Latest news

00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1

Элшан Гамбаров: “АҚШда “Черноморец” клубида ишлаяпман” News

Элшан Гамбаров: “АҚШда “Черноморец” клубида ишлаяпман”

Озарбайжон футболида камол топиб, навқирон ёшлик даврини Ўзбекистонда ўтказган Элшан Гамбаровни мухлисларимиз ҳали унутишгани йўқ.

Ўз вақтида “Навбаҳор”, (1998, 2001-2002, 2008 й), “Динамо” (2000 й.), “Машъал” (2003 й.) ҳамда “Шўртан” (2007 й.) жамоалари шарафини ҳимоя қилган Элшаннинг тезкор ҳаракатлари, ўзига хос дриблинглари ишқибозлар ёдида сақланиб қолган. Аммо унинг айни пайтдаги ҳаёти ва фаолияти қандай кечаётганини кўп ҳам билавермаймиз. Яқинда мухбиримиз Элшан Гамбаров билан учрашиб, обдан суҳбатлашди.

- Сизни анчадан буён йўқотиб қўйгандик. Айни чоғла нима ишлар билан бандсиз?
- Ҳозирда Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳрида шартнома асосида ишлаяпман.


- Сир бўлмаса, қандай соҳада?
- Албатта, футболда-да. Қўшма Штатларда худди Одессанинг “Черноморец” клубига ўхшаш жамоа бор. Бундан 16 йил аввал Александр Розенштраух ва Борис Крайтман “Черноморец” жамоасига асос солишган. Уларнинг иккаласи ҳам асли Одесса шаҳридан бўлишади. Олег Сорумов эса жамоамизнинг бош менежери саналади. Унинг акаси Роберт Сорумов  ўз вақтида “Шахтёр” (Қараганда) жамоасида сардор бўлган. Бугунги кунда 250га яқин маҳаллий болалар 10 нафар мураббий қўл остида миллионлар ўйинининг ўзига хос сир-асрорларини ўрганишмоқда. Менинг қўл остимда уч ёшдан ўн ёшгача бўлган болалар шуғулланишади. Таъкидлаш жоизки, “Черноморец” жамоаси MLSнинг “Нью-Йорк Космос” клубининг ҳамкори ҳисобланади.

- Буни қандай тушуниш мумкин?
- Яқин кунлар ичида “Нью-Йорк Космос” клуби қошида футбол академияси очилиши режалаштирилган. Унга испаниялик машҳур футбол афсонаси Рауль раҳбарлик қилиши кутиляпти. Энди саволингизга қайтадиган бўлсам, мен ишлаётган футбол мактабининг асосий вазифаси иқтидорли болаларни айнан шу футбол академиясига ўқишга юборади.

- Ўзга мамлакат ҳаётига кўникиш қийин кечмадими?
- Унчалик эмас. Бегона жойда биринчи галда шу юртнинг тилини, урф-одатини ўрганишингиз лозим. Шундагина ишлаётган жойингизда муаммолар юзага келмайди. Ўзим эса Манхэттендаги тил марказида ташкил этилган курсларда тахсил олдим. Кези келганда, қадрдон дўстим Олим Тиллаевга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Айнан унинг кўмагида АҚШ ҳаётига тезда кўникдим ва соҳам бўйича иш ҳам топдим. Яна шуни қўшимча қилиш керакки, Нью-Йоркдаги умумтаълим мактабларидан бирида жисмоний тарбия ўқитувчиси сифатида фаолият юритганимни ҳам айтиб ўтсам.



- Маҳаллий муҳитга мослашиш узоқ вақт олмадими?
- Йўқ. Нью-Йорк – шундай шаҳарки бу ерда ҳаёт қайнайди. Унинг ритмига тезда кўникмасангиз, бундай улкан шаҳарда ишлашдан ва яшашдан маъно қолмайди.

- Футбол билан шуғулланиш учун қандай шарт-шароитлар яратилган?
- Бу борада муаммолар йўқ. Маҳаллий болаларга барча шарт-шароитлар яратилган. Қолаверса, қиш фаслида ҳам футбол билан шуғулланишга шароитлар мавжуд. Спорт заллари кўнгилдагидек таъмирланган. Болалар футбол жамоалари эса зарур жиҳозлар, спорт анжомлар ва либослари билан таъминланган. Фақат ҳавас билан қарайсан.

- Келинг энди, юртимизда болалар футболига яратилган шароитлар билан таққосласак?
- Назаримда, ўртада тафовут бўлмаса керак. Биласизми, футболчилик фаолиятим давомида жуда кўплаб давлатларда бўлганман. Лекин Ўзбекистондагидек футболга бўлган эътиборни кўрмаганман. Демоқчиманки, бу ерда миллионлар ўйинини ривожлантириш бўйича бир қатор хукумат қарорлари қабул қилинган. Тошкент шаҳрининг кўркига кўрк бағишлаган “Бунёдкор” стадионини кўриб, рости, лол қолдим. Айниқса, “Бунёдкор” футбол академиясидаги қулайликларни айтмайсизми. Шунингдек, “Пахтакор”, “Насаф”, “Машъал” клублари қошида ҳам академиялар борлигини биламан. Яқин ўтмиш юлдузларининг болалар мураббийлари бўлиб ишлашаётгани қувонарли ҳол, албатта. Собиқ жамоадош дўстим Шуҳрат Раҳмонқуловни мисол қилиб кўрсатишим мумкин. Бахтиёр Ашурматов, Мухтор Қурбонов, Даврон Файзиев сингари ёш мутахассислар бошқараётган жамоаларининг қайд этаётган натижалари ҳам таҳсинга лойиқ. Бундан кўриниб турибдики, ўзбек футболи мураббийлик соҳасида авлодлар алмашинуви жараёнини бошдан кечирмоқда. Ўйлайманки, бу йигитлар яқин йилллар ичида ўз сўзларини айтишади. Тошкент, Олмалиқ, Бекобод, Наманган, Фарғона, Жиззах шаҳарларида барпо этилган стадионлар ўзбек футболининг янада тезроқ юксалишига наф беради.


- Миллионлар футболи америкаликлар ҳаётида қандай ўрин тутади?
- Маълумки яқин вақтгача футбол АҚШда оммалашмаган спорт турлари сирасига кирарди. У ерда баскетбол, хоккей, америкача футбол, бейсбол сингари спорт турлари анча оммалашган. Қўшма штатларда футболни соккер, деб аташади. Бугунги кунда америкаликлар томонидан футболга бўлган эътибор кучаймоқда. Яқинда аёллар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида америкалик қизлар олтин медалларни қўлга киритишди. Шу муносабат билан 5 кун давомида АҚШ аёллар терма жамоаси аъзоларининг тақдирлаш маросими катта байрам тадбири сифатида нишонланди. Энг асосийси, MLSга Давид Вилья, Андреа Пирло, Тьерри Анри, Стивен Жеррард, Кака сингари машҳур чарм тўп усталари Америкада футболнинг жадаллик билан ўсишига хизмат қилмоқда. Мен қўл остимдаги шуғулланувчилар билан бирга “Нью-Йорк Космос”нинг уй учрашувларида хизмат қиламиз. Яъни, шогирдларим майдондан ташқарига чиқиб кетган тўпларни олиб келиб туришади. Танаффус чоғида эса иккига бўлинган ҳолда ўзаро учрашув ўтказамиз. Буни қарангки, ўша машҳур Рауль ҳам болалар билан тўп тепади. Табиийки, болаларнинг бундай юлдузлар билан тўп суриши, уларнинг маҳоратларини ошишига туртки бўлади.

- MLS учрашувларини кузатиб турасизми?
- Албатта. Футболдан ташқари миллий хоккей ва баскетбол лигаларидаги қизиқарли учрашувларга ҳам бориб тураман.

- Гуруҳларга ўқувчиларни қабул қилиш жараёни қай тарзда амалга оширилади?
- Энг асосийси, болалар жамоалари олдига вазифа қўйилмайди. Устига устак, ота-оналар ҳам фарзандларини машҳур бўлиш учун мажбурлашмайди. Баъзилари соғликларини мустаҳкамлаш учун шуғулланишади. Айримлар эса ортиқча вазнни кетказиш учун... Шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, футбол мактаби маъмурияти томонидан болаларнинг машғулотларга келиши ихтиёрий, деб белгиланган. Барча жойларда бўлгани каби бу ерда ҳам асосий эътибор болаларнинг соғлигига қаратилади. Ҳозирда 10-11 ва 14 ёшлилар гуруҳларига устозлик қиламан. Таркибдаги аксарият болалар 3 ёшидан бери бир жамоа либосида майдонга тушишмоқда. Ўз ўрнида, мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган ота-оналарга ўз ташаккуримни изҳор қилмоқчиман. 


- Бугунги кун болалар мураббийи қандай ҳислатларга эга бўлиши керак?
- Нафақат Америкада, балки бутун Жаҳонда руҳий жиҳатдан ҳар томонлама бақувват шахсгина устоз бўла олади. Келажак авлод билан ишлайдиган мураббийлар биринчи навбатда болажон бўлишлари шарт. Боланинг ички кечинмаларини, руҳиятини билмасдан туриб, улар билан кўнгилдагидек муомала қила олмайсиз. Ҳар бир мураббий шогирдининг ичида яшаши керак. Америка Қўшма Штатларидаги болалар жуда эркин ўсишади. Айтайлик, машғулот давомида қўполлик ёки хақорат қилсангиз тамом. Шу куннинг ўзидаёқ сизга чиқиш эшикларини кўрсатишади…

- Болалар билан ишловчи мураббийлар ишлаш учун махсус сертификатга эга бўлишлари лозим. Сизда ҳам борми?
- Ҳа. У ерда “С” лицензиясини берувчи халқаро курсларда ўқидим. Шунингдек, мен ҳам педагогман.  Ўз вақтида Махачқалъа педагогика институтида таҳсил олганман.

- Қандай мусобақаларда иштирок этяпсизлар?
- АҚШда “CJSE League” номли боалар лигаси мавжуд. Нью-Йорк шаҳрида эса “Cosmopolitan League” болалар лигаси ташқил этилган. Шаҳар болалар чемпионати бир мавсумда икки марта ўтказилади. Унда 10-12 жамоа ғолиблик учун кураш олиб боришади. Яқинда “Hershey Cup” турнирида қатнашиб, фахрли биринчи ўринни эгалладик. Ҳал қилувчи учрашувда “Бруклин” жамоасига қарши майдонга тушдик. Рақб жамоа негизини асосан Испаниялик муҳожирларнинг болалари ташкил қилади. Учрашув якунланишига бир дақиқадан ошиқроқ вақт қолаётганда ҳам 3:4 ҳисобида мағлубиятга учраётгандик. Шогирдларим эса ўзларида қўшимча куч топа олиб, нафақат ҳисобни тенглаштиришди, балки дарвозабонимизнинг фаоллиги эвазига 5:4 ҳисобида ғалаба қозониб, бош совринни қўлга киритдик.


- Футболчилик фаолиятингиз давомида эсда қолган учрашувлар хақида тўхталсангиз.
- Озарбайжон терма жамоаси сафида португаликларга қарши тўп сургандик. Бу терма жамоа сафида Луиш Фигу, Руи Кошталар ҳам майдонга тушишганди. Шахсан ўзим Фигуга қарши тўп сурганман. Қолаверса, Ганжанинг “Капаз” жамоаси сафида УЕФА кубогида ЦСКА (Россия)га қарши тўп сурганмиз. «Карпат Марадонси» дея ном қозонган Руминия футболи афсонаси Георг Хажи жамоасига қарши ўйнаш насиб этган.

- Ўзбекистонга сизни ким таклиф қилган эди?
- 1998 йили наманганликлар устози Леонид Остроушко мени “Навбаҳор”га таклиф қилганди. Ўша кезларда унга марҳум Антон Шох кўмак берарди. Очиғи, тақдиримни Ўзбекистон билан боғлаганимдан нолимайман. Меҳмондўст халқнинг илиқ муносабати мени ўзига ром этганди. Ўз фарзандларидек қабул қилишди. Мана шу ерда мен ўз бахтимни топдим. Оила қурдим. Турмуш ўртоғим Олияхон менга Шаҳзода ва Айлин каби бир-биридан гўзал қизларни туҳфа этди. 1998 йилдан бери ўзим учун қадрдон маскан, Тошкент шаҳрида истиқомат қиляпман. Маълум муддат танаффусдан сўнг, бу ерга келиб ҳайратландим – Ўзбекистон пойтахти янада гўзаллашибди, замонавий иморатлар, бир-биридан гўзал иншоотлар кўпайибди. 


- Ўзингиз учун қадрдон жамоа бўлган “Навбаҳор”даги собиқ дўстларингиз билан кўришдингизми?
- Ҳа. Куни кеча Наманган шаҳрига бориб келдим. У ерда барпо этилган барча қулайликларга эга бўлган янги стадионни кўздан кечирдим. Яқин дўстим Тоҳир Мадраҳимов билан суҳбатлашдим. Илҳом Шарипов билан ҳам кўришдик. Бўш вақтимда эса “Бунёдкор” фахрийлар жамоаси сафида ҳаракат қиляпман.

- Якунига етган футболчилик фаолиятингиздан қониқиш ҳосил қилдингизми?
- Албатта. Озарбайжон миллий терма жамоаси сафида тўп суриш насиб этди. Уч карра (1992, 2003/04, 2004/05) Озарбайжон чемпиони, икки карра (1998/99, 2003/04) мамлакат кубоги соҳиби, 1998/99 йиллари чемпионат бронза медалларини қўлга киритдим. 1998 йили “Навбаҳор” таркибида Ўзбекистон Кубоги соҳиби ва миллий чемпионатнинг бронза медалига сазовор бўлдим. Самарқандликлар билан бирга 2000 йилги Ўзбекистон Кубоги финалига қадар етиб боргандик. 2005 йили “Нефтчи” (Боку) жамоаси таркибида Мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги турнирида иккинчи ўринни эгаллаганман.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ўзбекистонликларни яқинлашиб келаётган Истиқлолнинг 24 йиллик байрами билан чин қалбдан табриклайман.


Неъматжон АҲМЕДОВ, “Ўзбекистон футболи” газетаси

Rating: +5   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика