“Бир футболчи тарихи”. Айланиб айланиб қозиғини топган “ҳинду” – Янник Феррейра Карраско ҳақида
06 feb 2021 12:23
News
“Бир футболчи тарихи”. Айланиб айланиб қозиғини топган “ҳинду” – Янник Феррейра Карраско ҳақида
Ла Лига превьюсини ёзаётганимда ҳам кўпинча шу жиҳатни таъкидлаб ўтиб кетаман. Ушбу жамоанинг футболчиларига назар солиб жамоа бироз ёшарганини, тактика эса ўша-ўшалигини сезаман. Аслида, мураббийнинг бир неча йиллар давомида жамоадалиги шу жойда катта рўл ўйнайди. Бугун “Атлетико”нинг бир футболчиси ҳақида ёзишга қарор қилдим. Кўпчилик мухлислар учун бироз нотаниш бўлиши мумкин, бироқ ўзининг техникаси ва ўйинлари билан кўпчиликнинг назарига туша олган.
2016 йилги ЕЧЛ финалини акам жонли эфирда, мен эса акам учрашувни компьютерга ёзиб олиб келганида кўрганман (СпортТВ у вақтларда ЕЧЛни кўрсатмай қўйган эди, ФутболТВ йўқ эди. Телевизоримиз УзРепортТВни кўрсатмас, акам ҳам рус каналида кўрган, бир дўстиникида). Ўша финалдаги жамоалар – “Реал Мадрид” ва “Атлетико Мадрид” бир-бирига муносиб рақиб эди. Ўйиннинг асосий вақти 1:1 билан якунланган учрашувда ғолиб номи пеналтилар сериясида аниқланган. “Реал Мадрид” сафидан Серхио Рамос тўп киритган эди, “Атлетико”дан жавоб голини бизнинг бугунги қаҳрамонимиз киритган. Бу – Янник Феррейра Карраско.
Янник Феррейра Карраско – ким ўзи у?
Қаҳрамонимиз 1993 йилнинг 4 сентябрь куни Белгиянинг Иксель шаҳарчасида дунёга келган. Отасининг миллати португал, онасики эса испан. Келиб чиқиши сабали Карраско Португалия ёки Испания терма жамоаларида ўйнаш имкониятига эга эди. Бироқ ёшлигидан Белгияда катта бўлгани учун у айнан ушбу мамлакат шарафини ҳимоя қилишни танлади. Дастлаб футболчи Белгиянинг “Беерсхот” жамоасида футбол бўйича таҳсил олди. Кейинчалик “Дигем Спорт” ҳаваскорлар жамоасида ўйнаб 16 ёшида “Генк”га кўчиб ўтди. Маълум вақт ўтгач Каррасо “Монако” сафига бориб қўшилди.
Клублардаги фаолияти ҳақида
Карраско ўз фаолиятини “Монако”да бошлади. Жамоадаги фаолияти давомида 105 ўйинда 20 та гол уришга муваффақ бўлди. Дастлаб жамоа билан биргаликда Лига 2 ни ютди ва Лига 1 га йўл олди. Лига 1 даги илк мавсумда эса “Монако” 2-ўринни эгаллади. Футболчи жамода 2012/13 йилги мавсумда асосий таркибда дебют қилди. Бир ой ўтгач “Тур”га қарши ўйинда дастлабки голини уришга муваффақ бўлди.
2015 йилнинг 7 июль куни футболчи “Атлетико Мадрид” сафига кўчиб ўтди. Трансфер нархи 20 миллион еврони ташкил қилган. “Атлетико” даги биринчи кунлар мен учун омадли келди. Мен аллақачон янги жамоадошларим билан машғулот ўтказганман ва ўзимни яхши ҳис қиляпман. Асосий таркибдан жой олиш учун курашаман” – деган эди жамоага илк келган кунларида. “Атлетико”нинг собиқ ярим ҳимоячиси Паулу Футре шундай деган эди Карраско ҳақида: “МЮ” Поль Погба учун 100 млн. евро сарфлаганини инобатга олсак, унинг учун икки баравар кўпроқ сарфлашларига тўғри келади”.
Каррасконинг дебюти 2015 йилнинг 30 август куни “Севилья”га қарши ўйинда бўлди. Дастлабки голини эса 18 октябрь куни “Реал Сосьедад” билан бўлиб ўтган ўйинда урди. 2015/16 йилги мавсумнинг охирроғида жамоаси билан ЕЧЛ финалида ўйнаган футболчи ўз голи билан Чемпионлар лигасида гол урган биринчи белгиялик бўлди. Кейинги мавсум ҳам жамоада яхши ўйин кўрсата олди, бироқ жароҳатлар унинг муваффақиятли йўлига тўсиқ бўлаверарди.
2018 йилнинг 26 февраль куни ўз жамоадоши Гайтан билан биргаликда Хитойнинг “Далянь Ифан” жамоасига кўчиб ўтди. Трансфер суммаси эса 30 миллион еврони ташкил қилган. Футболчи Хитой клубида жами 52 ўйинда майдонга тушиб рақиблар дарвозасига 24 бор йўл топа олди.
2020 йилнинг 31 январь куни эса ижара асосида “Атлетико”га қайтди. Мавсум охирида футболчи клуб билан 4 йиллик шартномага имзо чекди. Диего Симеоне унга ҳали ҳам бемалол ишонч билдиради. Анча аввал берга интервьюсида “Истаган чўққини забт этишга қодир. Сўнгги йилларда амалга оширган ишлари мени лол қолдирмоқда” – деган эди мураббий Карраско ҳақида.
Футболчилар орасида унинг лақаби “ҳинду”. У ўз вақтида “Атлетико” сафида ўйнаб Хитойга кетди ва қайтгач яна ўз ўрнини топиб кета олди. От айланиб айланиб қозиғини топгандек, футболчи ҳам ўз жамоасини топа олди.
Терма жамоадаги фаолияти ҳақида
Карраско Белгия терма жамоасидаги дебют ўйинини 2015 йилнинг март ойида Евро-2016 саралаши доирасида Кипрга қарши ўйинда нишонлади. Футболчи ЖЧ-2018 да ҳам иштирок этди ва жамоанинг чап қанот ҳужум чизиғида ёрдам берди.
Шахсий ҳаёти
Футболчи 2017 йилда Белгиянинг 2013 йилдаги “Мисс Белгия”си Ноиме Ҳаппартга уйланди. Жуфтликнинг Инстаграм тармоғида биргаликда тушган суратини топа олмадик. Лекин Ҳаппартнинг қуйидаги суратида Белгия термасининг ўйинида ўзининг севгилисига мухлислик қилаётганини кўриб, билиб олишимиз мумкин.
Каррасконинг илк мураббийи шундай деган эди: “У болалигидан ўта кучли ўйинчи эди. Жамоадошлари доимо тўпни унга етказишга уринишарди. Футболни ҳаётининг мазмуни, деб билади”. Футболчининг фаолияти унинг ўйини каби бироз ўзгача. Хитойга кетганида кўпчилик уни “соққа қилиш учун” кетганини айтган эди. Бироқ, у яна Испанияга қайтди ва ўз ўрнини топа олди. Карраско ўз иқтидорини максимум даражада кўрсатишга интилмоқда.
Оғабек Самисов тайёрлади
Comments