Latest news

08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  2 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  2 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  0 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  5 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  6 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   7

Афсонавий “Лидс” ҳақида News

Афсонавий “Лидс” ҳақида

АПЛдан олдинги давр (футбол лигаси биринчи дивизиони) охирги ғолиби "Лидс" эсингиздами?

Саксонинчи йилларнинг ўрталаридан бошлаб катта футболга, шу жумладан, инглиз футболига пул оқими кириб келиши тез суръатлар билан ўсди. Юқори дивизион клублари ушбу сармоядан катта фойда олишни хоҳлашди. Натижада, 1992 йилда Англия чемпиони ва ушбу мамлакатнинг Еврокубоклардаги иштирокчиларини аниқлаб берадиган "Премьер-лига Футбол Ассоциацияси" деб номланган янги ташкилот тузилди.

"Эски" моделдаги сўнгги Англия чемпионатида "Лидс" чемпион бўлганди. Демак, биргаликда ёдга оламиз.


Тарих

"Лидс Юнайтед" ташкил топишида 1904 йилда тузилган "Лидс Сити" жамоаси сабабчидир. Жамоа ўзининг қисқа тарихи давомида молиявий қийинчиликларни бошдан кечирди. 1919 йил октябрь ойида клуб ишқибозлари "Лидс Юнайтед" (лақаблари - "товуслар", "оқлар" ва "Юнайтед") номи билан янги жамоани яратдилар.

Лидс футболи турли паллаларни бошидан ўтказди. Жумоа учун энг омадли даврлар 1960 ва 1970 йилларда кечди. Дон Реви бошчилигидаги клуб икки марта Англия чемпиони ва "Ярмаркалар кубоги" соҳиби бўлган, шунингдек, Англия кубоги ва Лига кубогини ютган. Клуб ва мураббийлар сандиғидаги асосий муваффақият - 1975 йилги Европа чемпионлари кубоги финалига қадар етиб келиш бўлди.

"Лидс" кўпинча биринчи ва иккинчи дивизионлар ўртасида мувозанат сақлаб, икки дивизионда ҳам "айланиб юрди". Реви 1982 йилда жамоани тарк этгач, "оқлар" "минора"дан чиқиб кетишди ва қуйи лигада узоқ саккиз йил туришди. 1988 йил октябрида клубда "ёруғлик" пайдо бўлди, "Юнайтед"ни Говард Уилкинсон қабул қилиб олди. У иккинчи дивизионда жамоа билан 21 ўринни олди ва бир ярим йилдан сўнг, унинг элитага қайтишини таъминлади.

1990/91 йилги мавсумда "Лидс" ҳар иккала "Манчестер"ни ортда қолдириб, жадвалда тўртинчи ўринни эгаллади - ўша пайтда "шаҳарликлар" камбағал, МЮ эса бой эди.


Уилкинсон "қурган" жамоа

Янги сенсацион жамоани "қуриш" йўлидаги биринчи ғиштни 1989 йил март ойида "Манчестер Юнайтед"дан олиб келинган Гордон Стракан қўйди. Шотландиялик "Лидс" сардорига айланди. Агар "товуслар" ва "қизил иблислар" принципиал рақиб эканлигини ҳисобга олсак, трансфер ғалати туюлди. Бироқ, Стракан янги жамоасига тўла иштиёқ билан ташриф буюрди. 

Дарвозани асли келиб чиқиши сербиялик бўлган Жон (Йован) Лукич қўриқлади. "Тўпчилар"нинг иккинчи дарвозабони бўлишдан чарчаган Лукич 1990 йилда "Арсенал"дан "Лидс"га қайтган. У даврда "Арсенал" асосий посбони Дэвид Симэн эди.

Шунингдек, жамоада ёш Дэвид Бэтти, таниқли Гари Маккалистер, "товуслар" тарбияланувчиси Гари Спид ва иккинчи ёшлигини ўтказаётган ҳужумчи Ли Чепмен бор эди.

