"Championat.asia"нинг ПФЛ қарорига изоҳи
30 oct 2018 15:42
News
"Championat.asia"нинг ПФЛ қарорига изоҳи
Биргина "CA"нинг йўқлиги туфайли оммавий "Эл-Класико"га бирорта журналист ташриф буюрмади. Чунки асосий гуруҳимиз Ўзбекистон Кубоги финалига бор эътиборини қаратганди. Суперлига ўйинларини имкон қадар ёритиб келаётган сайт, Про-лигани ягона онлайн тарзда оммага тақдим қилиб келаётган ОАВ ҳам айни пайтда фақат "CA" эди.
Шундай экан, бу қарордан "CA" эмас мухлислар ютқазди. Биз ҳам бошқа сайтлардан маълумотларни кўчириб босишни биламиз ва бу билан аудиториямиз камайиб қолмайди. Ташкилотнинг яхши ғоялари кўп. Суперлига қизиган пайтда ОАВни ҳужжатдан маҳрум қилиш орқали аксинча, шундоқ ҳам нуфузи тушиб кетган чемпионатга бўлган эътиборни камайтиради. Аксар томошабинлар айнан сайтларда чиқаётган анонс ва мақолалардан келиб чиққан ҳолда ўйинлар бўлаётганидан хабардор бўлиб турганлигини инобатга олсак.
Сайт журналистлари кўп нарса йўқотгани йўқ. Фақат матбуот анжуманига кира олмайди. Медиа трибунада ўтириш ҳам шарт эмас. Чунки у ердаги шароит, мухлислар трибунасиникидан кўп фарқ қилмайди. Стадионга кириш учун чипта сотиб олишга вақт ҳам кетмайди. Ўйинлар бўлса бепул. Суперлиганинг бир қатор клублари "Championat.asia" сайти улар ҳақида ёзиши муҳим аҳамиятга эга эканлигини маълум қилиб, бизга ўз ўйинлари пайтида керакли шароитларни яратиб беришни ва "VIP" тоифадаги чипталарни тақдим этишларини билдиришди.
Сайтимиз томонидан таҳлилий мақолаларни чиқариш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Биз мамлакат конституцияси ҳимоясидамиз.
Айни пайтда "Championat.asia" бор эътиборини Ўзбекистон миллий терма жамоасининг БААда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига қаратяпти. БАА яшил майдонларида бўлиб ўтадиган қитъа чемпионатида катта ишчи гуруҳ билан иштирок этиш мақсад қилинган.
Телеграмдаги расмий каналимизда ўтказилган сўровномада шу нарса бўлдики, асосий ўқувчилар сайтга ўзбек футболи ҳақида ахборот олиш учун кирадилар. ПФЛ эса уларни бу ҳуқуқдан маҳрум қилмоқчи.
Ўқувчилардан www.Championat.asia сайти ҳақида дўстларингизга кўпроқ хабар беришингизни сўраб қоламиз. Шунингдек, ОАВда бизни қўллаб-қувватлаётган ҳамкасбларимизга раҳмат айтамиз.
Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда ўз фикрларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин:
Таҳририят
Comments