Денис Коростиченко Пролигага тушиб кетиш, жамоага етишмаган жиҳатлар ва "Олимпик"нинг келажаги ҳақида гапирди
09 dec 21:56
News
Денис Коростиченко Пролигага тушиб кетиш, жамоага етишмаган жиҳатлар ва "Олимпик"нинг келажаги ҳақида гапирди
"Биринчи бўлимда ўйинимиз чиқмади, иккинчи бўлимда агрессивроқ ҳаракат қилдик, биринчи таймдагига қараганда ўйинимиз яхшироқ чиқди. Лекин барибир ҳисобни тенглаштира олмадик.
Илк навбатда мураббийлар штабига, йигитларга раҳмат айтаман. Улар жамоани Суперлигада сақлаб қолиш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Афсуски бу бизга етарли бўлмади. Йигитларга бажарилган иш учун раҳмат айтаман, бу осон бўлгани йўқ. Ўйин охирида бироз кучимиз етмади. Албатта барчасини эртароқ ҳал қилиб олишимиз мумкин эди. Лекин...
-Бир неча тур олдин ҳам "Олимпик" Пролигага тушиб кетиш учун асосий "даъвогар" эмасди. Бошқа жамоаларга нисбатан имкониятлар яхшироқ эди...
- Бу ҳақида айтиб ўтдим. Менимча бизга куч етмади. Йигитлар барча ўйинда ҳаракат қилишди, курашишди. Охирида рухий ва жисмоний томонлама кучимиз етишмади. 2-3 очко бизга етарди. Бунга кучимиз етмади. Шунингдек таркибда ротация борасида ҳам муаммолар бўлди. Охирига келиб бизда касал бўлганлар, жароҳатлар, қизил карточкалар кўпайиб кетди...
-Охирги ўйинларда "Олимпик"ка нисбатан адолатсиз ҳакамликлар бўлгандек кўринди. Худди жамоани атайин Пролигага тушириб юборишга ҳаракат қилинганидек. Бу ҳақида нима дея оласиз?
-Мен бунга ишонмайман, ишонмоқчи ҳам эмасман. Сўнгги ўйинлардаги ҳакамлик борасида гапирсам, менда саволлар пайдо бўлди. Бу ҳақида гапирмагандим, барчасини ичимда қолдиргандим. "Шўртан" билан ўйинда ҳакам иккита пенальти белгиламади. Чемпионат ўйинларида эса, "Бунёдкор" билан ўйинда ҳакам рақиб футболчисини четлатмай, қўпол хатога йўл қўйди. Такрорий вазиятни кўриб, бундай ҳаракатдан сўнг футболчимиз умуман футболчилик фаолиятини якунлаши ҳам мумкинлигига амин бўлдим. Шунчаки мўжиза туфайли, у соғ-саломат қолди.
- "Олимпик"нинг келажаги ҳақида нима дея оласиз? Агар жамоа Суперлигадан тушиб кетса, жамоа ёпилиши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлганди.
-Бизда Суперлигада қолиш вазифаси бор эди. Раҳбарият олдимизга Суперлигада қолишни вазифа қилиб қўйганди. Бошқача ҳолатлар ҳақида менга хеч ким гапирмади.
-"Олимпик"ка Суперлигада қолиш учун етишмаган учта нарсани айта оласизми?
-Биринчи навбатда, менимча захира ўриндиғининг торлиги. Рухий босим ва мавсум охиридаги жисмоний чарчоқ.
-Буни фаолиятингиздаги энг аламли ва оғир мавсум десак бўладими?
-Ҳозирча ҳа. Чунки мен Суперлигада ишлаётганимга кўп бўлмади. Мавсум оғир ва босим остида ўтди. Мен рухий ва жисмоний чарчоқни ҳис қилдим.
Comments