Latest news

16:14"Металлург" академияси ёпиладими? Академия бунга жавоб берди  0 15:53Расман: Егор Кримец - "Сўғдиёна" футболчиси!  3 15:27ЖЧ-2010нинг энг яхши футболчиси Форлан: "Испанияда "Атлетико" рамзини ҳеч қачон ўпмаганим учун танқид қилишарди"  2 14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  3 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  1 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  5 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   22 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  15 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1

Етакчи ўзгарди: А Серия 27-тур якунлари News

Етакчи ўзгарди: А Серия 27-тур якунлари

Италия чемпионатининг навбатдаги тур учрашувлари ҳам ниҳоясига етди.

"Ювентус" "Эмполи"дан кучлироқ

Меҳмонлар ўйинни жуда фаол бошлашди. Учрашув аввалида Закария зарба бериш учун қулай позицияга чиқиб борди, лекин Викарио гол бўлишига йўл қўймади. "Ювентус" босимни кучайтиришда давом этди, бироқ узоқ вақтгача бирор натижага эримади. Вазиятларнинг бирида Рабьо шеригига тўпни оширди, Мойзе Кин эса боши билан рақиб дарвозасини ишғол қилди. Афсуски, "Юве" футболчиларининг қувончи узоққа чўзилмади. Орадан 5 дақиқа ўтиб, Журовский ҳисобни тенглаштирди. Тайм охирида эса "бьянконери" яна олдинга ўтиб олди. Куадрадо ажойиб пас берди, Влахович эса ҳимоячиларни алдаб ўтди ва гол урди.

Танаффусдан сўнг "Эмполи" бир қатор хавфли вазиятлар яратди, бироқ яна қарши ҳужумга учради. Захирадан майдонга тушган Мората олдиндаги бўш зонада турган Влаховичга тўпни оширди, у эса дубль қайд этди. "Эмполи" ортга чекинмади ва яна ҳужум қилишда давом этди. Андреа ла Мантиа жарима майдонидан яқин бурчакни пойлади ва ажойиб гол урди.  Ҳужумчи яна гол уриши мумкин эди, лекин тўп дарвоза устунига бориб тегди. Натижада "Ювентус" сафардан ғалаба билан қайтди.


"Наполи" "Лацио"ни мағлуб этди

Ўйин Милинкович-Савич - Педро ва Луис Альберто учлигининг комбинацияси ва испаниялик футболчининг зарбаси билан якунланган ҳужум билан бошланди. "Наполи" бунга Зельинскийнинг ўрта масофадан берган зарбаси билан жавоб қайтарди. Умуман олганда, 1-таймда хавфли вазиятлар у қадар кўп бўлмади. Аммо "Лацио" рақибига қараганда кескинроқ ҳужум қиларди.

2-тайм бошида Педро ажойиб зарба берди, лекин дарвозабон тўпни қайтарди. "Наполи" эса шундай вазиятда аниқлик билан ҳаракат қила олди. Эльмаснинг берган пасидан сўнг, Лоренцо Инсинье ҳисобни очишга эришди. У дарҳол дубль қайд этиши мумкин эди, бироқ Осимхеннинг зарбасидан кейин қайтган тўпга барчадан аввал етиб келган футболчи ўйиндан ташқари ҳолатда бўлгани қайд этилди. "Лацио" аста-секинлик билан майдондаги ҳолатни тенглаштирди. Айниқса, Педро яхши ўйнади ва 88-дақиқада айнан у мувозанатни тиклашга эришди. Учрашув дуранг билан якунланадигандек эди, лекин Инсинье сўнгги дақиқаларда Руисга ажойиб пас берди. Фабиан эса имкониятдан унумли фойдаланиб, гол урди ва "Наполи" 1-ўринга чиқиб олишига катта ёрдам берди.


"Милан" ва "Удинезе" муроса йўлини танлашди

"Удинезе" етакчилардан бирига қарши учрашувни ёмон бошламади. Қанотдан оширилган тўпга Бету боши билан зарба берди, аммо Меньян тўпни ушлаб қолди. Меҳмонлар кўпроқ ва турлича ҳужум қилганига қарамай, "россонери" ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Сандро Тоналли жарима майдонига тўпни ҳаводан етказиб берди, Рафаэль Леао имкониятдан унумли фойдаланди ва А Сериядаги 8-голини ҳисобига ёздириб қўйди. Диас дарҳол Месиасга пас берди, аммо рақиб ҳимоячиси тўпни олиб қўйди. "Удинезе" ҳам фақат ҳимояда "ўтиргани йўқ", меҳмонларнинг қанотдан берган паслари анча хавфли чиқди, аммо гол бўлмади.

Танаффусдан кейин "кичик зебралар" ҳужум қилишда давом этишди ва бир вазиятда бу яхши натижа берди. Роберто Перейра яхши пас берди, Дестини Удоджи эса ҳисобни тенглаштирди. Шундан сўнг "Удинезе" яна қатор хавфли зарбалар йўллади, лекин улар натижа бермади. "Милан" бу гал ҳам очко йўқотди, "Удинезе"ни эса чиройли ўйини билан табрикласак ҳам бўлади.


"Аталанта" "Сампдория"ни тор-мор этди 

Бергамо клуби илк дақиқалардан омадини ҳужумдан излай бошлади ва 6-дақиқада Ремо Фройлер жарима майдонига тўпни етказиб берди, рақибларидан чаққонроқ ҳаракат қилган Марио Пашалич эса ҳисобни очди. Мезбонлар ҳужумни кучайтиришда давом этишди ва 29-дақиқада Пессинанинг етказган тўпини Копмейнарс узоқ бурчакка жойлаб қўйди. Пашалич дубль расмийлаштириши мумкин эди, аммо унинг зарбаси дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.

Танаффусдан сўнг ҳеч нарса ўзгармади, "Аталанта" босим қилиш ва вазиятлар яратишдан тўхтамади. Бога рақиб дарвозасига жуда кучли зарба йўллади, аммо кипер панд бермади. "Сампдория" бунга Капутонинг зарбаси билан жавоб қайтармоқчи бўлди, лекин Муссо қийинчиликсиз тўпни ушлаб олди. Жавоб ҳужумида бергамоликлар яна гол уришди. Захирадан майдонга тушган Миранчук чиройли ҳаракат билан Копмейнарсга тўпни оширди, у эса ўйиндаги 3-голни урди. Шунга қарамай, "Аталанта"нинг босими камаймади ва 86-дақиқада Миранчукнинг ўзи ҳам гол уришга муваффақ бўлди. "Аталанта" "Юве"га яқинлашиб олди. "Сампдория" эса 15-ўринни эгаллаб турибди.


"Фиорентина" "Сассуоло"га ютқазди

"Интер" устидан қозонилган ғалабадан сўнг, "нероверди"нинг кайфияти аъло даражада. Ўйинни жуда фаол бошлаган "Сассуоло" 19-дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлди: Траоре тўпни узоқ бурчакка жойлаб қўйди. Беррарди ўзи гол уриши мумкин бўлган вазиятда Распадорига тўпни оширди, лекин шериги гол уролмади. "Сассуоло" эса босимни кучайтирди, қанотдан узатилган тўпга Траоре боши билан зарба берди, бироқ тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. "Фиорентина" эса қарши ҳужумларни йўлга қўйишда муаммоларга дуч келарди.

Танаффусдан кейин "фиалкалар" янада дадилроқ ҳаракат қила бошлашди. Аввалига Пентек қанотдан узатилган тўпни дарвозага тўғрилаб юборишга яқин келди, кейин эса Консилья Бирагининг жарима зарбасидан йўллаган тўпини қайтаришга муваффақ бўлди. "Фиорентина" ҳужумларини Бонавентуранинг четлатилиши ҳам тўхтата олмади ва жамоа ниятига етди. Сапонаранинг узатмасидан Артур Кабрал тўпни дарвоза тўрига йўллади. Учрашув дуранг билан якунланадигандек эди, аммо "Сассуоло"нинг режалари бироз бошқача эди. Қўшиб берилган вақтнинг сўнгги дақиқасида Беррардидан тўпни қабул қилиб олган Дефрель бош билан рақиб дарвозасини ишғол қилди. "Фиорентина" еврокубоклар зонасига кўтарилиб олиш имкониятини қўлдан чиқарди, "Сассуоло" эса аксинча, ўша йўлланмага яқинлашиб бормоқда.

Шунингдек, "Интер" - "Женоа" баҳсида ҳисоб очилмади, "Рома" "Специя"ни мағлуб этди, "Верона" "Венеция"дан кучлироқ чиқди.


Сергей Румянцев

Нозима Зарипова таржимаси

Rating: +3   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика