Энг омадсиз мураббийнинг орзуси - финалда ғалаба қозониш!
22 jul 2018 04:19
News
Энг омадсиз мураббийнинг орзуси - финалда ғалаба қозониш!
Эктор Купер ҳақида гап кетганда доим иккинчи бўладиган, финалларда омади юришмайдиган энг омадсиз мураббий кўз олдимизда гавдаланади. Чунки Купер мураббийлик фаолиятида доим финал ўйинларини ютқазиб келган. Ўша машҳур ЕЧЛ финаллари, Испания кубоги финали, Греция кубоги финали ва Африка Миллатлараро Кубоги финали бунга яққол мисол.
Келинг, Купер нега омадсиз эканлигига назар соламиз.
Жаноб "иккинчи"
Эктор Купер мураббийлик фаолияти давомида 6 маротаба финал ўйинларида иштирок этган ва барчасида мағлуб бўлган. Албатта бу омадсизликлар Эктор Куперга нисбатан адолатсизликка ўхшайди. Чунки унинг жамоалари кўп маротаба ёрқин ва қизиқарли футбол ўйнаган финалларида мағлубият аламини татишга мажбур бўлган. Пенальтилар серияси ёки ўйиннинг охирги дақиқалари Купернинг финаллардаги энг ёқимсиз дақиқаларига айланган.
Эктор Купер ҳисобида кам бўлсада ҳарқалай совринлар мавжуд. Купер иккинчи даражали КОНМЕБОЛ кубогида ўз юрти жамоаси "Ланус" билан муваффақиятга эришган. Ўшанда финал ўйини иккита учрашувдан иборат бўлгани Куперга қўл келган. Чунки Купер бир ўйинлик ҳал қилувчи финал баҳсларида доим ютқазган. Ёки Испания Суперкубогидаги муваффақият ҳам иккита ўйинлик бўлгани Куперни фойдасига ишлаган.
1-финал
Куперни биринчи ютқазган финали Испанияда руй беради. Ўшанда аргентиналик мутахассис камтаргина "Мальорка"ни биринчи мавсумдаёқ Испания Кубоги финалига қадар етаклаб келишни уддасидан чиқади. Лекин тотал футболни боплаётган Луи ван Гаал бошқарувидаги "Барселона"га фақатгина пенальтилар сериясида ютқазиб қўяди. Қизиғи, ўшанда "Мальорка"нинг штат пенальтисичи ҳисобланган ва адашмаган Йован Станкович "нуқта"дан илк бор гол ура олмагани панд беради.
2-финал
Кейинги йили эса Купер камтаргина "Мальорка"ни Кубок эгалари кубогида "Челси"ни мусобақадан чиқариб юборади ва финалда Михайлович, Неста, Станкович, Вьери, Недвед, Манчини ва Салас каби юлдузларга эга "Лацио"га дуч келади. Финалда фаворит номи аниқ - "Лацио" бўлади. "Мальорка"ни ҳал қилувчи бекатга қадар келгани қаҳрамонликка тенглаштирилади. Аммо Купернинг финаллардаги нохуш серияси яна давом этади. Ўшанда Свен-Йоран Эрикссон тактик жиҳатдан Куперни доғда қолдириб, якунда чемпионликни қўлга киритади.
3-финал
Эктор Куперни "Валенсия"га ўтиши ҳам финаллардаги омадсизликни йўққа чиқара олмайди. "Валенсия"ни 1999 йили қабул қилиб олган аргентиналик "иккинчи" 2000 йили февралга қадар ўз манзили томон жуда кескин ва қаттиқ танқидларга чидашига тўғри келади. Аммо ҳаммаси ЕЧЛ плей-оффида "Лацио" ва "Барселона" парчаланишидан сўнг тўхтайди. Ҳар иккала тўқнашувда ҳам Купер жамоаси масалани биринчи ўйиндаёқ ҳал этади. Ўшанда Куперга айнан танқидга бош сабабчи бўлган тактик схемалари ёрдам беради. Купер қўллаган тактик схемалари туфайли танқидга учраган мураббий якунда ҳақ бўлиб чиқади. Лекин финалда яна эски қўшиқ такрорланади. Бу сафар ЕЧЛ финалида "Реал" "Валенсия"га ҳеч қандай имконият қолдирмайди - 3:0.
Аммо Купер 20 йиллик танаффусдан сўнг ЕЧЛга қайтган "Валенсия"ни финалга қадар олиб келганини ўзи муваффақият саналади. Шунингдек, ўша пайти "Валенсия" таркибида ЕЧЛ ҳавосидан нафас олган Каньисарес, Айяла ва Лопес бўлади. Қолган барча футболчилар ЕЧЛдаги дебют мавсумларидаёқ финалгача боришади.
4-финал
Кейинги йили Купер "Валенсия"ни ЕЧЛда яна машаққатли йўлдан финалгача олиб келишни уддасидан чиқади. "Бавария"га қарши "жанг"да Куперга том маънода пенальтилар тўсқинлик қилади. "Бавария" ўйинда пенальти эвазига ҳисобни тенглаштиргач, ғолиб номи ҳам "лотерея" орқали аниқланишига тўғри келади. Купернинг финаллардаги омадсизликлари энди анъанага айланади. "Валенсия" кетма-кет иккинчи йили ЕЧЛ финалида мағлуб, Купер эса яна хомуш.
5-финал
Эктор Купернинг кейинги финали Грецияда руй беради. Аргентиналик мураббий ўшанда "Арис" жамоасини бошқариб мамлакат кубоги финалига қадар етиб келади. Аммо ўша футбол тили билан айтганда финаллардаги "фарт" яна Куперни четлаб ўтади. "Панатинаикос"га қарши баҳсда "Арис" биргина тўп эвазига мағлубият аламини татиб кўради. Эктор Купер жамоасини мағлуб этган голни эса мутахассиснинг ватандоши Себастьян Лето ажойиб кучли зарбаси эвазига дарвозага жойлаб қўяди.
6-финал
Мисрни Африка Миллатлар кубоги финалига қадар олиб чиққан Эктор Купер терма жамоа миқиёсида илк бор финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Купер клубларда давом этган нохуш серияга айнан терма жамоа миқиёсида барҳам беришга қаттиқ ишонади. Аммо Мисрнинг Камерунга қарши финал учрашуви Купер учун яна драматик сценарий остида ўтади. Ҳисобни очган Миср иккинчи бўлим ўртасида гол ўтказиб юборади ва мувозанат тикланади. Учрашув якунига 2 дақиқа қолганида эса Абубакар Куперга яна эски ва ёқимсиз қўшиғини куйини эслатади. Купер бошчилигидаги Миср финалда мағлуб.
"Мен аввало Камерунни муваффақият билан табриклайман. Навбатдаги финални бой берганимдан ранжимаяпман. Шунчаки Миср халқини хурсанд этолмаганимдан хафаман. Мен яна финални ютқаздим. Финалларда ютқазишга кўникиб ёки ўрганиб қолдим демайман. Лекин...", - дея Эктор Купер финалдан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтганди.
"Валенсия"даги фаолиятидан кейин "Интер"да ишлаган Купер Италия Кубоги финалига қадар бормаган бўлсада, чемпионатда скудетто учун чинакамига курашган. Ўшанда "Интер" ўзининг чемпионатдаги чемпионлик ўйини, яъни финалини бой бериб қўяди. Ва якунда Купер Италия А Сериясида ҳам "иккинчи" бўлади. Ўшанда Купернинг "Интер"ини йўлига Куперга эски таниш бўлган "Лацио" туғаноқ бўлади. "Лацио"га қарши чемпионлик ҳал бўладиган баҳсда Купер қўл остидаги "Интер" Вьерининг голлари эвазига икки бор ҳисобда олдинда бораётиб, якунда 2:4 ҳисобида мағлубиятга учрайди. "Интер" ва Купер ўша мавсум Италияда "иккинчи" бўлади. Жаноб "иккинчи"нинг муҳим паллада яна омади чопмайди.
Купер бошқарган жамоалар финалларда ҳеч қачон фаворит бўлмаган. Аксинча, Купер кутилмаган жамоаларни юқори чўққига қадар етаклашни уддалаган. Аммо сўнгги қадамни қўйиш ҳозирча Куперга насиб этмаган. Инсоф доирасида айтганда, Купер мураббийлик фаолияти давомида камида яна битта финалга қадар етиб боришга ва унда ғолиб бўлишга ҳақли инсон. Мураббий сифатида ҳам финалда ғолиблик ҳиссини туйишга муносиб мутахассис.
"Умид қиламан, бирор кун менга ҳам финалда омад кулиб боқади" (c) Эктор Купер.
Ҳозирча расман эълон қилинмади. Аммо Ўзбекистон терма жамоасини бошқариши мумкин бўлган энг асосий номзод сифатида кўрилаётган Эктор Купер Осиё Кубоги финалида Ўзбекистон терма жамоаси билан орзусига эришишини жуда истайман. Бу билан мен Эктор Купер тўғри танлов ёки нотўғри дейиш фикридан йироқман. Ҳозирча аниқ бир нарса дейиш мушкул. Шунчаки ЎФА Эктор Купер номзодига жиддий қарагани ва музокаралар якуний паллага киргани учун Эктор Купернинг фаолиятидаги кулминацион лаҳзалар ҳақида тўхталишни истадим. Унинг услуби ёки тактик жиҳатларига бошқа сафар, расман эълон қилингач алоҳида тўхталарман.
Эктор Купер агарда терма жамоамиз рулига келса, бу қанчалик тўғри ёки нотўғри ҳали айтганимдек номаълум. Купернинг устун жиҳатлари ва камчиликларини етарлича санаш мумкин. Шунчаки унинг фаолияти билан таниш бўлган исталган футбол мухлиси Куперни финалда ғалаба қозонишини исташи аниқ. Бу Ўзбекистон терма жамоаси билан БААда ўтадиган Осиё Кубогида (яхши ният) содир бўлсачи? Ўзбекистонда қаршиликлар жуда кўп, аммо бу фикримга қаршиликлар ҳам қаршилик қилмасликларига тўлиқ ишонаман :-)
Энг омадсиз, доим "иккинчи" дея эътироф этиладиган Купернинг бу хунук номдан Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида қутилишини жуда истардим.
Comments