Андрей Канчельскис: "Айнан кимнидир ёки ЎФАни танқид қилиш ниятида эмас эдим. Барчасига ҳаяжон сабаб"
16 mar 2019 15:32
News
Андрей Канчельскис: "Айнан кимнидир ёки ЎФАни танқид қилиш ниятида эмас эдим. Барчасига ҳаяжон сабаб"
Бунда россиялик мутахассис ЎФА ишлаш тизимини тушунмаётгани ортидан танқидий фикрлар билдиргани кўриниб қолганди.
Профессионал футбол лигаси мазкур ҳолатни босиқлик билан қабул қилди ҳамда ишни ЎФА қўмиталарига оширишга шошилмади. Аксинча, Канчельскис билан бир неча кундан сўнг боғланиб, мазкур масала юзасидан изоҳ сўради.
“Биласизми, 1-тур ўйинини мезбон бўла туриб, ўз майдонимизда ўтказмаганимиз кайфиятимизни бироз бузди. Қолаверса, чемпионатни ғалаба билан бошламоқчи эдик. Лекин якунда “Қўқон-1912” билан дуранг ўйнадик. Бунинг ортидан матбуот анжумани вақтида кайфиятим жойида эмасди. Ҳаяжон сабаб фикрларимни бироз қўпол тарзда баён этиб юбордим. Аслида эса айнан кимнидир ёки ЎФАни танқид қилиш ниятида эмас эдим. Қизишиб айтган сўзларим учун футбол жамоатчилигидан узр сўрайман”, — деди Канчельскис.
Қайд этиш керак, Профессионал футбол лигаси ўз майдонида улкан ўзгаришлар қилаётган “Навбаҳор” футбол клубининг меҳнатларини қадрлайди. Шунинг учун ҳам мазкур жамоага ўз уй учрашувларини вақтинчалик исталган стадионда ўтказиш имконияти тақдим этилди. “Навбаҳор” стадионининг янги кўриниши қачон тайёр бўлиши ҳам, мазкур жамоа айнан қайси стадионда ўйнашни ихтиёр этиши ҳам ЎзПФЛ ёки ЎФАнинг қўлида эмас. Бундан келиб чиқадики, бош мураббий томонидан билдирилган кескин фикрлар кўпроқ жамоа раҳбариятига тегишлидир.
“Айни пайтда ПФЛ барча майдонлар идеал ҳолатда бўлишини талаб этмоқда ва бу жуда тўғри фикр. Ушбу ташаббусни тўла қўллаб-қувватлайман. Европада, хусусан, Англияда фаолият олиб борган киши сифатида айтишим мумкинки, яхши ҳолатдаги майдонда футболчи ҳам роҳатланиб тўп суради. Шунинг учун уй стадионимиз имкон қадар тез муддат ичида тайёр бўлишини ҳамда жамоамиз ишқибозларини чиройли ғалабалар билан хушнуд этишини истайман”, — деб фикрида давом этди мураббий.
ЎзПФЛ Канчельскис томонидан билдирилган мазкур фикрларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, бир йил муқаддам Суперлиганинг бир қатор клублари айнан “Навбаҳор” стадиони масаласида қийинчиликка дуч келгани, бироқ ПФЛ талаби билан ўйинлар наманганлик мухлислар кўз ўнгида ўтишини талаб қилганини эслаб ўтишни жоиз деб ҳисоблайди. “Навбаҳор” раҳбарияти бундан тўғри хулоса чиқариб, вазиятни яхшилаш йўлидан юраётгани ёқимли ҳолат. Таъмирлаш ишлари якунига қадар эса клуб мутасаддилари европалик мураббийга ҳолатни тўлиқ тушунтириб беришлари керак бўлади.
Профессионал футбол лигаси майдони айни пайтда учрашувларни қабул қилишга тайёр бўлмаган жамоаларга стадион танлаш ҳуқуқини тақдим этди. Шу боисдан “Навбаҳор” — “Қўқон-1912” учрашуви Тошкентдаги ТТЙМИ стадионида бўлиб ўтди. Боиси, Намангандаги стадион ҳам, “Қўқон-1912” уй стадиони ҳам айни дамда янги мавсумга тўлиқ тайёр эмас эди. Наманганликлар шу сабаб ўз уй учрашувини Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтказиш ниятида эдилар. Якунда эса “Навбаҳор” “Истиқлол” стадиони эмас, балки ТТЙМИ стадиони билан келиша олди ва натижада “лочинлар” илк тур ўйинини Тошкентда ўтказишди. “Навбаҳор” ва “Истиқлол” стадиони ўртасидаги келишув нима сабабдан амалга ошмагани юзасидан ҳам “Навбаҳор” футбол клуби изоҳ бериши керак, ПФЛ эмас.
ЎзПФЛ Канчельскис томонидан ҳаяжон сабаб айтилган фикрларга кейинчалик тузатиш киритилди, деб ҳисоблайди. Шунингдек, таъмирлаш ишлари давом этаётган бир қатор стадионларда иш якунига етгунига қадар футбол мухлислари ва ОАВ вакилларидан масалага босиқлик билан ёндошишни сўрайди. Яна бир неча кунлардан сўнг Суперлиганинг бир қатор стадионларида ижобий ўзгаришлар бўлаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Шу билан биргаликда ЎФА ҳамда ЎзПФЛ асоссиз танқид қилингани ҳолатида футболчи ёки мураббийлар ишини Тартиб-интизом ҳамда этика масалалари бўйича жавобгар қўмиталар кўриб чиқишини эслатиб ўтамиз.
Comments