Александр Хомяков: "Бу ўйинда биринчи рақам бўлиб майдонда ҳаракат қилдик"
15 oct 2023 09:04
News
Александр Хомяков: "Бу ўйинда биринчи рақам бўлиб майдонда ҳаракат қилдик"
- Александр Андреевич, учрашув борасида нима дея оласиз?
- Дастлаб Қирғизистон жамоасига миннатдорчилигимни билдириб ўтаман. Вақт ўтиб Андижонга келишгани учун раҳмат айтмоқчиман. Чемпионатимизда бироз танаффус бўлгани боис биз ушбу учрашувни кутиб тургандик. Ўйин менга ҳар томонлама маъқул келди. Ўртоқлик учрашуви бўлишига қарамасдан бизни қўллаб-қувватлаб турганликлари учун мухлисларимизга чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Доим ҳам бундай клублар билан ўйин бўлавермайди. Шу сабабли Қирғизистон жамоаси билан яхши ўйин ташкил қилдик, деб ўйлайман. Ўйин ва дуранг натижа мени қониқтирди. Баъзи учрашувларимизда иккинчи рақам остида ўйнадик. Лекин бу ўйинда биринчи рақам бўлиб майдонда ҳаракат қилдик. Шундай экан, “Мурас Юнайтед” жамоасига бу ерга келиб биз билан ўйнаганлиги учун ташаккур айтаман.
- Рақиб жамоанинг ўйинчилари ҳақида фикрингиз қанақа?
- Тажрибали ўйинчилари борлиги ва кучли жамоа эканлиги кўриниб турибди. Таркибда ёши катта, маҳоратли футболчилар борлигини кўриш мумкин. Алоҳида ажратиб кўрсатмайман, аммо биринчи учрашувда ҳам 10-рақамли футболчисининг яхши ҳаракат қилганини кўргандим. Умумий маънода айтганда, жанговар жамоалигини кўриш мумкин.
- Бугунги ўйинга оид бўлмаган бошқа саволим бор. Ижтимоий тармоқларда “Андижон” жамоасида овқатланиш билан боғлиқ муаммолар борлиги ҳақида айтиляпти. Бунга муносабатингиз қандай?
- Ахир “сариқ матбуот”ни камроқ ўқинглар. Қандай жавоб беришни ҳам билмай қоляпман. Наҳотки, бизда шундай муаммолар бор деб ўйласангиз?! Наҳотки, бизда шундай муаммолар бўлиши мумкин?! Бу каби муаммолар бўлиши мумкин эмас! Албатта, бу кулгули ва хато маълумотлар. Бундай хабарларни ёлғон деб таъкидлаб ўтаман. Шунинг учун “сариқ матбуот”ни ўқимаслигингизни ва бу каби хабарларга ишонмаслигингизни сўраб қоламан. Келинглар, кўринглар, иложи бўлса бирга овқатланамиз.
Comments