Latest news

09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  5 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  6 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2

Элдор Шомуродов билан катта интервью News

Элдор Шомуродов билан катта интервью

Яқинда Championat.asia сайтига ташриф буюрган россиялик спорт журналисти Игорь Рабинер Ўзбекистон терма жамоаси ва "Рома" ҳужумчисидан интервью олди.

Ўзбеклар футболда исландияликлар сингари ҳайқиришади

Ўзбекистонда, йўқ-йўқ, эҳтимол бутун Марказий Осиёда Намангандагидек қайноқ ҳарорат бағишлайдиган ва сершовқин мухлис бўлмаса керак. Агарда мамлакат пойтахти Тошкентда футбол учрашувига уч-тўрт минг киши тез-тез ташриф буюрадиган бўлса (пойтахт шаҳарларда бўлгани сингари бу ерда бошқа кўнгилочар тадбирлар ҳам ўтказилади), ҳақиқий футбол туҳфа этадиган "Навбаҳор"нинг ўйинида мунтазам равишда камида 20 000 киши тўпланади. Трибунадаги ҳайқирувчи томошабинлар эса европалик мухлислардан ҳам ўтиб тушади. 

80 йилдан кўпроқ вақт илгари бувим ва амаким Улуғ Ватан уруши пайтида эвакуация қилинган бу каби олис манзилдан қўним топган ҳудудларга келаман деб ўйламагандим. Мана эндиликда Фарғона водийсига "Рома" ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Қирғизистонга қарши ўйинини жонли кўриш учун келдим ва бундан жуда хурсандман.

Негаки, Ўзбекистон пойтахтидан қор билан қопланган тоғли довондан автомобилда тўрт соатдан ортиқ йўл босиб ўтишнинг ўзи бўлмайди. Бу ернинг инсонлари меҳмондўст. Сизни Игор ака деб чақиришса ёқимли эшитилади: Ўзбекистонда бу қўшимча ёши катта ҳамда ҳурматли кишиларга нисбатан мурожаат қилишда ишлатилади.

Наманганда Наврўз кубоги учун ўтказилган ўртоқлик учрашувидан сўнг икки марказий трибуна томошабинлари ҳам худди Евро-2016'даги исландияликлар каби "У! У! У!" дея ҳайқиришди ва мезбон жамоанинг барча ишқибозлари қўлларини юқорига кўтардилар. Кўпчилик томонмдан мобил телефон чироқларининг ёқилиши ҳам ўзбек футбол ихлосмандлари учун янгилик эмас.

Мана кекса мухлис трибунадан чиқиб, бир ярим соат давомида ўз вазифасини сидқидилдан бажарган милиционернинг қўлини сиқиб қўяди. Буни яна қаерда кўриш мумкин? Бу ерда ҳам мезбон, ҳам меҳмон мухлисларнинг барабанчилари бор. Мен матбуот учун ташкиллаштирилган бир қатор йирик мониторларни кўрганимда, ҳайратдан ёқа ушладим. Сиз бу нарсаларни РПЛда топа олмайсиз.

Ўйин давомида кулгимни қистаган ҳодиса содир бўлди: рўпарамдаги трибунадагилар тожикистонлик ҳакамнинг бир вазиятдаги қароридан норози бўлишди ва ўн минг ўзбек бир овоздан соф русча овозда барчага маълум бўлган қўштирноқ ичидаги ҳайқириқларни айта бошлашди. ҳакамни ноанъанавий жинсий ориентацияда айблаш! Қўшни сектордаги ўриндиқларда ўтирганлар ҳайрон бўлишганча, "Улар рус тилида ниманидир билишлари факт эмас, лекин бу мана бунга гап йўқ!" деб қўйишди. Дарвоқе, Тошкентдагилар рус тилида бинойидек гаплашишади.

Шундай қилиб, қадимги совет анъаналари Осиёнинг марказида ҳали ҳам сақланиб қолган. Ҳакам ҳам халқнинг бу овозини яхши эшитганига шубҳа йўқ. Хўш, бундай лингвистик сюрприздан сўнг, 1:1 ҳисобида давом этаётган баҳсда ҳал қилувчи иккита голини захирадан майдонга тушган Игор Сергеев исмли форвард киритиши ажабланарли эмасми? Она тили илҳом бағишламасмикан?

Шомуродов ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинмоқда

Қаҳрамонимиз ўйин бошида қирғизистонликлар томонидан урилган голга жавоб қайтариб, ҳисобни тенглаштирди. Аммо бунинг учун у кўп машаққат чекди. Мисол учун, тайм охирига келиб унинг оёқларига қаттиқ зарба беришди, шундан сўнг у узоқ вақт ўрнидан туролмади. Трибунадагилар эса унга қарата "Элдор! Элдор!" дея бақиришди. У ўрнидан туриб, майдон бўйлаб қийинчилик билан қадам ташлай бошлаганида рус тилида ҳайқириқлар янгради: "Молодец! Мужик!"

Буни эшитиш ёқимлими?  Эртасига форварддан сўрайман.

- Албатта. Мени бутун Ўзбекистонда яхши кўришларини ҳис қиламан.

- Нима учун?

- Чунки улар футболни яхши кўрадилар. Одамлар Европада ўйнашимдан мамнун.

Бир неча кун аввал Элдор ҳақида жаҳон чемпионати финал босқичида бошқарган ўйинлар сони бўйича жаҳон рекордчиси – 3 та турнирда 11 та ўйин ўтказган таниқли ҳакам Равшан Эрматов билан суҳбатлашган эдик. Эрматов 2019 йилдан буён Ўзбекистон футбол федерациясининг биринчи вице-президенти лавозимида ишлаб келмоқда. Албатта, Шомуродов мавзусига тўхталмай иложимиз йўқ эди.

– Афғонистон билан чегарадош олис Жарқўрғон шаҳридан "Рома" ва асрий Рим шаҳрига қандай бориш мумкин?

- Ҳозирда бу ҳақда ёш футболчиларимизни руҳлантириши керак бўлган ҳужжатли фильм суратга оляпмиз. Улар баъзан ўзларига ишонмайдилар, Элдор эса ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини исботлади. Агар сизда характер, орзуга интилиш, ўз устингизда доимий ишлаш ва фидойилик бўлса, бунга эришиш мумкин. Унинг фаолияти ҳар доим ҳам бир текисда ўтмаган, лекин метин ирода доимо у билан бўлган ва шу нарса уни ҳеч қачон тўхтаб қолишига йўл қўймаган. Менимча, бу чегара эмас, у ҳали ҳам ўсиш салоҳиятига эга.

- Ростовдаги бир неча йил Шомуродовнинг ривожланиши учун кўп нарса бера олдими?

- Менимча, ҳа. Бу унинг фаолиятидаги муҳим босқич эди. Россия чемпионати қизиқарли ва ҳаракатланишга талабчан бўлиб, бу унинг янада ўсишига ёрдам берди, Европага кетиш учун трамплин вазифасини бажарди. Чиниқиш, карерасидаги кейинги қадамни ташлашни "Ростов"да ўрганди.

- Ўз ватанини ҳеч қаерга ташлаб кетмайдиган 90 фоиз россиялик футболчилардан кўра Шомуродовни амбицияли футболчи дейиш мумкинми?

- Мен уларни солиштирмоқчи эмасман. Айтмоқчиманки, Апеннин ярим оролига бориш қарори, кейин эса у ердаги муваффақиятли давр Элдорнинг ҳаётдаги қийинчиликлардан қўрқмаслигини акс этади. Италияда бўлганида, у дунёнинг энг яхши лигаларидан бирида тўп тепадиган футболчи бу масалага қандай ёндашиши кераклигини англаб етди. Бу тажриба ҳозирда терма жамоага фойда келтиради.

Аммо ҳозирда "Рома"да анчадан бери гол ура олмаган ва Жозе Моуриньо томонидан захира ўриндиғига ўрнашган Шомуродов қийналмоқда. Терма жамоада гол уриши унинг учун жуда зарур эди. Қолаверса, ўйинга Элдорнинг отаси ҳам ташриф буюрганди. Қандай қилиб унинг кўнглини оғритиш мумкин? Бу ўзбекларга хос эмас, бу ерда катталарга ҳурмат деган тушунча бор.

Улар менга тушунтирганидек, бу эрда нафақат ота-оналар, балки ёши катта кишиларга ҳам "сиз" дея мурожаат қилинади. Шомуродов оиласида ҳам шундайми ёки йўқми, Элдорнинг ўзидан ва катта акаси Санжардан сўраб, дарҳол "ҳа" деган жавоб олдим.

Унинг дадаси хотиржам одам. Биз бир қаторда ўтирдик ва мен унинг майдонда содир бўлаётган воқеаларга, жумладан, ўғли билан қандай муносабатда бўлишини кузатиш имконига эга бўлдим. Элдор шикастланганида ва жароҳати қай даражада эканлиги ҳали ноаниқ бўлганида, отасининг юзида бирон ўзгариш сезмадим. У товуш чиқармади ва зўриқиш билан майдонга тикилиб қолди.

Ёзда она шаҳрига ташриф буюради, меҳмонлар ҳатто уйига кириши мумкин 

Мен унинг дадаси билан танаффусда танишдим. У дўстона феъл-атворгга эга, бироқ негадир суҳбатдан ўзини олиб қочади. Аммо Санжар мамнуният билан фикр алмашишга тайёр.

— Элдорнинг Италиядаги уйига борганмисиз? — деб сўрайман Санжардан.

- Ҳа, декабрь ойида биз бутун оиламиз билан Римда эдик. "Сампдория"га қарши ўйинга ташриф буюрдик ва Элдор гол урди ҳамда голни нишонлаш учун биз ўтирган трибуна яқинига келди.

- Бу унинг "Рома" сафидаги ҳозирча сўнгги голи бўлди. Унинг голсиз серияни бошдан кечириши, шунингдек, захира ўриндиғига михланиши қанчалик аламли?

- Ҳаммада ҳам бўладиган ҳолат. Ҳали ҳам унда имконият бор. "Рома"га кўчиб ўтгач, журналистларга берган интервьюсида унга осон бўлмаслигини, аммо бардош бериши ва ўз устида ишлаши кераклигини айтганди. "Ростов"да ҳам аввалига захира ўриндиғига ўтирди, ҳатто "Женоа"да ҳам. Лекин у тўсиқларни енгиб ўтди.

- У Европанинг бешта етакчи чемпионатларидан бирида ўйнаган ўзбекистонлик биринчи футболчига айланганини қандай тасаввур қиласиз?

- У ҳар доим кучли бешлик лигаларидан бирида ўйнашни орзу қилган. Болалигидан бошлаб. У шундай чемпионатларга боришни хоҳларди, аммо айнан қайси мамлакат эканлиги ҳақида гапирмасди.

- Қайси жамоага мухлислик қиларди?

- "Челси"га. Чунки амакиси Элдор етти ёшга тўлганида, унга "Челси" либосини совға қилганди. Унга Дидье Дрогба ва Фернандо Торреснинг ўйинлари ёқарди.

- Илгари ўзбек футболчиларига маълум бўлмаган чўққига чиқишида унга нима кўпроқ ёрдам берди?

- Оилавий футбол муҳити. Элдорнинг отаси ва катта амакиси Ўзбекистон қуйи лигасида ўйнаган, кичик амакиси Илҳом эса мамлакат чемпиони ва терма жамоа футболчисига айланган. Элдор болалигиданоқ уларнинг изидан борган.

- Одамлар уни қўллаб-қувватлаётганини гувоҳи бўляпман. Унга ҳасад қиладиганлар ҳам борми?

- Кўпчилик уни яхши кўради, танқид қиладиганлар ҳам топилади. Ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ, лекин менимча, ҳасад қиладиганлар йўқ.

— Элдор Жарқўрғонга келса қандай воқеа содир бўлади?

- Бу воқеа йилига бир марта, ёзда содир бўлади, бизникида кўп одамлар йиғилади. Одамлар суратга тушади, дастхат олади. Унинг мухлислари бисёр! Уни бутун Жарқўрғон, ҳатто бутун Термиз кўришни истайди. У ўз ўйини билан мухлислар қалбидан жой олди.

- Хўш, мухлислар тўғридан-тўғри уйга келишлари мумкинми?

- Бу қанча одам келишига боғлиқ. Агар кўп одам бўлса, у уларнинг қаршисига чиқади, агар саноқли одам бўлса, уларни уйга таклиф қилади. Сурхондарё мактабларидан ҳам кўплаб болалар келади.

- Элдорнинг шундай даражага етишишида ота-онаси ва ўша "Машъал" академиясидагилардан бошқа кимга раҳмат айтасиз?

- Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида унга устозлик қилган Сергей Лушанга. У "Бунёдкор"ни бошқарган паллаларида Элдорга ўзини кўрсатиш имкониятини берган, унга ишонч билдирган ва янги даражага олиб чиққан. Унга имконият берилди ва у ундан унумли фойдаланди. Шундан сўнг Ўзбекистонда кўпчилик бу йигитда иқтидор борлигини ва у юқори савияда ўйнай олишини англаб етди. Элдор ишончли қўлларга, тўғри ишлайдиган агентлар қўлига тушди ва улар уни янада юксалтиришди.

Катталар футболида биринчи бўлиб уни ҳужум марказига қўйган Валерий Карпинни алоҳида эътироф этиш жоиз. Карпин унда марказий ҳужумчига хос хислатлар борлигини пайқади, унга имконият берди ва натижани гувоҳи бўлди. Умуман олганда, у кўп нарсаларни ўргатди - биринчи навбатда, ишга профессионал муносабатда бўлишни. У машғулотларда ва ўйин пайтида қаттиққўл характерга эга бўлади. Майдон ташқарисида эса дўст. Улар ҳали ҳам алоқада бўлиб туришади, байрамлар билан бир-бирларини табриклашади, ойига бир неча марта ёзишади. Шундай давом этишини насиб этсин!

- Элдор камтарин одамдек таассурот қолдиради, шахсий фазилатларини Италияда ҳам мақташади. Янги мамлакат уни қандайдир тарзда ўзгартирдими?

- Йўқ, у аввалгидек қолди. Чунки у яхши тарбия олган.

- Уни қаттиққўлликда тарбиялашганми?

- Йўқ. Қолаверса, у 12 ёшида футбол билан профессионал тарзда шуғуллана бошлаган, Жарқўрғондан 300 километр узоқликдаги "Машъал" клуби академиясига борган. У ота-онадан узоқда яшаб, ўзини қандай тутишни ўрганди.

- Ота-она осонлик билан у ерга боришга рухсат берганми? Ўшанда ёши ҳам кичик бўлган...

- Улар ҳамма нарсани тушунишарди. Биз футбол оиласимиз. Муваффақиятга эришиш учун эса ниманидир қурбон қилиш керак...

Айни дамда иккинчи бўлим бошланиб, трибунага қайтамиз. Кўп ўтмай, Шомуродов майдон марказидан бирга-бир вазиятга чиқиб боради, бутун стадион ўрнидан сакраб туради ва ... ҳафсаласи пир бўлиб, "эҳҳ" дея нафас чиқаради. Элдор дарвозабонни ожиз қолдира олмади.

Лекин Ўзбекистондаги футбол муҳити қанчалик ижобий! Бирорта ҳам ғазабланган киши йўқ, фақат уролмаётган голга нисбатан умидсизлик бор. Ва ниҳоят, Элдор яқин масофадан зарба бериб, ҳисобни тенглаштирди. Шундан сўнг, у дарҳол тўпни ушлаб олади ва уни майдон марказига қўйиш учун югуради. Ҳақиқий сардор!

Ён-атрофимдагиларимдан ўрнак олиб, Шомуродовнинг отасига қўл узатаман. У табассум билан жавоб қайтаради. Бу гол унинг учун ҳам, ҳамма учун ҳам енгил нафас олиб келди. "Узоқ вақт ўйнамасангиз, урилган голлар жуда муҳим", - дейди Элдор эртаси куни менга. Ва у сардор учун терма жамоада гол уриш жуда муҳимлигини қўшимча қилади.

2:1 пайтида, ўйин тугашига бир неча дақиқа қолганида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Шомуродовни захирага олди. Бутун стадион ўрнидан туриб олқишлади. Элдор алмаштиришдан норозилик билдирмади. Финал ҳуштаги чалингач, унинг отаси мухлислар билан қувончини баҳам кўрди.

Мхитарян билан рус тилида мулоқот, Паршивлюкдан табриклар, Калачев ва Гацкандан олинган сабоқлар

- Ўзбекистонда бўлганимда дадам доим футболга боришга ҳаракат қиларди. Ота-онамнинг ёрдами мен учун жуда муҳим. Ёмон ўйнасам ҳам, далда бериб турарди, - дейди Элдор эртага эрталаб терма жамоа меҳмонхонасида бир пиёла чой устида суҳбат қурганимизда.

- Ҳозир рус тилида яхши сўзлашасизми?

- Ҳа, мен бу тилда кўп одамлар билан гаплашаман. Айни дамда агентим Қаҳҳор Мўминов Қирғизистон билан ўйинга ташриф буюрди. Римда эса рус тилида гаплашадиганлар етарлича. Масалан, Мхитарян. "Рома"да Гейнрих ва мен бир-биримизга яқинмиз.

- Ўзбекистон - Эрон учрашувида Сердар Азмун билан рус тилида бир-бирингизни мазах қилганингизни эшитгандим.

- Шундай бўлганди. У мендан бироз ёмонроқ гапиради. Италияда эса "Аталанта" билан ўйнаганимизда, Миранчук ва Малиновский билан бироз суҳбатлашдик.

- Улар ҳақиқатан ҳам дўстми?

- Ҳа албатта.

- "Ростов"дан кимлар билан суҳбатлашиб турасиз?

- Карпин билан гаплашаман, уни шу қишда Дубайда кўргандим. Баъзида мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда йигитлар билан ёзишиб турамиз. Охирги марта Песьяков билан ёзишгандим.

- Сиз, ўзбекистонлик йигит сифатида энг яхши лигалардан бирида ўйнаяпсиз, дунёнинг энг машҳур шаҳарларидан бирида яшаяпсиз. Аксарият РПЛ ўйинчилари эса ҳеч қаёққа кетишни хоҳламайдилар. Нима учун сизда рус футболчиларидан кўра кўпроқ амбиция бор деб ўйлайсиз?

- Эҳтимол, улар таваккал қилишни хоҳламайдилар. Генуяга келганимда бу катта таваккал эди. Янги, кучлироқ чемпионат, ўйнашим ёки олмаслигим аниқ эмас эди. Аммо болалигимдан мен у ерда ўйнашни хоҳлардим.

- Ростовлик йигитлар билан шу мавзуда суҳбатлашганмисиз?

- "Рома"га ўтганимда Паршивлюк билан гаплашганман. У мени мақтади, тўғри йўлни танлаганимни айтди ва бу кўплаб футболчиларга ўрнак бўлишини таъкидлади. Ўйлайманки, Россияда кўпчиликда А Серияда ўйнаш маҳорати бор. Шунчаки, футболга нисбатан бироз бошқача муносабат бор, кўпроқ ҳаракат қилиш керак. Сиз бошқа нарса ҳақида эмас, балки фақат ва фақат машғулот ҳақида ўйлашингиз керак.

- "Ростов"даги дастлабки шартномангизда ойига 10 минг доллар олардингиз, аммо Хитой, Қатар, Саудия Арабистонида ўн баравар кўпроқ пул олишингиз мумкин эди. Россия клубини афзал кўришингизга нима сабаб бўлди?

- Россияга келганимда, пул ҳақида ўйламагандим. Аввалига ўзимни кўрсатмоқчи бўлдим. "Ростов"даги фаолиятим менга кўп нарса берди. Асосийларидан бири бу - профессионаллик. У ерда Ўзбекистондагидан кўра кўпроқ нарсага эга бўлдим ва бу кейинги фаолиятимда кўп асқотди.

- Россиялик футболчилардан кимларни яхши дўст деб атаган бўлардингиз?

- "Ростов"даги барча йигитлар ажойиб эди! Паршивлюк, Песьяков, Байрамян ва Зайнутдинов менда илиқ таассурот қолдирган.

- "Ростов"дагилардан кимлар сизга футболчи ва шахс сифатида ўсишингиз учун кўпроқ ёрдам берди?

— Мен у ерга илк бор кўчиб борганимда, Калачев ва Гацкан жамоа етакчилари эди. Улар ғалаба қозонишни хоҳлашарди, қаттиқ гапиришарди ва ҳар доим ёрдам беришди. Лекин "Ростов" биринчи навбатда жамоа сифатида кучли эди.

- Биласизми, Карпин терма жамоа билан бирга "Ростов"га мураббийлик учуе қайтди?

- Ҳа. Аммо қайтагани билан ҳали табриклаганим йўқ.

- Айтганча, Россия терма жамоасининг ЖЧ-2022 ўйинларидан четлатилишига қандай қарайсиз?

- Менимча, бу тўғри эмас. Спорт сиёсатдан йироқ бўлиши керак.

Карпин ва овқатланиш

- "Ростов"да бирга ишлаганингизда Карпин сизга ўргатган энг муҳим нарса нима эди?

- Психологик нуқтаи назардан футболга муносабат. Агар сиз яхши машқ қилмасангиз, у сизни хонангизга чақирарди ва сўрарди: "Нима бўляпти?" У майда икир-чикирларгача қизиқарди - ҳатто футболдан ташқари муаммолар бўлса ҳам. Бу кейинчалик ўйинга таъсир қилишини тушунтирарди. Қандай шуғуллансанг, шундай ўйнайсан. У ҳазил қилишни яхши кўрарди, лекин кўпинча жиддий қиёфада бўларди.

- Ўша пайтдаги сабоқлар Италияда мослашишингизга таъсир қилдими?

- Ҳа. Мисол учун, у тўғри овқатланиш ҳақида гапирарди. Вақт ўтиши билан футболчи учун бу жуда муҳим эканини тушунасиз. Европада кўпчилик буни узоқ вақтдан бери билади ва улар бунга профессионал тарзда ёндашадилар. У Европа футболи ҳақида кўп гапирарди.

- Терма жамоада ширинликлар ва крахмалли овқатларни тақиқланган экан. "Ростов"да ҳам шундай бўлганми?

- У шакарни тақиқламасди. Биз оқ қанд ўрнига жигаррангидан фойдаланардик. Георгич ҳар доим уни камроқ истеъмол қилишни айтарди. Мисол учун, бир чашка қаҳвага икки қошиқ эмас, балки бир қошиқ шакар солинг.

- Севган таомингиз палов ҳам ман қилинганмиди?

- Базада, албатта, тақиқланган. Лекин ташқарида баъзан танаввул қилардим. (Кулади)

- Ҳозир сизни қанчалик Италига мослашганингизни текшириб кўрамиз. Палов ёки макарон?

- Палов.

— Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятининг ўзига хос палови бор. Сизга қайси бири кўпроқ ёқади?

- Тўй.

- Италияда севимли таомингизни истеъмол қила оласизми?

- Рафиқам уйда тайёрлаганда. Аммо у ердаги маҳсулотлар бошқача ва бу ердагидан фарқ қилади.

- Уйдаги таътил давомида баъзи таомлардан емасангиз, ота-онангиз сиздан хафа бўладими?

- Аксинча, ота-онам ҳам менга маслаҳат беради. Уларга ҳам саломатлик учун тўғри овқатланиш муҳимдир. Аммо онам Италияда вақти бунга кўникиб қолган бўлса-да, дадам учун кўникиш жуда қийин бўлди.

- "Спартак"да Карпин деярли ҳар юз грамм ортиқча вазн учун жарима солган. "Ростов"да ҳам шундаймиди?

- У жарима солишини айтарди, лекин жазоламасди. Фақат ортиқча вазн жуда кўпайиб кетса, чора кўрарди. Мен ҳеч қачон жаримага тортилмаганман.

- Карпиндан қўрққанмисиз? У билан ишлаш қийин бўлганми?

- Йўқ, у фақат фидойилик йўқлиги учун танбеҳ берарди. У доимо қўллаб-қувватлаган ва фикрларини равон тушунтирган.

- Карпиннинг сиз ҳақингизда эслаган энг ёрқин ҳазили қандай?

- "Қийшиқоёқ" деган. У фақат мени эмас, кўп одамларни шундай чақиради. Машғулотда нотўғри ҳаракат қилганингизда, у доимо шундай дерди. Мен хафа бўлмасдим.

- Карпин аввалига сизни Ўзбекистонга қайтариб юбормоқчи бўлганини айтган. Бу кулгули эмасми?

— Йўқ, албатта. Таътилдан кейин илк йиғинни ўтказдик, уйда деярли ҳеч нарса қилмадим, жуда ёмон формада келдим. Дастлабки икки томонлама ўйинда ўйин ўхшамади. Шу сабабли, эҳтимол у шундай фикрга келгандир. Аммо кейин у менга бошқача муносабатда бўлишни бошлади. Бунгача раҳбарият кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишим учун мени ижарага бермоқчи эди. "Арсенал" ва "Тосно" мени жамоага олишмоқчи эди. Ҳатто Мирзов қўнғироқ қилиб, бориш-бормаслигимни сўради. Аммо Карпин мени олиб қолди.

(Қаҳҳор Мўминов : "Ростов" раҳбарияти билан гаплашдик. Улар "Арсенал" ва "Тосно" вариантини чиндан ҳам кўриб чиқаётганди. Бу 2018/19 йилги мавсумдаги илк йиғин эди. Клуб уни сотмоқчи эмасди, шунчаки кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун ижарага бериш фикрида эди.

Ҳар бир футболчининг ўзига хос хусусияти бор - кимдир узоқ вақт вазн ташлайди, кимдир уйда ўтиради, бир ой давомида тўхтовсиз овқатланади ва кейин бир-икки машғулотда ҳамма нарсани ўзгача тус олади. Элдор муаммоларини тезда ҳал қила олди.

Иккинчи йиғиндаёқ шартномани янгилаш ҳақида гапира бошлашди. Унинг рақобатдоши Исландиянинг асосий таркиб ҳужумчиси Сигурдарссон эди. Элдор ўша баҳорда "Краснодар" ва "Спартак"га гол урди, шундан сўнг улар Сигурдарссонга жамоа излай бошладилар).

- Таътилдан қайтишдаги ўша ҳолат сизга сабоқ бўлдими?

- Ҳа, ҳозир доим машғулот дастури билан таътилга чиқаман ва шундай қиламан.

- "Ростов"га вингер сифатида келгансиз, Карпин сизни марказий ҳужумчига айлантирди. Янги позицияга ўрнашиш қийин бўлдими?

- Йўқ. Терма жамоада баъзан марказда ҳам ўйнардим, болалигимда ҳам шу чизиқда тўп тепганман. Ҳужум марказидаги позицияни эгаллашдан олдин Георгич мени ҳамма нуқтада синаб кўрди, ҳатто ярим ҳимоячи ва ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ҳам. Иккита учрашувда: кубок баҳсида "Сызрань" ва "Урал"га қарши баҳсларда ўнг қанот ҳимоясида ўйнадим. Бу яхши натижа бермади ва тажриба шу ерда тугади. Лекин кучсиз жамоа билан ўйнаб, кўп ҳужум қилганимиз мен учун фойдали бўлди, чунки кўп вақтимни олдинги чизиқда ўтказдим.

Аввал сигир ва қўйларни боқинг, шундан кейингина футбол ўйнанг

— Сиз дунёнинг исталган нуқтасида имконсиздек туюлган ҳаётга эришиш мумкинлиги ҳақида кўпчиликка намуна бўла оласиз. Афғонистон билан чегарадош ўзбекистонлик йигит қандай қилиб А Серияда тўп тепаётганини тушунтириб бера оласизми?

- Аввало Аллоҳ менга сўраганимни берди. Аммо шунчаки сўрашнинг ўзи етарли эмас. Ўз олдингизга мақсад қўяётганингизда кўпинча шубҳа пайдо бўлади. Сиз уларни енгишингиз, мақсад сари интишингиз ва бошқа ҳеч нарсага чалғимасдан олға юришингиз керак.

- Ўзингизга ва орзуингизни амалга ошириш имкониятингиздан қачон максимал даражада шубҳалангансиз?

- Улкан шубҳа менда бўлмаган. Барчаси аён: менда вақт ва орзу бор эди, фақатгина интилиш қолганди.

- Энг яхши 5 мамлакатдан қайсидир бирига боришни ҳоҳлаганмисиз?

— Аҳамияти йўқ. Мен фақат "Челси"ни қўллаб-қувватлаганман, болалигимда тоғам ушбу клубнинг футболкасини совға қилган.

