"FIFA.uz" ғолибининг Европадаги саргузаштлари
05 nov 2014 14:57
News
"FIFA.uz" ғолибининг Европадаги саргузаштлари
18 октябрь куни соат 18:35 Тошкент - Милан йўналиши бўйича Италиянинг Милан шаҳрига учдик. Олти ярим соатлик парвоздан сўнг маҳаллий вақт билан соат 22:00да Миланга етиб бордик. 19 октябрь эрталабдан шаҳарни айландик. “Модалар шаҳри” деб аталадиган Милан ажойиб, гўзал шаҳар экан. Иккинчи жаҳон уруши вақтида Италия ва Аргентина орасида яхши муносабатлар ўрнатилган деб эшитдим. Шунинг учун бўлса керак, шаҳарда Аргентина ресторанлари кўп. Энг асосий шопинг-маркази ҳам Буэнос-Айрос кўчасида жойлашган. Бу кўчада дунёга машҳур брендларнинг дўконлари бор. Кечга яқин Миланнинг энг машҳур, туристлар бориб кўрадиган Дуомага бордик, жуда тарихий маскан экан . Ўша ердан метрода тўғри муҳташам “Сан-Сиро” стадиони томон йўл олдик. Милан вақти билан соат 20:45да “Интер” ва “Наполи” ўртасидаги баҳс бошланиши керак эди. Метрога тушгач ўйин атрофидаги муҳитга қизиқдик. Барча-барча стадионга кетаётган эди. Одамларнинг кўпчилиги “Интер” футболкасини кийиб олган, бўйнида шарф... Бир гуруҳ словакиялик мухлислар ўз тилларида қандайдир шиорларни айтиб кетишаётган эди. Тушунимизча улар “Наполи” ва Марек Гамшикнинг мухлислари экан. Ҳеч ким, айниқса “Интер” фанатлари уларга қаршилик қилмагани ҳайрон қолдирди. Барча ўз жамоасини қўллаш учун биргаликда стадионга йўл олди. Стадионга яқин бекатда метродиги 99 фоиз одам футболга келаётганини тушундим. Метродан чиқиб “Сан-Сиро”гача 2 километр пиёда бордик. Метродан чиқиш билан узоқдан стадион кўриниб туради. Бу ерга яқинлашганда барча жойда кўчма-вагончиклар ҳар хил егулик-ичимликлар сотилмоқда. 30тадан ошиқ дўконлар футболка, шарф байроқлар сотилаётганди. “Интер”дан ташқари “Наполи” клуби шарфлари ҳам бор. Фақат "Милан" шарфларига кўзимиз тушмади, сабаби бугун “Интер” ўйнаши керак эди. Барча жой “кўк-қора” рангга бурканган, бошқа пайт эса бу ҳолат “қизил-қора”га айланар экан. Кассада чипталар секторига қараб 30 дан 170 еврогача. 45 евродан чипта олдик. Эътиборлиси, чиптачи қиз бизга паспортсиз чипта берилмаслигини айтди. Яхшики ҳужжатларимиз ёнимизда эди, чипталарга исм-шарф ёзилар экан. Стадионга кираётганда билет билан бирга паспортни кўрсатиб кирар экансиз. Бу фақат бизга тегишли эмас, италияликлар ҳам ID паспортларини кўрсатиб киришаётганди. Бу дегани ҳеч ким бошқанинг чиптасига киролмас экан. Чипта сотиш қора бозори йўқ, қўлда чипта сотиш йўқ.
- Менда "зўр-зўр", сизларда-чи ))
Сиғими 78.000га яқин бўлган стадионга камида 40-45 минг мухлис йиғилди. Стадионга эса гап йўқ, тўғри сал эскирган. Масалан, киравериш зиналари, ҳожатхоналари ремонт талаб бўлиб қолган. Шунга қарамай, у беш юлдузли стадионлар тоифасига киради. УЕФА 2015/16 ЕЧЛ финалини айнан “Сан-Сиро” топширганини барча билса керак. Ҳамма жойда бўлгани каби меҳмонларга алоҳида секторлар ажратилган. Шу куни “Наполи”ни қўллаш учун 3000дан ошиқ фанатлари келган экан улар дарвоза орқасидаги секторнинг 3-ярусида, яъни тепада жойлашишди. Янаям қизиғи, стадионда биронта ҳам полиция ходими йўқ. Ҳаттоки меҳмонлар секторида ҳам фақат сариқ жилет кийган волонтёрлар юрибди, улар ҳам унча кўп эмас. Шуни билдимки, улар учун футбол бу катта байрам кўпчилик оиласи билан келган. “Интер” тиффозилари бошқа дарвоза орқасида ўтиришди. 10.000дан ошиқ фанатлар бор эди. Ўйин бошланишига 30 дақиқа қолганида қўшиқ, шиорлар айтишни бошлашди, футболчилар енгил машғулотдан кейин кийиниш хонасига қайтиб кириб кетишганда, сухандон таркибларни таништирди. Сухандон “Интер” ўйинчиларининг исмини айтса, фанатлар бир овоздан фамилиясини айтишди. Майдон марказига ўша ўйинчининг расми туширилган баннерларни ёш болалар кўтариб туришди: ажойиб муҳит. Битта ўйинга шунча тайёргарлик ана шоу, ўйин бошланиши билан “Интер” фанатлари тепа ярусдан стадионга лента коғозлар отишди. Стадионга худди қор ёққандек бўлди, ўйин жанговор 2:2 ҳисобида тугади. Барча голлар сўнгги 15 дақиқада киритилди. Энг кизиғи, “Наполи” гол урганда “Наполи” фанатларидан ташқари стадионнниг 40 фоизи гол дея бақириб ўрнидан турди. Кейин билсак, улар “Милан” мухлислари экан, улар “Интер”га қарши ҳамма ўйинда мухлислик қилишар экан. Бизнинг тепамизда ўтирган ота-ўғилнинг отаси “Милан”, ўғли эса “Интер” мухлиси экан. Ота “Наполи”га мухлислик қилиб ўтирибди, фанатларни мухлислик килишига эса гап йўқ.
Бир хил, бир овозда қўшиқларнинг айтилиши ва 90 дақиқа давомида бир дақиқа ҳам жим бўлишмади. Хаттоки мезбонлар мағлуб бўлаётган вақтда ҳам. Чунки уларда “семечка” йўқ экан... Ўйиндан ажойиб таассуротлар олиб, 21 октябрдаги “Рома” – “Бавария” ўйиннини кутдим. 21 октябрь эрталаб Римга, вокзалдан тўғри “Олимпия” стадионга бордик. Стадион атрофидаги барча кассалар ёпиқ эди, уларда чипта қолмади деб ёзиб қўйилган... Нима қилишни билмай атрофдагиларга мурожаат қилдик. Улар “Рома-Стор”га боришни маслаҳат беришди. Таксига ўтириб ўша жойга бордик, таксичи ҳам “Рома” фанати экан. У бизга қараб кулиб чипта ололмасанглар керак деди. Сабаби унинг ўзи ҳам чипта топа олмаган экан. Кайфият тушиб кетди, ноумид шайтон деб манзилга етиб бордик. Минг афсуски, ўйин учун чипталар бир ҳафта олдин тугаб бўлган дейишди... Ўрганиб қолганмиздек қўлда борми деб сўрадик, улар ҳайрон бўлиб, йўқ бизда ҳар бир одамга паспорт орқали сотилади дейишди. Бизнинг Ўзбекистондан келганимизни билиб бироз ачинди ҳам, ўзимнинг энг севимли клубимнинг ўйинини томоша қилиш учун Италияга боргандим.
- Мессининг "олтин тўп"лари
Ўйинни барда кўришга мажбур эдик, биз жойлашган меҳмонхона атрофидаги ҳеч қайси барда ўйинни қўймаяпти, бошқа ўйинни кўришяпти деб ҳайрон бўлдик, кейин билсак у ерлар “Лацио” мухлислари турадиган район экан. Учрашувни Колизей атрофидиги спорт-барлардан бирида томоша қилдик. Барда 20га яқин “Бавария” формасини кийиб олган немислар ҳам бор эди, улар мазза қилиб шиорлар айтиб туришди, ҳеч ким қаршилик қилмади хам, минг афсус ўйин...
- "Камп Ноу"га саёҳат
Нима бўлганини барча билади, гапиришнинг ҳожати йўқ . Мана бизда мухлислар сайтда ўтириб бир-бирини ҳақорат қилади, “сени жамоанинг унақа, меники бунақа деб”, бу ерда эса ҳамма дўст. “Бавария” “Рома” мухлислари билан, “Наполи” “Интер” мухлислари билан бирга ўтириб кулишиб расмларга тушишади. Лекин ҳақиқий дерби қанақа эканлигини билдим. “Интер” ўйинида “Милан” ёзуви туширилган нарса бўлиши керак эмас, ҳамма “қора-кўк” рангда, ҳатто стадиондаги “Милан” мухлислари ҳам “қора-қизил” рангда эмас. Дерби - дерби, лекин “Интер” ўйнамоқда, шунинг учун ҳам “Милан” формасини кийишмаган. Бу ҳам қандайдир ҳурмат бўлса керак, худди шундай “Милан” ўйинида “Интер” мухлислари келиб меҳмонларга мухлислик қилишар экан, лекин “Интер”нинг атрибутикаларисиз. Римда эса оддий мисол “лацио”ликлар ҳатто “Рома”нинг Чемпионлар лигаси ўйинларини ҳам кўришмас экан. Милан шаҳрида “Милан” – “Интер”, Римда “Рома” – “Лацио” ўйинларига ҳеч қайси уйин тенг келмас экан. Улар учун чемпион бўлишдан кўра мана шу ўйинларни ютиш шарт экан.
- Бу эса "Барселона" томонидан қўлга киритилган ЕЧЛ кубокларининг нусхалари
Хулоса, Европадаги ўйин ва стадионларни маза қилиб кўриб, олам-олам таассурот олдим. Бунинг учун албатта FIFA.UZга раҳмат!
Comments