Гуруҳ пешқадамига айлантирган ўйин ҳақида
07 sep 2016 15:27
News
Гуруҳ пешқадамига айлантирган ўйин ҳақида
Учрашув қандай кечгани ва бошқа ҳолатлар хусусида фикрларимизни билдириб ўтсак.
Ўйинга терма жамоамиз яна таркибдаги муаммолар билан етиб борди. Ҳайдаров оёғидан олган жароҳати туфайли беллашувни ўтказиб юбориши аниқ бўлиб улгурганди. Шунингдек, Денисовнинг бели оғриётгани сабабли унинг қандай ўйнашини айтиб бўлмасди. Яхшиямки, у майдонга тушди ва одатдагидек фаол ўйин намойиш қилди. Кримец таркибга қайтгани учун марказий ҳимояда Шукуров ўйнаган позицияни у эгаллади. Отабек эса майдон марказига Ҳайдаровнинг ўрнига кўчирилди. Бу ўзгаришлар охир-оқибат самара келтирди.
Учрашувдан бир кун аввал ўтказилган митингда ўйин Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини ёд этиш билан бошланиши ва терма жамоамиз аъзоларининг майдонга қора боғичларда чиқиши маълум қилинди. Футболчиларимиз ўйинга чиқиб келган пайтлари ва мадҳияни ижро этишаётгандаёқ сешанба оқшомида ўзларини фидо қилиб бўлса ҳам юртбошимиз хотираси учун зафар қучишга интилишлари қарашларидан сезилиб турганди. Уларнинг нияти холис ва Яратган хоҳлаган экан, муваффақиятни Президентимизга бағишлаш уларга насиб қилди. Мураббийлар штабида аъзоларида ҳам мадҳияни ижро этиш пайти кўз ёшларига гувоҳ бўлдик. Дохага жамоамизни қўллаб-қувватлашга етиб борган ишқибозлар эса Президентимиз ҳамиша қалбимизда бўлиши ёзилган баннер орқали юртимиз аҳолиси тилагини акс эттиришди.
Биринчи бўлим мезбонларнинг кичик устунлиги билан бошланди. Дастлабки 10 дақиқа ичида улар Тўхтахўжаев ҳаракат қилган қанотдан кескин ҳужумлар уюштиришга тушиб кетишди. Акрам Афиф икки бор, Себастьян Куинтана бир бор жарима майдонига ёриб кирди. Афифнинг тўп узатишлари йўлига Лобанов тўғаноқ бўлди. Куинтана оширган тўпни эса Муҳаммад Муса боши билан дарвозага ноаниқ йўллади. Вакилларимизнинг олдинга ўтишга бўлган уринишлари эса нотўғри паслар туфайли узилиб қолаверди. Бўлим ўрталарига қадар майдон марказидаги ўйинимиз қовушмади. Натижада тўпни ўзимизда кўп сақлаб турмадик. Оқибатда тўп олдинда ўйнаётган уч футболчимизга камдан-кам ҳолатларда етиб борди. Шу билан бирга ҳимоядаги ҳаракатларимиз ишончлироқ кўриниш ҳосил қилди. Жамоавий ҳимояланишда яхшироқ ўйнашга ўтдик. Натижада Куинтана, Табата ва Афифда қулай вазиятлар деярли юзага келмади. Футболчиларимизнинг узоқ масофадан зарба беришга уринишлари эса ноаниқ бўлди. Қатарнинг қанотдан оширган тўпларини Лобанов хато қилмасдан илиб олаверди.
Иккинчи бўлим бошидан жамоамиз ўйин суръатини оширди. 5 дақиқа ичида Рашидов ва Шукуров қулай имкониятга эга бўлди, аммо ҳар иккисининг зарбаси қовушмади. Қанотлардан кўпроқ ҳужумга ўта бошладик. Қолаверса, тўпни яхши сақлаб туришни бошладик ва бўш ҳудудларга етарлича чиқиб бордик. Ташаббусга эга бўлиб бораётганимиз сабабли Самвел Бабаян Рашидов ўрнига Гейнрихни туширди. Майдонга чиққан заҳоти Сашани қатарлик ҳимоячи жарима майдони ичида йиқитди. Бу ҳолатда тўпни олдинга ташлаган Гейнрихнинг оёғига рақиб зарба берганди. Бироқ баҳрайнлик ҳакам Али Абдулнаби бу ҳолатда мезбонлар фойдасига қарор чиқарди. Орадан кўп ўтмай, мезбонлар энг хавфли ҳолатни юзага келтиришди. Ҳассан Ҳайдоснинг чалқанчасига тепган тўпи дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Кейинроқ Тўхтахўжаев Абдулкарим Ҳассаннинг ажойиб рейдини тўпга охирги ҳолатда ташланган ҳолда тўхтатиб қолди. Жамоалар очиқ футбол намойиш этишга киришиб кетишди. 85-дақиқада ўйин тақдирини ҳал қилган вазият юзага келди. Гейнрихга нисбатан Аҳмад Ёсир қўполлик ишлатгани учун жарима зарбаси белгиланди. Ўнг қанотдан Саша тўпни жарима майдони ичига оширди ва рақиблардан чаққонроқ ўйнаган Кримец боши билан уни дарвозага аниқ йўллади 0:1!
Сурияга қарши учрашувда стандарт ҳолатлар фойда бермаганди. Қатар билан беллашувда эса 7-8 бор шундай имкониятга эга бўлдик ва улардан бирини гол билан якунладик. Устун тарафларимизни ҳар бир рақибга мослаб, ундан фойдаланиб бориш бизга шундай ижобий натижаларни тақдим этиб борииш мумкин.
Қолган дақиқалар мобайнида термамиз тўпни жуда хотиржам назорат қилди ва ўта муҳим ғалабани сақлаб қолди. Охирги саралаш босқичини икки муваффақият билан бошлаш барчамизнинг кайфиятимизни кўтариб юборди. Ҳозирча гуруҳда пешқадамга айландик. Айни пайтда энг муҳим нарса ҳар бир жамоага қарши алоҳида тайёргарлик кўриш ва шунга мос ўйин кўрсатишдир. Октябрь ойида бизни Тошкентда яна икки муҳим ўйин кутмоқда. Энди ўша учрашувларга тайёргарлик бошланади.
Беҳзод Назаров
Comments