Latest news

13:14"Барселона" араблардан максимал равишда кўпроқ пул ишлаб олмоқчи  0 12:46"Севилья" "Интер" ярим ҳимоячисини сотиб олмоқчи  0 12:19Тадич ҳам Саудия Арабистонига кўчиб ўтадими? Унда "Ал Қодисия"дан таклиф бор  0 11:55Ўзбекистон футзал терма жамоаси Тошкентда йиғин бошламоқда — Даврон Чориев сафга қайтди   0 11:34МЮ ҳимоячиси "Вест Хэм"га ўтишга яқин турибди  2 11:09Доминикан Республикаси ОТЖ сардори Ўзбекистонга қарши ўйинни ўтказиб юборади  12 10:44Даврон Ҳошимов иккинчи даврани Суперлигада ўтказади  7 10:10«Сурхон» ўтган йилги легионерини ортга қайтарди  5 09:37«Барселона» «отмен»! Нико Уильямс келажаги борасида бир қарорга келди  6 09:05«Бухоро» «Андижон» футболчиси билан шартнома тузди  2 08:32Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Япония билан жанговар дуранг ўйнади  5 07:58Испанлар Европани «забт этишди». «Қизил фурия» икки кун ичида иккита «Евро»да ғалаба қозонишди  8 07:26Ўртоқлик учрашуви. «Қўқон-1912» «Сўғдиёна»ни мағлуб этди   1 01:48"Ал Шабаб" "Милан" футболчисини 14 млн евро эвазига харид қилишга тайёр, аммо...  3 01:21"Милан" сардори "Галатасарой"ни рад этди. Турк клуби ҳимоячига "Милан"дагидан кўпроқ маош таклиф қилганди  1

Ғалаба сизга ёр бўлсин! News

Ғалаба сизга ёр бўлсин!

Эртага ўзбек футболи учун охирги 3 йилдаги энг муҳим ўйин бўлиб ўтади.

Эрондаги улкан "Озоди" стадиони бу воқеликка мезбонлик қилади. Эртанги баҳсни форслар устози Карлос Кейруш Эрон футболининг янги тарихидаги энг муҳим ўйин деб атаган ва шуни қўшимча қилиб ўтган: "Биз Ўзбекистонга қарши ҳудди Жаҳон чемпионати финалида ўйнаётгандек ўйнашимиз керак". Кўриб турганингиздек, бу тўқнашув ўзбек ва форс футболидаги энг муҳим ўйин бўлади.

Терма жамоамиз кеча чартер рейс билан Теҳронга етиб борди ва у ерда дастлабки машғулотни ҳам ўтказиб улгурди. Термамизда ҳозирча ҳаммаси жойида, шундайлигича қолсин ҳам.



ЎЙИН ҲАҚИДА

Жамоалар ўтган йилнинг октябрь ойида Тошкентда ўзаро беллашишган эди. Ўшанда Жалол Ҳусайнининг жарима зарбасидан кейин боши билан урган голи форсларга ғалаба келтирган эди. Эртага эса вакилларимиз уйдаги мағлубият учун сафарда реванш олишлари керак.

Таркибимизда бир қатор йўқотишлар мавжуд. Аввалига жароҳат сабаб Виталий Денисов, Ислом Тўхтахўжаев ва Александр Мерзляков каби ҳимоячиларимиз ўйинни ўтказиб юборишлари маълум бўлган эди. Таиландга қарши бўлиб ўтган беллашувда эса Марат Бикмаев ҳам жароҳат олди. Булар орасида Денисов ва Бикмаев биз учун жуда катта йўқотиш. Марат фантастик формага кириб олган эди, Таиландга қарши ўйиннинг биринчи бўлимида айнан у терма жамоамиз таркибида энг фаол ўйинчи бўлган эди. Бос устига унинг гавда билан яхши ўйнай олиши ҳам форсларга қарши жуда зарур эди. Энди ўнг қанот вингери ролини Сардор Рашидов бажаради. Сардордан 5 кун олдинги голидан яна битта кутиб қоламиз, лекин бу сафарги рақиб унга қараб олиб зарба бериши учун ҳатто 2 сония ҳам вақт бермаслиги мумкин. Таиландга қарши Рашидов тўпни кўп бор йўқотди, бундай ҳаракатлар эртага бизга жуда қимматга тушиши мумкин. Сардорнинг имконияти эронликларни доғда қолдиришга етади ва биз бунга ишонамиз. Эртага вингеримиз рақиб ҳимоячиларини ортидан югуртириб юришини кўришни бутун халқимиз ич-ичидан истайди.

Виталий Денисов ўтган йил Тошкентда ўтган баҳсда рақибнинг энг хавфли ўйинчиларидан бири Мехди Таремига ҳеч қандай имконият қолдирмаган эди. Таремига қарши якка курашларнинг барчасида бизнинг "Тор" ғалаба қозонган эди. Афсуски, эртага Самвел Бабаян унинг хизматларидан фойдалана олмайди. Унинг ўрнида ҳаракат қилиши мумкин бўлган Александр Мерзляковда ҳам жароҳат бор. Таиландга қарши Сталислав Андреев чап қанот ҳимоясида тўлиқ ўйнади, шу жойда тўп тепиши мумкин бўлган Фарруҳ Сайфиев эса умуман майдонга туширилмади. Демак, Эронга қарши айнан Андреев асосий таркибдан жой олади. Кейруш жуда ҳам ақлли ва айёр. Денисов ўйнамаслиги ҳисобига Кейруш ҳужумнинг исталган жойида ўйнай оладиган Таремини яна ўша ўнг қанотга қўйса керак. Бунда, Тареми бизнинг чап қанот ҳимоячимизга қарши чиқади. Тошкентда Виталийдан "тарсаки" еган Мехди, Теҳронда ўша "тарсаки"ни Стасга қайтаришга уринади. Демак, эртага Андреевга жуда ва жуда қийин бўлади. Уни доим битта шериги "ёпиб" туриши керак бўлади. Таянч зонадаги футболчимиз Андреевга ёрдамлашгани бора олмаслиги мумкин, чунки рақиб ҳужумининг иккинчи темпида бўш зоналар пайдо бўлиб қолиши мумкин. Марказий ҳимоячиларимиздан бири ҳам қанотга ёрдамлаша олмаслиги мумкин. Акс ҳолда, жарима майдонига битта "навес" ва бўйдор форслар бизни жазолаб кетади. Битта вариант қолмоқда, чап қанот ярим ҳимоячиси. Таиландга қарши ўйинимиздан келиб чиқсак, эртага чап қанот вингери вазифасини Элдор Шомуродов бажаради. Элдор эртага доимиз тарзда ортидаги ҳимоячига ёрдамга бориши керак. Рақиб ҳужуми пайти қанот ҳимоясига фақатгина қанот ярим ҳимоячилари ёрдамга келишлари керак. Бошқа нуқтада ҳаракат қиладиганлар ўз жойларини назорат қилишлари керак. Кимдир биз лаҳзага ўз зонасини қаровсиз қолдирса, Кейруш шогирдлари ўша жойдан ҳужумни кескинлаштириб юбора оладилар.



Марказий ҳимояда Анзур Исмолиов ва Егор Кримец жуфтлиги ҳаракат қилади. Ҳимояланиш пайтида жуда катта босим айнан уларга тушади. Анзур ҳимоямизнинг асосий етакчиси ва бошқарувчиси. Эртага у ҳимоядаги шерикларини тўғри бошқариш ҳисобига рақибга имкон бермасликка интилади. Ўнг қанот ҳимоясида эса Акмал Шораҳмедов ўйнаса керак. Ҳар ҳолда эндигина жароҳатдан қутулиб умумий гуруҳ машғулотларига қўшилган Даврон Ҳошимовни асосий таркибда тушириш хато бўлади менимча. Ҳужумга қўшилиш борасида Шораҳмедов Ҳошимовдан кўра яхшироқ сифатларга эга. Боз устига, Акмал терма жамоа сафида тўп тепишни жуда соғинган ва бу нарса унинг фойдасига ишлайди. Ундаги иштиёқ рақиб вингерига имкон бермаслиги керак.

Дарвозада Александр Лобанов туради. Эртага ундан ишончли ўйин кутамиз, муҳими у учрашув бошида тўп билан бир-икки муомала қилиб олиши керак. Ҳеч бўлмаса, ҳаводан узатилган тўпни ушлаб олиб бўлса ҳам. Сабаби, дарвозабонлар учун ўйин бошидан тўпни ҳис қилиб олиш жуда муҳим. Кипер бошидан тўпни ҳис қилса ва ўзига ишонч пайдо қилиб олса, 90 дақиқа давомида ўша ишончни йўқотмайди.

Ҳужумда Игорь Сергеев тўп тепади. Игорнинг қолган ҳужумчиларимиздан устун тарафи тўпни ўзида яхшироқ сақлай олади ва елкама-елка курашда фойдалироқ. Мухлислар унинг терма жамоа таркибида бош билан урадиган голларини соғиниб қолишган. Эроннинг баланд бўйли ҳимоячиларига қаршибу осон бўлмайди. Лекин, барибир ундан гол кутамиз.

Ва ниҳоят, терма жамоамизнинг энг кучли ва ишончли жойига етиб келдик. Марказ - бизнинг устунлигимиз. Тошкентда Одил Аҳмедов ўйнай олмаган, Сервер Жепаров эса биринчи бўлимда жароҳат олиб майдондан чиқиб кетган эди. Айни пайтда эса Ҳайдаров, Афонин, Аҳмедов, Мусаев ва Жепаровларнинг бари соппа-соғ. Камига Мурод Холмуҳаммедов ҳам таянч нуқтада ўйнай олади. Эртага марказдаги устунлигимиз Одил Аҳмедовнинг ўйинига боғлиқ бўлади. Одил терма жамоада икки ҳисса куч билан ўйнашга одатланган. Агар марказда устунликни бошидан қўлга олсак, у ҳолда айнан марказдаги ўйинчиларимизнинг қўллаши ёрдамида қанотларда ҳам ҳукмронлик қилишга уриниб кўрсак бўлади.

Эртага биз иккита жиҳат эвазига устунлик қилишимиз мумкин. Стандарт вазиятлар ва қарши ҳужум. Позицион ҳужумларда эса форслар бизга имкон қолдирмаслиги аниқ. Ушбу босқичда ҳали ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмаган Эроннинг қатъи ҳимояси қарши ҳужум пайтида бироз парчаланиши мумкин. Қолган ҳолатларда улар имкон беришмайди. Стандарт вазиятлар аслида Эроннинг устунлиги. Чунки, улар доим стандартларни қойиллатиб келишмоқда. Лекин, эртага бир кунча бу устунликни қўлга олишимиз керак. Эрон стандартларда ҳавода устунлик қилиш билан бирга қайтган тўпларга ҳам эгалик қилишга одатланишган. Бу билан иккинчи темпда ҳам устунлик қилишади. Шу нарса биз томонда бўлиши керак. Стандартларни Жепаров амалга оширган пайтда Аҳмедов ва Ҳайдаров иккинчи темпда туриши керак. Чунки, уларда кучли зарба бор. Қайтган тўпларга кўпроқ эгалик қилиш кўпроқ имконият дегани.



МУНОСАБАТ

Эрон бугунги кунда Осиёнинг энг кучли терма жамоаси. Балки, форслар кўплаб ҳужумлар уюштиришмас ва голларни қаторлаштириб ташлашмас. Лекин, улар ҳозир энг кучли. Эроннинг таркибига қаранг. Супер ўйинчилар. Уларнинг ҳар бири ўз жамоаларида асосий ўйинчи. Ҳужум чизиғи фантастик ўйинчилардан иборат. Улар биздан кучли, буни тан олишга мажбурмиз. Кейруш барча ўйинларда тактикага қатъи амал қилмоқда ва 1% ҳам таваккал қарорлар қабул қилмаяпти. Эрон эртага 100 минг мухлис қаршисида Жаҳон чемпионати йўлланмасини расман ҳал этиш учун борини беради. Биз ҳам ҳудди шундай ҳолатдамиз. Эртанги ўйин курашни плей-офф учун ёки тўғридан-тўғри йўлланма учун давом эттиришимизни белгилаб беради.

Шу кунгача терма жамоамизга, футболчиларга ва мураббийларга кўплаб эътирозлар бўлди. Ҳозир эса ҳамма бир бўлиб уларни қўллаб-қувватлайдиган пайт. Футболчиларимиз сизнинг қўллашингизни ҳис этишлари керак. Бу қўшимча куч бўла олмайди, лекин тайёргарлик жараёнида далда бўлиши аниқ. Ўйинчиларни ҳақорат қилишни бас қилайлик, улар шунчаки ютқазиш учун майдонга тушишмайди. Ёки бўлмаса, ғалаба учун оладиган премия учун ўйнашмайди. Ишонинг, терма жамоадагиларнинг жуда кўпи, айниқса легионерлар клубида бундан анча кўп олади. Миллий терма жамоада улар ВАТАН шаъни учун майдонга тушишади. Мағлубиятга учралганда танқид бўлиши табиий ва бу нормал ҳолат. Лекин, жуда муҳим ўйин олдидан кескин гаплар ва фикрлар ортиқча назаримда. Айни шу сабаб, терма жамоамизнинг Тошкентда ўтказган машғулотларидан тайёрлаган фотомақолаларимда футболчиларни қўллаб-қувватлашга ва юморга асосий урғуни бердим. Уларнинг кайфиятлари кўтаринкилигини кўрсатиб беришга уриндим. Бу орқали футболчилардаги кўтаринкилик мухлисларга ҳам ўтишига умид қилдим. Ҳозир шундай паллаки, барчамиз бир бўлиб бир мақсад сари қўлимиздан келиши мумкин бўлган ишни бажаришимиз керак. Эртага ким терма жамоамиз мағлуб бўлишини хоҳлайди? Ҳеч ким. Ҳар биримиз ич-ичимиздан йигитларни дуо қиламиз, ҳар бир кескин вазиятда ўрнимиздан қалқиб турамиз. 90 дақиқа ҳаяжондан нафас олишгада қийналамиз. Чунки, бу - терма жамоа. Ҳар қанча сўкмайлик, ўйин куни барибир уларни олқишлаймиз ва ютиб келишларини ният қиламиз. Эртага жуда кўп танқид қилинадиган Андреев қанотдан тўп узатсин-у, уни танқидларга кўмилиб кетган бошқа бир ўйинчимиз Игорь Сергеев дарвозага аниқ йўлласин. Бироз олдин уларни сўкиб ўтирганлар уялиб қолишади. Лекин, ўша уятда қолганларнинг барчаси бундан ҳурсанд бўлишади. Инсонлар изза бўлганларидан ҳам севинишади, буни МИЛЛИЙ ТЕРМА ЖАМОА дейдилар. Ҳаммамиз Эрон кучлироқ эканлигини биламиз, лекин футболчиларимиз имкониятларидан бир бош баланд сакрашлари учун олқишлаймиз. Ҳаммамизнинг ичимизда фақат ва фақат Ўз-бе-кис-тон, Ўз-бе-кис-тон, Ўз-бе-кис-тон деган нидо янграйди.


МОТИВАЦИЯ

Футболчиларимиз "Озоди"да 100% куч билан тўп тепишса, рақибни мағлуб эта олишмайди. Улкан стадионда мезбонларни таслим этиш учун 120% куч билан ўйнаш талаб этилади. 20% куч бу - МОТИВАЦИЯ.

Сизларга бутун халқимиз кўз тикиб ўтиришади. Ота-онангиз фарзандларининг юзини ёруғ қилишини яратгандан сўраб бир лаҳзага бўлсада, қўлларини дуодан узмайдилар. Эртага ғалаба қозонсангиз ота-онангиз қувончдан кўз ёшларини тия олишмайди. Фарзандининг ютуғини кўрган ҳар бир она ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Жуда ҳам кичиклигингизда жиддийроқ касал бўлиб ётиб қолганингизда онангиз қанчалик йиғлагани, аллоҳдан сизга шифо сўраб кечалари мижжа қоқмагани эсингиздами? Ўшанда сиз катта бўлсам, онамни ҳеч қачон йиғлатиб қўймайман, ҳамиша кулиб юришлари учун қўлимдан келганини қиламан деб ўзингизга сўз бергансиз. Лекин, эртага сиз ўша йиғлатмайман деб сўз берганингиз онангизни йиғлатишингиз мумкин. Сизнинг деярли имконсиздек туюлаётган ғалабани қўлга киритишингиз онангизни йиғлатади. Қувончдан, фахрдан йиғлатади. Эртага ҳар бир футболчиларимизнинг оналари фарзандларининг ютуғидан кўзларига ёш олишсин. Ўстириб катта қилган сиздек ўғилларидан мингдан-минг рози бўлишсин. Эртага бутун халқимиз сизга кўз тикиб ўтиради. Мухлисларни йиғлатинг, отангизни, буви ва бувангизни йиғлатинг, ОНАларингизни йиғлатинг!

Ғалаба сизга ёр бўлсин!


Толибжон Қосимов

Rating: +72   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика