Ислом Тўхтахўжаев - “Шеньянг Урбан” яратиб берган шароитлар, кечадан рестарт олган Бундеслига, Хитой чемпионатининг қачон бошланиши ҳақида
17 may 2020 12:07
News
Ислом Тўхтахўжаев - “Шеньянг Урбан” яратиб берган шароитлар, кечадан рестарт олган Бундеслига, Хитой чемпионатининг қачон бошланиши ҳақида
Биз бу борада миллий терма жамоамизнинг ҳимоячиси билан боғланиб фикрлари билан қизиқдик.
“Хитойда вазият борган сари енгиллашиб бормоқда. Коронавирус асосан хориждан келган фуқароларда аниқланмоқда. Бир кунда иккита ёки учта янги касалланиш ҳолати қайд этилмоқда.
Бизга чемпионат баҳслари июнь ойининг ўрталарида бошланади дейишганди, лекин жим бўлиб қолишди. Шу кунларда федерацияда катта йиғилиш бўлиши кутилмоқда. Унда барча масалалар кўриб чиқилади деб ўйлайман. Шундан сўнг аниқ санасини айтишса керак.
Жамоамиз билан бир кунда икки маҳал ёки бир маҳалдан машғулотларни олиб бормоқдамиз, ҳамма футболчиларнинг кайфияти аъло даражада. “Шеньянг Урбан” ўз олдига юқори лигага чиқишни мақсад қилган. Чемпионат бошланса буни қай даражада исботлай олишимизни кўрсатамиз.
Мураббий барча ўйинчиларни илиқ кутиб олди. Хитойликларни бунчалик очиқкўнгил эканликларини кутмагандим. Жамоада ингилис тилини биладиганлар бор ўшалар орқали қолганлар билан мулоқот қилмоқдаман.
Рамазон ойида кун тартибим бошқаларга қараганда бироз фарқ қилмоқда. Рўза тутишим учун клуб барча шароитларни яратиб берган. Бунинг учун уларга катта раҳмат айтиб қоламан.
Кечадан яна Европага катта футбол қайтди. Ўзим Дортмунднинг “Боруссия” жамоасининг ўйинларига бефарқ эмасман. Чемпион номи бу мавсум ҳам ўзгармаса керак. “Бавария” бу борада устун. Германия футболи бошқа чемпионатларга қараганда тезроқ. Шунинг учун кузатиб бораман”,- дейди ўзбекистонлик футболчи.
Абдулазиз Искандаров ёзиб олди
Comments