Latest news

20:13"Ланс" — "Марсель". Ҳусанов дисквалификация сабаб ўйинни ўтказиб юборади  1 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  1 19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  1 19:21Суперлига. "Андижон" "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этди ва Суперлигада ўрнини сақлаб қолди  13 19:09Денис Коростиченко: "Бунёдкор" захираси бизникидан кучлироқ экан"  0 18:47Туркия. Алиқулов жамоаси иродали ғалабага эришди  0 18:20"Ростов" сўнгги 15 дақиқаликдаги 2та гол туфайли ЦСКАдан ғалабани юлиб олди  7 18:00"Севинч" - 14 карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби!  3 17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  7 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  18 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1

Алишер Зиёвуддинов: Терма жамоада ўйнашни орзу қиламан News

Алишер Зиёвуддинов: Терма жамоада ўйнашни орзу қиламан

2014 йилги мавсум поёнига етганига ҳали кўп бўлмади. Аммо мухлислар ҳозирданоқ катта футболни соғинишди десак муболаға қилмаган бўламиз.
Уларни табиийки жамоалардаги янгиликлар, таркиблардаги ўзгаришлар, футболчиларнинг таътилни қандай ўтказишаётганлиги қизиқтирмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда биз “Металлург” жамоасида 2014 йилги мавсумда асосий таркибидан муқим ўрин эгаллаган Алишер Зиёвуддинов билан боғландик.

Тезроқ мавсум бошланишини кутаяпман

- Алишер, таътил қандай ўтяпти? Футболни соғинмадингизми?

- Рости дам олишдан зерикдим. Маҳаллада болалар билан бўш вақтимизда тўп тепиб турибмиз. Тезроқ йиғинларнинг бошланишини, ўртоқларим билан дийдорлашишни истаяпман.

- Таътилда ҳеч ким билан кўришмадингларми?

- Нега энди, ўртоқлар билан кўришиб турибмиз. Жамоамизда икки ўйинчимиз уйланди. Суннатилла ва Шоҳназарнинг тўйи баҳонасида жамоадошлар билан учрашдик. Бироқ баҳона сабаб кўришиш бошқа-ю, йиғинларда бирга бўлиш бошқада. Кўпи кетиб ози қолди. Насиб қилса, 15 декабрдан Чирчиқда тўпланамиз. Тиббий кўрикдан ўтгач, кейинги мавсумга тайёргарликни бошлаб юборамиз.

- Янги мавсумда жамоалар сони 16 тага оширилаётганлиги ҳақидаги янгиликни эшитгандирсан, қандай қабул қилдингиз?


- Жамоалар сони ошаётганлигидан фақат хурсанд бўлиш керак. Ўйин амалиёти кўпаяди. Футболчи қанчалик кўпроқ иш билан машғул бўлса, маҳорати шунча ошади. Нафақат чемпионат, балки мамлакат кубоги баҳслари учрашувлар сони ошади. Янги рақиблар билан куч синашиш эса футболчига завқ бағишлайди. Ўз навбатида мухлисларни ҳам бу янгилик хурсанд этмасдан қолмади, деб ўйлайман.

- “Андижон” ва “Сўғдиёна”га олий лигада қолиш имконияти берилаётганлиги тўғри деб ўйлайсизми ёки кўпчилик гапираётганидек биринчи лиганинг 3-4- жамоалари билан ўтиш ўйинлари ўтказилганлиги маъқул бўлармиди?

- Спорт тамойилларидан келиб чиққан ҳолда ўтиш учрашувлари ўтказилиши керак эди, албатта. Аммо биринчи лигада ўтган мавсум 3-4-поғоналарни эгаллаган жамоаларнинг “Сўғдиёна” ва “Андижон”га бас кела олишига унчалик ишонмайман. Ҳар ҳолда олий лига ҳавосини олган, катта тажрибага эга бўлган жамоалар шундай рақобат ташкил этилганида ҳам ғалаба қозонишарди.

2014 йил сарҳисоби

- Энди ортда қолган мавсум ҳақида гаплашсак. 2014 йилги мавсумдан қониқиш ҳосил қилдингизми?

- Жамоамизнинг эгаллаган ўрнидан тўла қониқдим деб айта олмайман. Бунданда яхшироқ натижаларга ҳақли эдик. Бир қатор ютишимиз керак бўлган учрашувларда керакли натижаларни қайд эта олмадик. Бунинг албатта объектив ва субъектив сабаблари бор. Биринчи навбатда барча спорт турларидаги сингари футболда ҳам омад керак. Бутун ўйин давомида ташаббус биз томонда бўлиб, ютқазиб қўйган, дурангга эришган учрашувларимиз бўлди. Андижонда, Навоий, Зоминда майдон эгаларига нисбатан биз кўпроқ ғалабага яқин ўйин намойиш этгандик. Ёки ўз майдонимизда “Пахтакор”га қарши ўтган ўйинни олайлик, ўн киши бўлиб ҳам чемпион жамоага қарши учрашувда ҳисобни тенглаштира олгандик. Чарчаб қолганлигимиз, учрашув охирида бироз бўшашганлигимиз туфайли ютқазиб қўйдик. Аксинча, рақиб устунлик қилган баъзи ўйинларда эса биз матонат кўрсатган ҳолатлар ҳам бўлди. Қаршида “Насаф” билан ўйин бунга мисол бўла олади.

- Бевосита ўзингизнинг ўйинларингиз хусусида…


- Нима ҳам дердим, менинг ўйинимга мураббийларимиз, мухлислар баҳо беришади. Ўз ўйиним ҳақида гапиришим қийин. Лекин шу нарсани айтишим керак, бу йил мураббийларимиз менга кўпроқ ишонч билдиришди. Асосий таркиб ўйинчиларидан бирига айланганимдан хурсандман. Голлар киритдим. Чиройли комбинациялар иштирок этдим. Ғалаба шукуҳини, мағлубият аламини жамоадошларим билан биргаликда баҳам кўрдим. Футболчи учун доимий равишда ўйин амалиётига эга бўлиш, мухлисларга қувонч улашиш, эл назарига тушишдан ортиқ бахт бўлмаса керак.

- Маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, сизнинг фаолиятингизда яққол ўсишни кўрамиз: 2013 йилги мавсумда 6 ўйинда, жами 214 дақиқа ўйнагансиз, холос. XXIIIмиллий чемпионатда эса 25 та учрашувда майдонга тушиб, 2146 дақиқа тўп сургансиз. Рақиблар дарвозасига 4 та гол киритиб, ҳакамлардан 2 марта огоҳлантириш олгансиз...

- Яна такрор айтаман, мураббийларимизнинг менга кўпроқ этибор қаратишаётганлигидан хурсандман. Бир йил ичидаги тафовутни кўриб ўзим ҳам рости ғурурланиб кетдим. Бу албатта устозларнинг бераётган ўгитларига риоя этаётганлигимизнинг самараси деб ўйлайман. Рустам Мирсодиқов, Микола Шевченко, Абдуқаҳҳор Маъруфалиев, Февзи Давлетовларнинг кўрсатмаларига биноан мавсумга пухта ҳозирлик кўргандик. Жисмоний тайёргарлигим уларга маъқул келган бўлса керак, таянч ярим ҳимоясида менга кўпроқ ишонч билдиришди. Мураббийлар ва мухлислар ишончини оқлаганлигимдан хурсандман, бироқ ҳали ўз устимда янада кўпроқ меҳнат қилишим, тинимсиз ишлашим ва изланиши кераклигини яхши биламан.

- Буни билиш яхши албатта, танқидларга муносабатингиз қанақа?


- Ижобий натижадан кейин мураббийларимиз ўйинга ортиқча изоҳ бериб ўтиришмайди. Агар ўйинимиз чиқмаса, қовушмаса, танқиб қилишади. Камчиликларимиз, нуқсонларимизни юзимизга айтишади. Танқидларни тўғри қабул қиламан. Нафақат мураббийларнинг, балки мухлислар, яқин таниш-билишларимнинг ҳам эътирозларига қулоқ тутаман. Жамоада айниқса Абдуқаҳҳор ака менга кўпроқ танбеҳ бериб турадилар. Чунки ўйиндан кейин кўпинча у киши билан биргаликда уйга қайтамиз. Йўл давомида ўйинни таҳлил этиб борадилар. Қаерда хатога йўл қўйганлигимни, кейинги сафар шундай ҳолатларда қандай ўйнашим лозимлигини уқтириб кетадилар. Бунинг учун албатта у кишидан мамнунман.

- Сиз ўйнайдиган чизиқда бу йил кимлар асосий рақобитчи бўлишди?


- Таянч ярим ҳимоясида ўйнайдиган футболчилар жамоамизда анчагина. Мендан ташқари Суннатилла Мамадалиев, Дониёр Одилов, Дилмурод Каримов, Мирғиёс Сулаймоновлар майдон марказида ҳаракат қилишади. Бироқ бу йил мураббийлар вазият тақозосидан Дониёрни кўпроқ марказий ҳимояда ҳам ўйнатишга мажбур бўлишди. Мавсум охирига келиб Мирғиёс ўнг қанот ҳимоясида майдонга тушди. Хуллас, асосий оғирлик марказда Мамадалиев, Каримов ва менинг зиммамда бўлди. Дилмурод кўпроқ рақиб ўйинини бузиш билан машғул бўлди. Суннатилладан эса мураббийлар ҳужумчилар ортидаги таянч ҳимоячиси сифатида фойдаланишди. Мен жамоа ҳужумини тузиш, зарурат бўлган ҳолатларда эса рақиб ҳужумини бузиш билан машғул бўлдим.

