Евро-1996. Манчестердаги теракт, алкаш инглизлар, аварияга учраган Зидан, қиз туфайли бузилган дўстлик, жароҳат олган ҳакам ҳамда чемпионни аниқлаган "Олтин гол" ҳақида ҳикоя қиламиз
17 jun 16:14
News
Евро-1996. Манчестердаги теракт, алкаш инглизлар, аварияга учраган Зидан, қиз туфайли бузилган дўстлик, жароҳат олган ҳакам ҳамда чемпионни аниқлаган "Олтин гол" ҳақида ҳикоя қиламиз
1996 йилги Европа чемпионати финал босқичи 8–30 июнь кунлари Англия яшил майдонларида ўтказилди. Мазкур турнирда илк маротаба 16 жамоа иштирок этди. УЕФАнинг иштирокчилар сонини ошириш қарорига СССР ва Югославиянинг парчаланишидан сўнг ташкилотга аъзо мамлакатлар сонининг кўпайиши сабаб бўлди.
Шунингдек, мазкур мусобақадан бошлаб, гуруҳ босқичидаги ғалаба учун аввалги икки очколик тизимдан фарқли ўлароқ, 3 очко бериладиган бўлди. Қолаверса, очколар тенг бўлган тақдирда, аввало, тўплар нисбати эмас, балки ўзаро ўйинлардаги голлар сони ҳисобга олинадиган бўлди. Яна бир қўшимча, мусобақада учта ўзгариш амалга оширишга рухсат берилди.
Бундан ташқари, турнирда "Олтин гол" қоидаси қўлланилди, бунда асосий вақтда ғолиб аниқланмаган тақдирда, қўшимча бўлимларда биринчи бўлиб гол урган жамоага ғалаба тақдим этилган.
Кенгайтирилган форматдаги финал босқичида Болгария, Швейцария ва Туркия дебютини ўтказди. Шу билан бирга, СССР ва Югословакия парчалангач, Хорватия, Чехия ва Россия терма жамоалари илк маротаба кўриниш берди.
Турнирда Adidas Questra тўпларидан фойдланилди. Машҳур компания маҳсулоти бўлишига қарамай, Хорватия ва Дания ўртасидаги баҳсда ҳакам тўрт маротаба тўпни алмаштирган.
"А" гуруҳида Англия етакчиликни қўлга киритди. Инглизлар илк ўйинда Швейцария билан дуранг ўйнаганига қарамай, Шотландия ва Нидерландияни йирик ҳисобда мағлуб этди. Нидерландия гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Шотландия ва Швейцария гуруҳда қолиб кетди.
Турнир аввалида инглизлар маҳаллий матбуотда жиддий танқидларга учради. "Тиш шифокори курсиси" деб номланган воқеа қуйидагича эди.
Мезбон Англия терма жамоаси Европа чемпионатига тайёргарлик кўриш мақсадида Шарқий Осиёга турне уюштирди. Инглизлар Пекинда Хитойга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказди. Жамоа қайтиш арафасида Гонконгда эди ва базадагилар кўнгилхушлик қилишни истаб қолди. Базм-у жамшид шу даражага етдики, ўйинчилар ўз футболкаларини йиртиб ташлашди. Кимдир бошқа хонадан тиш шифокори беморлари учун мўлжалланган курси топиб келди. Йигитлар бирин-кетин унга ўтирди, бошқалари "беморни даволашди".
Тез орада Британия газеталари бу ҳақда ёзиб чиқди: "Мана бу масхарабозларга қаранг, улар келаси ҳафта старт оладиган Европа чемпионатида Англия шарафини ҳимоя қилишади".
Шотландияга қарши баҳсда Пол Гаскойннинг голини англияликлар "тиш шифокори курсиси" услубида нишонлайди. Гол муаллифи ерга ётади, жамоадошлари эса унга сув қуйишади.