- Дрогба фамилияси ёзилганмиди унда?

- Йўқ, ҳеч нарса ёзилмаган. Айнан "Челси" ўйинларини кўрганимда, у жамоанинг энг яхши футболчиси эканлиги аён бўларди. Шунингдек, у ҳужумчи. Мен ҳужум позициясига ўтдим, чунки дадам шу чизиқда ўйнаганди. Аммо кейинчалик ҳужум, ярим ҳимояда каби позицияларда ҳам ўйнади.

- Дрогба билан учрашганмисиз?

- Йўқ.

- "Рома"да Моуриньо билан Дидьени қандай қилиб супер ҳужумчига айлантиргани ҳақида гаплашмадингизми?

- Йўқ.

- Ота-онангиз сизни қаттиққўл ҳолатда тарбиялаганми?

- Аксинча, улар ҳар қандай вазиятда мени қўллаб-қувватлаганлар. Улар доим менга қандай қарор қабул қилишимга имкон беришган – нима қилиш, қаерга боришимга аралашмаган. Келажак борасида эса футболдан бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламаганман.

— Сиз Термиздан 40 километр узоқликда, Афғонистон билан чегарадош митти Жарқўрғонда туғилгансиз. Болаликдаги асосий хотираларингиз қандай?

— 12 ёшимга қадар Жарқўрғонда яшадим, сўнгра "Машъал" академиясига йўл олдим. Эсимда, сигир ва қўйларимиз кўп эди. Менга ўхшаган барча дўстларим ва укаларим футболни севишарди. Ота-оналар аввалига мол боқиб, кейин стадионга боришга рухсат берилишини айтишарди. Ва бу туйғу менинг хотирамда қолди: "Қани, тезроқ бўлайлик!"

- Афғонистон билан чегаранинг яқинлиги вазиятга таъсир қиладими?

- Йўқ, ҳаммаси тинч. Ота-онам тарбиямга доим эҳтиёткорлик билан ёндашганлар, қаерда эканлигимни, нима қилаётганимни кузатишган.

- Ота-онангиз ҳали ҳам сиз ўсган уйда яшашадими?

- Ҳа. Дадам бу уйни жуда яхши кўради. Уни ўзи қурган.

- "Анжи" ва "Краснодар"нинг собиқ футболчиси, ҳозирда Ўзбекистон футбол федерацияси вице-президентларидан бири Одил Аҳмедов Сергей Галицкий маслаҳати билан ўзининг болалар академиясини очди. Сиз ҳам шундай ғояни ўйлаб кўрмадингизми?

- Шундай фикрлар хаёлимга келиб туради. Келажакда ҳаммаси яхши бўлиб турса, бу ишни амалга ошираман.

- Фаолиятингизни якунлагач, Ўзбекистонга қайтасизми?

- Ҳа, албатта қайтаман!

— Эшитишимча, сиз ҳам барча ўзбек болалари каби пахта теришга чиққанчиз...

- Шундай бўлган. Ўшанда кичкина эдим ва биз пахта теришимиз керак эди, тўртинчи синфда норма уч килограмм эди. Қаергадир бормасдик, асосан, уйимиз атрофига чиқардик.

- Бир вақтлар оғирроқ бўлиши учун пахтанинг ичига тош солганингиз ҳақида айтгансиз.

- Ҳа, бу исботланган усул! (Кулади)

- Билишимча, Ўзбекистонда ота-онага, ака-укаларга "сиз" деб муомала қилишади.

- Ҳа, шундай. Мен шундай гаплашаман.

— Эшитишимча, маошингизнинг катта қисмини ота-онангизга юборасиз.

- Авваллари шундай бўлган. Ҳозир маошимнинг бир қисмини ўз харажатларим учун қолдираман. 

- Ота-онангиз Италияга ташриф буюрганми?

Ҳа, Янги йил олдидан келишганди. Уларнинг барчаси ҳайратда қолди. Римдан жуда кўп ижобий таассуротлар олишди.

— Рим ёки Самарқанд?

- Қийин саволю Лекин мен ўзбекистонлик бўлганим учун Самарқанд менга доим яқинроқ. Аммо Рим ҳам жуда чиройли. Дарвоқе, генуяликлар Самарқанд ҳақида кўп билишади. Лекин улар мендан бу ҳақда сўрашганда, мен ҳали итальянчани яхши билмасдим.

- Сизнинг фарзандингиз бор. Оила сизни қай даражада ўзгартирди?

- Мен уйлангач, ўзгарганман деб айтолмайман, лекин фарзандли бўлганимда ўзгача ҳиссиётлар пайдо бўлди. Катта масъулият ҳисси шаклланди. Бу ҳаётимдаги энг муҳим воқеа. Шу муносабат билан отам Жарқўрғонда қўчқор сўйди. Унинг учта катта қўчқори бор эди, ҳозир иккита қолди.

– Ўзбек урф-одатларига кўра, куёвнинг келин билан чинакам танишишга доим ҳам вақти бўлавермайди. Ота-онаси уни тез-тез танлайди ва тўйдан олдин янги турмуш қурганлар бир-бирларини деярли танимайдилар. Сиз билан боғлиқ воқеа қандай содир бўлган?

- Мен келинни ўзим топдим ва севиб уйландим. Дўстимиз орқали танишдик.

– Тўйингиз икки босқичда бўлиб ўтди – Тошкентда ва Жарқўрғонда. Дастлаб базмда беш юз киши иштирок этган дейишади.

Мен сизга аниқ рақамларни айтолмайман, лекин жуда кўпчилик келганди! (Кулади.)

Ривалдо қўлимдан ушлаб майдонга олиб тушди. Бу лаҳзани ҳеч қачон унутмайман

- Болалигингиздан Европада ўйнашни орзу қилгансиз. Бу орзу сизга қачон туғилганини эслай оласизми?

- Аниғини эслай олмайман. У аста-секин вужудга келди. Футболчи сифатида ўсишим керак эди, бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳамма бу ҳақда гапирарди. Ота-онам ҳам, ўзим ҳам Европада ўйнашни хоҳлардик.

- "Машъал"дан сиздан анча олдин ўйнаган Ривалдо, Зико ва Сколари мураббийлик қилган Ўзбекистоннинг етакчи клубларидан бири "Бунёдкор"га ўтдингиз. Болалигингизда улардан дастхат олганмисиз?

- "Бунёдкор" "Машъал" билан ўйнаганида, Ривалдо майдонга қўлимдан ушлаб чиқиб келган! Бу воқеа жуда ажойиб эди - дунёнинг энг яхши футболчиси мени майдонга олиб чиқарди! Мен бу лаҳзани ҳеч қачон унутмайман. Бундан ташқари, суратга тушганмиз.

"Бунёдкор"да ўйнаб юрган пайтимда бир таниқли мухлис ғалаба қозонсак, менга ва яна икки футболчига янги IPhone совға қилишга ваъда берганди. Биз ғалаба қозондик. У ваъдасини бажарди.

- Римда фаолиятингиз давомида ёдда қоладиган учрашувлар бўлганми? Масалан, Франческо Тотти билан гаплашганмисиз?

- Ҳозирча йўқ. Бундай учрашувлар ҳали бўлмаган.

- Қайси жойга кўникиш қийин бўлган? Ўзбекистондан кейин Ростов, Ростовдан кейин Генуя, Генуядан кейин Рим...

- Генуя. Биринчидан, ўша пайтда пандемия даври эди, ҳаммаёқ ёпилди. Иккинчидан, Италияда, умуман Европада бутунлай бошқача менталитет мавжуд. Қолаверса, бу ернинг тилини ҳам ўрганиш керак эди.

- Герман Ткаченконинг айтишича, сиз Генуяда Ростовдагидан беш-олти баробар кўп маош ола бошлагансиз. Юлдузлик даври ҳам шундай маошдан бошланмадими?

- Бу жараён мен учун ўзгача эмасди. Мен ҳар доим бундай масалаларда ота-онам билан маслаҳатлашаман, улар нима қилишни маслаҳат беришади. Агентлар билан ҳам менга омад кулиб боқди. Уларсиз қийин бўларди. Улар ҳамма нарсада катта ёрдам беришди. Улар билан шартнома тузгач, қандай қилиб Европага кетиш режаси тузилди ва ҳамма нарса шу режа бўйича давом этди.

— "Бунёдкор"да ўйнаганингизда агент билан шартнома имзолаганмисиз?

- Ҳа. Менга уларни "Пахтакор" ва Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарган Самвел Бабаян маслаҳат берди.

- Агар ўшанда исроилликлардан ўтиб, "Тоттенхэм" билан Европа лигаси саралашида ўйнаганингизда, "Ростов"да қолармидингиз?

- Ўйлайманки, ўшанда "Ростов"да қолган бўлардим. Аммо вазият бошқача тус олди. Ўша мавсум бошида кичик жароҳат олдим, бу эса гол уришимга тўсқинлик қилди. Аммо бу ҳам "Женоа"нинг қизиқишини сўндира олмади.

- Янги мамлакатда, янги клубларда ҳеч ким: "Қаердан келдинг?", "Нима, у ерда футбол ўйнайсанми?" каби гапларни билан айтмадими?

- Йўқ, бундай гап-сўзлар ҳеч қачон бўлмаган. Ҳаммаси шунчаки ёрдам беришган. Аввалига йигитлар билан гаплаша олмаслигим муаммо туғдирарди, лекин улар тил ўрганаётганимни кўришди. Муносабатларимиз яхши бўлган.

- Ўзингизни қайсидир маънода итальян деб атай оласизми?

- Бу қийин, лекин мен ҳаракат қиламан. Мен аллақачон итальян тилини тушуна бошлаганман. Бу уч ой давом этди.

- Сиз италияликлар каби кийинишни бошладингизми?

- Шундай деса ҳам бўлади. (Кулади)

— Ҳамюртингиз Остон Ўрунов Марказий универмакдан олинган машҳур суратни эълон қилганида қандай муносабатда бўлдингиз?

- Унга бундай қилмасликни айтдим. Кейин унга босим бўлди. Ижтимоий тармоқларга ўзим фақат футбол суратларини жойлаштираман.

- Эшитишимча, диндор экансиз. Сиз ҳам мусулмонлар каби беш вақт намоз ўқийсизми?

- Ҳа.

- Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда икки марта жаҳон чемпионатига чиқишга жуда яқин қолганди, бу сафар эса сўнгги саралаш босқичига ҳам чиқа олмади. Сардор сифатида нега бундай бўлганини тушунтириб бера оласизми?

- Ҳозирда авлодлар алмашинуви бўлмоқда. Ёшлар кўп, шунинг учун улар ўйин борасида бир қадам орқага кетишди. Янги жамоа қурилмоқда, янги мураббий келди. Биз ушбу вазифани бажара оладиган жамоани йиғишга ҳаракат қиляпмиз.

- Среcко Катанец билан муносабатингиз қандай?

- Яхши. Баъзан биз итальян тилида гаплашамиз - ахир у кўп йиллар давомида у ерда ўйнаган.

"Ювентус"га қарши ўйиндан кейин Моуриньодан ранжимадим

- Ткаченконинг сўзларига кўра, музокаралар қатъий бўлган, ҳатто нима кийиш кераклигигача қайд этилган.

- Ҳа. Мен ҳар доим топ-клубларда қатъий қоидалар борлигини билганман, лекин ўзингиз ўша жамоадаги футболчи сифатида ҳис қилсангиз, туйғулар бошқача бўлади.

- "Рома" сизни бир мавсум аввал "Женоа"дан икки ярим баравар қимматга сотиб олди. Бошқа жамоалардан таклиф келмаганми? "Ювентус" ва бошқа жамоалар сизга қизиқаётгани ҳақида эшитгандик.

- Биз учун танловда "Рома" энг яхши вариант бўлиб чиқди. Бу ерда ўйнашимга ишончим комил эди.

- Ҳозир ишончингиз пасайдими?

- Йўқ. Агар мен барчасини тўғри қилсам, ҳаммаси яхши бўлади.

- Клубдаги фаолиятингиздаги қийин вазиятни ўзингиз қандай бошдан кечирасиз? Агар тубдан ҳеч нарса ўзгармаса, кейинги мавсумда "Рома"да қолишни хоҳлайсизми? Шунингдек, сизнинг фикрларингиз Италия матбуотида эълон қилинди, гуё Рим клубидан норозидай туюлдингиз.

- Терма жамоа микст зонасида ўзбек тилида айтганларим ўшанда итальянчага нотўғри таржима қилинган. Мен "Рома"ни тарк этиш истаги ҳақида гапирмадим. Мен қолишни ва ўзимни исботлашни хоҳлайман. Шунчаки, ҳеч бир футболчи камдан-кам майдонга тушгани билан қаноатланмайди. Мен хавотирдаман, лекин яхши ҳолатдаман. Барча футболчиларда шундай даврлар бўлади. Бу ерда асосий нарса сабр-тоқат ва меҳнат. Кейинчалик ҳаммаси яхши бўлади. Бу қийин бўлишини билардим, лекин ўзимдан кўпроғини кутаман.

- Моуриньо сиздан воз кечганини ҳис қилмадингизми?

- Мутлақо йўқ. Биз аввалгидек ишлаяпмиз.

- Тэмми Абраҳам "Челси"дан 40 миллион еврога сотиб олинган, бу сизнинг трансферингиздан бир неча баробар қимматроқ дегани. Асосан ўринбосар сифатида майдонга тушишингиз кераклигини англаганмидингиз?

- Англагандим. Аммо мен "Рома"га ўтганимда, Абраҳам ҳали клубда эмасди. Биз у билан яхши муносабатдамиз

(Қаҳҳор Мўминов: "Элдор - захирадан тушиб, фойда келтириш бўйича дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири. Ростовда, Генуяда у захирадан майдонга тушарди ва ўз маҳоратини кўрсатарди. Қулоғингизга қуйиб олинг, у ҳамон "Рома"да ҳам, бутун А Серияда ҳам энг яхшиларидан бири. Майдонда ўтказган ҳар бир ўйинида "гол плюс пас" натижа кўрсатади. Мураббий неча дақиқа ишониб билдирмасин, у фойда елтиради. Элдор кўпроқ ўйнаганида кўпроқ гол урарди. "Ростов" сафида 90-дақиқада кўк рангли резина қалпоқчада "Краснодар" дарвозасига боши билан зарба бериб, дарвозага жойлаб қўйган машҳур голни эсланг. Ўшанда ҳам захирадан майдонга тушганди".).

- Февраль ойида сиз ва Мхитарян ковид билан касалландингиз. Тузалиш жараёни осон ўтдими?

- Ҳа. Бу омикрон эди. Уч кун соғлимда муаммо бўлди.

- "Женоа"да 61-рақам остида ўйнардингиз, "Рома"да эса 14-рақамга қайтдингиз.

- Ҳа, бу рақам бўш эди.

- Ҳозирда кам ўйнаётганингизни инобатга олсак, кейинги мавсумда яна 61-рақамли футболкани кийиш фикри борми?

- Йўқ.

- Моуриньо билан бир неча йил аввал Москвада танишгансиз, кейин эса "Рома"да учрашдингиз. У сиз тасаввур қилган одам эдими?

- Ҳа, у жуда талабчан. Шунингдек, тактик жиҳатдан жуда моҳир.

- Малумки, у ганалик ёш Феликс Гьян гол урса, унга 800 еврога кроссовкалар олиб беришни ваъда қилиб, туртки берган.

- Сотиб олиб берди ҳам!

- У сизни шунга ўхшаш нарса билан илҳомлантирмоқчи бўлмамиди?"

- Йўқ. Гьян анча ёш, мен эса тажрибалироқман. (Кулади)

- "Ювентус"дан учралган мағлубиятдан сўнг, 3:1 ҳисобида олдинда бўла турииб, 3:4 ҳисобида мағлуб бўлгач, шахсан сизни танқид қилганди. Буни қанчалик оғриқли ҳис қилдингиз?

- Шундай бўлдики, заҳирадан майдонга тушганимдан сўнг ҳаммаси орқага қараб кетди. Учинчи гол олдидан мен хатога йўл қўйганга ўхшайман. Шундай қилиб, унинг сўзларида ҳеч қандай ноаниқлик йўқ эди. Фақат мухлисларни хурсанд қилиш истаги бор. "Рома" мухлислари шунчаки ажойиб. Ҳар бир ўйинда стадионда даҳшатли муҳит ҳукм суради.

...Наврўз кубоги ярим финалидан кейин уч кун ўтади ва финалда Ўзбекистон, худди шу Наманганда, ташкилотчилар томонидан Марказий Осиёнинг учта жамоасига шерик бўлган Угандага кураш олиб борди ва ғалаба қозонди - 4:2. Шомуродов хет-трикга эришди. Олдинда биринчиликни "Динамо Киев"нинг собиқ ҳужумчиси Максим Шацских эгаллаб турибди ва оралиқдаги голлар сони ўнтадан кам. Элдор бу натижани янгилаши шубҳа йўқ.

Элдор Римга нафақат тўртта гол, балки ажойиб кайфиятда қайтмоқда. Унга шубҳа қилган Моуриньога, балки "Рома"нинг юқорисида турган бошқа бировларга нималарга қодир эканлигини исботлайди.


Оқил Абдубарноев тайёрлади

Rating: +22   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика