Latest news

13:32"ФарДУ" илк иштирокидаёқ Биринчи лигада 3-ўринни банд этди  0 13:16Бош ҳакамни аёвсиз танқид қилган "Локомотив" клуби матбуот хизмати жаримага тортиладиган бўлди  0 12:48Франция терма жамоаси афсонаси Мбаппенинг "Реал"даги ўйинини танқид қилди  1 12:22Суперлига стадионлари 2030 йилда қандай кўринишда бўлади?  21 12:02"Локомотив"нинг голи қоида бузилган ҳолда урилган — ЎзФҲМ  1 11:37Ҳарри Кейн: "Биз бутун ўйин давомида устунлик қилдик"  0 11:13Муҳаммадали Ўринбоев: "Эронни CAFA турнирида ютганмиз, Осиё кубогида чемпионликдан бошқаси қониқтирмайди"  1 10:49Лоренцо Инсинье "Наполи"га қайтишга тайёр  0 10:21"Манчестер Сити" Эрлинг Холандга рақобатчи сотиб олади  2 09:50Ироққа қарши ўйин учун Ўзбекистон U-20 терма жамоасига чақирилган футболчилар рўйхати маълум   2 09:31Ана бўлмасам! Вальверде Анчелоттининг жароҳат ҳақидаги сўзларидан ҳайратда  6 08:49"Челси" 50 йил олдинги натижасини такрорлади   0 08:21Руд ван Нистелрой: "Бу ҳолатни ўзгартириш вақти келганди"  3 07:44ПСЖ фуболчиси АПЛ ва Бундеслига клублари қизиқишлари доирасида  0 07:15Мудрик порламоқда!  3

Футбол тарихида энг кўп қизил карточка олган 10 нафар ўйинчи News

Футбол тарихида энг кўп қизил карточка олган 10 нафар ўйинчи

Уларнинг баъзилари фаолиятини давом эттирмоқда.

10. Гари Медель (18 та қизил карточка)

Медель футболчи сифатидаги қатъиятли хатти-ҳаракатлари билан таҳсинга сазовор бўлган. Бироқ ундаги қатъият меъёридан ошиб кетганда, муаммоларга дуч келган. "Васко да Гама" футболчиси фаолияти давомида жами 18 марта майдондан четлатилган. Эҳтимол, у бутсаларини михга илгунга қадар бу кўрсаткични "яхшилаши" мумкин.

9. Фернандо Аморебьета (19 та қизил карточка)

2019 йил Асунсион минтақасининг (Парагвай) икки машҳур клуби иштирокидаги "Суперкласико"да "бош қаҳрамон"га айланган ўйинчининг бунча четлатилганига ёқа ушламайсиз. Ўша баҳсда Аморебьета парагвайлик афсонавий ҳужумчи Роке Санта Крузга бош билан зарба берган ҳамда унинг бошини тишлашга ҳаракат қилган. Фернандо клубдаги фаолиятининг катта қисмини Испаниянинг "Атлетик" клубида ўтказган, шунингдек, Фульхэм ва "Мидлсбро" жамоалари ҳам тўп тепган.

8. Фелипе Мело (20 та қизил карточка)

Яна бир тишлонғич футболчилардан бирини ушбу рўйхатдан ўрин олганига ҳайрон бўлмасангиз ҳам бўлади. "Питбулл" лақабли бразилиялик ярим ҳимоячининг интизом борасида ҳавас қиларли даражада эмаслигини жаҳон чемпионатининг чорак финали доирасида Нидерландияга қарши ўйинда олган қизил карточкаси тасдиқлайди. "Ювентус"нинг собиқ ўйинчиси майдондаги тажовузкорлиги билан донг таратган бўлса-да, ўйинни уқиш қобилияти ва маҳорати ундан кам эмас.

7. Маттео Контини (20 та қизил карточка)

Континининг ижобий фазилатлари тўғрисида мулоҳаза юритадиган бўлсак, қобилиятли ҳимоячи бўлганлигини таъкидлаш жоиз. Бироқ Италия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси қаттиққўл характерга ҳам эга бўлиб, ҳиссиётларини жиловлай олмаган пайтлари тез-тез ҳакамларнинг блокнот дафтарига исмини ёздириб қўйган. Маттео "Наполи", "Милан", Парма" ва "Сарагоса" каби клублар либосини кийган.

6. Паоло Монтеро (21 та қизил карточка)

Монтеро А Сериянинг энг шафқатсиз ҳимоячиларидан бири сифатида ёдда қолган. Собиқ ҳимоячи 21 маротаба ўйинни охирига етказиб қўя олмаган. "Баъзан ғалаба қозониш учун ҳамма нарсани ишга солиш керак, менинг табиатим шунақа. Агар жамоанингизнинг ғалаба қозонишига ёрдам берса, ҳакамни алдаш ҳам гуноҳ эмас", дейди Паолонинг ўзи.

5. Рафаэль Маркес (21 та қизил карточка)

Маркеснинг номи миллий терма жамоа ва клуб миқёсида тўп тепган энг яхши ҳимоячилар қаторида абадий қолади. Бироқ унинг кўрсаткичларига назар солсак, профессионал ҳимоячи интизом борасида чатоқ эканлигини кўришимиз мумкин. Шунга қарамай, "Барселона"нинг собиқ сардори клуб билан икки марта Чемпионлар лигаси ва тўрт маротаба Ла Лига титулини қўлга киритгани билан салбий саҳифасини бекитиб кетади.

4. Руано Дельгадо (22 та қизил карточка)

Испаниялик ҳимоячи хорватиялик собиқ ҳужумчи Марио Манжукичга мушт туширгани билан ёдда қолган. Футболчи майдонни маълум дақиқада эмас, буткул тарк этгунига қадар Испания, Туркия ва Саудия Арабистони клублари сафида ўтказди.

3. Сирил Руль (27 та қизил карточка)

Эҳтимол, Сирил исми қўлга киритилган совринлар нуқтаи назаридан таниш бўлмаслиги мумкин, лекин майдондаги интизомсизлиги туфайли француз ҳакамлари уни яхши эслаб қолишган. Франциялик ярим ҳимоячи фаолияти давомида "Бастия", "Ланс", "Ницца" каби клубларда ўйнаган. Руль майдонга тушган ўйинларни карточкасиз тарк этса, кечалари ухлолмай чиқарди. Унинг ҳисобида 187 та сариқ ва 27 та қизил карточка мавжуд.

2. Серхио Рамос (28 та қизил карточка)

Бу футболчини рўйхатга киритмасдан иложимиз йўқ эди. "Реал Мадрид" афсонаси анъаналарига риоя қилган ҳолда фаолиятидаги сўнгги икки қизил карточкасини ПСЖ таркибида қабул қилиб олди. Испанияда эса унга жами 26 та қизил карточка кўрсатилган бўлиб, шулардан 21 таси Ла Лигага, 4 таси Чемпионлар лигасига ва биттаси Испания кубогига тўғри келган. Рамос XX асрда энг кўп четлатилган футболчи ҳисобланса-да, миллий терма жамоа либосида бирор марта майдондан четлатилмагани ажабланарли.

1. Херардо Бедойя (46 та қизил карточка)

Ҳатто Рамос жон-жаҳди билан ҳаракат қилса ҳам, рўйхат пешқадамига айлана олмайди, чунки интизомсизлик чўққисидаги Бедойя таъқибчиларидан анча илгарилаб кетган. Унга етиш учун манаман деган зўравон ҳам камида икки марта футболчилик карьерасини бошдан кечириши лозим. Колумбиялик "жангчи" фаолияти давомида Аргентинанинг "Расинг" ва "Бока Хуниорс" либосларини кийди ва ҳакамларнинг қўштирноқ ичидаги қадрдонига айланди. Унинг хислати мураббийлик фаолиятида ҳам тарк этмади. Херардо мураббий сифатидаги дебют ўйини старт олганидан бор-йўғи 21 дақиқа ўтиб, майдондан четлатилади.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Rating: +10   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика