Ҳаммаси 1-тур ҳақида
29 jan 16:30
News
Ҳаммаси 1-тур ҳақида
Ушбу тадбир доирасида мамлакат биринчилигида иштирок этувчи клубларнинг мавсум давомидаги тақвими ҳамда дастлабки турдаги рақиблари аниқлаб олинди. Қуръа натижаларига кўра, чемпионат стартидаёқ бир қатор принципиал ва тарихий қарама-қаршиликлар юзага келди. Қуйида 1-тур жуфтликларининг ўзаро ўйинлар тарихи ва қизиқарли статистик таҳлилига назар ташлаймиз.

"Насаф" — "Хоразм"
Қаршининг "Насаф" клуби мавсумни ўз майдонида "Хоразм" жамоасига қарши ўйин билан бошлайдиган бўлди.
Ушбу қарама-қаршилик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, қизиқарли статистик фактга гувоҳ бўламиз. Мазкур жамоалар Ўзбекистон чемпионатининг айнан 1-тури доирасида шу кунга қадар фақат бир маротаба ўзаро тўқнаш келишган.
Бу воқеа бундан роппа-роса 27 йил муқаддам — 1999 йилги мавсумда содир бўлган. Ўшанда Қаршида кечган очилиш учрашувида "Хоразм" жамоаси "Насаф" устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
"Аждарлар"да 1999 йилги аламли мағлубият учун ўз мухлислари қаршисида реванш олиш имконияти мавжуд.
"Бухоро" — "Қўқон-1912"
Илк турда қадимий Бухоро шаҳри вакиллари ўз майдонида "Қўқон-1912" жамоасини қабул қилади. Икки жамоанинг чемпионат стартидаги йўллари тарихда учинчи бор кесишмоқда.
Мазкур жуфтликнинг 1-тур доирасидаги ўзаро ўйинлари тарихига назар ташланса, ўзига хос қонуниятни кўриш мумкин: бунгача бўлган тўқнашувларда ким мезбон бўлса, ўша жамоа ғалаба қозонган ва ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
Хусусан:
2018 йил: "Бухоро" ўз уйида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
2020 йил: Қўқонда кечган баҳсда "Қўқон-1912" йирик 3:0 ҳисобида зафар қучган.
Жорий мавсум ўйин Бухорода бўлиб ўтишини инобатга олсак, тарихий статистика мезбонлар фойдасига ишламоқда. "Бухоро" клуби 2018 йилги муваффақиятли стартни такрорлашга уриниб кўради.
"Локомотив" — "Сурхон"
Тошкентнинг "Локомотив" жамоаси 2026 йилги мавсумни ўз майдонида Термизнинг "Сурхон" клубига қарши баҳс билан бошлайди.
Ушбу қарама-қаршиликнинг эътиборга молик жиҳати шундаки, мазкур жамоалар Ўзбекистон чемпионати тарихида илк бор 1-тур доирасида ўзаро тўқнаш келмоқда. 1992 йилдан буён давом этиб келаётган миллий биринчилик тарихида "темирйўлчилар" ва "учар тулпорлар"нинг стартдаги йўллари шу кунга қадар кесишмаган эди.
Шу боис, янги мавсум старти ушбу жуфтлик ўртасидаги янги тарихни бошлаб беради. Пойтахтда ўтадиган илк "дуэл"да ким ғалаба қозонишини вақт кўрсатади.
"Андижон" — "Сўғдиёна"
Мавсумнинг илк турида "Андижон" жамоаси ўз майдонида Жиззахнинг "Сўғдиёна" клубини қабул қилади. Ушбу қарама-қаршилик тарихий нуқтаи назардан эътиборга молик, чунки жамоаларнинг чемпионат стартидаги йўллари орадан роппа-роса 27 йил ўтиб яна кесишди.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мазкур клублар шу кунга қадар 1-тур доирасида икки маротаба ўзаро куч синашган ва ҳар иккисида ҳам жиззахликларнинг қўли баланд келган:
1998 йил: "Сўғдиёна" — "Андижон" 1:0
1999 йил: "Андижон" — "Сўғдиёна" 1:2
Статистика шуни кўрсатмоқдаки, "бургутлар" ҳозирча мавсумнинг очилиш ўйинларида "Сўғдиёна"дан очко олишнинг уддасидан чиқа олишмаган. "Андижон"да XX аср охиридаги ушбу нохуш анъанага нуқта қўйиш имконияти 2026 йилда пайдо бўлди.
"Динамо" — "Навбаҳор"
2026 йилги мавсум қуръаси Самарқанднинг "Динамо" ва Наманганнинг "Навбаҳор" жамоаларини яна бир бор 1-турда ўзаро рўбарў қилди. Ушбу ҳодисани сўнгги йиллардаги энг ноёб статистик тасодифлардан бири деб аташ мумкин.
Гап шундаки, мазкур икки азалий рақиб қаторасига учинчи мавсумдир-ки, Ўзбекистон чемпионатини ўзаро ўйин билан бошлашмоқда. Бундай барқарорлик Суперлига тарихида камдан-кам учрайдиган ҳолатдир.
Умумий ҳисобда жамоалар 1-тур доирасида тўртинчи маротаба тўқнаш келмоқдалар ва ўзаро натижаларда мутлақ тенглик кузатилмоқда:
1999 йил: "Самарқанд" (Динамо) — "Навбаҳор" 2:1
2024 йил: "Навбаҳор" — "Динамо" 3:1
2025 йил: "Навбаҳор" — "Динамо" 0:0
Кўриб турганингиздек, томонлар ҳисобида биттадан ғалаба ва бир дуранг мавжуд. 2026 йилги баҳс Самарқандда бўлиб ўтишини инобатга олсак, "Динамо" 1999 йилги муваффақиятини такрорлашга, "Навбаҳор" эса ўзаро мувозанатни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилади.

"Нефтчи" — "Машъал"
Фарғонанинг "Нефтчи" жамоаси 2026 йилги мавсумни ўз мухлислари қаршисида Муборакнинг "Машъал" клубига қарши баҳс билан бошлайди.
Ушбу қарама-қаршилик ҳам статистик жиҳатдан янгилик бўлиб, мазкур жуфтлик Суперлига тарихида илк бор 1-тур доирасида ўзаро тўқнаш келмоқда. 1992 йилдан буён давом этаётган чемпионат тарихидаги мавсумнинг очилиш ўйинларида "Нефтчи" ва "Машъал"нинг йўллари шу кунга қадар кесишмаган эди.
Шу боис, Фарғонада бўлиб ўтадиган учрашув ушбу икки жамоанинг 1-турдаги ўзаро қарама-қаршиликлар тарихида дебют ҳисобланади.
ОКМК — "Бунёдкор"
Суперлига қуръаси Олмалиқнинг ОКМК ва Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоаларини мавсумнинг илк турида ўзаро рўбарў қилди.
Ушбу жамоаларнинг чемпионат стартидаги тўқнашувлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, улар шу кунга қадар фақат бир маротаба 1-тур доирасида куч синашишганини кўришимиз мумкин.
Бу воқеа 2018 йилги мавсумда қайд этилган. Ўшанда Тошкентда кечган учрашувда кучлар тенг келган ва томонлар 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекишган эди.
Орадан саккиз йил ўтиб, жамоалар яна мавсумни ўзаро ўйин билан бошламоқда. Бу сафарги баҳс Олмалиқда бўлиб ўтади ва жамоалар ўзаро ҳисоб-китоблардаги мувозанатни бузиш учун майдонга тушишади.
"Пахтакор" — "Қизилқум"
Ўзбекистоннинг энг совриндор клуби "Пахтакор" мавсумни ўз майдонида Навоийнинг "Қизилқум" жамоасига қарши баҳс билан бошлайди.
Икки жамоанинг чемпионат стартидаги йўллари тарихда иккинчи бор кесишмоқда. Бунгача бўлган ягона тўқнашув 2017 йилги мавсумнинг 1-турида қайд этилган эди.
Ўшанда Тошкентда кечган учрашувда "шерлар" навоийликлар дарвозасига учта тўп киритиб, 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритишган.
Орадан тўққиз йил ўтиб, қуръа ушбу жамоаларни яна 1-турда рўбарў қилди. Навоийликларда 2017 йилги мағлубият учун реванш олиш имконияти мавжуд.
ЧЕМПИОНАТ СТАРТИДА ЭНГ КЎП ТЎҚНАШ КЕЛГАН ЖУФТЛИКЛАР
"Динамо" — "Навбаҳор"
2026 йилги Суперлига қуръаси Самарқанднинг "Динамо" ва Наманганнинг "Навбаҳор" клубларини яна бир бор мавсумнинг илк турида ўзаро рўбарў қилди. Ушбу ҳодиса чемпионат тарихидаги ноёб статистик кўрсаткичлардан бирига айланди.
Мазкур жамоалар сўнгги уч йилда (2024, 2025, 2026) кетма-кет чемпионат стартини ўзаро ўйин билан бошлашмоқда. Умумий тарихга назар ташланса, бу клублар 1-тур доирасида тўртинчи маротаба куч синашишади ва бу борада ("Бунёдкор" — "Сўғдиёна" жуфтлиги билан биргаликда) рекордчи ҳисобланишади.
Ўзаро ўйинлар статистикаси қуйидагича:
1999 йил: "Самарқанд" (Динамо) — "Навбаҳор" 2:1
2024 йил: "Навбаҳор" — "Динамо" 3:1
2025 йил: "Навбаҳор" — "Динамо" 0:0
2026 йил: "Динамо" — "Навбаҳор"
Кўриб турганингиздек, ўзаро натижаларда мутлақ тенглик ҳукм сурмоқда: томонлар ҳисобида биттадан ғалаба ва бир дуранг мавжуд. 2026 йилги баҳс Самарқандда бўлиб ўтишини инобатга олсак, "Динамо" 27 йиллик танаффусдан сўнг ўз майдонида "Навбаҳор"ни 1-турда мағлуб этишга, намaнганликлар эса ўзаро мувозанатни ўз фойдаларига ҳал қилишга уриниб кўришади.
"Бунёдкор" — "Сўғдиёна"
Сўнгги ўн йилликда 1-тур доирасида энг кўп тўқнаш келган яна бир жуфтлик Тошкентнинг "Бунёдкор" ва Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоалари беллашувидир.
Ушбу клублар ("Динамо" — "Навбаҳор" жуфтлиги каби) мавсумнинг илк турида жами тўрт маротаба ўзаро баҳс олиб боришган ва бу борада рекордчи ҳисобланишади.
Ўзаро ўйинлар статистикаси қуйидагича:
2013 йил: "Бунёдкор" — "Сўғдиёна" 5:0
2017 йил: "Бунёдкор" — "Сўғдиёна" 1:0
2022 йил: "Бунёдкор" — "Сўғдиёна" 0:0
2023 йил: "Сўғдиёна" — "Бунёдкор" 0:1
Ушбу қарама-қаршиликнинг эътиборли жиҳати шундаки, "қалдирғочлар" мавсум стартидаги ўйинларда "Сўғдиёна"га нисбатан яққол устунликка эга. Ўтказилган тўртта учрашувнинг ҳеч бирида "Бунёдкор" мағлубиятга учрамаган (3 ғалаба, 1 дуранг). Бундан ташқари, жиззахликлар ҳозирча 1-тур доирасида "Бунёдкор" дарвозасига бирорта ҳам гол ура олмаган (тўплар нисбати 0-7).

ГОЛЛАР ШОУСИ
1996 йилги мавсумнинг 1-турида Марғилонда ўтган "Атласчи" — "Нефтчи" учрашувида дарвозаларга нақ 7 та тўп киритилган (3:4).
Шундан бери ҳеч қайси 1-тур ўйинида мухлислар 7 та гол кўришмади. "Локомотив" — "Бухоро" (5:1, 2013 йил) ва "Навбаҳор" — МҲСК (3:3, 1994 йил) баҳсларида томошабинлар 6 та гол гувоҳига айланишган.
ТИНЧЛИК ЭЛЧИСИ
Бекободнинг "Металлург" клуби мавсум стартида энг кўп дуранг ўйнайдиган жамоалардан бири ҳисобланади.
"Маъданчилар" илк турларда нақ 6 маротаба дуранг қайд этган (2012, 2015, 2018, 2019, 2020, 2024 йилларда).
УЙДАГИ ДЕВОРЛАР ЁРДАМ БЕРМАДИ
Одатда илк турда мезбонлар ўз мухлислари қаршисида устунликка эга бўлишга ҳаракат қилади. Аммо 1992 йил 1-турда ўтказилган 8 та ўйиндан фақатгина 2 тасида мезбонлар ғалаба қозонган, холос ("Темирйўлчи" ва "Янгиер"). Қолган 6 ўйинда меҳмонлар очко қўлга киритган (4 та дуранг ва 2 та меҳмонлар ғалабаси).
ЗЕРИКАРЛИ СТАРТ
2022 йилги мавсумнинг 1-тури сермаҳсуллик бобида энг паст кўрсаткичлардан бири сифатида қайд этилган. Ўша мавсумнинг очилиш беллашувлари мухлислар учун ҳақиқий "голлар қурғоқчилиги"га айланган.
Ўтказилган 7 учрашув давомида дарвозаларга атиги 6 та тўп киритилган. Бу ўртача ҳар бир ўйинга 0,85 та гол тўғри келади деганидир.
7 ўйиннинг нақ 3 тасида ҳисоб очилмаган (0:0). Қолган 4 та ўйинда эса ғолиб жамоалар рақиб дарвозасига кўпи билан 2 та гол уришга муваффақ бўлишган.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Similar news
championat.asia
Ўзбекистон терма жамоаси Хитой билан жанговар дуранг қайд этди
Суперлиганинг янги мавсумига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди (тўлиқ тақвим)
Хитой компанияси "Истиқлол" стадионини реконструкция қилиш ва кенгайтириш бўйича лойиҳа таклиф этди
Туркманистон терма жамоаси футболчиси "Арал"га ўтди
Comments