Эртага Чемпионлар Лигаси. Ҳафтанинг муҳим ўйинлари
19 oct 2015 21:00
News
Эртага Чемпионлар Лигаси. Ҳафтанинг муҳим ўйинлари
Алексис Санчес Левандовскига қарши
Европада айни пайтда голлар киритиш бўйича Левандовскига тенг келадиган футболчи йўқ. У ушбу мавсумда клуби ва терма жамоаси сафида 15 та гол киритишга улгурди. "Арсенал" футболчиси Алексис Санчеснинг натижалари ҳам чакки эмас. 6 та ўйинда 10 та гол. Агар лондонликлар ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги натижаларни яхшилаб олишни истасалар чилилик футболчи Левандовскидан кучли эканлигини исботлашига тўғри келади.
"Арсенал" - "Бавария", сешанба
Торрес 100лик "довони" арафасида
Якшанба куни "Реал Сосьедад"га қарши бўлиб ўтган ўйинда Торрес ўзининг 100-голини кирита олмади. Лекин, у ушбу натижага "Астана"га қарши ўйинда эришиши мумкин.
Торрес "Атлетико"даги илк ўйинини 14 йил олдин ўтказган. Бироқ, у мадридликлар сафида ЕЧЛ доирасидаги ўйинда гол киритмаган. Бироқ, 31 ёшли ҳужумчи ушбу турнирда "Челси" ва "Ливерпуль" сафида 18 та гол киритишга муваффақ бўлган. Демак, "Астана"га қарши ўйинда Торрес эътиборга молик иккита воқеликни амалга ошириши мумкин.
"Атлетико" - "Астана", чоршанба
ПСЖ учун синов
Сўнгги пайтларда парижликлар ЕЧЛда ғолиб бўла олишга кучлари етишини таъкидлаб келмоқдалар. Бироқ, бу ҳамон қуруқ гаплигича қолиб кетмоқда. "Реал"га қарши ўйинда улар ҳақиқатдан ҳам кучли жамоага айланганларини исботлашлари мумкин бўлади. Сўнгги 3 та мавсумда ПСЖ чорак финалгача етиб борди.
Агар парижликлар мана шундай ҳолатда ҳам рақиб устидан ғалаба қозона олсалар бу ҳақиқатдан ҳам катта натижа бўлади. Давид Луис, Вератти, Трапп, Кимпембе каби футболчиларнинг жароҳати уларга ҳалал бериб қолиши мумкин.
ПСЖ - "Реал", чоршанба
"Зенит" ҳозирча йўқотишларсиз
"Валенсия" ва "Гент" устидан қозонилган ғалабалардан сўнг питерликлар ўз имкониятларини яхшилаб олдилар. Агар улар "Лион" устидан ғалаба қозона олсалар ЕЧЛда кетма-кет учта ўйинда ғалаба қозона олган иккинчи рус клубига айланадилар. Бундан 20 йил олдин "Спартак" гуруҳ ўйинларининг барчасида ғалаба қозонганди. Ушбу натижани такрорлаш Виллаш-Боаш шогирдларининг ҳам қўлларидан келади.
"Зенит" - "Лион", сешанба
Акинфеев яна гол ўтказиб юборармикин?
Агар ЦСКА ҳақиқатдан ҳам гуруҳдан чиқишни мақсад қилган бўлса Игорь Акинфеев ўзининг "голли" серияларини якунлаши керак бўлади. Россиялик дарвозабон ЕЧЛдаги сўнгги 33 та ўйинидан бери гол ўтказиб юбормоқда. У сўнгги маротаба 2006 йил "Арсенал"га қарши ўйинда (0:0) ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолган экан. Икки турдан сўнг ушбу гуруҳдаги барча жамоа ҳисобида 3 очко мавжуд. Шу сабабли, МЮга қарши бўладиган ўйин Слуцкий шогирдлари учун катта аҳамиятга эга ҳисобланишини таҳмин қилиш қийин эмас.
ЦСКА - "Манчестер Юнайтед", чоршанба
Comments