Бенземанинг келмагани, Ўткир Юсупов ва "Навбаҳор" сафидаги йўқотиш — Самвел Бабаян иштирокидаги матбуот анжумани
14 feb 19:17
News
Бенземанинг келмагани, Ўткир Юсупов ва "Навбаҳор" сафидаги йўқотиш — Самвел Бабаян иштирокидаги матбуот анжумани
"Навбаҳор" устози Самвел Бабаянга ёш футболчи Шодиёр Шодибоев ҳамроҳлик қилди.
"Осиё чемпионлар лигасидаги ҳар бир ўйин, айниқса плей-офф босқичига чиққанимиз, "Навбаҳор" клуби тарихи учун янги давр бўлаверади. 2023 йилда вилоят раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футболчилар катта меҳнат қилишди ва ОЧЛда гуруҳдан чиқдик. Бир йил аввал Осиёнинг энг кучли клублари ва дунё юлдузлари Наманганга келишини орзу қилардик. Биз бунга эришдик. Аммо бу энди тарих. Эртага биз бутун Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиламиз. Менимча халқимиз "Навбаҳор"га мухлислик қилади.
Рақибга келадиган бўлсак, "Ал Иттиҳод"ни таништиришга ҳожат бўлмаса керак. Катта тарихга эга клуб, Осиёда кўплаб ютуқларга эришган. "Ал Иттиҳод" сафида дунё юлдузлари бор, улар Осиё кубогидан кейин иккита ўйин ўтказишга ҳам улгуришди.
Биз эса янги мавсумга тайёргарликни олиб бордик. Афсуски таркибимиздаги барча футболчиларни синаб кўриш учун на ўртоқлик, на расмий ўйин ўтказдик. Эртага кучли ижрочиларга қарши жуда тартибли ўйин, жуда кучли иштиёқ ва албатта мухлислар ёрдами зарур бўлади", - деди Самвел Бабаян.
"Эртага жуда қизиқарли ва кучли ўйин бўлади. "Ал Иттиҳод" Осиёнинг энг кучли клубларидан бири. Машғулотларда жуда яхши тайёрландик. Эртага худо хоҳласа ғалаба қозонамиз", - деди Шодиёр Шодибоев.
- "Ал Ҳилол"га қарши Намангандаги баҳсда Неймар ўйнамаганди, эртага Бензема ўйнамайди. Бу сиз учун омадми ёки уларни майдонга тушишини истармидингиз?
- Очиғини айтсам, биз учун бу катта тарих. Албатта Неймар ҳам, Бензема ҳам келганида яхши бўларди. Саудия Арабистонидаги баҳсда Неймар майдонга тушганида дуранг ўйнагандик, Наманганда Неймар келмаганида ютқазгандик. Бензема ҳам келганида яхши бўларди, бу Ўзбекистонда футболнинг янада оммалашувига сабабчи бўларди. Аммо Бензема келмаса ҳам "Ал Иттиҳод" кучсизланиб қолмайди. Охирги икки ўйинда клуб ажойиб ўйнади.
- Осиё кубогидаги Қатарга қарши баҳсда Ўткир Юсупов ишончсиз ўйнади. Унинг руҳий ҳолати қандай?
- Ишончсиз ўйин деганингизга қўшилмайман. Агар у ўтказган голини айтаётган бўлсангиз, ўша вазиятда рекошет бўлганди. Ўткир тўғри позицияни танлаганди, шунчаки рекошетдан кейин тўпга реакция қила олмади. Қатарга қарши баҳсда Юсупов иккита пенальти қайтарди, бу эса Ўткир топ футболчи эканини, ҳам миллий терма жамоа, ҳам "Навбаҳор" клуби етакчисилигини англатади. Ўша ўйин унинг руҳий ҳолатига ҳеч қандай таъсир қилгани йўқ, унга ишонишда давом этамиз.
- Ўзбекистонда ҳали мавсум бошланмади. Саудия Арабистонида эса мавсум давом этмоқда. Бу эртанги ўйинга қанчалик таъсир қилади деб ўйлайсиз?
- Юқорида айтганимдек рақиб мавсум ўртасида. Биз эса майли расмий ўйинни қўя туралик, барча футболчилар ихтиёримизга келишганидан кейин ҳатто ўртоқлик учрашувини ҳам ўтказа олмадик. Аммо бу баҳона эмас. Эртага мавсумдаги энг яхши ўйинларимиздан бирини ўтказишга ҳаракат қиламиз. Осиё чемпионлар лигасидаги ҳар бир ўйин янги тарих. Йигитлар ҳаракат қилишади.
- "Навбаҳор" мухлисларига Осиё чемпионлар лигасини совға қилганингиз учун раҳмат айтаман. "Ал Иттиҳод" сафида эртага ҳужумчилар Бензема, Жота ва Коронадо бўлмайди. Бундан келиб чиқсак, эртага "Навбаҳор"дан ҳужумкор ўйин кутсак бўладими? Мухлислар далдаси ҳам муҳим роль ўйнайди.
- Сиз "Ал Иттиҳод" сафида ўйнамайдиган футболчиларни санаб ўтдингиз, аммо уларсиз ҳам иккита ўйин ўтказди ва иккита йирик ғалабага эриша олганини биласиза? Шу боис қайсидир юлдуз футболчиларнинг йўқлиги сезилмаса керак. Жамоа таркибида кучли футболчилар жуда кўп. Эртанги баҳсда қандай стратегияда ўйнашимизни эртага кечки пайт айтиб бераман.
- Иброҳим Йўлдошевнинг ҳолати қандай?
- Афсуски йўқотишлар бор. Аммо уларнинг ўрнини билинтирмасликка ҳаракат қиламиз. Эртага Иброҳим Йўлдошев майдонга туша олмайди.
Эслатиб ўтамиз, "Навбаҳор" - "Ал Иттиҳод" учрашуви 15 февраль куни соат 19:00да бошланади.
Navbahor Namangan |
AFC Champions League Final Stage . Round 1/8 15/02/2024, 19:00 0
:
0
Finished
|
Al Ittihad |
Comments