Беҳруз Асқаров: "Аргентина голларида тажриба катта роль ўйнади"
22 may 2023 18:01
News
Беҳруз Асқаров: "Аргентина голларида тажриба катта роль ўйнади"
— Аргентинага қарши учрашувдан сўнг пресс-центрдаги хорижлик мутахассислар томонидан ўзбекистонлик футболчилар ичида энг яхши ўйинчи сифатида қайд этилдингиз. Бундай эътирофга қандай муносабат билдирасиз?
— Энг яхши ўйинчи деб топилганимдан хурсандман. Менимча, жамоамиз таркибида ёмон ўйинчининг ўзи бўлмади. 1-турдаги хатти-ҳаракатларим ўзимга маъқул келди.
— Ўтган йили ҳам Ўзбекистон Аргентинага қарши беллашганди, ўша рақиб билан ҳозиргисининг ўртасида қандай тафовут бор?
— Фарқ унчалик катта эмас. Жамоа таркибига 2-3 нафар тажрибали футболчилар қўшилган, шунингдек, голлар урилишида айнан тажриба катта роль ўйнади. Ўтган йилги беллашув агрессив руҳда ўтганди. Менинг майдондаги вазифам рақиб ҳужумларини бузишга қаратилганди. Ўшанда иккинчи сариқ карточка туфайли четлатилган эдим.
— Аргентинадан тўп ўтказиб юборишимизда дарвозабон ҳам хатоларга йўл қўйди. Боймуродов ҳақида қандай фикрдасиз, унинг қаҳрамонликлари қаерга ғойиб бўлди?
— Буни футбол дейдилар, унда ҳар доим сиз ўйлаган нарса бўлавермайди. Шахсий фикримча, Отабек Аргентинага қарши ёмон ўйин кўрсатмади.
— Кейинги рақиб ҳақида қанчалик маълумотга эгасиз? Айнан сизнинг позициянгизда тўп тепадиган рақиб футболчисини ўргандингизми?
— Ҳар бир жамоага қарши ўйин олдидан уларни ўрганамиз ва хатоларни тўғрилаб, кейинги ўйинда ғалаба учун боримизни берамиз.
Comments