Latest news

13:31Эшитдик-да! Илҳом Мўминжонов янги мавсумда водийда иш бошлайди   3 13:24"Ливерпуль" "Лион" футболчисини қўлга киритмоқчи   1 13:05Ўзбекистон ва КХДР ўзаро ўйинлар тарихи. Пхеняндаги мағлубият, Гейнрихнинг чиройли голи ва Австралияда "порлаган" Сергеев  3 13:05КХДР билан ўйинлар ёдингиздами?  2 12:44КХДР - Ўзбекистон учрашувини бизга яхши таниш ҳакам бошқаради  3 12:21АПЛнинг уч клуби Пулишични кузатмоқда  1 12:00Лаосдан гапирамиз  19 11:47Ўзбекистон терма жамоасининг КХДР билан ўйин учун тахминий таркиблари  21 11:26Бундеслиганинг энг яхши тўпурари "Бавария"га ўтишни истамоқда  0 10:51«Реал Мадрид»нинг қишдаги режалари маълум  0 10:18Поль Погба келажаги борасида бир қарорга келди  2 09:42«Манчестер Юнайтед» ПСЖ футболчисини сотиб олмоқчи  0 09:07Клопп Испания жамоасини бошқариши мумкин  4 08:35Ибрагимович 7 кишилик рамзий терма жамоасини тузди  10 07:59Аморим МЮда илк машғулотни ўтказди  2

ЕВРО финалидан энг қуйига. "Супер Марио" қаерга ғойиб бўлди? News

ЕВРО финалидан энг қуйига. "Супер Марио" қаерга ғойиб бўлди?

Айтишадики: бахт — нисбий тушунча, унинг айни формуласи йўқ.

Рост. Кимдир 1 оғиз сўз билан бу туйғуни ҳис қилса, аллаким 2 коса овқат ёки 3 қоп тилла билан туяди. Энг осони болаларнинг масаласи. Кичик ёшдаги фарзандингиз, укангиз бўлса, арзимаган пулга олинган музқаймоқни қўлига тутқазаётганда кўзларига қаранг. 5 дақиқадан кейин тугаб қоладиган кичкина нарса унинг учун катта бахт. Ана шу ҳисни топиш жуда осон бўлгани учун ҳам одамлар ўлимигача болаликни қумсаб яшайди. Аммо, атрофимизда шу ширин даври ҳам аччиқ азоблар ичида ўтаётган минглаб, миллионлаб болакайлар борлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

Бугун шундайлардан бири — "супер Марио" бўлиши кутилган, бироқ 30 га тўлмай кўздан ғойиб бўлган Балотелли ҳақида гаплашамиз. У 1990 йилнинг 12 август куни Палермода ганалик муҳожирлар Томас ҳамда Роус Барвуалар оиласида туғилди. Унинг ҳаёти осон бошланмади. Тез-тез хасталанган гўдакнинг ошқозони 2 ёшига қадар 2 марта операция қилинди. Шифокорлар унинг узоқ умр кўрмаслигига амин эди. Бунинг устига, фақир оила касалманд боланинг муолажа харажатларини кўтара олмайдиган даражага келиб қолди. Шу туфайли ҳаёт кураши туғилишида олдин бошланган Марио 3 ёшида бадавлат Балотеллилар оиласига бериб юборилди.

Бой оиланинг фарзандига айланди, фақирликдан қутулиб, даволанди. Гўё барчаси изига тушгандек эди. Аммо қора танли бўлгани учун мактаб йилларида суръатли равишда ирқчиларнинг асосий нишони бўлиб келди. Болакай бунга қарши чиқа олмасди, бироқ бир кун сабрнинг ҳам чегараси тугайди: у катта жанжал чиқарди. Ҳақ бўлса-да, мактаб директори томонидан айбдор деб топилди. Марио ўз ҳолатини на ўқитувчиларига, на ота-онасига тушунтира билди. У тамоман ёлғиз эди. Шундан кейин ҳар қандай дардни ичига ютди, кимсага билдирмади. Токи ҳеч ким уни эзолмайдиган даражаша чиқгунига қадар...

Балотелли ўз бахтини футболдан қидирди, бутун меҳрини спортга йўналтирди. Илк кундан бошқа тенгдошларидан кучли, устунроқлигини исботлашга киришди ва буни уддалади. 16 ёшида "Барселона" машғулотларида иштирок этиб, 3 ўйинда 8 та гол урди. Аммо каталон клубига трансфер амалга ошмади, у уйига яқинроқ бўлган Миланни, "нерадзуррилар"ни танлади. "Интер" устози Роберто Манчини унга жуда эрта ишонди. Марио жамоа учун 17 ёшда дебют қилди, асосий таркибда тушган илк ўйинида дублга эришди. Қора-кўк либосда ЕЧЛда ўйнаган энг ёш футболчи ҳам у эди. Ҳамма Балотеллининг иқтидорини гапирар, яқин келажакнинг энг кучли ҳужумчиси бўлишини тахмин қиларди...

Бу орада 18 ёшли йигитча Гана термасининг таклифини рад қилиб, "Скуадра Адзурра"ни танлади. Ҳа, у аллақачон юлдуз эди, аммо ҳали жуда ёш, ғўр эди. 2010 йилда "Интер" учун ўйнаётган Марио жамоанинг азалий рақиби — "Милан"нинг мухлиси эканини очиқлади. Фурсатни қўлдан чиқармаган журналистлар жонли эфирда унга "россонерилар" либосини кийдиришди. Шундан кейин "нерадзуррилар"ни бошқараётган Жозе Моуринью 19 ёшда бўлишига қарамай, машғулотларда Фигу ва Занеттидан камроқ тер тўкаётган футболчи билан йўллари айрилишини маълум қилди. 

"Интер" билан 3 бор А Серияни, 1 марта Чемпионлар Лигасини ютган Марио 2010 йилнинг ёзида собиқ устози Роберто Манчини ишлаётган "Манчестер Сити"га 28 млн евро эвазига кўчиб ўтди. Ушбу трансфердан севинаётган "Сити" мухлислари ҳали бошларига келажак воқеалардан бехабар эдилар. Марио илк мавсумида "шаҳарликлар" учун 28 ўйинда майдонга тушиб 10 та гол урди. Қизиқ томони, у умумий ҳисобда 12 сариқ, 2 қизил карточка ҳам "ишлаб олди". Бу рақамлар бир форвард учун ишлатилаётган экан, унинг характерини тасаввур қилиб олиш қийин эмас.

Марио АПЛнинг келаси мавсумида 23 ўйинда майдонга тушиб, 13 гол, 1 та ассистга муаллифлик қилди. Ўша биттагина самарали узатма ҳам "Сити"га тарихий чемпионликни тақдим қилган КПР билан ўйиннинг 90+4-дақиқасида амалга оширилган. Гўё майдондаги барча ишлар жойида эди. Аммо, Балотелли доимий равишда ОАВнинг нишонида бўлиб турди: Ибрагимович услубидаги интервьюлар, МЮ билан муҳим ўйин олдидан ҳожатхонасида пиротехникадан ёнғин келиб чиқиши, чемпионликни нишонлаш маросимига келмаслиги, пул, қизлар...

Айримларнинг девона ёки авлиёлигини фарқлаб бўлмайди, дейишади. Балотелли ҳам шундайлар типидан. 2011 йилнинг ёзида "Лос-Анжелес Гэлакси" билан назорат ўйинида у амалга оширган қуйидаги ҳаракатни қилиш учун ким бўлиш керак, билолмадик.


Марио Италия терма жамоаси билан 2012 йилги Европа чемпионатида қатнашди ва турнирнинг асосий қаҳрамонларидан бирига айланди. Германияга қарши ярим финал баҳсида немисларни ёлғиз ўзи тиз чўктирди. Ҳал қилувчи ўйиндаги аламли мағлубият ва аччиқ кўз ёшлар...

Шу ўринда Жозе Моуриньюнинг супер бўлолмаган Марио ҳақидаги хотирасини келтирамиз.

"Қозонда ЧЛ ўйинини ўтказяпмиз. Милито ва Это'Ода жароҳат борлиги туфайли ҳужумчилардан фақат Балотеллини олиб борганман. У тахминан 42 ёки 43-дақиқада сариқ карточка олди. Кийиниш хонасида 14 дақиқа фақат Мариога гапирдим: Сендан бошқа марказий форвард йўқ. Сени алмаштиролмайман. Фақат сокин бўл. Тўпингни ўйна, тамом. Тўпни йўқотсанг, қайтариб олишга ҳаракат қилма. Марио, фақат қўполлик ишлатма. Илтимос! У эса ҳаммасини диққат билан эшитди ва тушунганини билдирди. 2-таймга чиқдик, 46-дақиқа — қизил!", эслайди португалиялик мутахассис.

2012-13 йилги мавсум. АПЛда 12 ўйин ўтказган ҳужумчи фақат 1 та гол ура олди. Қишки таътилга яқин "Сити" машғулотларида Марио ҳамда Роберто Манчини ўртасида жанжал келиб чиқди. Шундан кейин италиялик мутахассис ҳам эрка ва ўжар шогирдининг қилиқларига ортиқ тоқат қилолмаслигини англади. Форвард 20 млн евро эвазига Миланга қайтди. Фақат бу гал собиқ жамоаси "нерадзуррилар" сафига эмас, болаликдан мухлислик қилгани "россонерилар" лагерига. (Энг қизиғи, асрга татигулик шунча воқеаларни бошдан ўтказган футболчи эндигина 22 ёшда эди)

Мавсум охирига қадар қизил-қора либосда 13 ўйин ўтказиб, 12 та гол урган форвард ўзига хос "камбэк"ни амалга оширди. "Милан" таркибидаги келаси мавсум ҳам ўйинчи учун ёмон чиқмади: 41 ўйин, 18 гол, 8 ассист. Аммо, жамоанинг ишлари жойидамасди. А Серияни 8-ўринда якунлаган "Милан" Балотеллини 20 млн евро эвазига "Ливерпуль"га сотди.

Бироқ, нозик дидли йигитга Мерсисайд ҳавоси ёқмади. Унинг "Ливерпуль"даги энг эсда қоларли иши "Реал" билан ўйиннинг танаффусида рақиб ҳимоячиси Пепе билан либос алмашгани бўлди, холос. Ўшанда ҳар ҳафтанинг дам олиш кунларини "Энфилд"да ўтказадиган ишқибозларнинг ғазабини ҳаммадан кўпроқ Марио ҳис қилганди.

Кейин "Милан"га қайтиш, Францияга сафар, "Ницца", "Марсель"... Аммо, Балотелли ҳеч қачон ўзидан кутилган ўйинни намойиш қилиб беролмади. У аллақачон кайфият футболчисига айланиб бўлган эди. Машғулотлардаги танбаллик, баъзан машқларни бутунлай ўтказиб юбориш, кўнгилхушлик, саёҳатлар — Марио номининг олдига "супер" сифатини қўшишимизга ҳалал қилди. 

Ўжар, жанжалкаш ва мутлақ нопрофессионал форвард ортиқ ҳеч кимга керакмасди. Бир пайтлар дунёнинг энг кучли ҳужумчиси бўлиши тахмин қилинган вундеркинд 29 ёшида А Серия дебютанти ва аутсайдери "Брешиа" даражасига тушиб қолган бўлса, 30 ёшида Б Серияга йўл олиб, "Монца" таркибига қўшилди. 10 йил олдин ОАВ у ҳақда тинимсиз гапирар, муҳокама қилар эди. Бугун эса мухлисларнинг ёдидан ҳам кўтарилишга улгурди.

Балотелли деган номнинг буюклар қаторига эмас, ўз иқтидорига хиёнат қилганлар карвонига қўшилиб қолишига нима сабаб бўлди? Бу саволга жавобан кимлар у оғир болалик ва ирқчиликлар учун барчадан ўч олганини айтса, кимлар ўзига мос муҳитни, жамоа ва шерикларни тополмаганини рўкач қилади. Балки, бу фикрларда ҳам жон бордир. Лекин, бир нарса аниқ. Балотеллини ҳеч ким синдирмади. У ўзига, ўз нафсига енгилди, ўз дунёқарашининг қурбони бўлди. Акс ҳолда, бугун 2021 йилги "Олтин тўп"ни Канте оладими, унга беришадими қабилидаги саволларга ўрин қолдирмас эди.

P.s. Бир пайтлар шундай фикр ўқигандим: "Балотелли оқ танли бўлиб туғилса ва ирқчилик билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаса, Месси-Роналду эрасини шу йигит тугатарди". Муаллиф асли ганалик йигитнинг иқтидори ҳақида гапирган, эътироз йўқ. Аммо, буюк бўлиш учун ташқи кўриниш ёки терининг ранги муҳим бўлганда, бугун Пелени танимасдик. 

Юқорида айтганимиздек, Марио бор вақтини бошқалар билан курашишга сарфлаб, ўзига енгилди. Унинг хатоларини сиз такрорламанг...

Фахриддин Рўзиев

Author :
Rating: +36   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика