Авазбек Ўлмасалиев: "Олдимда "Бунёдкор"дан ташқари таклифлар ҳам бор эди, лекин..."
03 sep 2021 10:23
News
Авазбек Ўлмасалиев: "Олдимда "Бунёдкор"дан ташқари таклифлар ҳам бор эди, лекин..."
Мазкур мулоқот савол-жавоб кўринишида мухлислар эътиборига ҳавола этилмоқда.
- Авазбек, таклифимизни қабул қилиб биз билан мулоқотга киришганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Айтингчи, нега ҳозирги кунда "Локомотив"дан кетдингиз?
- Эътибор учун, сизларга ҳам раҳмат. Ҳозир ҳам "Локомотив" футболчисиман, "Бунёдкор"да ижара асосида ўйнаяпман. Бунинг сабаби кийим алмаштириш хонасида жамоадошим билан тортишиб қолганим учун юзага келди. Ўйлаб кўриб ўзим ҳам буни истадим ва "Бунёдкор" вариантини танладим.
- "Нефтчи"дан кетишингизга нима сабаб бўлган?
- Ўшанда менинг олдимда Суперлига клубларидан таклиф бор эди. Оила аъзоларим билан келишган холда "Локомотив" вариантини танладик. Мақсадим келажакда кучли Европа чемпионатларида ҳам ўзимни синаб кўриш, бунга эришиш учун астойдил ҳаракат қилаяпман.
- Футболга кириб келишингиз жараёни қандай бўлган?
- Болалигимда онам мени футбол интернатига олиб борардилар. Кейинчалик машғулотларни акам билан олиб борганмиз. Биласизларми, ўшанда акам машғулотларни жуда ҳам қаттиққўллик билан ўтказардилар, тўғриси осон кечмаган. 15 ёшимда "Нефтчи" клуби билан шартнома имзолаганман. Шундан сўнг ёшлар жамоасида ўйнашни бошлаганман. Вадим Абрамов "Нефтчи" бош мураббийи этиб тайинлангач, 17 ёшимда мени асосий таркиб жамоасига жалб этган.
- Айтиб ўтганингиздек, ҳозир "Бунёдкор"дасиз. Нима учун бу клубни танладингиз, одингизда бошқа вариантлар ҳам бор эдими?
- Ҳа, менда вариантлар бор эди. "Бунёдкор"дан ташқари "Пахтакор", АГМК, "Андижон”, “Қўқон-1912" жамоалари мени ўз сафларида кўришни исташганди. Вадим Абрамов билан маслаҳатлашган холда "Бунёдкор" вариантини танладим.
- Фаолиятингизда энг ёдда қолган ўйинингиз ва урган голингиз қайси?
- Ҳали ёшман, насиб бўлса олдинда ўйинларим кўп. Лекин ҳозирда мен учун энг эсда қолган қадрли ўйин "Нефтчи" сафида "Машъал" билан ўтказилган учрашув деб ўйлайман. Энг қадрли гол ҳам айнан ўша ўйинда урган голим ҳисобланади.
- Сиз билан ишлаган мураббийлар ичида энг маъқул келганлари қайси?
- Вадим Абрамов ва Баҳром Ҳайдаров.
- "Нефтчи" клубига тилакларингиз қандай?
- Бу йилги мавсум якунида "Нефтчи" Суперлигага қайтишига тилакдошман. Жамоага фақат омад ва ғалабалар ёр бўлишини тилайман.
Онлайн мулоқот жараёнидан матнларни Бекзод Толибов ёзиб олди.
Comments