Latest news

00:23Франция. ПСЖ - "Тулуза" баҳси асосий таркиблари маълум!  0 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  11 23:52Бундеслига. "Бавария" - "Аугсбург" баҳси асосий таркиблари маълум!  0 23:33Россия. "Рубин" "Акрон"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  0 23:17Рубен Аморим: "Ўзимга, футболчиларга ва клубга ишонаман"  0 22:44Месси Флик "Барселона" бош мураббийи бўлгани ҳақида гапирди  6 22:08"Интер Майами"ни ким бошқариши аниқ  0 21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   4 21:35Рўзиқул Бурдиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  12 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0 20:57Сергей Лушчан: "Навбаҳор" футболчилари "Нефтчи"га ўтяпти? Балки..."  2 20:33Суперлига. "Навбаҳор" "Қизилқум"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 20:21"Пахтакор" 8 йил олдинги антирекордини такрорлади  2 20:15Суперлига. "Навбаҳор" сафарда "Қизилқум"ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди  22 20:00Ямаль "Сельта"га қарши ўйнамайди  2

Интервью. "Заказной" мақола, Бабаян, Лобанов, дангаса журналист ва бошқа мавзулар ҳақида News

Интервью. "Заказной" мақола, Бабаян, Лобанов, дангаса журналист ва бошқа мавзулар ҳақида

Ўзбек футбол журналистикасида ўз ўрнига эга бўлган тажрибали журналист Хайрулла Холиқов билан бир қатор мавзуларда таҳлилий суҳбат уюштирдик.


- Дастлаб сиздан сўрамоқчи бўлганим ўзбек футболи журналистикаси ҳақида...
- Ўзбек футболи журналистикаси ҳақида гапирадиган бўлсам, бугунги давра талаби бу тезкорлик бўлиб қолди. Негадир одамлар аниқликдан ҳам кўра, кўпроқ тезкорликни орқасидан кўпроқ қувадиган бўлиб қолишди. Мақола, янгилик ўқувчиларга тезроқ етиб боришини исташади. Бунинг оқибатида эса хабарларда кўпинча нотўғри маълумотлар, хатоликлар кетиб қолиши мумкин. Бугунги журналистларни мен кўпроқ аниқликдан ҳам кўпроқ тезкорликни орқасидан қўвадиган инсонлар, деб ҳисоблайман.

- Ўзбек футболи охирги кунларда жуда кўп танқидлар ёмғири остида қолиб кетмоқда. Сизнингча, бу қанчалик тўғри?
- Ўзбек футболида танқидга учраётган энг асосий мавзу - терма жамоа. Биз истаймизми-йўқми, футболга терма жамоамизнинг иштирокига қараб баҳо берамиз. Терма жамоа яхши қатнашса, муваффақиятли ўйнаса, ўйлаймизки, футболимиз ривожланмоқда, ҳаммаси яхшидек кўринади. Аксинча бўлса, терма жамоамиз мағлубиятга учраса ёки муваффақиятсиз иштирок этса, футболимизни ёмонлашга тушиб кетамиз. Бу бизга одат бўлиб қолди. Ваҳоланки, футболимизда бошқа қатламлар ҳам жуда кўп. Биз эса уларни ўрганмаймиз. Терма жамоамиз туфайли ўзбек футболи жуда кескин танқидлар остида қолиб кетди, деб ҳисоблайман.

- Сиз ўзбек футболини ичкаридан яхши биладиган кам сонли журналистлардансиз. Бугунги кунда Олий лигамиз, ички чемпионат ўйинларининг даражаси қандай кўринишда?
- Мени фикримча, Олий лигамизни савияси жуда ҳам баланд ёки паст эмас. Чемпионатимиз ўртамиёна даражада. Охирги йиллари қандай бўлса, ҳозир ҳам ўша ҳолатда. Тўғри, биринчи даврада кашфиёт жамоалардан бири бўлган ва ҳозирги кунда турнир жадвалида иккинчи поғонада бораётган "Қўқон-1912" жамоаси яхши ҳаракат қила олди, деймиз. Буни фақат бир жамоадан келиб чиқиб айта оламиз. Умумий кўрсаткични ҳисобга олсак, Олий лига савиясини стадионга келаётган мухлислар сони ҳам белгилаб турибди. Ўйинлардан олдин ажиотаж юзага келмаяпти. Ўйинлар ўтиши керакми, керак ва шу тариқа учрашувлар ўтиб турибди.

- Бир қатор клубларда фаолият кўрсатгансиз. Клубларни мухлислар билан ишлаши бизда қанчалик тўғри йўлга қўйилган?
- Клубларнинг ўз функциялари бор. Улар ўз олдига битта дастур қўяди ва ўша дастур бўйича ишларни амалга оширади. Ўша дастурда мухлислар билан ишлашни ҳам киритиш керак, тўғри. Жамоа аввало мухлислар учун ўйнайди. Лекин мени фикримча, клуб мухлислар билан ишлашга мажбур эмас. Мухлислар бу футболни четдан, атрофдан кузатадиган инсонлар. Ташаббус асосан улардан чиқиши лозим. Мухлисларни ҳеч ким мажбурлаб бир жамоага ишқибозлик қилдирмайди. Уларни ўзи қайсидир жамоага қизиқиб мухлислик қилдими, демак улар стадионга тушиб уларни қўллаб-қувватлаши керак.  
Клубдан асосий талаб қилинадиган иш бу ўйинларни ёритиш, реклама, анонслар, мухлисларни чақириш. Клубни вазифаси ишқибозларни ўз учрашувларига қизиқтира олиш. Ўшандагина стадион мухлислар билан тўлиши мумкин.

- Олий лигада стадионлар хўвиллаб қолган. Деярли бўм-бўш. Мухлисларни қандай қилиб яна стадионга қайтариш мумкин, деб ўйлайсиз? Нималарга урғу бермоқ лозим?
- Аввало ўйин сифати. Кейин ишқибозлар учун стадионга келишганида уларга керак бўладиган шароитларни яхшилаш зарур.
Масалан одамлар кафе, кинотеарт ёки бошқа шунга ўхшаш жойларга борганда аввало қулайликлари ва шароитларига қарайди. Футбол ҳам камида 1,5 соат давом этадиган спорт тури. Масалан ишқибоз стадионга келдими, ўзи учун керакли бўлган егулик ва ичимлик ва шунга ўхшаш керакли нарсаларни сотиб олиш имкониятига эга бўлиши лозим. Маркетинг тарафлама ишларни яхши йўлга қўйиш керак. Аксарият клубларимиз нима қилади, тақвим бўйича ўйин бор ва биз шу ўйинни ўтказиб олсак бўлди. Мухлисларга шарт-шароитлар уларни кўп ҳам қизиқтирмайди.
Бизда ҳозир барча соҳаларда ривожланиш тезкорлик билан давом этмоқда. Бизнинг юртдошлар яхши жойларда дам олишга ўрганиб қолишган. Стадионларимиз эса уларга керак қулайликлар билан мақтана олмайди.

- Давралар оралиғида Олий лигада бир қатор жамоалар ўз таркибларини кескин ўзгартириб юборишмоқда. Жаҳон футболи тажрибасидан шуни айтиш мумкинки, мавсум ўртасида таркиб сезиларли даражада ўзгартирилмайди. Бизда эса аксинча. Бу нимадан далолат?
Футболчиларнинг нопрофессионаллигими ёки клубларни танлаган йўли нотўғрилигидами?
- Жамоалар нега кўп футболчи алмаштиришади? Чунки қишда селекция ишлари тўғри олиб борилмагани сабабли. Агарда қишда селекция ишлари тўғри олиб борилганида, бу каби ҳолатлар учрамасди.
Янги мавсум олдидан кўплаб ўзгаришлар бўлиши бу нормаль ҳолат. Аммо давралар оралиғида бу ўзгаришлар асосан зиёнга ишлайди.
Кўплаб мураббийлар танаффусда таркибимизни кучайтирдик, янги кучларни қўшиб олдик, дейишади. Аммо мен бу фикрларга умуман қўшилмайман. Жамоага ҳар мавсум ўртасида 7-8 нафар футболчини қўшиб, таркибни кучайтирдик, дейишлари нотўғри. Ҳар гал шундай дейишади, аммо якунда уларнинг бу гаплари ўз тасдиғини топмайди. Акс ҳолда ҳар сафар таркибни бу қадар кўп ўзгартиришмасди.

- Сиз тажрибали журналистсиз. Кўп йиллардан буён кўплаб газета ва нашрларда ишлаб келасиз. Фаолиятингиз давомида шундай ҳолат бўлганми, яъни бирорта мақола ёзиб, уни бош муҳаррирга кўрсатганизда, улар бу мақолани чиқара олмасликларини, танқидий руҳдаги ушбу материал нашрга маъқул келмаслигини айтиб инкор қилган вазиятлар учраганми?
- Бундай ҳолатлар ҳар бир журналист фаолиятида бўлиб туради. Спорт ҳам нозик соҳа. Раҳбарларни, мураббийларни шаънига гап тегиб қолмасин, деган маънода ҳар бир мақола кўздан кечирилади. Авваллари газеталарда ишлаганимда бу каби ҳолатлар руй берган, яширмайман. Аввалига жаҳлим чиққан, ранжиганман. Лекин кейинчалик ўйлаб кўриб, фикрлаб, уларни ҳам тўғри тушунганман. Раҳбарият ҳам бекордан бекорга ўша мақолани чиқармагандир, демак ниманидир билади. Бунга кейинчалик табиий ҳол сифатида қараганман.

- Журналист сифатида сизга кўпроқ интервью олиш қизиқми ёки таҳлилий мақола ёзишни хуш кўрасизми?
- Таҳлилий мақола ёзиш учун аввало кўп нарсани билиш керак. Ўша мавзу бўйича сизда етарлича билим ва маълумот керак бўлади. Интервью олиш эса бирмунча осонроқ. Яъни сизда ўша интервью олаётган футболчи ёки мураббий ҳақида етарлича маълумотга эга бўлса бас. Умуман олганда, мен учун иккаласи ҳам қизиқ.
Мен шу пайтга қадар "Машъал", "Шўртан", "Локомотив" жамоаларида матбуот котиби сифатида ишлаганман ва ишим юзасидан интервьюлар олганман. Уларни асосан майдондаги ҳаракатларини кузатасиз. Аммо улар билан суҳбатлашиш ва интервью қилишнинг ҳам ўзига хос қизиқ тарафлари мавжуд. Ўзингиз учун ҳам, ўқувчилар ҳам янги қизиққарли маълумотларга эга бўласиз ва қаҳрамонингизни билмаган қирраларини очиб боришингиз мумкин бўлади. Таҳлилий мақола ёзиш эса журналистни кўпроқ фикрлашга ундайди.

- Олий лигада мухлислар камайиб кетгани ҳақида айтиб ўтдик. Аммо журналистлар ташрифи ҳам жуда кескин пасайиб кетган. ОАВ томонидан ҳам Олий лигага эътибор йўқолиб кетганига нима сабаб бўлмоқда? Ҳозирги кунда ички чемпионатимиз ўйинларига саноқли журналистлар ташриф буюришмоқда...
- Футболни ривожлантириш учун журналистларни ўрни катта. Бизда афсуски, журналистлар ўйин танлашади. Халқаро учрашувларга нисбатан кўпроқ журналистлар ташриф буюришади. Ички мусобақаларда эса деярли келишмайди. Бизда ҳозир бир нарса анъана бўлиб қолди, терма жамоа мавзуси бошланганида барча қалам тебратишга, мақола ёзишга тушиб қолади. Аммо футболда терма жамоадан бошқа яна бир қанча қатламлар мавжуд. Лекин бошқа мавзуларда журналистларнинг фаоллиги йўқолиб қолади. Биринчи лига деярли ёритилмайди. Журналистлар учун биринчи ўринда МТЖ, кейин ОЧЛ ва энг сўнгги ўринда Олий лига. Биринчи лига эса ҳеч кимни эсида йўқ. Масалан Биринчи лига ҳақида кўрсатув ҳам кўрганим йўқ. Авваллари тур шарҳи, деган кўрсатув бўларди. Ҳозир ўша ҳам йўқ.
Ҳозирги кунда спорт, хусусан футбол журналистларини фаол деб ҳисобламайман.
Ўйин ажратадиган журналистларни хушламайман. Фақат терма жамоани гапираверган билан футболимиз ривожланиб қолмайди. Футболда қатламлар жуда кўп.

- Охирги 2 йил ичида бирорта ўзизга манзур бўлган таҳлилий яхши мақола ўқидингизми?
- Менга мавзуга қандай ёндошиши ёқади? Таҳлилий мақола ёзаётганда ўша соҳадаги бирор бир мутухассисми, ўша мавзуга алоқадар мураббий ёки шахсдан икки оғиз фикрини келтириб бериш ёқади. Ва шу атрофида мақолани жонлантириб бориш мумкин. Лекин афсуски бизда ҳозирги кунда ҳамма ўз билганидан келиб чиқиб фикрламоқда. Аммо мавзуга атрофлича ёндошилмаяпти. Бу каби мақолалар камайиб кетди. Танқид қилди дегани, бу уни зўр журналист бўлиб қолди дегани эмас. Менимча, журналист авваламбор репортаж тайёрлашни билиши керак. Жойларга бориб, 2-3 киши билан суҳбатлашиб, мавзуни ўрганиб ва ўша мақола ёзаётганида уларнинг ҳам фикрларини берса, хоҳ улар тўғри ёки нотўғри гапирса. Якунда эса ўзининг муносабатини билдирса, ана ўшанда яхши мақола вужудга келади.
Журналист мавзуни чуқурроқ ўрганиши керак.
Репортаж қилишни билмаган журналист, бу журналист эмас. Бу оддий қаламкашга ўхшаб қолади.

- Футболчилардан ҳам эътирозлар учраб туради. Яъни Олий лига ўйинларини чуқур таҳлил қилинмайди, асосан фақат пойтахтдаги ўйинлар ёритилади, журналистика ҳам мақтанарли эмас, деган ҳақли эътирозлар кузатилади. Бу борада фикрингиз қандай?
- Бир нарсани қайта-қайтар такрорлашим мумкин, футболда бир соҳани бошқа биридан ўтказиб ривожлантириб кетишнинг иложиси йўқ. Футболимизнинг савияси қандай бўлса, журналистикамизнинг ҳам савияси шундай. Журналистларнинг савияси қай даражада бўлса, футболчи ва мураббийларимизнинг ҳам савияси ўша даражада. Биз ҳаммамиз битта қозонда қайнамоқдамиз. Ўзбекистон шароитидан келиб чиққанда, биз бир хил даражада ишлаяпмиз. Кўтарилиб ҳам кетганимиз йўқ, пастга ҳам тушиб кетмаганмиз. Ўртадан секин қадамлаяпмиз. Агарда футбол зерикарли бўлса, унда энг кучли журналист ҳам уни қизиқарли қилиб ёритиб беролмайди. Ўйин қандай бўлса, ёзув ҳам шунга яраша бўлади. Бу нарсалар чамбарчас бир-бирига боғлиқ. Кўплар мақтайди, Англия матбуоти кучли деб. Чунки уларда футбол ҳам кучли.
Журналист ўйиндан келиб чиқиб ёзади. Учрашув зерикарли ўтса, журналист қандай қилиб уни жонлантириб ёзиши мумкин?

Хайрулла Холиқов терма жамоа, Лобанов ва ўзбек журналистлари ҳақида нима деди? (тўлиқ интервью) ВИДЕО 

- Сиз журналист сифатида муқозанатни сақлашга ҳаракат қиласиз. Айрим пайтлар кескин танқид қиласиз, баъзан футболчи ва мураббийлар тарафидан ёзасиз. Яқинда ҳам сайтимизда барчани танқидлари остида қолган Лобановни ҳимоя қилиб, уни мақтаб ёздингиз. "Обод" масаласидаги мақолангиз ҳам мухлислар томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлди. Сизни бунга реакциянгиз қандай бўлди?
- Мен ҳеч қачон "заказной" (буюртма) мақола ёзмаганман. Мен ҳар доим ўзимни фикримдан, ўз йўналашимдан келиб чиқиб мақола ёзаман. Умримда журналист сифатида "заказной" мақола ёзмаганман. Лобанов мавзусига келадиган бўлсак, тўғри, бу дарвозабон жуда кўп танқид қилинди. Ўзим ҳам ўқидим, кузатдим, атрофдан қарадим. Хатолари, камчиликлари нимада экан, деб ўйладим. Лобановни мен "Сўғдиёна"да ўйнаб юрган кезларидан буён биламан. Унда ёш дарвозабон эди. Кейин орада бир кўринмай кетди. Қозоғистонда маълум муддат ўйнаб қайтди. Сўнгра биринчи лигада ўйнади. "Нукус"га қайтди. "Пахтакор" эса "Нукус"дан Лобановни ўзига олиб келди.
Лобановни нима учун мақтаб ёздим? Биринчи навбатда журналист ҳамма ёмон деса, ҳаммага эргашиб кетавермайди. Журналист ҳамма олдинга кетаётганида, керак бўлса жойида бир тўхтаб, яхшилаб фикрлаб олиши лозим. Тўхта, қаерга кетяпман, деган маънода. Ҳамма ёмонлаб турган пайти мен ҳам уни танқид қилганимда, мен қаҳрамон бўлардим. Ҳамма олқишларди, тўғри ёзибди, деган изоҳлар тўларди. Лекин Лобановни мақташдан мақсад, оз бўлсада уни ҳимоя қилмоқчи бўлдим. Бу биринчидан. Иккинчидан, Лобановнинг ўйин даражаси у қадар паст эмас. Лобанов терма жамоага тортмайди, деб айтолмайман. Бошқаларни савияси қандай бўлса, Сашанинг ҳам даражаси шундай. Агар терма жамоамиз зўр ўйнаб туриб, қолган футболчилар ўз ишларини яхши уддалаб турганларида Лобановнинг қўпол хатоси эвазига голлар қўйиб юборганимизда танқид қилсак арзирди. Лекин майдондагилар ҳам ўйнамаганидан кейин дарвозабон ҳам нима қилсин? Унинг вазифаси "рамка"ни ичида иш. Шу учун ҳам Лобановни сал ҳимоя қилиб ёздим. Футболчини ҳадеб танқид қилаверсак, унда бу нарса Лобановнинг карьерасига жуда салбий таъсир қилади. Журналист керак пайтда яхши баҳо беришни ҳам билиши керак. Фақат танқид билан ўсиб қолмайди. Лобанов фақат танқид билан томи кетиб қолиб, футболни тугатиб юбориши ҳам мумкин.
Мураббийлар ҳам ўзига душман бўлмаса керак кучсиз дарвозабонни қўйса. Терма жамоа майли, Бабаян "Пахтакор"дан кетганига анча бўлди. Нега унда "Пахтакор"да шунча мураббий алмашди, уларнинг ҳеч бири Лобановни захирага олмади? Ёки уларга ҳам Бабаян Лобановни асосийга ўйнатасан деб айтганмикан?
Тўғри, "Пахтакор"га Элдор Суюнов келди ва энди рақобат бўлади. Иккаласидан қайси кучли бўлса, ўша дарвозани қўриқлайди. Лекин Суюнов келгунига қадар Лобанов "Пахтакор"да биринчи рақамли кипер бўлган. Қанча адашса ҳам, хато қилса ҳам Лобанов шу пайтга қадар "Пахтакор"да асосий кипер эди. Агарда захирадаги дарвозабон ундан кучли бўлганида мураббий уни қўйган бўларди.
Мени бир нарса қизиқтиради, нима учун бизларда Лобанов, Андреев, Ҳошимов ва Сергеев кўп танқид қилинади. Уларни устидан кулиш авж олди. Мен ўзимча ўйлаб кўрдим, чунки Бабаян унга қадар "Пахтакор"да ишлаб келаётганди. Натижалар пасайиб кетиши, уларни Бабаян билан бирга "Пахтакор"дан келиши бунга сабаб бўлди. Шу боисдан улар ҳамманинг кўзига ёмон кўриниб қолди. Лекин мен ишонч билан айтаман, агарда Бабаян "Локомотив", "Бунёдкор" ёки "Насаф"дан келганида ва у билан бирга келган футболчилар мана шундай ўйнаганида, ҳозир бизлар ўша жамоадан келган футболчиларни шундай гапириб турган бўлардик. Футболчиларимизнинг савияси ҳаммаси у қадар бир-биридан баланд ёки паст эмас. Фақатгина Одил Аҳмедов қолганлардан бир бош баланд. Аҳмедов ростанам қолганлардан кучли. Мен шу футболчига тан бераман.

- Иккинчи даврада қайси жамоаларнинг имкониятини юқори баҳолайсиз?
- Олий лигада биринчи навбатда жуда кўплаб трансферларни амалга оширган жамоалардан жуда кўп нарса кутаётганим йўқ. "Локомотив" деярли катта ўзгаришларни амалга оширмади. Демак улар йил аввалида селекция ишларини тўғри амалга оширишган. Катта эҳтимол билан "Локо" чемпион бўлади. "Пахтакор"даги ўзгаришлар ҳақида тўхталадиган бўлсам, клубда катта ўзгаришлар руй берди. Янги раҳбарият жамоага грузиялик мутахассис Шота Арвеладзени олиб келди. Кўпчиликдан эшитдим, Арвеладзе ўз пайтида ажойиб футболчи бўлган экан. Тўғрисини айтаман, мен унинг ўйинларини кўрмаганман. Ёши катта футбол ишқибозлари эса унинг футболчилик даврини ажойиб хотиралар билан эслашди. Лекин биз унинг мураббийликдаги салоҳиятини билмаймиз. Шота Арвеладзе Ўзбекистонда нимага эришишини вақт кўрсатади. "Пахтакор"нинг трансферларини жарангдор, деб ҳисобламайман. Легионерлар савиясини ҳали кўрганимиз йўқ. Биринчи лига жамоасига қарши назорат беллашувидан келиб чиқиб уларга баҳо бериб бўлмайди.
Қолган жамоалар ҳам иккинчи даврада катта шов-шув кўтаради, деб ўйламайман.
Олий лигада қолиши аниқ бўлган "Обод" ҳақида фикрим қуйидагича, гарчи клубга янги ҳомийлар ва янги бош мураббий келган бўлсада, мен улардан яхши натижалар кутаётганим йўқ. Бу ҳақида мақола ёзганимда ҳам ўқувчилар изоҳларда бир қатор эътирозларни билдиришди. Ҳомий келдию, энди жамоа ўнгланади. Нега паст натижа кўрсатаркин, деган эътирозлар учради. Ҳа, ҳомий келди. Лекин жамоа танаффусда деярли йиғин қилгани йўқ. Ўртоқлик учрашувлари ўтказмади. Тўлиқ таркиб билан машғулот ўтказишга улгурмади. Бу ерда эса иккинчи давра эшик қоқмоқда. Ҳар қанча пул ҳаражат қилмасин, йиғин қилмаган жамоадан бирор нарса кутиш қийин.
Бундан ташқари бош мураббий кимлиги аниқланмаётган "Сўғдиёна"дан ҳам кўп нарса кутмаяпман. Расман Диёр Файзиев жамоани иккинчи даврага тайёрлаши ҳақида айтиб ўтилди, аммо Диёр Файзиевда тегишли лицензия йўқ. Айрим клубларимизнинг шу каби ишларини умуман тушунмайман.

- Бизни олдинда иккита муҳим ўйин кутмоқда. Бабаян билан биз мундиал чиптасини қўлга кирита оламизми?
- Жуда қийин бўлади. Бизда фақат ишонч бор, лекин ўйин йўқ. Сурия, Эронга қарши ўйинларимиздан келиб чиқиб айтсак, ўйинимиз йўқ! Мухлисларни ҳис ҳаяжонини кўтариб юборадиган, одамни тўлқинлантириб юборадиган ўйин йўқ. Бу ерда мураббий айбдор, чунки натижа ва ўйинга у жавобгар. Аммо футболчиларимизда ҳам айб бор. Агарда уларга Бабаян билан ишлаш ёқмаётган бўлса, унда буни ошкора айтишсин. Буни бекитиб, бир гап бўлар деб келиб-кетиб юриш билан иш битмайди. Ёки футболчилар буни ошкора айтишмаса, ЎФФ раҳбариятига хат ёзишсин. Майли, буни матбуотга эълон қилишмасин. Футболчилар келишиб, ёзиб, қўл қўйиб киритиб беришсин. Бунга чора кўришсин. Олдимизда иккита ўйин қолди. Тўғрисини айтаман, фақатгина мўъжиза билан мундиалга йўл олишимиз мумкин. Хитой билан Кореяни ютишимизга шахсан мен ишонмайман. Агарда иккита ўйинни ютсак, бу ҳақиқий мўъжиза бўлади. Россияга борадиган бўлсак, мен футболчиларга ҳам, Бабаянга ҳам қойил қолардим. Нима бўлган тақдирда ҳам биз терма жамоамизга мухлислик қиламиз.

- Дейлик, мўъжиза руй берди ва биз мундиал чиптасини қўлга киритдик. Кейинчи, Россияга Бабаян билан бориш керакми? Бу қанчалик тўғри бўлади?
- Барибир мураббий алмаштириш керак бўлади. Бу мени шахсий фикрим. Менга қолса Олий лигамизнинг барча клубларига четдан мураббий олиб келган бўлардим. Терма жамоага ҳам хориждан мураббий олиб келиш керак, деб ўйлайман. Оддий мисол, футболи ривожланган Япония ҳам ҳар доим терма жамоага хориждан мутахассис олиб келади. Нега? Демак улар шунчалик ривожланиб кетган бўлса ҳам ўзининг мураббийининг савияси Жаҳон чемпионатига олиб чиқишга етмаётган бўлиши мумкин. Бизларга европа футболи ҳавосини олиб келадиган мутахассис керак. Бўлмаса биз ўзимизни атрофимизда, ўзимизни қобиғимизда ўралашиб юраверамиз.

- Кўпчилик мухлислар Бабаян билан интервью ташкил қилмаяпсизлар, дея эътирозлар билдиришмоқда. Аммо бизнинг қанча таклифларимизга рад жавобини бермоқда Бабаян...
- Албатта, интервью бўлмаётганини асосий сабаби, Бабаянни ўзида. Бизга қолса ҳозироқ бориб интервью қилган бўлардик. Чунки саволларимиз анча кўпайиб қолган. Лекин мен Бабаянни футболда анча йиллардан буён биламан. "Пахтакор"да ишлаб юрган кезларида интервью сўраб борганимда, ука, мен йил бошида ва мавсум сўнггида интервью бераман дерди. Ҳозир ҳам шу принципиа қолган бўлса керак. Чунки ҳеч бир нашрга кенг қамровли интервью берганини ўқиганим йўқ. Миллионлаб мухлислар Бабаяннинг интервьюсини кутиб туришибди.

- "Пахтакор"да ишлаб юрган кезларида балки йил бошида ва мавсум охирида интервью берган бўлиши мумкин. Аммо бу клуб эмас, терма жамоа. Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида халққа, мухлисларга ҳисобот ҳам бериш керак. Умуман терма жамоа бош мураббийи сифатида интервью бермаётгани нопрофессионаллик эмасми?
- Бу нопрофессионаллик. Иккинчи навбатда бу федерациянинг ҳам айби. Агарда Бабаян интервью бермаётган экан, унда ЎФФ Бабаянни мажбурлаши керак. Чунки терма жамоа халқники. Халқ билан Бабаян тўғри-тўғри мулоқот қилмаса ҳам, журналистлар орқали мулоқот қилиши лозим. Бу биринчи навбатда Бабаян ва иккинчи ўринда ЎФФнинг айби. Федерациядагилар унга айтиши керак, матбуот анжуманларидан ташқари бир ойда 1-2 маротаба журналистлар билан мулоқот қилишизга тўғри келади, қайси ашрдан сизга мурожаат қилишса, унда интервью беришиз шарт дейиши лозим. Агарда шартга рози бўлмаса, унда марҳамат жойини бўшатсин. Бошқа мураббий келади. Шундай мураббий келадики, у ҳар ҳафта интервью беришга рози бўлади.

- Олий лигамизда сўнгги йилларда кучли мураббийлар фаолият кўрсатмай қўйишганди. Бу йили эса Кумиков қайтди, Қосимов "Бунёдкор"га ўтди, Абрамов "Нефтчи"ни олди. Ушбу кучли, тажрибали мутахассислар чемпионатимизга яна қизиқишни қайтаришадими?
- Мураббийларда гап кўп. Ҳозирча Кумиковни қайтгани Олий лигага янгича об-ҳаво олиб кирди. Қосимовни ҳам айтгани янгича муҳит яратди. Абрамов эндигина "Нефтчи"ни ўз бошқарувига олди. Унинг ишига иккинчи даврада баҳо берамиз. Мураббийлар ўртасидаги рақобат бўлгани яхши, бу матбуот учун аввало қизиқ. Лекин мураббийлардан ҳам кўра кўпроқ футболчилар ўртасидаги рақобат кескинлашиши истардим. Чунки майдонда барибир футболчилар ҳаракат қилишади.

- Футбол журналистикасида сизга фаолияти ёқадиган ижодкор ким?
- Мен энг кўп ҳурмат қиладиган журналистлардан бири бу Бахтиёр ака Ширинов. Бахтиёр акада жуда кўп маълумот бор, рақамлар, статистика жуда кўп у кишида. Лекин айни пайтда Ширинов "Олмалиқ"да матбуот котиби сифатида ишламоқдалар. Шириновни мен бироз дангаса деб биламан. Бахтиёр ака бир қатор мавзуларда яхши мақола ёза оладилар. Аммо негадир ҳозирда кам ижод қилмоқдалар. Балки ёзгилари келмайдими, ёки клубда ишлаётганликлари туфайлими, негадир аввалгидек фаол эмаслар. Бахтиёр ака рақамлар билан ҳар қандай мавзуни чиройли қилиб беришлари мумкин. Менимча, айнан дангасароқ бўлганликлари учун мақолалар ёзмай қўйдилар. "Олмалиқ"да ишлаётганликлар учун ҳам эркин ижод қилолмаётгандирлар. Шуни айтишим мумкинки, Бахтиёр Шириновни мен ўзимга устоздек кўраман. У кишидан жуда кўп нарсани ўрганганман.

- Сиз учун клубда матбуот котиби бўлиб ишлаш қулайми ёки эркин ижодкор сифатида қалам тебратиш яхшими?
- Бунга ҳам иккита томонлама қараса бўлади. Эркин ижодкор бўлиб ишлаш кенг имкониятларни беради. Исталган мавзу бўйича мақола ёзиш мумкин. Клуб матбуот котибининг иши эса чегараланган. Улар ҳар хил мавзулар бўйича қалам тебрата олишмайди. Клуб матбуот котиби сифатида доим ўша жамоани ҳимоя қилиш, уни доим яхши сифатларини кўз-кўз қилмоғи лозим. Унинг функцияси ва вазифаси шундан иборат.
Ўзим клубда ишлаб юрган кезларимда МТЖ ўйинини ва Бабаянни ижтимоий тармоқдаги саҳифамда танқид қилганимда, менга ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаев қўнғироқ қилди. Ўшанда телефон орқали Ризаев менга клуб матбуот хизмати ходими сифатида терма жамоани ижтимоий тармоқдаги саҳифамда танқид қилиб ёзишга ҳаққим йўқлигини айтди. Аввалига тўғриси жаҳлим чиқиб кетди. Ҳайрон бўлдим, нега ундай деди, деб ўйлаб қолдим. Кейин ўйлаб қарасам, Санжар Ризаевни гапида жон бор экан. ЎФФ матбуот котиби тўғри айтган экан. Россияда ҳам клуб матбуот котиблари терма жамоани ўйинини танқид қилиб чиқишмайди. Ҳамма ўз ишини қилади.
Ризаев ўз ишидан, лавозимидан келиб чиқиб, уни ҳам тўғри тушундим. Клуб матбуот хизмати ходимларининг иши ўз клуби ҳақида ёзиш. Бошқа ишга аралашиш керак эмас экан. Мен буни тўғри англадим. Лекин айни пайтда клубда ишламаяпман ва эркин ижодкорман.

- "Локомотив" клубидан кетишингизни сабаби нимада?
- Тўғрисини айтаман, кетишимни сабаби, бу молиявий ҳолат билан боғлиқ. "Локомотив"га ишлашдан олдин "CA"да ишлаганман. "Локомотив"дан кетишдан аввал Нодирхўжа Юлдашев билан суҳбатлашганимда, сайт раҳбари бемалол "CA"га қайтиб келишим мумкинлигини айтди ва бирга ишлашимизни таъкидлади. "Локо"дан кетишимни сабаби бу молиявий муаммо. Уларни бераётган маоши мени қониқтирмади. Чунки мен ҳам ўз оиламни боқишим керак. "CA" сайти таклифи эса менга манзур бўлди. Мен шу пайтга қадар учта клубда фаолият кўрсатдим. Шу вақт мобайнида ҳеч бир клубдан жанжал ёки келишмовчиликлар туфайли кетганим йўқ. Ҳар доим дўстони алоқаларни сақлаб қолган ҳолда илиқ хайрлашганман.

- Футбол журналистикасида ишлаётганиздан, умуман журналист бўлганиздан афсусланасизми?
- Балки бошқа иш қилганимда ҳозирда янаям яхшироқ шароитга эга бўлармидим. Одам улғайгани сари кўпроқ молиявий тарафни ўйлаб қолади. Буни бекитишни ҳожати йўқ. Барча ўз оиласини яхши боқишни истайди. Ҳаёт қонуни бу. Ҳамма ўз болалари келажагини ўйлайди. Менда ҳам баъзан шундай фикрлар бўлади. Яъни, бошқа иш қилганимда янаям кўпроқ пул топган бўлармидим, деб ўйлаб қоламан. Лекин иккинчи тарафдан, одам ўз севган ишини қилгани маъқул. Масалан тадбиркорлик билан шуғуллансам, балки бойиб кетган бўлармидим. Аммо факт шуки, мен тадбиркорликка қизиқмайман ва бу қўлимдан келишига ҳам ишонмайман. Бизнесни ҳам ўз қонун қоидалари бор. Мен шу соҳани танладимми ёки футбол мени танладими, очиғи билмадим. Аввало шу футболга қизиққаним туфайли журналистикадаман. Футбол мени ўз ичига жуда тез тортиб олди. Шуни айтишим мумкинки, мен ҳозирги ишимдан мамнунман. Чунки мен ўзим ёқтирган ишни қиляпман.
Футболда ишлаш мени жон-у дилим.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиман, биз журналистлар аввало мухлислар учун ишлаймиз. Мен ёзган мақолаларимга билдирилган фикрларни ўқиб бораман ва уларни таҳлил қиламан. Ўқувчи бу фикри билан нима демоқчи, деб  ўйлаб қоламан. Лекин кўп ҳолларда ўз фикримда қоламан. Мен хоҳлардимки, ҳамма нарса юракдан бўлса. Ишқибозлар юракдан мухлислик қилишса, футболчилар юракдан ўйнашса, мураббийлар чин юракдан ишлашса. Шундагина бир натижага эришиш мумкин. Футболда майда нарсалар бўлмайди. Ҳамма нарса бир-бирига чамбарчас боғлиқ.

Хайрулла Холиқов терма жамоа, Лобанов ва ўзбек журналистлари ҳақида нима деди? (тўлиқ интервью) ВИДЕО

Шаҳбоз БЕҒАМОВ суҳбатлашди.

Rating: +7   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика