Александр Хомяков: "Иккинчи голдан сўнг хотиржамликка берилдик"
04 apr 22:23
News
Александр Хомяков: "Иккинчи голдан сўнг хотиржамликка берилдик"
- Ўйин ҳақида...
- Биринчи навбатда мухлисларга бизни қўллаб-қувватлаганликлари учун рахмат айтаман. Шунингдек, бугунги ажойиб ғалаба учун жамоа футболчиларига миннатдорчилик билдираман.
Ўйин ҳақида айтадиган бўлсам, биринчи голни урдик, кейин иккинчисини ҳам. Шундан кейин ҳушёрликни йўқотдик, баъзи вазиятларда хотиржамликка берилдик. Захирадан янги кучларни майдонга ташладик, кучга тўла футболчилар ўйинимизни янада кучайтириши керак эди, бироқ ундай бўлмади. Марказни бой бериб қўйдик. "Локомотив" жуда яхши шаклланиб бораётган кучли жамоа. Балки улар ўйиннинг охиригача курашганликлари бизга панд бергандир.
Умумий айтадиган бўлсам, бугун кўрсатган ўйинимиздан қониқдим. Йигитларга раҳмат.
- Захирадан ўйинга қўшилган футболчилар жамоа ўйинини кучайтириб юбормаяпти. "Сурхон"га қарши учрашувда шу каби ҳолат кўринганди. Бунинг сабаби нимада?
- Захираларни аввалдан тайёрланган режа асосида амалга оширамиз. Тўғри айтдингиз, "Сурхон" билан ўйинда ҳам захиралардан сўнг жамоа ўйинида пасайиш кузатилди. Балки бу ҳисоб билан боғлиқ хотиржамликдир. Бу борада ишлаймиз.
- "Андижон" мавсумни жуда яхши бошлади. "Бунёдкор"ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди, "Насаф"дан очко олди. Бугун ҳам ғалабага эришди. Сизнингча, ушбу барқарорлик қанча муддат давом этади? Чунки, иккинчи даврада жисмоний холат асосий жиҳатга айланиб қолади, биласиз...
- Камчиликларимиз йўқ эмас. Ғалабаларга эришаяпмиз, ҳозир эндигина 5-тур. Олдинда узоқ мавсум бор. Барча жиҳатларни ҳисобгв оламиз. Жамоа таркибида сифатли ўйин намойиш этадиган футболчилар бор. Биз ўйинлар давомида кучайиб боришимиз керак. Ҳозир чемпионат якуни ҳақида олдиндан бирон фикр айтиб бўлмайди. Ишлашда давом этишимиз зарур.
Comments