Latest news

19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  1 19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  0 19:21Суперлига. "Андижон" "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этди ва Суперлигада ўрнини сақлаб қолди  12 19:09Денис Коростиченко: "Бунёдкор" захираси бизникидан кучлироқ экан"  0 18:47Туркия. Алиқулов жамоаси иродали ғалабага эришди  0 18:20"Ростов" сўнгги 15 дақиқаликдаги 2та гол туфайли ЦСКАдан ғалабани юлиб олди  7 18:00"Севинч" - 14 карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби!  3 17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  7 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  18 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  27

Акбар Тўраев: "Олий лигада 16та жамоанинг иштирок этиши яхши, лекин..." News

Акбар Тўраев: "Олий лигада 16та жамоанинг иштирок этиши яхши, лекин..."

Бу йилги футбол мавсуми Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоаси учун бироз омадсиз якунланди.
Амалдаги Ўзбекистон чемпионлари миллий чемпионатда 4-ўрин билан кифояланишди. Қалдирғочлар учун сўнгги имконият бу Ўзбекистон кубоги эди. Лекин Олмалиқда "Локомотив" клуби билан бўлиб ўтган финал учрашувининг қўшимча бўлимлари сўнгги дақиқаларида ўтказиб юборилган гол туфайли Сергей Лушан шогирдлари мавсумни совринсиз тугатишга мажбур бўлишди. Энди бу омадсизликнинг ўзига яраша сабаблари бор албатта. Ҳар ким турлича фикр билдиряпти. Айримлар мавсум давомида уч маротаба бош мураббийнинг алмашганига омадсизликни йўйишаётган бўлса, баъзилар таркибдаги ўзгаришларни сабаб сифатида келтирмоқда. Ҳақиқатан ҳам, чемпион таркиб билан бу йилгисини таққосласак сезиларли ўзгариш бўлгани ойдинлашади. Лекин тан олиш керак, Сергей Лушан шакллантираётган ҳозирги таркибнинг келажаги бор. Бош мураббий асосий урғуни ўз тарбияланувчилари ва ёшларга қаратяпти. Бу эса албатта ўз мевасини беради. Кейин бу синалган услуб. "Пахтакор" жамоасининг бу йил чемпионликни қўлга киритишини кутилмаган ҳолат сифатида қабул қилмаслик керак. Ўтган йили шерларда шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди. Мана бу йил жамоа ўз мақсадига эришди. "Бунёдкор"да ҳам шундай ўсиш иккинчи даврада кузатилди ва келаси йили жамоа чемпионлик йўлидаги курашда жиддий рақибга айлнашини тахмин қилиш қийин эмас. Биз "қалдирғочлар" сафида мавсум кашфиётларидан бирига айланган Акбар Тўраев билан учрашиб, ундан интервью олдик. Акбар ёш бўлишига қарамай, бу йил Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида илк ўйинини ўтказишга ҳам муваффақ бўлди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, Акбар Тўраев дарвозабон бўлгунга қадар барча чизиқларда ўйнаб кўришига тўғри келган.



- Футболга бўлган қизиқишимни тушунган дадам 8 ёшимда "Пахтакор" футбол мактабига олиб борганлар, - дея сўз бошлади "Бунёдкор" дарвозабони.  Икки йил давомида Бахтиёр ака Нуралиев қўл остиларида футбол сир-асрорларини ўргандим. Кейин "Чилонзор" жамоасига кўчиб ўтдим. Дарвозбонликни танлагунимга қадар барча чизиқларда ўйнаб чиқишга тўғри келди. Аввалига ҳимояда, кейин чап қанот ярим ҳимоясида ўйнадим. Ҳужум чизиғида ҳам ўз имкониятларимни синаб кўрдим. Бир куни ўйинга иккала дарвозабонимиз ҳам келмаган. Бири касал бўлиб қолган, иккинчиси хорижга кетиб қолган. Бу тақдирнинг менга берган туҳфаси бўлса керак, ўша ўйинда мураббийимиз мени дарвозани қўриқлашимни айтди. Ундан аввал ҳам машғулотларда пенальтини тепишни машқ қилсак, дарвозага ўз хоҳишим билан турардим. Очиғи, дарвозабонимиздан кўра, пенальтини қайтариш менда ўхшарди. Шунда мураббийимиз Прокофьев Борис Андреевич мени дарвозага қўйди. Бу ўйин кучли рақибга қарши бўлиб ўтганди. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланиб, ўйин давомида битта пенальтини қайтаришга муваффақ бўлгандим. Ўша ўйиндан сўнг дарвозабон сифатида шакллана бошладим.

- Бу вазият тақозоси эдими ёки ўзингизда ҳам дарвозабон бўлиш учун иштиёқ бормиди?
- Дарвозабонликка ҳар доим қизиқиш бўлган. Болалигимда маҳалладаги болалар билан ҳам футбол ўйнардик. Мен энг ёши эдим. Шу боис бўлса керак, ўзимдан ёши катта болалар мени дарвозага қўйишарди. Ёмон ўйнамасдим. Боз устига бўйим ҳам баландгина эди.  

- Адашмасам, 2009 йили "Бунёдкор" жамоаси билан шартнома имзоладингиз. "Қалдирғочлар" сафида пайдо бўлишингиз қандай рўй берди?

- Бунёдкорнинг ўринбосарлар жамоаси йиғинига таклиф этишди. Ҳаракатларим мураббийларга маъқул келди шекилли, мени жамоада олиб қолишди.

- 2014 йилги мавсумга келиб сиз биринчи рақамли дарвозабонга айландингиз. Унгача Игнатий Нестеров, Мурод Зуҳуров каби тажрибали дарвозабонлар билан рақобатлашишга тўғри келди. Бешинчи йил мобайнида биринчи рақамли дарвозабон бўла олмаслигингиз сизга руҳий жиҳатдан таъсир ўтказмадими?
- Таъсир қилган. Лекин мен Ўзбекистоннинг энг яхши дарвозабонлари билан бирга машғулот ўтказдим. Улардан кўп нарсаларни ўргандим. Бундан ҳар доим фахрланиб келганман. Нестеров, Зуҳуров, Бугало менга акаларча муносабатда бўлишди. Ўзларининг бой тажрибаларини мен билан бўлишишди. Айниқса, Нестеров билан бирга ишлаш менга мароқли бўлган. Бугало жуда ҳам тажрибали дарвозабон. Қирқ ёш бўлишига қарамай, ҳамон майдонда тетик, чаққон. Асосий таркибнинг биринчи рақамли дарвозабони бўлишимда уларнинг хиссалари катта бўлди.

- Лекин биринчи бўлиш ҳамиша қўшимча масъулият ва босим юклайди.
- Бежизга дарвозабонларга ярим жамоа деган таърифни беришмаган. Чизиқлар орасида энг қийини ҳам дарвозабон бўлса керак. Чунки, 90 дақиқа, агар қўшимча бўлимларга мурожаат қилинса, 120 дақиқа мобайнида ҳушёр туриш керак. Бирозгина чалғисангиз, бу бутун жамоа учун қимматга тушиши мумкин. Бу йилги мавсумда шахсан ўзимда ҳам шундай кутилмаган ҳолатлар бўлди. Бир-иккита ўйинда тажрибам камлиги панд бериб қўйди ва қайтаришим керак бўлган зарбаларни ўтказиб юбордим.



- Қисқа фурсат ичида Ўзбекистон миллий терма жамоасидан ҳам чақирув олдингиз. Шу йил Баҳрайнга қарши кечган учрашувда мамлакат бош жамоасидаги дебьютингиз қайд этилди. Бундай ўйинларни унутиб бўлмайди. Шундай эмасми?
- Албатта. Ўйиндан бир кун олдин дарвозабонлар мураббийи Петр Гизимчук менга эртага майдонга тушишимни айтди. У ҳаяжонланмаслигимни, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини, хато қилишдан қўрқмаслигим, бу менга берилаётган катта имконият эканлиги ва бундан қай даражада фойдаланиб қолишим ўзимгагина боғлиқ эканлигини уқтирди. Гизимчук ўз сўзлари билан Баҳрайн билан бўладиган ўйинга руҳий жиҳатдан тайёрлади. Ўзи аслида аввалроқ терма жамоадаги дебют ўйиним бўлиб ўтиши керак эди. Лекин елкамдаги жароҳат бунга йўл қўймаганди. Шундай бўлсада, терма жамоадаги илк учрашувимда ўз дарвозам дахлсизлигини сақлаб қолганимдан хурсандман. Терма жамоа либосида майдонга тушиш барибир бошқача экан. Зиммангиздаги масъулият жуда юқори бўлади. Ортингиздаги 30 миллионлик Ўзбекистон халқи турганлигини ҳис қилар экансиз. Ўртоқлик ўйини бўладими ёки расмий учрашув, бунинг аҳамияти йўқ. Миллий терма жамоа либосида майдонга тушдингми, 200 фоиз ўйинга тайёр бўлишинг керак.

- Муҳим ўйин олдидан ўзингизни руҳий жиҳатдан ўйинга тайёрлайсизми?
- Кўпинча классик йўналишдаги, Ватан ҳақидаги қўшиқларимизни тинглайман. Шу орқали эртага бўладиган ўйинга тайёргарлик кўраман. Кейин аввалги учрашувлардаги яхши ҳаракатларимни эслаб, ундан руҳланган ҳолда хам ўйинга тайёрланаман. Хатоларимни такрорламасликка интиламан. Босим ҳамиша бўлади. Ҳеч ким хато қилишдан ҳимояланмаган. Хато қилишдан эмас, уни такрорлашдан қўрқиш керак. Шахсан мен шундай деб ўйлайман. Ҳакам хуштаги чалингунича ҳушёрликни эсдан чиқармаслик лозим.



- Дарвозабонларни қўллаб-қувватлайдиган, уларга қўш қанот бўладиган чизиқ вакиллари бу ҳимоячилардир. Шахсан сиз қайси ҳимоячилар билан бирга ўйнаганда ўзингизни нисбатан эркинроқ ҳис қиласиз?
- Тажрибали ҳимоячи Хайрулла Каримов билан ўйнаш бошқа ҳимоячиларга қараганда нисбатан осонроқ. Хайрулла ака ҳақиқий жамоа етакчиси ва сардори. Тажрибалари жуда катта. Тўғри, озгина қизиққонликлари ҳам бор. Энди бу катта камчилик бўлмаса керак. Футбол бу курашларга бой спорт тури ҳисобланади. Миллий терма жамоа эса Анзур Исмоилов билан ўйнаш ёқади. Бу ҳимоячилар билан бирга майдонга чиққанимда ўзимни енгилроқ ҳис қиламан.

- Хорижлик ҳамкасбларингиздан кимларнинг ўйин услуби сизга маъқул келади? Уларнинг ҳаракатидан ҳам ниманидир ўрганиш мумкин.  
- Албатта. Хорижлик дарвозабонларда халқаро тажриба жуда катта бўлади. Менга Жанлуижжи Буффон, Эдвин ва дер Сар, Петр Чех, Дэвид Де Хеанинг ўйинларини ҳавас билан кўраман. Айниқча, Хеага ҳавасим баланд. Ташқи кўринишимиз ҳам ўхшаб кетади (кулади).

- Лекин Де Хеанинг "Манчестер Юнайтед" клуби бу йилги мавсумни ҳам омадсиз ўтказяпти...
- Энди бунда Хеанинг айби бўлмаса керак, деб ўйлайман. Жуда кўп учрашувларда дарвозабон ўз сейвлари билан жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қоляпти. Челси билан ўйинда ҳам қаҳрамонлик кўрсатди. Менимча, мураббийларнинг алмашинуви МЮнинг муваффақиятсиз мавсум ўтказаётганига сабаб бўляпти. Жуда кўп нарса мураббийга боғлиқ. Луи ван Гаалга вақт керак. Нафақат Гаалга, балки исталган мураббийга ҳам вақт бериш лозим. Қисқа фурсат ичида натижа кўрсатишнинг иложи йўқ. Голландиялик мутахассисни қаттиққўл дейишади. Ҳар бир мураббийнинг ўз иш услуби бўлади. Табиийки, жамоага келганидан сўнг нималарнидир ўзгартириши керак. Футболчиларнинг янги талабларга кўникиб олиши учун эса вақт талаб этилади. Таркибга бу йил келган Анхел Ди Мария, Радамель Фалькао ва бошқа футболчиларга ҳам вақт керак бўлади. Менга Мариянинг ҳаракатлари жуда ҳам маъқул келяпти. Жамоанинг ҳужумлари аргентиналиксиз амалга ошмайди. Ҳар бир ҳужумда албата, Анхел иштирок этади. Яна мураббийларга қайтсак, Фергюссон ҳам бу жамоани бир ёки икки йил ичида шакллантирмаган. Манчестер Юнайтеднинг ҳозирги ҳолатига келиши учун йиллар керак бўлди. Дэвид Мойес Эвертонда ажойиб жамоа шакллантирганди. Сэр Алекснинг ўзи ҳамюртини Манчестерга таклиф қилганди. Аммо Мойес юлдузли таркибга эга жамоани юқори чўққига олиб чиқа олмади. Билмадим, балки тажрибаси камлик қилгандир. Энди мухлислар нигоҳи билан қарасак, ишқибозлар кўп йил катта ғалабаларни кутиб тура олишмайди. Айниқса, ўз ғалабалари билан мухлисларни ўргатиб қўйган МЮни. Менимча, январь ойида Англия Премьер лигасида жуда кўп нарсага ойдинлик киритилади. Ҳар йили Рождество байрами арафасида бўладиган "Boxing Day"да етакчи жамоалар қимматли очколарни йўқотишади. Бу бир неча йил мобайнида ўз тасдиғини топиб келяпти. Жуда тиғиз пайтда ўйинлар ўтказилади. Кунора ҳам учрашувлар бўлиб ўтади. Бундай вазиятда кутилмаган натижаларнинг кўпайиб кетиши одатий ҳолга айланиб бормоқда.



- Акбар, яна ўзимизнинг футболга қайтамиз. Бу йилги футбол мавсуми Бунёдкор учун омадсиз келди. Жамоангиз олий лигада совринли ўриларни эгаллай олмади. Ўзбекистон Кубоги финалидаги омадсизлик. Олмалиқда кечган кубок финали сизлар учун сўнгги имконият эди. Лекин бундан унумли фойдалана олмадинглар. Ўша учрашув ҳақида нима дея оласиз?
- Ўша ўйинга жиддий тарзда тайёргарлик кўргандик. Айтганингиздек, мавсумни ҳеч бўлмаса битта соврин билан якунлаш учун бу сўнгги имкониятимиз эди. Қолаверса, ўша ўйиндаги ғалаба келаси йили ОЧЛда қатнашиш ҳуқуқини ҳам тақдим этарди. Шуни инобатга олганда фақат ғалаба илинжида Олмалиққа боргандик. Афсуски, тўртинчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида аламли гол ўтказиб юбордик. Пенальтилар сериясига тайёр эдик. Шахсан ўзим ҳам агар ғолиб номи пенальтилар сериясига кўра аниқланса, ғалаба қозона олишимизга ишонаётгандим. Лекин қанотдан узатилган тўпдан сўнг дарвозам ишғол қилинди. Ҳимоячиларимиз ўйиндан ташқари ҳолат бўлди, дея ишониб қолишди, шекилли. Ҳар ҳолда жуда аламли гол ўтказиб юбордик. Асосий вақтда гол қўйиб юборганимизда ҳам вазиятни ижобий томонга ўнглаш мумкин эди. Аммо 2-3 дақиқада ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмади. Мухлисларимиз олдида ҳижолат бўлиб қолдик.
  
- Ҳар эҳтимолга қарши пенальтилар сериясига тайёргарлик кўрганмидингиз?
- Бундай ҳал қилувчи ўйинлар олдидан ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш керак. Ўзи ҳар бир машғулотимиз сўнггида пенальти қайтаришни машқ қиламиз. Дарвозабонлар мураббийи Абдусаттор ака Раҳимов ҳамиша бу устидан биз билан ишлайдилар. Ўн бир метрли нуқтадан зарба берилмагунга қадар жойимизда туришимизни уқтирадилар. Бу йил асосий таркибдаги дебьют ўйиним Олмалиқ жамоасига қарши бўлиб ўтди. Ўша ўйинда дарвозам томон пенальти белгиланди. Биринчи зарбани қайтаришга муваффақ бўлдим. Лекин такрорий зарбадан кейин футболчи дарвозамни ишғол қилди. Мураббийларимиз ўша ўйинда менга ишонишди ва ўйлайманки, уларни асосий таркибдаги илк учрашувимда уялтириб қўймадим.

- Олий лигадаги омадсизликка нима сабаб бўлди?
- Мавсум биз учун бир маромда ўтмади. Пасайиш пайтлари бўлди. Айниқса, биринчи даврада керагидан ортиқча очколарни бой бериб қўйдик. Мураббийларнинг кетма-кет алмашинуви ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Лекин Сергей Лушан жамоага тайинланганидан кейин вазият ижобий томонга ўзгара бошлади. Жамоамиз ўйинида мазмун пайдо бўлди. Тезкорроқ футбол намойиш эта бошладик. Жисмоний тайёргарлик кучайтирилди. Аммо энг юқори спорт формасига чиққан пайтимизда чемпионат ниҳоясига етиб қолди. Умид қиламанки, янги мавсумда биз чемпионлик йўлида рақобатбардош жамоа бўламиз. Мураббий ёшларга эътибор қаратяпти ва бу энг тўғри йўл деб ўйлайман. Ўринбосарлар таркибимизда истеъдодли ёшлар етишиб чиқяпти. Уларга хам имконият бериш керакку! Бу футболчилар ҳозир ўйнашмаса, кейин қачон бунга улгуришади.



- Бу йилги мавсум шахсан сизда қандай таассурот қолдирди?
- Шахсий фикрим, ижобий томонга ўзгариш кўзга ташланди. Истеъдодли футболчилар кашф этилди. Чемпионлик учун кураш қизғин тус олди. Фикримча, Пахтакор жамоаси ҳақли равишда чемпионликни қўлга киритди. Фурсатдан фойдаланиб, уларга келаси мавсум ОЧЛ баҳсларида омад тилайман. Кўпчилик мавсум бошида Локомотивнинг чемпион бўлишини кутган ва тахмин қилганди. Лекин улар ҳал қилувчи ўйинда айнан Пахтакорга ютқазиб, ўз қўллари билан чемпионликни асосий рақибларига топширишди.

- ПФЛ томонидан келаси йили олий лигада 16 та жамоа иштирок этиши маълум қилинди. Бу янгиликка муносабатингиз қандай бўлди?
- Бир томондан олий лигада жамоаларнинг сони кўп бўлгани яхши. Лекин бу билан ўткинчи ўйинлар ҳам кўпайиб кетиши мумкин. Бу йил олий лигага йўлланма олган жамоаларнинг чемпионатда кучли рақобатни юзага келтиришига ишониш қийин. Агар ҳақиқатан ҳам кучли, ўз олдига аниқ мақсадларни қўйган жамоалар кучлилар сафига қўшилганида, бу қарорни тўлиқ қўллаб-қувватласа бўларди. Тан олиб айтиш керак, бугунги кунда бизнинг чемпионатда аниқ мақсад билан иштирок этаётган жамоалар жуда ҳам кам. Балки, кўпчилик айтаёгандек, икки босқичли чемпионатни йўлга қўйиш керакдир. Иккинчи босқичда олтита жамоа медаллар учун кураш олиб борса, мақсадга мувофоқ бўларди. Шунда шиддатди ўйинлар сони ҳам кўпаярди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика