“Бир футболчи тарихи”. “Порту” сафида 7 йил машғулот ўтказган, лекин “Бенфика” академиясини тамомлаган Жоау Феликс ҳақида
03 dec 2020 12:18
News
“Бир футболчи тарихи”. “Порту” сафида 7 йил машғулот ўтказган, лекин “Бенфика” академиясини тамомлаган Жоау Феликс ҳақида
Криштиану Роналду, Нани каби номлардан бошқа бир футболчиларнинг исм-шарифини кўпроқ катта авлод вакиллари яхши билишади. Эдернинг Евро-2016 мусобақаси финалида Франция терма жамоасига урган голи билан ёдда сақлаган мухлис, уни тезда эсдан чиқарган. Очиғи Элдер Поштига, Нуну Гомеш каби ҳужумчилардан сўнг Португалияда нормал марказий форвард кўрганим йўқ. Ўсиб келаётган авлод ичида эса бу каби футболчилар ҳам бор. Билмайсизми, унда танишинг – Жоау Феликс.
Жоау Феликс – ким ўзи у?
1999 йилнинг 10 ноябрида Португалиянинг Висеу шаҳрида туғилган йигит, “Бенфика” жамоасининг тарбияланувчиси. Бироқ шундай бўлсада Феликс болалик чоғи “Порту” академиясида нақд 7 йил машғулот ўткаган. Бироқ Порту шаҳрининг бош жамоаси ёш иқтидор эгасини жисмоний ҳолати яхши эмаслиги сабаб ўзларида олиб қолишмаган.
Клублардаги фаолияти ҳақида
2016 йил 17 сентябрда Феликс "Фреамунд"га қарши ўйинда “Бенфика”нинг иккинчи жамоасида дебют қилади. Дастлабки голини эса келаси йили - 2017 йилнинг 15 февралида “Аcademica di Viseu” жамоасига қарши ўйинда уради. Ўша мавсумнинг ўзида Феликс 13 учрашувда майдонга тушиб 3 маротаба рақиблар дарвозабонини “ранжитади”. 2017/2018 йилги мавсумни ҳам яна “Бенфика Б” жамоаси таркибида ўтказди ва 17 учрашувда 4 марта гол урди.
Кейинги мавсум бошидан бошлаб у "Бенфика" нинг асосий жамоаси билан машғулот ўтказа бошлади ҳамда 2018 йил 18 августда у Португалия чемпионатидаги дебютини амалга оширди. "Боависта" билан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида захирадан майдонга тушди. Орадан бир ҳафта ўтгач, 25-августда у "Спортинг"га қарши ўйинида “Бенфика” сафидаги биринчи голини урди ва Лиссабон дербисидаги “энг ёш гол муаллифи”га айланди (18 ёш, 9 ой, 16 кун). 2019 йил 11 апрелда Европа Лигаси чорак финалида Франкфуртнинг "Айнтрахт"ига қарши ўйинда учта гол уриб, турнир тарихидаги “энг ёш хет-трик муаллифи”га айланди. Умумий ҳисобда Феликс "Бенфика" сафида 2018/19 йилги мавсумда 20 та гол урди, шуларнинг 15 тасини Португалия чемпионатида киритишга эришди. Мавсум ҳали якунланмай турганидаёқ унга бошқа жамоалардан таклифлар туша бошлаган эди. “Бенфика” жамоасининг президенти Луиш Филипе Виейра ҳам ўша чоғларда футболчининг товон пулини ошириш ҳақида ўйлаб қолган ва интервьюларининг бирида шундай деганди: “Фелиш – Роналду даври ниҳояланаётган бир пайтда Португалиядан чиқаётган жуда катта иқтидор эгасидир. Ҳозирча уни сотиш ҳақида ўйлаганимиз йўқ. Дарҳақиқат, яқинда унинг товон пулини кўтарамиз. Фелишда ҳаммаси етарли: фавқулодда техника, тезлик, интеллект. У ўз қарашларига эга яхши йигит, шунинг учун мен ундан жуда фахрланаман”.
Жоау “Ювентус”, “Атлетико”, “Манчестер Юнайтед”, “Барселона”, “Реал” каби жамоаларнинг таклифлари орасидан Мадриднинг “Атлетико”сини танлади. Испан клуби эса мазкур трансфер учун португалияликларга 126 миллион евро тўлайдиган бўлди. Ўша вақтларда Жоау Фелиш уни қиммат нархга сотиб олишгани руҳий таъсир ўтказмаслигини айтиб ўтган эди: “126 миллион евро менинг елкамга ортиқча вазн юклай олмайди. Лекин шартнома тузган куним ҳаммага: “Ана холос, 126 миллион евро тураман!” - деганман. Симеоне менинг ўсишимга катта ёрдам бермоқда. Чидамликка бардош бериш учун тинимсиз меҳнат қиляпман. Мен гол уришни бошласам, ҳамма голларим асосий гол бўлишига ишонаман”.
2019 йилнинг 3 июль куни “Атлетико Мадрид” футболчисига айланган футболчи 1 сентябрь куни Ла Лиганинг 3-тур учрашувида "Атлетико" таркибидаги биринчи голини "Эйбар" дарвозасига йўллади. Бу йилги мавсумда қаҳрамонимиз 11 учрашувда майдонга тушиб рақиблар дарвозасига 8 маротаба тўп киритган бўлса, шуларнинг 5 тасини Ла Лига, 3 тасини эса ЕЧЛ доирасида урди. Октябрь ойида “Атлетико М” ЕЧЛ 2-турида “Зальцбург”ни 3:2 ҳисобида енгди. Ушбу баҳсда мадридликлар сафида Жоау Феликс дублга эришди. Феликс 2 та гол урган вақтда 20 ёш 252 кунлик эди. Натижада Жоау клуб тарихида дублга эришган иккинчи энг ёш футболчи бўлди. Мадридликлар сафидаги рекорд эса Серхио Агуэрога тегишли. Аргентиналик форварда 2 та гол урган вақтида 20 ёш 106 кунлик бўлган. Футболчи дастлаб Мадридга келган чоғ интервью берганида "Мен бу ерда бахтлиман. Ҳар қандай ўйинчи дунёнинг энг зўр жамоаларидан бирида ўйнашни орзу қилади, "Атлетико" эса улардан биридир. Менда бир нечта қизиқарли вариантлар бор эди, аммо якунда "Атлетико"ни танладим. Бу ерда менинг ўсишим учун энг яхши шароитлар мавжуд деб ҳисоблайман" – дея таъкидлаган эди.
Терма жамоадаги фаолияти ҳақида
У Португалиянинг турли ёшдаги жамоаларида ўйнаган. Катталар жамоасидан эса дастлаб 2019 йил май ойида чақирув олди. 5 июн куни у Швецарияга қарши ўйинда дебют қилди ва мазкур ўйинни асосий таркибда бошлади. Шундан сўнг Феликс Португалия терма жамоасида майдонга тушган “энг ёш футболчи”лар рўйхатида рекордчи Ренато Санчесдан кейин иккинчи бўлди (19 ёш-у 207 кун). Шунингдек, футболчи ўз орзусига ҳам эришди деса бўлади, сабаби интервьюларининг бирида “Роналду билан бир клубда тўп суришни истардим” - деган эди.
2020 йил 5 сентябрда Миллатлар Лигаси доирасидаги Хорватия терма жамоасига қарши учрашувда терма жамоадаги илк голини урди.
Шахсий ҳаёти
Ижтимоий тармоқларини кузатадиган бўлсак футболчи майдондан ташқарида, оиласи ва севгилиси Магуи билан кўпроқ вақт ўтказади. Жуфтликнинг ўзаро тушган суратларини Феликс ҳам, Магуи ҳам тез-тез эълон қилиб туришади.
Магуи ўз Твиттер саҳифасида Жоау билан тушган суратини жойлаб “Ҳаёт филм бўлса, сиз унинг энг яхши қисмисиз” дея твит қолдиган.
If life is a movie, you’re the the best part pic.twitter.com/HNa4t68uRf
— Magui (@magui_corceiro) December 28, 2019
Каллум Хадсон-Одои ҳақида сўзлаганимизда, футболчи ёш бўлса ҳам “Челси” ва Англия терма жамоаси мухлислари ундан кўп нарса кутишга ҳақли деган фикрни бергандик. Бу футболчига нисбатан ҳам шу тарифни ишлатсак бўлаверади. Ўзини “Бенфика” сафида нималарга қодирлигини кўрсата олган бугунги қаҳрамонимиз Мадрид жамоасида ҳам етакчиликни қўлга ола биляпти. Антуан Гризманндан кейинги суперюлдуз бўлиши мумкин эканлигига шубҳа йўқ. 2019 йилги “Golden boy”нинг майдонда айтадиган сўзлари кўп. Криштининг ҳам ёши ўтиб қолганди, тайёр тураверинг Португалия терма жамоасида етакчилар бобида узулиш бўлмайди ҳали бери…
Владислав Гойхманн
Оғабек Самисов таржимаси
Comments