ЕВРО-2016. Омадсиз жентельмен
19 jun 2016 16:11
News
ЕВРО-2016. Омадсиз жентельмен
Учрашувда қандай ҳисоб қайд этилганини барча билиб бўлганига заррача ҳам шубҳа йўқ. Евронинг энг қиммат, энг машҳур ва энг кучли футболчисига эга бўлган Португалия терма жамоаси Австрия билан дуранг ўйнади - 0:0. Пириней ярим ороли жамоаси илк турда Европа чемпионати дебютанти Исландия билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганини ҳам ҳеч ким унутгани йўқ. Хўш, нима учун Роналдуга эга бўлган жамоа ғолиб бўла олмаяпти?
Ким нима деса десину кечаги ўйинда Криштиану Роналдунинг шунчаки омади келмади холос. Баъзан шундай бўлади, кун давомида ҳеч бир қилган ишингиз ўхшамайди, қўлингиздан пиёла тушиб кетади, овқат қилсангиз тагига олиб кетади ва ҳоказо...Кеча Роналдуда худди шундай бўлди, шунчаки овқат тагига олди...
"Реал" ёки Португалия терма жамоаси иштирокидаги ўйинида оддий томошабин аввало Криштиану Роналдудан нимадир кутади. Гол, голли узатма, чиройли финт. Қиз мухлисалар эса Криштиану катта экранга қараб кулиб қўйишини кутишади. Футболчи ҳам бутун дунё унга қараб турганини жуда яхши ҳис қилиб туради. Бир неча йилдан буён у бундай босимга ўрганиб ҳам кетган. Лекин кеча бу босимни енга олмади...
Роналду баҳс давомида 3 марта рақиб дарвозасига аниқ зарба берди, 3 марта ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди, 3 бор ноаниқ зарба берди, унинг 4та зарбасини ҳимоячилар блоклашди. Бутун Португалия терма жамоаси ўйин давомида 10та зарба берди, унинг 6таси аниқ чиқди. Дарвозабон ярим жамоа мақолини Роналду ўзгартириб юборди.
Ҳужумчи Португалия ютишини жуда ҳам кўп истаб юборди. 79-дақиқада ўзига нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтидан гол ура олмади. Клубида пенальтилардан голларни қалаштириб ташлайдиган Криштиану 11 метрдан гол ура олмади.
Париж шаҳридаги "Парк де Пренс" стадионида ўтган учрашувни Роналдунинг онаси ва ўғли вип трибунадан кузатиб боришди. Айнан шу ҳолат ҳам тўпурарга таъсир қилган бўлиши мумкин. Ҳужумчи ўз мухлислари ва яқинлари олдида ўзини кўрсатишни хаддан ташқари хоҳлаб юборди. Темирни керагидан ортиқ қиздирсангиз у синиб кетади.
Португалия терма жамоаси бош мураббийи Фернанду Сантуш икки сафардан буён рақиблар уларга қарши ҳимоявий футбол кўрсатишганидан нолимоқда. Бироқ Европа чемпионатида узоқроққа бормоқчи бўлсанг ёки ҳеч бўлмаса гуруҳдан чиқишни истасанг рақиб 11 киши бўлиб ҳимояланмайдими гол уриш керак.
Тўғри ҳали ваҳимали ҳеч нима бўлгани йўқ, Португалия терма жамоаси гуруҳдаги сўнгги турда Венгрияни мағлуб этса кейинги босқичга чиқади. Лекин кейинги босқичда бундан ҳам ваҳимали жамоалар ўйнашини унутмаслик керак.
Нарзулла Сайдуллаев
Смартфон ютишни истайсизми, унда марҳамат! Шартлар эса бу ерда >>>> ТАНЛОВ
Comments