Бэйл порлаган ўйин
05 dec 2018 23:45
News
БЭЙЛ ЕВРОПАДА ПОРЛАГАН ЎЙИН
Кеча тунда Лондоннинг "Тоттенхэм" клуби ЕЧЛ 5-тури доирасида "Интер"ни ўз майдонида мағлуб этиб плей-оффга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилди. "Тоттенхэм" ва "Интер" ҳақида гапирганда кўпчилик беихтиёр Гарет Бэйлни эслайди. Бежизга эмас, албатта. 2010/11 йилги мавсум Лондоннинг "Тоттенхэм" клуби учун омадли келганди. Ўша мавсумда клуб ўз тарихида илк марта Чемпионлар Лигаси саралашида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган ва саралашда Швейцариянинг "Янг Бойз" жамоасини мағлуб этган Хари Реднапп шогирдлари гуруҳ босқичи йўлланмасига эга бўлишганди. Гуруҳда "Тақачилар" биринчи ўринни олиб чорак финалгача етиб боришади. Гуруҳ боқичининг 3-туридан ўрин олган "Интер" – "Тоттенхэм" ўйини кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Эслай олмаяпсизми? Унда сизга битта фактни эслатиб юборамиз: ўша ўйинда Гарет Бэйл учта гол урганди. Бугун ана шу супер ўйинни биргаликда эслаймиз.
РEДНАППНИНГ "ТАҚАЧИЛАРИ"
"Интер" Чемпионлар Лигасининг биз эслаётган 2010/11 йилги мавсумида мусобақанинг амалдаги ғолиби сифатида қатнашганди. Бир йил олдин миланликлар Жозе Моуриньо қўл остида кимсан «Барселона»ни ярим финалда ортда қолдириб Европани забт этганини эсласангиз керак. Шу сабаб биз эслаётган ўйинда мағлуб бўлган эрса-да, у вақтлар янги даражага кўтарилган "Тоттенхэм"га кўпроқ эътибор берсак. "Тақачилар"нинг узоқ йиллик хўжайини Дэниел Леви жамоа бош мураббийи Худанде Рамоснинг ишидан қаноатланмайди ва уни ишдан бўшатади. Леви бош мураббийликка "Портсмут" билан Англия Кубогида ғолиб бўлган (чорак финалда МЮни мағлуб этиб) Хари Реднаппни олиб келади. Мураббийнинг "Портсмут" билан келишуви бор эди ва шу сабаб Леви "Тоттенхэм"га Реднаппни олиб келиши учун "Портсмут"га 5 миллион фунт тўлашга ҳам рози бўлади.
Реднапп ўша вақтлар Англиянинг энг машҳур мураббийи эди. Чунки у инглиз мураббийлари ичида охирги марта соврин ютган инсон эдида! Реднаппнинг келиши "Тоттенхэм"ни чиндан ҳам янги даражага кўтаради. Жамоа сафига Робби Кин, Карло Кудичини, Кайл Уокер, Питер Крауч, Нико Кранчар, Юнес Кабул, Эйдер Гудьонсон, Виллиам Галлас, Рафаэл ван дер Варт каби футболчилар келиб қўшилишади. Олдинроқ Лука Модрич ҳам "тақачи"га айланганини таъкидлаш керак. Мана шундай ажойиб футболчилар билан "Тоттенхэм" 2009/10 йилги мавсумда АПЛда 4-ўринни қўлга киритади ва Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига ўтиш учун плей-оффда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади. Саралашда "Янг Бойз"ни мағлуб этган "Тоттенхэм" ўз тарихида биринчи марта Европа Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
"ИСТАНБУЛ ТРИЛЛEРИ"НИ ЁДГА СОЛГАН БЎЛИМЛАР
Бу ўйиннинг сценарийси 2005 йилги Чемпионлар Лигасининг финалини эслатиб юборади. Эсингизда бўлса, Истанбулда ўтган ўша финалда "Милан" ва "Ливерпуль" жамоалари тўқнаш келган ва инглизлар биринчи бўлимдан сўнг 0:3 ҳисобида ортда қолишаётганига қарамай иккинчи таймда ҳисобни тенглаштириб, охир-оқибат совринни қўлга киритишганди. Амалдаги чемпион "Интер" ҳам мусобақа дебютанти "Тоттенхэм"га қарши ўйинни жуда хотиржам бошлайди.
2-дақиқадаёқ «Интер» сардори Хавьер Занетти ҳисобни очади. Аргентиналик футболчи Это’Онинг тўп узатишидан сўнг дарвозабон билан яккама-якка чиқиб гол уради. Истанбулдаги ўйинда ҳисобни “Милан” сардори Паоло Малдини очгани ҳам бу икки ўйинни бир-бирига ўхшатиб юборади. Занеттининг голида ҳужумни 18 ёшли Филипе Коутиньо бошлаганини ҳам таъкидлаш ўринли. 8-дақиқада Жонатан Диабиани "Тоттенхэм" жарима майдончасига кириб бораётганда дарвозабон Эурелио Гомес уни қўполлик билан тўхтатиб қолади ва бош ҳакам Дамир Скомина "Тоттенхэм" дарвозабонини майдондан четлатади. Реднапп майдонга иккинчи дарвозабон Карло Кудичини туширади ва асосий яримҳимоячи Лука Модрични ўйиндан олишга мажбур бўлади. Это’О эса белгиланган пенальтини аниқ амалга оширади – 2:0.
3 дақиқа ўтиб миланликлар "Тоттенхэм" дарвозасига яна битта гол уришади. Деян Станкович жарима майдончаси ташқарисидан тўпни аниқ дарвозага йўллайди – 3:0. Қизиғи, бу голга ҳам Это’О ассистентлик қилади. 35-дақиқада Это’О ҳисобни шармандали кўринишга олиб келади. Камерунлик ҳужумчи Филипе Коутиньонинг тўп узатишидан сўнг дарвозабон билан яккама-якка чиқиб боради ва имкониятдан унумли фойдаланади – 4:0. Айнан шу голдан сўнг "Интер"нинг қаҳрамонлиги тугайди. Чунки иккинчи бўлимда ўйинда янги қаҳрамон пайдо бўлади.
ҲИМОЯЧИДАН ҲУЖУМЧИГА АЙЛАНГАН БЭЙЛ
Ҳозирда Гарет Бэйл "Реал"нинг асосий ҳужумчиси ҳисобланади. Бироқ Гарет фаолиятини қайси позицияда бошлаганини эслайсизми? У "Тоттенхэм"да тезкор чап қанот ҳимоячиси сифатида танилганди. Кейинчалик Реднапп Бэйлнинг ҳужумдаги салоҳиятини инобатга олиб уни яримҳимоячига айлантиради. Биз эслаётган ўйинда эса Бэйл гол уриш учун туғилган футболчи эканини кўрсатади. 52-дақиқада ўз жарима майдончаси яқинида тўпни эгаллаб олган Бэйл "Интер" ҳимоячиларини катта тезликда ортда қолдириб, чап қанотдан олдинга боради ва кучли зарбаси билан фарқни қисқартиради – 1:4.
Бэйл иккинчи голини 90-дақиқада уради. Гарет бу гал ҳам Хавьер Занеттини ортда қолдириб яна чап қанотдан жарима майдончасига кириб боради ва узоқ бурчакни аниқ нишонга олади – 2:4. "Интер" тўпни майдон марказида ўйинга киритиши биланоқ "Тоттенхэм"ликлар тўпни эгаллаб олишади ва Леннон чап қанотдан жарима майдончасига кириб борган Бэйлга тўпни узатади. Бэйл эса худди рақибнинг устидан кулаётгандек яна ўша нуқтадан Сезар дарвозасининг узоқ бурчагини аниқ нишонга олади – 3:4. Бу шунчаки фантастика эди. Битта футболчи, бир хил услубда, бир таймнинг ўзида ҳимоясида дунёнинг энг зўр ҳимоячилардан бўлган Занетти, Самуэл ва Лусиолар ўйнайдиган жамоага гол урганди. Қолганига Бэйлга вақт етмайди ва жамоаси 3:4 ҳисобида мағлуб бўлади. Бу ўйин ҳақида эслаганда ҳеч ким иккита гол урган ва иккита голга ассистентлик қилган Самуэл Это’Они ёки "Интер"дан кимнидир эмас, айнан Гарет Бэйлни эслайди. Уэльслик суперюлдуз кейинчалик "Реал"га ўтиб 4 марталаб Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлди. Балки яна яхши ҳолатга қайтиши учун Бэйл "Интер"га қарши ўша ўйинни томоша қилиши керакдир?
ЕЧЛ. 2010/11 йилги мавсум
Гуруҳ босқичи, 3-тур. 2010 йил, 20 октябрь
"ИНТEР" – "ТОТТEНХЭМ" 4:3
Голлар: Хавьер Занетти (2), Самуэл Это’О (11, пен., 35), Деян Станкович (14), Бэйл(52, 89, 90)
Интер: Жулио Сезар, Вальтер Самуэл, Луисо, Майкон, Хавьер Занетти, Деян, Станкович (Давиде Сантон), Кристиан Киву (Горан Пандев, 61), Жонатан Диабиани (Иван Кордоба, 75), Филипе Коутиньо, Уэсли Снейдер, Самуэл Это’О.
Бош мураббий: Рафаэл Бенитес.
Тоттенҳэм: Эурелио Гомес, Алан Хаттон, Уильям Галлас, Бенуа Ассу-Экотто, Себастьян Бассонг, Жермейн Женнас, Том Хадделстоун (Уилсон Паласиос, 80), Аарон Леннон, Гарет Бэйл, Лука Модрич (Карло Кудичини, 11), Питер Крауч (Робби Кин, 67).
Бош мураббий: Харри Реднапп.
Comments