Latest news

17:05"Ювентус" "Интер" футболчисига қизиқмоқда, аммо...  0 16:40"Милан" 2024/25 йилги мавсум учун сафар либосини тақдим этди  1 16:15"Арсенал" "Реал Сосьедад"дан Меринони харид қилмоқчи  1 15:49Саудияликлар Рафинья учун 65 млн евро таклиф қилишди. "Барса" Уильямс ва Ольмо билан шартнома имзолаш учун ўйинчиларни сотишга тайёр  1 15:17Де Хеа "Женоа"га ўтмайди – унинг талаблари клуб учун жуда юқори. Дарвозабонда МЛС ва Саудия Арабистонидан вариантлар бор  1 14:49Артём Довбик "Рома"нинг таклифини қабул қилди ва клубга ўтишга яқин  1 14:21Ольмо "Барселона"дан ташқари барча клубларнинг таклифини рад этди  2 13:58Ихеаначо Ла Лига клубига ўтишга яқин  1 13:31Ашурматов: "Олимпиада олдидан Ўзбекистон терма жамоасининг плей-оффга чиқишига катта умид боғланганди"  7 13:02"Рома" "Ювентус" футболчиси билан шартнома имзолашга яқин  0 12:38Филлипс "Манчестер Сити"ни тарк этмоқчи  1 12:17ПСЖ ва АПЛ клублари Уильямснинг Испанияда қолишни афзал кўришини ҳис қилишмоқда. "Барселона" – фаворит  0 11:48Лондон клуби Ван-Биссака борасида МЮ билан музокаралар ўтказмоқда  1 11:25Шерзод Қодиров "Динамо"дан кетди?!  0 11:04«Бухоро» «Локомотив» футболчиси билан шартнома тузди  4

«Австриялик Златан» ҳақида ҳикоялар News

«Австриялик Златан» ҳақида ҳикоялар

Австрия терма жамоаси ва «Сток Сити» клуби аъзоси Марко Арнаутовичнинг феъл-атвори жуда ғалати. Чунки у мудом муаммолар гирдобида юришни хуш кўради.

Жумладан, гоҳида полициячига қўполлик қилса, гоҳ жамоадошлари билан муштлашади. Баъзида Моуриньога гап қайтариб, баъзан Томас Шаафнинг ёнидан қўл бермай ўтиб кетаверади. Қуйидаги кичик ҳикоялар эса  Марко ҳақида тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилишингиз учун ёрдам беради.

************

Голландиянинг «Твенте» клуби вакиллари 17 ёшли Марко Арнаутовични Венадан олиб кетишаётганда, мураккаб характерга эга инсон билан шартнома тузишганини яхши билишарди. Чунончи, йигитча ҳали ёш бўлса-да, интизомсизлиги туфайли тинмай клубини алмаштириб юрганди. Голландлар яна шукур қилишлари керак, чунки австриялик йигитча «Твенте»да атиги бир бор шовқин кўтарди, холос: «Виллем» ҳимоячиси Иброҳим Каргбо Арнаутович уни «ниггер» деб чақирганини даъво қилиб, дод-вой солди. Табиийки, журналистлар дарҳол диктофонни қўлга олиб, «Твенте» устози Стив Макларен қошига чопишди. Мураббий эса уларга жавобан ҳали Марко билан бу масала юзасида гаплашмаганини, аммо у ирқчилик қилмаганига ишончи комил эканини айтди. Хуллас, ўшанда Голландия лигаси масъуллари Арнаутовичга қарши ҳеч қандай дадил-исбот топа олишмади. Бу иш босди-босди бўлганидан кейин Макларен Арнаутович ҳақида ғалатироқ фикр айтди: «Йигитча ниҳоятда қобилиятли, аммо шу билан бирга, мутлақо тентак!»

************

Марко «Твенте»дан ижара асосида «Интер»га ўтган чоғлари дарров ўзига «тойчоқ» топиб олди. Бу қандай машина эканини биласизми? Нархи 150 минг евро турадиган Bentley GT63! Аслида автоулов Марконинг ўзиники эмасди. Гап шундаки, Арнаутовичнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси олганидан хабар топган Самуэль Это~О ёш жамоадошига гаражида турган автолардан ҳоҳлаганини олиб ҳайдайвериши мумкинлигини айтади. Шундай қилиб, Марко икки ҳафтача унинг «Бентли»сида сайр қилади. Лекин кунларнинг бирида у дўстлари билан кафега кириб кетганида, машинани ўғрилар олиб қочадилар. «Мен доим уни ювиб, эҳтиётлаб ҳайдардим. Ташқарида машина йўқлигини кўргач, «шок»ка тушиб қолдим. Ўлгудай қўрқиб кетдим», - деб эслайди Арнаутович.

Марконинг сўзларига кўра, у шу заҳотиёқ Это~Ога қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирган. «Сэм бағрикенг­лик билан менга тасалли берди: бу ерда сенинг айбинг йўқ. Лекин шундай бўлса ҳам, мен унга кечасию-кундузи қўнғироқ қилиб, машина ҳақида сўраб турдим. Бу нарса шунчалик мени чалғитдики, ҳатто машғулотда ҳам ўзимни тута олмадим. Хайриятки, тез орада «тойчоқ» топилди. Мен энг қўрққан нарса - Сэмнинг ишончини йўқотиш эди», - дейди футболчи.

************

Кунлардан бир кун Жозе Моуриньодан Арнаутович ҳақидаги фикрини сўрашди. Мураббий эса шундай жавоб берди: «Марко ажойиб йигит. Фақат у худди боладек фикр қилади ва ўзини ёш боладек тутади». Арнаутович эса мазкур эътирофга қуйидагича изоҳ берди: Моуриньо танқид қилган вақтда Марко жароҳат орттириб олади ва бекорчиликдан зерикиб, ҳафтасига беш марта тунги клубларга боришни одат қилади. «Зерикишдан халос бўлмоқчи эдим, афтидан, хато йўл танлаган кўринаман», - деб ўзини оқлайди Арнаутович. Энг қизиғи, Моуриньо ва Арнаутович «Интер»дан деярли бир вақтда кетишди ва орадан кўп ўтмай, АПЛда яна учрашишди: Жозе «Челси»га қайтди, Марко эса «Сток Сити» сафига қўшилди. Ўтган йил ноябрида Арнаутович лондонликлар дарвозасига қойилмақом гол урди, бир ойдан кейин эса Жозени ишдан бўшатишди.

************

«Интер» Европа Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритганидан сўнг Марко Арнаутович ўзига «Чемпионлар Лигаси ғолиби» ёзуви туширилган махсус бутса тиктириб олди. 2010 йилнинг ёзида Марко 7,5 млн евро эвазига «Вердер»га кўчиб ўтди ва илк машғулотга шу бутсаларда чиқиб келди. Бу эса янги жамоадошларининг киноясига сабаб бўлди. Чунончи, Марко ЕЧЛда Милан клуби учун бир дақиқа ҳам тўп сурмаганди, ахир. Шу боис «Вердер» спорт директори Маркони медиа орқали қайта тарбиялашга тушди: «Агар Арнаутович биз фақат биргаликда ишлаш орқалигина ҳаёт кечираётганимизни тушуна олмаса, демак, унинг «Вердер»да келажаги йўқ, ҳисоби».

************

Арнаутович австриялик журналистларни сира ёқтирмайди. «Қачонки Австрия терма жамоаси ютқазиб қўйса, дарров мени айбдор қилишади», - дейди алам билан футболчи. - Агар қайсидир ўйинда иккита гол урсам, яна савол туғилади: нега энди учта гол урмадинг? Ҳамманинг топиб олгани мен ва Алаба. Лекин фарқ шундаки, у - авлиё, мен эса - гадой». Немис журналистлари-чи? Ҳолат деярли бир хил. «Германиялик мухбирлар доим каминага қўнғироқ қилиб, у ерга қайтишимни сўрашади. Чунки менсиз улар газетага чиқаргани хабар тополмай, қийналиб қолишади. Мен бундан хурсандман. Зеро янгиликлар қаторида турли бўҳтонларни ўқиш жонимга тегди».

************

Немис журналистлари чиндан ҳам, Арнаутовичсиз зерикиб қолишди. Чунки Марко ҳар гал бошқаларда учрайвермайдиган иборалардан фойдаланарди. Масалан, «Вердер» бир гал оғир ўйин ўтказиб, мағлубиятга учраганидан сўнг мухбирлар Маркодан у ўзини Бременда қандай ҳис қилаётганини сўрашди. Арнаутович эса беписанд оҳангда очиғини айтди-қўйди: «Вердер» - ахлатхона». Кейинроқ эса Марко клуб бош мураббийи Томас Шааф билан боғлиқ можарони бошлаб, яна «медиаюлдуз»га айланди. Зеро у «Вердер»га эндигина қўшилган бўлса-да, мураббий уни захирага олса, жаҳли чиқиб, Шаафдек мутахассисга қўл узатмай қўйганди. Шунингдек, қоида бузгани учун уни тўхтатган веналик полиция ходимига қарата айтилган қуйидаги сўзлар ҳам тезда ОАВда шов-шув кўтарди: «Менинг пулим шунчалик кўпки, сенинг ҳаётингни бутунлай сотиб олишга қодирман». Тўғри, тез орада Марко полициячидан расман узр сўраб, унга Австрия терма жамоасининг кейинги ўйинига чиқарилган чиптадан иккитасини совға қилди. Лекин ўзи уятда қолди, барибир.

************

Арнаутович «Вердер» ўтган кунларнинг бирида антиқа ҳолатга дуч келди - у машғулотлар ёки ўйин вақтида эмас, ити билан сайр қилиб юрганида кулгули жароҳат орттириб олиб, олти ҳафтага сафдан чиқди. Шунда клуб раҳбарлари уни жамоа базасига қамаб қўйиб, фақат машғулотлар пайтидагина қўйиб юборишни ҳам ўйлаб қолишди. Лекин бу усул «мусиқачилар»га ёрдам бермасди, бизнингча. Зеро, 2013 йили Арнаутович ҳатто клуб базасида ҳам жанжал кўтариб, Сократис Папастатопулос (ҳозир у Дортмундда) билан муштлашиб кетди. Воқеани кимдир тасвирга олишга улгурган. Унда аён бўлишича, Арнаутович ҳимоячи билан ёқалашиб, худди юзига кучли зарба егандек, ерга қулаган. Бироқ тасвирда Сократис айтарли қўполлик қилгани кўринмайди. Шунингдек, Марко «Гамбург»га қарши ўйинда бош ҳакам билан ҳазиллашишга қарор қилади. Натижа қандай бўлганини интернетдаги роликдан билиб оласиз...

************

«Интер»да Марко Арнаутовичнинг энг яқин дўсти - Марио Балотелли эди. «Марко ва Марио - зўр оғайнилар, энг қизиғи, уларнинг муаммоси ҳам бир хил», - деганди Моуриньо ғижиниб. «Жозе баъзида ўзини кекса бободек тутиб, муаммо туғдираверганимиз учун бизни койирди. Лекин у бир гал менинг ўзимга айтган: бизга ўхшаган «бебош» футболчилар унга ёқар экан», - дейди бунга жавобан Балотелли. Марио Арнаутович Англияга кетаётганидан хабар топгач, шундай деганди: «Тез орада инглизлар Балотелли ким эканини бутунлай унутишади!».

Бироқ у адашгани энди барчага маълум.

************

Негаки, «Сток» худди бутунлай бошқа Марко Арнаутовичнеи харид қилгандек: майдонда жўшқин ва фойдали, кундалик ҳаётда эса оғир ва босиқ. The Sun нашри аниқлаган биргина ҳолатда салгина ғайриоддийлик бор: Марко бир куни ваннахонасида каттакон ўргимчак юрганини кўриб қолади ва клубга қўнғироқ қила бошлайди: мени бу балодан қутқаринглар!

Арнаутовичнинг таъкидлашича, қизчалик бўлганидан сўнг у ўзини катта одамдек ҳис қила бошлаган: «Энди зиммамда улкан масъулият - оталик вазифаси бор. Демак, мен аксарият ҳолларда жимликни сақлаганим маъқул». Чиндан ҳам, босиқ йигитга айланган Арнаутович учун 2015-16 йиллар мавсуми клуб миқёсидаги фаолиятида жуда омадли бўлди: у турли хил мусобақаларда 12 та гол урди, шерикларини қулай «пас»лар билан таъминлади, айниқса, «катта ўйинлар»да ажойиб ҳаракат қилди - «Челси», «Ман Сити», «Ливерпуль» ва «МЮ» клубларини дарвозасини ишғол қилди. Унинг «Сток» билан тузган шартномаси яна бир йил давом этади. Лекин Марко ҳозирнинг ўзида ҳам ЕЧЛда ўйнаш нияти борлигини ҳеч кимдан яширмаяпти.

************

Австрия терма жамоасининг сўнгги йиллардаги тарихида Арнаутовичнинг алоҳида ўрни бор. Жумладан, у термасининг Евро-2016 саралаш босқичидан эсон-омон ўтиб олишига улкан ҳисса қўшди. Айниқса, саралашнинг Россияга қарши ўйинида у жуда самарали тўп сурди. Бу ўйинда Австрия ғолиб чиқди, Марко эса Сергей Паршивлюкни роса қийнади. «Арнаутович дунёга келганидан бери бундай ўйнамаганди, афтидан, у РФПЛга ўтмоқчи шекилли?» - деганди ўйиндан сўнг алам билан Сергей Шавло.

Гарчи Австрия қитъа биринчилигида соврин ола билмаган бўлса-да, австрияликларнинг Арнаутовичдан ҳали умидлари катта. Шунинг учун Маркони эркалаб, тез-тез Златан Ибрагимовичга таққослаб туришади. Чунончи, Арнаутович ҳам Златан каби бақувват, бетакаллуф ва айни вақтда, ноёб истеъдодга эга. Ҳатто гоҳида Марко сочини ҳам швециялик ҳамкасбиникига ўхшатиб турмаклаб олади. Биргина савол туғилади: Марко Златан эришган ютуқларни қўлга киритадими? Буниси - вақт ҳукмига ҳавола...

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Rating: +4   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика