийинчилик туғдирмайди ва биз улар билан ишлашдан завқ оляпмиз.
- Олдинги ҳужумчиларнинг ҳозирги ҳужумчилар билан ўртасидаги фарқ нимада?
- Футбол ўзгармоқда, талаблар ошмоқда. Сўнгги ҳужумчи ҳам ҳозир прессинг қилиши, оёқда, бошда яхши ўйнай олиши керак. Олдинлари сўнгги ҳужумчи бемалол тўпни кутиб туриши мумкин бўларди. Ҳозир эса сўнгги ҳужумчи нафақат гол уриши, балки, ҳимояга ҳам ёрдам бериши керак.
- Жамоангизда етакчи футбол ўзгармаяпти. Ўтган мавсумда ҳам Жасур Ҳасанов етакчи эди ва у ҳали ҳам ўз вазифасини бажармоқда.
- Ўзбек футболининг афсонаси билан ишлаш менга ҳам ёқмоқда. У билан бирга ўйинларни ютяпмиз. Исталган футболчининг юқори даражада ўйин кўрсатиши - мураббийлар штабининг ютуғи. Шунингдек, менинг ҳам ютуғим.
- Сиз ўз мураббийлар штабингизни олиб келдингизми ёки олдинги мураббийлар қолишдими?
- Икки нафар маҳаллий мураббийни танлаб олдим, бир нафари "Бунёдкор"дан келди. Айримлари билан "Насаф"да бирга ўйнаганман. Бир нафари эса Улуғбек Бакаев билан "Бунёдкор"да ишлаган. Шерали Бобоқулов менга маслаҳатчи бўлиб турибди. Бизда етарлича ёш ва иқтидорли мураббийлар штаби йиғилган.
Comments