Исломбек Исмоилов: "Рақибнинг тезкор голидан сўнг ҳам услубимизни ўзгартирмадик"
06 nov 2020 14:52
News
Исломбек Исмоилов: "Рақибнинг тезкор голидан сўнг ҳам услубимизни ўзгартирмадик"
- Ислом ака, бугунги ўйин ҳақида фикрларингиз...
- Аввало биринчи навбатда узоқ бўлишига қарамасдан Самарқандга келиб бизни стадиондан қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга, шунингдек телевидение орқали ўйинни кўриб бизни қўллаб-қувватлаган барча-барчага ўз миннатдорчилигимни билдирган холда ғалаба билан табриклайман. Бугунга қадар жамоамиз юқори тўртлик клубларига қарши кечган баҳсларда ғалаба қозонолмай келаётганди, кўпроқ дуранг натижа қайд этаётгандик. Гувоҳи бўлганинглардек, бугун юқори тўртлик вакили "Динамо" клубини сафарда мағлуб эта олдик. Ғалаба ҳар доим ёқимли бўлган. Ўйин ҳақида айтадиган бўлсам, футболчиларимиз биз майдонда қўллашни истаган услубларни тушуниб етишмоқда. Тезкор гол ўйин холатига таъсир кўрсатди албатта. Лекин йигитлар ирода кўрсатган холда учрашувда ғалабани биз томонга оғдира олишди. Бугун эътибор қаратган бўлсангизлар, биз ҳимояни юқорида қўйишга ҳаракат қилдик, прессинг қўлладик, кўпроқ урғуни ҳужумга қаратдик. Сафарда ўйнашимизга қарамасдан бугун икки ҳужумчи билан ўйнадик. Ўйин борасида жамоам кўрсатган ўйиндан қониқиш ҳосил қилдим. Тўғри, камчиликларимиз йўқ эмас, бу борада мунтазам ишламоқдамиз.
Прессинг услубида ўйнаш осон эмас, йигитлар бугун жуда кўп тер тўкишди. Иккинчи бўлимни ҳам ёмон ўтказмадик, дастлабки дақиқаларданоқ ҳужумкор ўйин намойиш этдик. Футболчиларимизда олдинги тур учрашувларида сўнги дақиқаларда ўтказиб юборилган голлар туфайли руҳий босим бор эди. Иккинчи бўлимнинг сўнги дақиқаларида ҳисобни ушлаб қолишга ҳаракат қилдик. Бу балки кимгадир вақт чўзишга ўхшаб кўринган бўлиши мумкин. Танаффусда йигитларга ҳужумкор ўйин намойиш этишга кўрсатма бергандим. Барибир амалдаги ишни майдонда футболчилар бажаради. Юқорида айтганимдек, йигитлардаги руҳий холат ўйиннинг сўнги дақиқаларида ҳимоявий ўйин услубига ўтиб қолишимизга сабаб бўлди. Биз ҳеч қачон футболчиларга вақт чўзиш борасида кўрсатмалар бермаганмиз. Ўйиннинг соф вақтини кўпайтиришга, мухлислар футболдан баҳра олишларини истаймиз. Услубимиз ҳам, фалсафамиз ҳам, умумий айтганда ғояларимиз ҳам ҳужумкор футболга қаратилган.
- Учрашувдан олдин жамоангиз таркибида йўқотишлар бор эди. Жавоҳир Соҳибов, Достонбек Мелиқўзиев, Билолхон Тошмирзаев, Аслиддин Тоштемиров. Ушбу футболчилар ўрнини қандай тўлдирдинглар?
- Тўғри таъкидладингиз, ўйиндан олдин таркибимизда жуда жиддий йўқотишлар бор эди. Асосий таркиб футболчиларидан Жавоҳир Соҳибов, Достонбек Мелиқўзиев, Билолхон Тошмирзаев, Аслиддин Тоштемировлар биз учун жуда муҳим бўлган футболчилар эди. Лекин таркибимизда ҳар бир чизиқда рақобат шаклланган. Биз бир футболчига жамоанинг ўйини боғланиб қолмаслигини таъминлаш бўйича иш олиб бормоқдамиз. Футболда жароҳатлар, карточкалар ёки бошқа сабаблар билан бирон футболчи майдонга туша олмай қолса, унинг ўрнини тўлдира оладиган футболчи ҳамиша топилиши керак. Бугунги баҳс учун йигитларга раҳмат айтмоқчиман, улар бугун намойиш этган ўйинлари билан қай даражада яхлит жамоа сифатида шаклланганимизни кўрсатиб бера олишди.
- Бу саволни сизга аввал ҳам беришган. Лекин ўйинлар борасида сизда бу борадаги фикр мустаҳкамланганлиги аниқ. Мурод Исмоиловнинг "Турон"да фаолият олиб бориши сизга қандай ёрдам бермоқда?
- Тўғри, бу борада аввал ҳам айтиб ўтгандим, Мурод Исмоилов жамоамизда таҳлилчи мураббий сифатида фаолият олиб бормоқда. Биз у кишининг улкан тажрибаларидан фойдаланяпмиз, тегишли маслаҳатларига амал қилиб келаяпмиз. Жамоа учун фойдали инсон, тажриба жиҳатидан кўпни кўрган. Қийин вазиятларда бизга ўз маслаҳатларини бериб келмоқдалар.
- Истеъдодли ёш посбон Амал Шавкетов 2-3 ўйиндан буён ўйин қайдномасига киритилмаётганини сабаби нима?
- Амал Шавкетов елка қисмидан жароҳат олган. Умид қиламизки, тез орада ёш посбонимиз сафимизга қўшилади.
- "Динамо"га қарши ишлаб чиқилган ўйин режасига рақибнинг пенальтидан урган тезкор голи қандай таъсир қилди? Сизда бу борада В режа ҳам бор эдими?
- Биз ҳамма ўйинларга бир хил даража тайёргарлик кўрамиз, бугунга қадар ҳеч бир жамоа учун алоҳида услуб билан тайёрланаётганимиз йўқ. Биздаги фалсафа ва қарашлар фақат ва фақат ҳужумкор ўйин услубига қаратилган. Ўйиндан олдин футболчиларга тушунтирганмиз, ПРО-Лигада ғолиб чиқмоқчи бўлсак, юқори тўртлик жамоаларини ҳам мағлуб этишимиз керак. Ўйинни иккита ҳужумчи билан бошладик. Гарчи пенальтидан тезкор гол ўтказиб юборганимизга қарамасдан ўз ўйин услубимизни ўзгартирмадик. Тинимсиз прессингни амалга оширдик. Биласиз, рақибнинг прессингига қарши ҳар қандай жамоа қийналади, эркин ҳаракат қилиш имконияти жуда пасайиб кетади.
- Олдинда жамоани "Шўртан"га қарши ўйин кутиб турибди. "Турон" ПРО-Лига баҳсларида ҳали "Шўртан"ни мағлуб этолмади. Бўлажак учрашув ҳақида нималарни айта оласиз?
- "Шўртан"га қарши ҳам доимгидек тайёргарлик олиб борамиз. Тўғри, ПРО-Лигада ҳали "Шўртан"ни мағлуб эта олмадик. Шунинг учун навбатдаги сафар учрашувида бу жамоани мағлуб этган холда жамоамиз мухлисларини хурсанд қилмоқчимиз.
Бекзод Толибов ёзиб олди
Comments