Нидерландия Англияга жуда кучли таркиб билан етиб келди. Мураббий Хиддинк жамоасининг асосий таянчи бўлган "Аякс" клуби кетма-кет икки йил давомида Чемпионлар лигаси финалига чиқди. Аммо Англияда келишмовчиликни содир бўлиб, жамоанинг турнирдан муддатидан олдин чиқиб кетишига сабаб бўлди.
Эдгар Давидс ўзининг қизишқон характери билан машҳур эди ва ҳар доим ҳам жим туришни билмасди. Нидерландия терма жамоасидаги дебютидан бери у жамоанинг ажралмас қисмига айланди ва "питбул" Европа чемпионатида Гус Хиддинк учун асосий қурол эди.
Аммо Шотландияга қарши нурсиз дурангдан кейин кийиниш хонасида ирқий можаро келиб чиқди ва жанжал бошланди. Жамоа икки лагерга - қора ва оқ танлиларга бўлинганди. Ўйинчилар ҳатто алоҳида гуруҳ бўлиб овқатланишга боришди. Келиб чиқиши суринамлик бўлган Эдгар Давидс Хиддинкни қора танли ўйинчиларга эътибор қаратмасдан, уларга асосий таркибдан жой бермаганликда айблади:
"Хиддинк ўз бошини баъзи ўйинчиларнинг кетига бекитиб юришни бас қилиши керак".
Бундай интервюдан сўнг Нидерландия терма жамоаси бош мураббийининг Давидсни терма жамоадан четлатишдан бошқа чораси қолмади. Терма жамоанинг қора танли футболчиларига бу ёқмади ва жамоа яна иккига бўлинди. Кларенс Зеедорф ўз ҳис-туйғуларини жиловлай олмади ва швейцарияликларга қарши ўйиннинг дастлабки дақиқалариданоқ атайин қўполлик ишлатди – Хиддинк ҳатто биринчи бўлим ўрталарида уни ўзгартиришга мажбур бўлди.
Натижада, "апельсинлар" шотландларга нисбатан урилган голлар сони кўпроқ бўлгани эвазигагина қийинчилик билан плей-оффга йўл олишди ва чорак финалнинг пенальтилар сериясига қадар етиб боришди. Французлар эса уларга шафқат қилмади.
"B" гуруҳида Франция ва Испания чорак финалга йўл олди. Болгария ва Руминия мусобақа билан хайрлашди.
Европа чемпионати бошланишидан бир ой муқаддам Франция терма жамоасининг ҳали 24 ёшни қарши олмаган навқирон ва истеъдодли футболчиси Зайниддин Зидан бошқа машина билан тўқнашув оқибатида автофалокатга учрайди ва бош қисмидан жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган. Шунга қарамай, у "уч ранглилар" билан қитъа биринчилигида иштирок этди.
Европа чемпионати олдидан Руминия терма жамоаси футболчилари орасида келишмовчилик содир бўлди. ПСВ ҳимоячиси Георге Попеску дўсти ва жамоадоши Георге Крайовянунинг уйланиш арафасида турган қизи билан ишқий муносабатга киришади. Натижада икки дўст ўртасига совуқчилик тушиб, оқибатда аламзада Крайовяну қитъа биринчилигида иштирок этмайди. Попеску янги севгилисига уйланади, бироқ улар 2002 йилда ажрашади.
Мазкур гуруҳ доирасида Франция ва Болгария учрашувининг 28-дақиқасида ирландиялик бош ҳакам Дермот Галлахер жароҳат олди ва унинг ўрнини англиялик арбитр Пол Деркин эгаллади.
Болгария футболи афсонаси Христо Стоичков саралаш босқичи доирасида Грузияга қарши саралаш босқичининг меҳмондаги ўйинида ёқимсиз ҳаракат амалга оширди. Жамоаси 1:2 ҳисобида ютқазаётган пайтда Христо вақтида тўпни узатмади деб ҳисоблаб, тўпларни узатиб тураётган болбойлардан бирининг юзига тупурди. Кейинги ҳужумда тўп майдонни тарк этганида, грузин мағрур ҳолатда тескари ўгирилди, Стоичков эса реклама баннери ортидан ўзи югурганча, тўпни олиб келишга мажбур бўлди.
"C" гуруҳида Германия ва Чехия кейинги босқичга чиқди. Италия ва Россияга омад кулиб боқмади.
Англияга жўнаб кетишдан олдин ҳам, Россия футбол иттифоқи ва футболчилар ўртасидаги молиявий келишмовчиликлар ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларига тарқала бошлади. Италияликлар билан ўйиндан бир кун олдин Кирьяков РФИ вице-президенти Тукмановга мурожаат қилиб, молиявий шартлар бажарилмаса, жамоа ичида ғалаён чиқишини айтди. Бунга Романцев шундай жавоб қайтарди: "Агар сиз шартномаларда имзолаган шартлар бўйича ўйнашни хоҳламасангиз, уйингизга қайтишингиз мумкин. Агар бизда 11 киши қолса — ўйнаймиз." Кейинроқ Кирьяков жамоадан четлаштирилди.
15 июнь куни Германия ва Россия терма жамоалари ўртасидаги гуруҳ босқичи ўйини бўлиб ўтишидан бир кун илгари Манчестер шаҳрида теракт содир этилди. Шаҳар марказидаги портлаш натижасида 212 киши жароҳатланган ва тахминан 700 миллион фунт стерлинглик зарар келтирган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари хабарига кўра, жангарилар тўхтаб турган машинага бомба ўрнатган. Портлашдан тўрт кун ўтиб, Муваққат Ирландия Республика армияси баёнотини эълон қилиб, жавобгарликни ўз зиммасига олди, аммо тинч аҳолига жароҳат етказганидан афсусда эканлигини маълум қилди.
Манчестердаги портлаш Европа чемпионати давом этаётган шаҳарда содир бўлган биринчи ва ҳозирча ягона йирик теракт бўлди. Портлаш содир бўлган куннинг эртасига "Олд Траффорд" стадиони қаттиқ қўриқланиб, синчковлик билан текширилгандан сўнг режалаштирилган беллашув бўлиб ўтди; Германия Россияни 3:0 ҳисобида мағлуб этган ўйинни деярли 50 700 мухлис томоша қилди.
"D" гуруҳида Португалия ва Хорватия плей-офф иштирокчисига айланди. Амалдаги чемпион Дания Туркия билан бирга ўз иштирокини якунлади.
Турклар мусобақада бирорта очко қўлга кирита олмади, ҳатто гол ҳам ура олмади. Аммо Туркия чемпионатда ўз футболчиси учун Fair Play совринини қўлга киритди. Хорватия билан ўйинда тахминан 50 метр масофани босиб ўтган Горан Влаовични унга яқинлашган Алпайда рақибини йиқитиш эвазига тўхтатиб қолиш имконияти бор эди, бироқ ҳимоячи бундай иш қилмади. Шундан сўнг Влаович туркиялик дарвозабон Рушту Режберни алдаб ўтиб, гол урди.
Туркияда Алпайнинг хатти-ҳаракати қадрланмади ва уни хоин деб аташди, бу ҳақда футболчининг ўзи бир неча бор интервьюларида таъкидлаб ўтган. Бу ҳақда Влаовичдан сўралганда, "Алпайнинг ўрнида бўлганимда, мен ҳам қоида бузмаган бўлардим, қўполлик ишлатиш фақат ҳаваскорларга хос", дея жавоб қайтарди.
Чорак финалнинг икки ўйинида ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Испания — Англия ва Франция — Нидерландия учрашувларида ҳисоб очилмади. "Лотерея"да эса Англия ва Франция устун келди. Шунингдек, Германия Хорватияни (2:1), Чехия эса Португалияни (1:0) мусобақадан чиқариб юборди.
1/4 финал
Англия – Испания 0:0 (4:2 - пенальтилар бўйича)
Голландия – Франция 0:0 (4:5 - пенальтилар бўйича)
Германия – Хорватия 2:1 (Клинсманн, 20, пенальтидан, Заммер, 59 – Шукер, 51)
Чехия – Португалия 1:0 (Поборски, 53)
Ярим финалда ҳам ғолибларни аниқлаш учун 11 метрли жарима зарбаларига мурожаат қилинди. Унга кўра, Чехия Францияни (0:0, пен.6:5), Германия эса Англияни (1:1, пен.6:5) мағлубиятга учратди. Қизиқ томони, инглизлар сафида ягона ноаниқ уринишни терма жамоага Евро-2024'да устозлик қилаётган Гарет Саутгейт амалга оширган.
Англия ярим финалда Германияга мағлуб бўлганидан кейин Трафалгар майдони ва унинг атрофида кенг кўламдаги тартибсизликлар содир этилди. Шунингдек, яна бир қанча шаҳарларда кўчалар бўйлаб носозлик намойишлари бўлиб ўтди.
Полиция ва Германияда ишлаб чиқарилган автомобиллар нишонга олинди, бошқа турли мулкларга ҳам зарар етказилди. Брайтонда россиялик талабани немис деб ўйлашиб, зўравонлар томонидан пичоқланди.
1/2 финал
Англия – Германия 1:1 (Ширер, 3 – Кунтц, 16), 5:6 - пенальтидан
Франция – Чехия 0:0 (5:6 - пенальтидан)
Ҳал қилувчи ўйинда Чехия ва Германия ўзаро рўбарў келди. Беллашувнинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди. Қўшимча бўлимларда эса Оливер Бирхофф томонидан урилган "олтин гол" немисларга чемпионликни тақдим этди.
Қизиқ томони, немислар Европа чемпионатида якуний таркибни шакллантиришда жуда катта селекция муаммоларига дуч келганди ва Германия бош мураббийи Берти Фогст ўз интервьюларидан бирида зарурат туғилганда, захира дарвозабонлари Оливер Кан ва Оливер Рикни бошқа ампулада синаб кўришини маълум қилди, бироқ бу амалга ошмади.
Европа чемпионати–1996. Финал
Германия – Чехия – 2:1 (0:0, 1:1, 1:0), "Олтин гол"
30 июнь, 1996 йил. Лондон. "Уэмбли" стадиони. 73 611 томошабин.
Ҳакамлар: П.Пайретто, Д.Николетти, Т.Манфредини (барчаси – Италия).
Германия: Кёпке, Баббель, Заммер, Хельмер, Шолль (Бирхофф, 59), Штрунц, Альтц (Боде, 46), Хёсслер, Циге, Клинсманн (с), Кунтц.
Чехия: Коуба, Рада, Кадлец (с), Сухопарек, Горняк, Бейбл, Недвед, Немец, Поборски (Шмицер, 88), Кука, Бергер.
Голлар: 0:1 Бергер (59 пенальти), 1:1 Бирхофф (73), 2:1 Бирхофф (95 "олтин гол").
Огоҳлантиришлар: Хельмер, Заммер, Циге, Горняк.
Англия терма жамоаси шарафига ёзилган “Футбол уйга келади” репликаси билан ёзилган “Уч шер” мусиқий композицияси турнирнинг немис ғолибларига шунчалик ёқдики, улар чемпионликни нишонлашда шу қўшиқни ҳам ижро қилишди, шунингдек, қўшиқ немис хит-парадида 16-ўринни эгаллади.
Англия терма жамоаси ҳужумчиси Алан Ширер 5 та гол билан мусобақа тўпурарига айланди. Германиялик футболчи Маттиас Заммер эса турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
Рамзий жамоа: Андреас Кепке (Германия), Лоран Блан (Франция), Марсель Десайи (Франция), Маттиас Заммер (Германия), Паоло Мальдини (Италия), Пол Гаскойн (Англия), Карел Поборски (Чехия), Дитер Айлтс (Германия), Алан Ширер (Англия), Христо Стоичков (Болгария), Давор Шукер (Хорватия).
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Comments