Latest news

03:21ЕЧЛ. "Атлетико" ва "Тоттенхэм"да ғалаба. "Ювентус" яна дуранг ўйнади  0 03:05ЕЧЛ. "Бавария" меҳмонда ПСЖни таслим этди. Диас четлатилди, Дембеле жароҳат олди  14 03:00ЕЧЛ. ​"Ливерпуль" ўз уйида "Реал Мадрид"ни мағлубиятга учратди  155 01:31Элит ОЧЛ. "Ал Аҳли" меҳмонда "Ал Садд" устидан ғалаба қозонди, "Ал Иттиҳод" "Шаржа"га умуман имконият қолирмади  0 01:05ЕЧЛ. "Арсенал" йирик ҳисобда ғалаба қозонди. "Наполи" ва "Айнтрахт" дуранг қайд этишди  5 01:04Максим Шацких: "Қанақа натижа бўлишини ўйиндан кейин кўрамиз"  1 00:58U-17 Жаҳон чемпионати. Бугунги кундан ўрин олган учрашувлар натижаси билан танишинг  0 00:27Палмер "Барселона"га қарши ўйингача сафга қайтиши мумкин  1 23:42Роналду Жаҳон чемпионитида ғалаба қозонишни орзу қилмаслигини айтди  11 23:31Ислом Бирдамлиги ўйинлари. Ўзбекистон футзал термаси Саудия Арабистонини мағлубиятга учратди  0 23:17Ислом Исмоилов: "Эртанги ўйинга футболчилар 100% тайёр"  2 22:32Мбаппе пенальти тепиш имкониятини энди бошқаларга бермайди  6 21:52Пеп Гвардиола: "Франция ва Германияда ЕЧЛда ўйнайдиган жамоалар жума куни чемпионат ўйинларини ўтказишмоқда"  4 21:32Криштиану Роналду: "Манчестер Юнайтед" нотўғри йўлда"  13 21:08Эрлинг Холанд: "Мен улар каби бўла олмайман"  11

Андрей Вайберт: "Вилоятларда ҳам шароитларни яхшилаш керак" News

Андрей Вайберт: "Вилоятларда ҳам шароитларни яхшилаш керак"

Маълумингизким, юртимизда Германия Бундеслигасининг "Ҳанновер-96" клубининг мураббийларидан бири Андрей Вайберт меҳмон бўлиб, турли шаҳарларимизда ёш футболчилар учун машғулот ва мастер-класслар ўтказиб кетди.
Тошкент, Гулистон, Жиззах, Бухоро, Навоий ва Қаршида бўлиб қайтган Вайберт самарқандлик ёш футболчилар учун машғулот ташкиллаштирмаган эса-да, Навоий вилоятидан Қашқадарёга бориш асносида кўҳна шаҳарда меҳмон бўлди. Шаҳримизнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилдириш баробарида Андрейни гапга солдик.

Ушбу интервью мазмун ва аҳамияти борасида долзарб бўлгани учун муаллиф рухсати билан сайтимизга жойлашга қарор қилдик.


- Андрей, юртимизга хуш келибсиз! Самарқанд сизда қандай таассурот қолдирди?

- Ҳа, Самарқанд худди мен тассавур қилганимдек, афсонавий шаҳар экан. Умуман, бу кўҳна шаҳар ҳақида китоблардан кўп ўқиган эдим. Таассуротларим тасаввуримдан кўпроқ. Жуда мафтункор шаҳар экан.

- Юртимиз сизга ёқдими?
- Биласизми, Марказий Осиё менга бегона эмас. Ўзим Ўшда туғилиб, катта бўлганман. 12 ёшимда Германияга кўчиб кетдик. Умуман, болалигимда ўзбеклар ичида ўсганман, бобом юк машинаси ҳайдарди, бутун Ўрта Осиёни кезиб чиққан. Бухорога борса фақат қовун олиб келарди, жуда ширин қовун эди, мазаси тилни ёрарди. Яқинда Бухорода бўлганимда яна ўша қовундан татиб кўрдим, мазаси ҳамон ўша-ўша. Болалигим ёдимга тушиб кетди. Ўзбеклар ҳаёт тарзи менга мутлақо бегона эмас. Буни қарангки, ҳарбий хизматни ҳам Термиз аэропортидаги Германия транспорт-юклаш тугунида санитар бўлимида амалга оширганман.

- Айтинг-чи, юртимиздаги бир неча вилоятлардаги футбол тарбияланувчилари ҳузурида бўлдингиз. Асосий мақсадингиз ҳақида ўртоқлашсангиз.
- Мақсад - ёш ўзбек футболчиларига европани футболи стандартларига оид нормативлар билан кўздан кечириш, баъзи нарсаларни ўргатиш, қолаверса уларни кузатиш...

- Бир неча вилоятларда бўлдингиз, ёшларимиз билан ишладингиз. Дастлабки хулосаларингиз қандай?
- Аввало айтишим керакки, шу йилнинг баҳорида ҳарбий хизматдалигимда илк машғулотларни термизлик ёш футболчилар билан муваффақиятли ўтказган эдик. Умуман олганда, хулосалар ёмон эмас. Ўша лойиҳа бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга қарор қилдик ва бу сафар мастер-классни пойтахтдаги футбол академияларидан бошладим. Ўшалардагидек аслаҳалар (спорт инвентарлари) ҳамма жойда ҳам бўлишини истар эдим. Вилоятларда оддийгина реакцияни шакллантирувчи нарвон йўқ. "Пахтакор" ва "Насаф"да бор. Хайрият ўша ерда қўлбола ясаб олдик. Вилоятларда ҳам шароитларни яхшилаш керак. Шароит деганда майдонни, эпикировкаларни назарда тутмаяпман. Оддий машғулотлар дастури йўқ. Шунга яраша аслаҳалар йўқ. Ҳолбуки, вилоятларда ҳам ҳали тарашланмаган бриллиантга тенглаштириш мумкин бўлган иқтидорли болалар борлигига гувоҳ бўлдим. Олмос - биласиз, тарашланмагунча кўзни қамаштирувчи шиша бўлагидан фарқ қилмайди. Қачонки унга сайқал берилсагина қимматбаҳо бриллиантга айланади. Билишимча, ўсмирлар терма жамоасига асосан "Бунёдкор" ва "Пахтакор" футбол мактаби фойдаланувчилари жалб этилар экан. Буни тўғри усул, деб бўлмайди. Германияда фақат "Бавария" Ва "Боруссия"дан эмас, барча клублардан ёшлар йиғилади…

- Лекин у мактабларга ҳам иқтидорли ёш футболчилар бутун мамлакат бўйлаб йиғиб олиб борлишини унутмаслик керак. Нима демоқчиман, Мексика, Туркияда ўтган жаҳон чемпионатларида қатнашган таркибларда барча вилоятлар вакилларини кўришимиз мумкин…
- Тўғри, балким шундайдир. Лекин футболни алоҳида бир жойда парваришлар барибир нотўғри. Биласизми, Германияда қанақа? Бундеслига ва иккинчи Бундеслигада қатнашувчи барча клубларга Германия футбол федерациясидан тасдиқланган режали дастур келади ва ёшлар ана шу дастур бўйича тарбияланиб борилади. Албатта, вақти-вақти билан уларни парваришлаётган мураббийлар учун тренинглар, семинарлар ўтказилиб турилади. Уларда қўшимча янгиликлар, юкланмалар муҳокама этилади. Ўзбекистонда ҳам ёшлар футболига айни шундай муносабатда бўлиш керак, деб ўйлайман. Шунинг учун Германия футболида иқтидорларнинг кети узилмайди, барча ёшдаги терма жамоаларга ирқи, миллатидан қатъий назар иқтидорлар етказиб берилаверади.

Айтмоқчиманки, Ўзбекистонда ишни изчил йўлга қўйиш учун барча шароитлар муҳайё. Кўряпман, стадионлар жуда ажойиб. Жаҳон андозаси даражасида барпо этилган. Давлат томонидан болалар спортига кучли эътибор бор. Эндиги навбат ишни ҳам жаҳон андозаси даражасида ташкил этишга қаратиш керак.

Мен ўзим гувоҳ бўлдим. Вилоятларда жуда кўп иқтидорли ёшлар бор. Уларни тўғри тарбиялаб, тўғри юкланма бериб, тўғри парваришлаб борилса, улардан жаҳон миқёсидаги топ-футболчиларни тарбиялаш ҳеч гап эмас. Мен ўзбек ёшларини гавда тузилиши, жисмоний жиҳатдан Корея, Япониялик тенгдошларига қиёслайман. Ана, Бундеслигада жавлон уриб ўйнашаяптику узоқ шарқлик футболчилар? Нега ўзбек футболчиси ўйнамаслиги керак. Ҳамма гап, тарбиялашда, пойдеворда!

- Демак, ёш футболчиларни тарбиялашда бизга изчил тизим камлик қилаяпти, деган фикрдасиз?
- Ҳа! Такрорлайман, бу ерда бир жиҳатни эътибордан қочирмаслик керакки, билимга, ўрганишга, ўзлаштиришга чанқоқ ёшлар дарҳақиқат кўп. Уларни маълум бир қолип асосида тайёрлаб бориш керак. Ёшига қараб саралаб, юкламаларни шунга қараб кўпайтириб бориб. Қайтараман, бунинг учун Германиядагидек, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан жаҳон, Европа андозаларига мос умумий норматив ишлаб чиқилиши, ёшларга жорий этилиши ва ҳар чоракда спорт нормативларнинг қандай бажарилаётгани назорат этиб борилиши керак. Режа ишлаб чиқилиши лозим. Бу нафақат пойтахтдаги футбол академиялари, футбол клублари қошидаги мактабларда ҳам, вилоятлардаги футбол мактабларида ҳам ёппасига, бирдек амалга оширилиши керак. Ана шунда клубларга, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига рақобатбардош ёш футболчилар ўз-ўзидан етишиб чиқа бошлайди ва бунинг келгусида миллий терма жамоага ҳам фойдаси тегади.

Мен бу йўлда Ўзбекистон футбол федерациясига қўлимдан келган барча ёрдамни беришга тайёрман.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ суҳбатлашди
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика