Барчаси "Мбаппе операцияси" ҳақида
18 nov 2021 13:30
News
Айнан шу кундан бошлаб "Реал Мадрид" Килиан Мбаппе билан тўғридан-тўғри, ҳеч кимдан сўрамай, ҳеч кимни огоҳлантирмай алоқага чиқиши мумкин. Футболчи ва ПСЖ ўртасидаги келишув кейинги йилнинг июнь ойига қадар мўлжалланган.
"Қаймоқранглилар" французни ёздаёқ жамоага олиб келишни исташганди, аммо ПСЖ ўз юлдузини ҳар қандай сумма таклиф қилинса-да, сотмасликка қарор қилди.
Юртимизда қор ёғди, бу эса бевосита қишдан дарак. Демак, қишки трансферлар ойнаси яқин. Шу ўринда "Мбаппе операцияси" ҳақида барча фактлар ва деталларни билиб қўйишнинг айни вақти, назаримизда.
Чиндан ҳам Мбаппе "Реал Мадрид" билан шартнома имзолайдими?
Вазиятдан оз бўлса-да, хабардор мухлислар яхши билишадики, Мбаппе келаси йил ёзда Парижни тарк этиб, "Реал Мадрид"нинг янги лойиҳасида асосий юлдуз сифатида ўз саргузаштини бошлаш ниятида турибди.
"Мен ПСЖ вакилларига июлдаёқ кетишни исташим ҳақида айтдим. Янги саргузашт вақти келди", – дея француз Лига 1ни тарк этиб, "Мадрид"га қўшилишни исташини кенг оммага эълон қилди.
Мбаппе ПСЖ билан шартнома муддатини узайтириш эҳтимоли борми?
Испанлар ПСЖ Мбаппени янги шартнома имзолашга кўндиришидан хавотирда, бироқ "қаймоқранглилар" ўйинчи дастлабки қарорини ўзгартирмаслигидан умидвор.
Омадсиз уринишлардан кейин ПСЖ футболчи маошини йилига 25 миллион еврога кўтаришга тайёр ҳамда французни ҳужум чизиғини Лионель Месси, Неймар ва Мбаппе учлиги ташкил қилувчи кучли янги лойиҳа билан сақлаб қолмоқчи.
Килианнинг яқинлари якуний қарорга қанчалик таъсир ўтказиши мумкин?
Мбаппенинг онаси шартнома муддатини узайтириш вариантини инкор этмади ва футболчи оиласидагилар ҳамда агент бу борада қанчалик таъсир кучига эга эканлигини аниқлаш лозим.
"Отаси шу ерда қолишимизни хоҳлайди, мен ва адвокатимиз эса кетиш тарафдоримиз, аммо ҳеч биримиз унинг ўрнига қарор қабул қилмаймиз", – деганди сал аввал Мбаппенинг онаси. "Бугунги кунда ПСЖ билан музокаралар давом этмоқда ва барчаси жойида".
"Реал Мадрид" январдаёқ Мбаппе трансферини амалга ошириши мумкинми?
"Реал Мадрид" ушбу вазиятда ПСЖга бўлган ҳурматни ифодалаш мақсадида, яна бир таклиф юбориши мумкинлигини рад этмаяпти. Шу йўл билан Қироллик клуби Мбаппени эркин агент сифатидагина қўлга киритиш ниятида эмаслигини кўрсатиб қўяди. Август ойидаёқ "қаймоқранглилар" нафақат французлар балки барчага, бу трансфер йўлида футболчининг тугаб бораётган шартномасидан фойдаланиб қолиш ниятида эмаслигини намоён қилди.
"Мадрид"дагилар қишда Мбаппе хизматлари учун таклиф қилиниши мумкин бўлган сумма борасида аниқ рақамларни муҳокама қилмаган, лекин клубдагилар ПСЖ ҳар қандай таклифни рад қилади деб ҳисоблайди.
Ва ниҳоят, Винисиуснинг "ўйини очилгани" "Мбаппе операцияси"га таъсир қиладими?Винисиус жорий мавсумни кўтаринки руҳда ўтказаётгани, "Мадрид"нинг Мбаппе борасидаги қарорига таъсир қилмайди. Аксинча, "қаймоқранглилар" бу икки футболчини бирлаштириб, айнан улар янги даврни бошлаб беришлари ҳамда клубни ҳам майдондаги ютуқлари, ҳам маркетинг томондан фойдасига хизмат қилади деб ҳисоблайди. Мбаппе трансферидан қатъи назар, "Реал Мадрид" Винисиусни ўз лойиҳасининг муҳим фигураси деб билади.
Нозима Зарипова таржимаси
Comments