- Сизга кўпроқ ҳужумни ташкиллаштириш ёқадими, ёки рақиб ҳужумини тўхтатиш?


- Футболда ҳар иккаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Фақат ҳужум уюштириш билан ўйинни ўтказа олмаганимиздек, фақат ҳимояга ётиб олишимиз ҳам мумкин эмас. Бироқ мухлисларга хуш кайфият улашувчи чиройли ҳужумларни ташкил этиш, гол завқини туйишга нима етсин.

- Бу йил тўртта гол киритганингизда ўзингизни қандай ҳис этдингиз?


- Осмонда учиб юрдим десам, ишонмассиз. Ҳужумчиларга шунинг учун ҳам ҳавас қиламан. Голларим сони бунданда кўпроқ бўлиши ҳам мумкин эди. Бир қатор қулай вазиятлардан фойдалана олмадим. Улар ҳамон кўз олдимда гавдаланади. Бир бора пенальтини амалга ошира олмай, жамоадошларимга панд берганим учун ўзимни койийман. Аммо футболчи натижани тезда унутиши, кейинги ўйинга янги куч, янги ғайрат билан тушиши лозим.

Терма жамоада ўйнаш орзуси

- Бироз орқароққа қайтиб, “Металлург”га илк қабул қилинган пайтингизга назар ташласак. Сиз жамоа ўйинига тез қовушиб кетгандингиз, аммо орада икки йил нимагадир сизни таркибда кўп кўрмадик. Бу йил яна асосий ўйинчилардан бирига айландингиз...

- Мени “Металлург”га Александр Мочинов 2010 йил охирида тавсия этганди. Олий лигадаги биринчи мавсумим – йигирманчи миллий чемпионат менга бир қатор қувончли дақиқаларни тақдим этганди. Нима десам экан, илк муваффақиятларимдан бошим айланиб қолди шекилли, ўз устимда ишлашни ташлаб қўйдим. Натижада кейинги икки мавсум “бўш” ўтди. Бунинг учун албатта ўзим айбдорман. Ўша мавсумларни эслагим келмайди. Бироқ ундан кўз юмиб ҳам бўлмайди. Биринчи навбатда Рустам акага катта раҳмат, менга қайта ишонч билдирганликлари, ножойиз йўлдан қайтарганликлари ва ўйин амалиётини берганликлари учун. Айнан шу ишончни суиистеъмол қилмаслик учун ҳам тинимсиз меҳнат қилдим, ўз устимда ишладим. Қолаверса футболчи бўлишимдан олдимга қўйган мақсадларим, орзуларим бор эди. Шуларга эришишим учун ҳам тинимсиз изланишим керак эди. Худога шукур, яна ўйинимни топиб олдим. Жамоада ўрнимга, ўйинимга эга бўлаётганлигимдан бошим осмонда. Оилада онам, яқинларим муваффақиятларимдан хурсанд. Насиб бўлса, барча ниятларимга эришаман деб, умид қиламан.

- Сир бўлмаса, қандай орзу, умидлар билан яшаяпсиз...

- Энг катта орзуим, бу терма жамоа таркибида майдонга тушиш, халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя этиш, нуфузли мусобақаларда қатнашиш.

- Сиз ўйнаётган чизиқда рақобат энг кучли эканлигидан чўчимайсизми: Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Тимур Копадзе, Жамшид Искандаров, Жавлон Иброҳимов...

- Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Марказий ҳимояда бизда истеъдодлар азалдан кўп бўлган ва ҳозир ҳам оз эмас. Аммо чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, деган нақл бор халқимизда. Терма жамоада ўйнаш истагим менинг янада иродали бўлишимни, янада кўпроқ меҳнат қилишимни талаб этади. Қийинчиликлардан қўрқмайман, ишлашдан чарчамайман. Терма жамоа мураббийлари назарига тушиш учун бор кучим, маҳоратимни ишга соламан.

- Янги йилнинг дастлабки ойидан эътиборан миллий терма жамоамиз Осиё кубогининг финал раундида қатнашади. Сиз ундан нималарни кутаяпсиз?


- Ижобий натижани. Сўнгги ўйинларини миллий терма жамоамиз яхши ўтказиб, мухлислар умидини тиклади. Насиб бўлса, яшил қитъа майдонларида Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумкор ўйинлари билан ишқибозлар ишончини оқлайди.

- “Металлург” жамоасидан бу йил бир қатор ўйинчилар терма жамоалар йиғинларига чақирилганди...


- Тўғри айтдингиз, Шаҳзодбек Нурматов миллий терма жамоамизга, Шоҳназар Норбеков эса ёшлар терма ажмоамизга жалб этилди. Улардан ташқари Суннатилла Мамадалиев, Ҳикмат Ҳошимов сингари ўйинчиларимиз ҳам селекционерлар эътибор беришига арзийдиган мавсумни ўтказишди деб ўйлайман. Лоф деманг-у, Ҳикмат Ҳошимов ҳозирги ёшида ҳам олий лига либеролари орасида яққол ажралиб турди. Жуда ҳам ишончли ҳимоячи. Бу албатта менинг фикрим. Аммо таркибни ёшартириш, ёшларга йўл бериш кераклигини ҳам тушунаман. Эҳтимол мухлислар менинг фикримга қўшилар.

Футболга бироз кечикиб кириб келганман

- Бевосита Алишер Зиёвуддиновнинг футболга кириб келган йилларини ҳам ёдга олсак...

- Қаршилигим йўқ. Янгийўлданман. Ўн ёшимдан “Гулбаҳор” шаҳарчасидаги БЎСМга қатнай бошлаганман. Қишлоқ шароити бўлганлиги боис тенгқурларимга қараганда футболга бироз кечикиб кирганман. Биринчи мураббийим Андрей Снетков. Тўққизинчи синфгача шу даргоҳда чарм тўп сирларини ўргандим. Ундан кейин туманимиздаги ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида таҳсил олдим. 2009 йили Снетковнинг тавсиясига биноан мени “Оқтепа” жамоасига қабул қилишган. Икки мавсумни Александр Мочинов қўл остида ўтказганман ва у кишининг тавсиясига кўра 2011 йилдан “Металлург” жамоасига ўтганман. Бекободликлар сафидаги фаолиятим ҳақида эса суҳбатимиз бошидан гаплашиб турибмиз.

- Энг куйинчак мухлисларингиз кимлар?

- Оилада онам уч фарзандни ёлғиз катта қилдилар. Опаларим турмушга чиқиб кетишган. Ҳар гал ўйиндан қайтишимни онам интизорлик билан кутиб ўтирадилар. Энг куйинчак мухлисим онаизорим албатта. Менинг қандай натижага эришишим эмас, биринчи навбатда соғ-омон бўлишим, жароҳат олмаслигимни истайдилар улар. Кейин Элнур исмли жияним бор. ҳар гал ўйинимиздан кейин биринчилардан бўлиб телефон қилади. Қандай ўйнаганимизни, натижани сўрайди. Яқин танишларим, оғайниларим, қўни-қўшнилар, хуллас мухлисларим бор...

- Жамоадаги муҳит тўғрисида...

- Бизда ҳаммаси рисоладагидек десам адашмайман. Футболчиларнинг бир бирларига муносабатлари жуда кўнгилдагидек. Тажрибали ўйинчиларимиз кўмагида ёшлар ўз ўринларини топиб кетишмоқда. Жамоада мўътадил муҳитнинг сақланиб туришида ҳам уларнинг ўрни беқиёс. Ҳикмат Ҳошимов, Шуҳрат Йўлдошев, Саидкомил Акбаров сингари тажрибали футболчилар биз ёшларнинг хатоларимизни айтиб туришади. Майдонда шахсий намуна кўрсатишади. Тажрибали футболчилар маҳорати ва ёшлар ғайрат шижоати жамоамизда уйғунлашган. Охирги икки мавсумда бир қатор учрашувларда мухлисларга манзур бўлувчи ўйинни намойиш этдик деб ўйлайман. Гранд жамоалар ҳам Бекободга ўйлаб келадиган бўлди. Бу албатта “Металлург”нинг кучи ва имкониятларидан далолат беради.

- Янги мавсум арафасида турибмиз, режалар қандай...

- “Металлург” йиғинни 15 декабрдан бошлайди. Ниятларимиз албатта катта. Кейинги йили клубимиз ташкил этилганига 70 йил тўлади. Бундай санани юксак натижалар билан қарши олишни хоҳлаймиз. Бевосита ўзимга тўхталадиган бўлсам, ўйинимни янада кучайтириш йўлида изланишлардан тўхтамайман. Мақсадим чиройли ўйиним билан ишқибозлар эътиборини, меҳрини қозониш. Устозлар ўгитига амал қилиш, етук футболчилардан бирига айланиш, халқаро майдонларда тўп суриш...

- Барча эзгу ниятларингиз ижобатга айланишини истаб қоламиз. Тезроқ яшил майдонларда кўришиш насиб этсин.

- Айтганингиз келсин, раҳмат.

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика