“Ғилдирак” мас, аккумулятор муҳимроқ
04 jan 2018 20:05
News
“Ғилдирак” мас, аккумулятор муҳимроқ
Молиявий фейр-плей хаттоки манаман деган «бойвочча» клубларни ҳам “жойига ўтқазиб” қўймоқда.
Ҳа, тиниб-тинчимаган одамлар, бу ишда ҳам ўз ниятларига етиш йўлларини топишмоқда (ёзда ПСЖ Килиан Мбаппени “ижарага” олганини эслаш кифоя менимча), аммо барибир, фейр-плей ўз таъсирини ўтказмоқда. Бундан келиб чиқадики, нимагадир эришиш учун, нимадандир воз кечиш зарур. Бизнинг вазиятда: кимнидир сотиб олмоқчимисан, кимнидир сотишингга тўғри келади. Аммо афсуски, сотилаётган(лар) баъзан кераксиз бўлмаса(лар) ҳам, аммо вазият бошқа танлов қолдирмаяпти.
Куни-кеча Неймар ишқида ёнаётган Флорентино Перес (уни Мадриднинг «Реал» жамоаси президенти эканини эслатиш шарт эмас менимча), мақсади йўлида ярим ҳимоячи Тони Кроосни “қурбон қилиши” ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Ниятига етиш учун жамоа камида Гарет Бэйлни сотиши зарур, хаттоки Криштиану Роналдо жамоани тарк этса ҳам “шокка” тушиб қолманг. Ахир уни Флорентино Перес дейдилар.
Аммо “қаймоқранглилар” бразилияликни қўлга киритиш йўлида Тони Кроосни қўйиб юборишса, жаноб президент яна бир “имтиҳондан йиқилганлари” шу бўлади.
Ёдингизда бўлса, бир неча йил аввал у Макелеленинг қадрига етмаган ва ярим ҳимоячини “Челси”га сотиб юборганди. Ҳозир, яна ўша хатони такрорламоқчи кўринади Перес.
Неймарни сотиб олиш учун Кроосдан воз кечиш, бу худди, кўзни қамаштирадиган қандил учун уйингиз полини кўчириб ташлаш дегандек гап. Унчалик ақлли қарор эмасдек, хаттоки жамоада Тонидан бошқа марказий ярим ҳимоя вакиллари етарли бўлса ҳам.
Жамоа ўйинини ташкиллаштирувчи футболчини қандай аниқлаш мумкин? Менимча, сизга бу гаплар таниш ва беихтиёр бир нечта футболчи хаёлингизга келди. Яъни сиз гап ким ҳақида кетаётгани ва у шунчаки майдонда ҳимоячи, ярим ҳимоячи ёки ҳужумчи эмаслигини тушуниб улгурдингиз. Ўзимиз учун тушундик ҳам дейлик, аммо ўша муҳим футболчини амалда қандай аниқлаймиз, қайси жиҳатлари, балки хизматлари учун унга бу “яширин ном” берилади? У майдонда шерикларига нисбатан кўпроқ тўп билан муомалада бўлади, кўпроқ пас етказиб беради, жамоанинг ўйин темпи, қайси вақтда тезкор ҳужумга ўтиш кераклиги, қайси вазиятда эса тўпни ушлаб туриш кераклигини айнан у ҳал қилади.
Келинг, замонавий футболда кўзга кўринган шу тоифа футболчиларини санаб ўтамиз ва уларнинг кўрсаткичларини қисман солиштирамиз.
“Реал” вакили. Тони Кроос
Ҳар бир ўйиндаги ўртача кўрсаткич: 76.4 пас. Аниқлик: 92%
Германиялик чарм тўп устаси “Реал”нинг бошқа исталган вакилидан кўра кўпроқ тўп билан муомалада бўлади ва бу уни Зидан жамоасининг ўта муҳим вакилига айлантиради. Ҳа, сиз дарҳол қарши чиқиб, “қаймоқранглилар”да бунақаси боооор ва у Кроос эмас, Лука Модрич деётгандирсиз. Аммо ҳеч кимга “симпатия”си бўлмайдиган статистика шуни кўрсатмоқдаки бу вазифа Кроос зиммасига юклатилган. Тонида ўйин давомидаги ўртача кўрсаткич - 76.4 пас бўлса, Хорватияда 2017 йилнинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлган ва мамлакат термаси сардори ҳисобланган Модричда ушбу кўрсаткич - 65.2 пас.
“Барселона” вакили. Серхио Бускетс
Ҳар бир ўйиндаги ўртача кўрсаткич: 76.6 пас. Аниқлик: 91.5%
“Барселона”да бу амплуада айнан Серхио Бускетсни кўриш, ҳеч кимни хайрон қолдирмаган бўлса керак. Аммо таъкидлаб ўтиш лозим, “тики-таки” даврида бу ролни – Хави, кейинроқ Иньеста бажарарди. Табиийки, кўрсаткичлар ҳам бир оз бошқачароқ эди. Лекин ҳозир Бускетс деярли Кроос билан бир хил статистикага эга. Сабаби “Барселона” энди “тики-така” ўйнамаяпти ва эл қатори замонавий, ҳужумкор футбол ўйнамоқда.
“Манчестер Сити” вакили. Фернандиньо
Ҳар бир ўйиндаги ўртача кўрсаткич: 85.9 пас. Аниқлик: 90.4%
Испания грандларидан сўнг. Гвардиоланинг “Манчестер Сити”сига ўтиш албатта қизиқарли. Аслида Фернандиньо марказда Давид Сильва билан ҳамкорликда ушбу вазифани бажаришмоқда. Шунчаки испаниялик футболчи рақиб дарвозасига яқинроқ ҳаракат қилишга ҳаракат қилмоқда ва ҳар бир учрашувда ўртача 84 бор аниқ пас оширмоқда. Бразилиялик хавбекнинг кўрсаткичлари ажойиб, аммо Гвардиола жамоаси вакили учун эмас. Ўша Кроос ёки Бускетс бу кўрсаткични 93-94% га етказа олишарди чамамда ва шундоқ ҳам “дахшат” кетаётган “Манчестер Сити”ни янада кучлироқ қила олишарди.
“Манчестер Юнайтед” вакили. Неманья Матич
Ҳар бир ўйиндаги ўртача кўрсаткич: 70.8 пас. Аниқлик: 86.5%
“Қизил иблислар” сафида бу номга бирданига икки футболчи талабгор бўла олади. Матичдан ташқари, жамоада Погба борлигини ҳам унутмайлик. Аммо Моур жамоа тўпни кўпроқ орқароқда, балки мураббий шуниси тинч деётгандир, ушлаб туришни мақул кўряпти. Шу сабабли француз ҳозирча бу номинациядан четда қолиб кетмоқда. Аммо энди МЮ футболчиси кўрсаткичларини юқоридаги ҳамкасблариники билан солиштириб кўринг... Паслар сони ҳам, аниқлик ҳам оқсамоқда. Манчестернинг қизил қисми бу борада ҳам “осмон ранглиларга” имкониятни бой бермоқда.
“Челси” вакили. Сеск Фабрегас
Ҳар бир ўйиндаги ўртача кўрсаткич: 68.8 пас. Аниқлик: 82.8%
Тўпни ўнгдан чапга, чапдан ўнгга ва кейин орқага етказиб, рақиб “асабини ўйнаш”ни “Челси” ижросида кўрмаймиз. Антонио Конте тезликни хуш кўради, ярим ҳимоя вакили Сеск Фабрегас эса тўпни иложи борича тезроқ ҳужум чизиғига етказиб бериши шарт, бунинг ортидан испанияликнинг статистик кўрсаткичлари жабр кўрмоқда. “Барселона” тарбияланувчиси табиийки тўп билан кўпроқ муомалада бўлиб, хотиржам ҳужумга ўтишни ёқтиради, аммо нима ҳам қила оларди, жамоа ўйин услуби ва мураббий бунинг аксини талаб қилмоқда. Мослашишдан бошқа йўл йўқ.
“Ливерпуль” вакили. Жордан Хендерсон
Ҳар бир ўйинда ўртача кўрсаткич: 73.7 пас. Аниқлик: 83.2%
Фабрегас каби, “Ливерпуль” сардори Хендерсон ҳам тезкорлиги билан ном чиқармаган. Унинг услуби, устун томони бошқа. Аммо испаниялик ҳамкасби каби, Англия термаси ярим ҳимоячиси ҳам тезкор жамоадошларига ўзи ета олмасада, тўпни аниқ етказиб бериши зарур. Голларни асосан бошқалар уриб, биринчи планда бошқа исмлар бўлгани билан “Ливерпуль” учун Жорданнинг қанчалик қадрли эканлигини сўз билан тушунтириш мушкул вазифа. Сабаби, клуб Коутиньони сотиб юборса ҳеч нима бўлмайди, сабаби “қизиллар” ўтган йили бўлмаган Салахни қўлга киритиб бўлдилар. Биттаси кетса, бошқаси келадида. Аммо марказда Хендерсондакасини топиш Клоппга яхшигина “бош оғриқ” бўлиши аниқ.
“Тоттенхэм” вакили. Кристиан Эриксен
Ҳар бир ўйинда ўртача кўрсаткич: 54.8 пас. Аниқлик: 80.8%
“Тоттенхэм”да аксарият вазиятларда тўпга ҳимоячилар эгалик қилишади. Қизиқ ҳолат-а?! Вертонген, Алдервейрелд ва Дайерга машғулотларда тўп тегмайдими нима, ўйин пайти шу уч оға-ини ботирлар, тўпни олдириб қўйсак, ортда фақатгина Уго Льорис бор ва бошқа ҳеч ким-ку, деб ўтирмайди. Лондоннинг бу клубида ҳужумларни айнан ҳимоячилар бошлайди. Бу Поччетинонинг кашфиёти эмаску, аммо топ чемпионатларнинг топ жамоаларида бу каби ҳолат камдан-кам кузатилади. Нима бўлганда ҳам, ҳимоячиларни ўйин ташкиллаштирувчиси, ўйин қурувчиси деб бўлмайди. “Шпорлар”да бу вазифа даниялик Эриксенга насиб қилган. Кристиан одатда рақиб жарима майдонига яқин чизиқда тўпни қабул қилади ва ҳужум кескин кўриниш олишини таъминлайди. Натижани эса ўзингиз ҳам кўрдингиз. Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида жамоа Дортмунднинг “Боруссия”сини (3-ўрин) ва “Реал Мадрид”ни (2-ўрин) ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
“Арсенал” вакили. Гранит Жака
Ҳар бир ўйинда ўртача кўрсаткич: 83 пас. Аниқлик: 85%
“Арсенал”да марказда тўп билан муомала қилиш борасида яққол етакчини кўриш мумкин. Жака етарлича имкониятга эга бўлмоқда, аммо аниқлик ҳозирча унга панд бериб қўймоқда. Шу сабабли ҳам “Арсенал”га ўйин сифати борасида эътироз билдиришса, жамоа мухлиси бўлсангиз ҳам, қарши чиқишга шошилманг.
“Бавария” вакили. Тиаго Алькантара
Ҳар бир ўйинда ўртача кўрсаткич: 64.7 пас. Аниқлик: 90.7%.
Юпп Хайнкес жамоадагиларга ўз кучига бўлган ишончни қайтариб берди. Мюнхенда кимсан Гвардиола ишлади, “тики-така”ни немислар тушунмади, Анчелотти марказда бир нималар қилмоқчи бўлдию, уни ҳам қадрига етишмади. Мўйсафид Юпп эса ортиқча нарса ўйлаб топиб ўтирмайди, мустаҳкам ҳимоя ва самарали ҳужум бўлса бас. Баъзан “Бавария” ва “Тоттенхэм” ўйинида ўхшашликлар кўзга яққол ташаланади. Ҳар икки клубда ҳам ўта фаол ҳимоя чизиғи вакиллари бор. Аммо фарқли томони шундаки, германияликлар вакили Тиаго тўпни АПЛдаги Эриксенга нисбатан орқароқда қабул қилиб олади. Алькантара марказни бутунлай ўз бўйнига олган чоғи, баъзан уни таян ярим ҳимоячи зонасида кўрсак, баъзан форвард ортидаги ҳужумкор ярим ҳимоячи ролида кўрамиз. Аниқлик борасида ҳам Тиаго Ла Лига вакилларига анча яқин.
ПСЖ вакили. Марко Верратти
Ҳар бир ўйинда ўртача кўрсаткич: 97 пас. Аниқлик: 91%
Ҳа, ҳа. Рақамларда хатолик ўтиб кетгани йўқ. Марко Верратти чиндан ҳам шундай кўрсаткичларга эга. Ана энди тушуняпсизми, нега ҳар ёз ва баъзан қишда “Реал”, “Барселона” ва инглиз грандлари италиялик футболчи “овига” чиқишларини. ПСЖ Вератти кўринишида деярли исталган вазиятдан аниқ пас бера оладиган футболчига эга бўлди. Майли, Франция чемпионати даражасини ҳисобга олайлик, аммо Чемпионлар Лигасида Марконинг натижалари бундан ҳам яхшироқлигига нима дейсиз? Эмерининг ПСЖда қилган битта фойдали иши бу Италия термаси футболчисига етарлича эркинлик бергани ва у ишончни оқлагани бўлди. Аммо буни бир ёмон томони ҳам борлигини унутмаслик зарур. Француз клуби рақиб жамоа мураббийлари “Championat.asia”га кирсаю, ушбу мақолани ўқиб қолса ва Вераттини зарарсизлантира олса, унда нима бўлади? Чемпионлар Лигаси плей-оффида ПСЖ – “Реал” тўқнашувидан сўнг, Зидан ёки унинг ёрдамчилари сайтимизни кузатиб борадими ёки йўқ билиб оламиз.
Неймар ажойиб футболчи, юксак иқтидор соҳиби. Буни у аллақачон исботлаб бўлди, аммо...
Кўриб турганингиздек, баъзан ўйин давомида кўзга ташланмайдиганлар ҳам катта кўламдаги ишни бажариб қўйишади. Айнан улар тизимнинг муҳим бўлаги ҳисобланади.
Тони Кроосни олиб ташлаш, ўша тизимнинг бир деталини отиб, сотиб юбориш дегани. Машинангиз “фара”лари қанчалик чиройли бўлмасин, қанчалик қиммат “диска”лар қўйманг, аккумулятор улардан муҳим бўлиб қолаверади!
Comments