Мураббий эришилган натижадан қониқиши мумкин эди, аммо у ўз ютуқларига маҳлиё бўлиб қолмади ва таркибни кучайтиришда давом этди. Уилкинсон эътиборини ҳимояни кучайтиришга қаратди. "Шеффилд Уэнсдей"дан Дэвид Уэзералл ва Жон Ньюсомни чақирди. 1,3 миллион фунт эвазига "Челси"дан Тони Дориго харид қилинди. "Ноттингем Форест" хавбеки Стивен Хож олиб келинди. 1,7 миллион фунтга "Саутгемптон"дан эгизак Уоллеслар сотиб олинди.


Яхши старт - муваффақиятнинг ярми

Англия Премьер-лигасини тузиш ҳақидаги шартнома 1991-1992 йилги мавсум олдидан имзоланди. Шарафли мавқе, ғолиблик учун фаворитлар  амалдаги чемпион "Арсенал", мамлакатнинг энг номдор клуби "Ливерпуль" (ҳозирги пайтгача юта олмайди деб, ким ўйлабди дейсиз) ва албатта кубоклар учун курашадиган "Манчестер Юнайтед" эди. 

Ушбу мавсумда юз берган сезиларли ўзгаришлардан бири жамоалар сонини 20 тадан 22 тага оширилиши бўлганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Бу орқали ўйинлар сони тўрттага кўпайиб, чемпионат 42 та ўйиндан иборат бўлди.

"Лидс" чемпионатни қийинчилик билан бошлади. Рақиблар анойилардан эмасди, шу туфайли "оқлар" бир нечта тур сояда қолиб кетди. Биринчи ўринда "Олд Траффорд"да "Лидс" билан дуранг (1:1) ўйнаган "Манчестер Юнайтед" борарди. Уилкинсон клуби ўз уйида амалдаги чемпион "Арсенал" билан дуранг ўйнаганди - 2:2. "Ливерпуль" 1:0 ҳисобида мағлуб этилганди.

"Лидс" 16-турга келиб биринчи марта чемпионатда пешқадам бўлиб олди. Аммо 20-турда "Тоттенхэм" билан дуранг қайд этилгач, Уилкинсон жамоаси МЮдан яна бир очко орқада қолди. "Ливерпуль" ва "Арсенал" "ўйиндан ташқари ҳолат"да қолиб кетди ва улар чемпионлик баҳсларига аралашишлари жуда қийин бўлиб қолди. 

"Товуслар" учун "Боксинг Дэй"га қадар ўтган учрашувлар самарали ўтди - 24 ўйинда атиги битта мағлубият. Камчилик эса жуда кўп дуранг натижа қайд қилиш - ўша пайтда уларнинг сони 10 тани ташкил этган. Уилкинсон жамоасида муаммолар кузатила бошлади, бу айниқса, ҳужум чизиғи билан боғлиқ. Уоллес ва Чепмендан бошқа ҳеч ким йўқ эди, десак адашмаймиз. "Лидс" захираси танг аҳволда эканлиги боис чемпионлик пойгасида ютқазиши мумкин.

Ушбу муаммо чемпионатдаги асосий рақиб - МЮ билан 1991 йил охирида ва 1992 йил бошида бўлиб ўтган тўқнашувларда яққол намоён бўлади. Чемпионатда дуранг ўйнаган "Лидс", иккала кубок баҳсида ҳам ютқазди. Февраль ойида (у пайтда трансферни мавсумнинг исталган қисмида амалга ошириш мумкин эди) "Лидс"га ҳақиқий қаҳрамон келди, кўпчилик чемпионликни унинг номи билан боғлайди.


Жокер

Франциялик машҳур футболчи Эрик Кантона ўзининг феъл-атвори туфайли ўз мамлакатидаги бирон бир клубга мос келмади. У мураббийлар ва жамоадошлари билан тез-тез жанжаллашиб турар, ҳакамларга тўп билан ташланарди ва бошқа қонунбузарликлар учун дисквалификацияга учраганди. Фаолиятини сақлаб қолинишини истаган Франция термаси бош мураббийи Мишель Платини қайсар ўйинчига чемпионатни ўзгартиришини ва Англияга кўчиб ўтишини таклиф қилди.

Аввалига машҳур футболчи Кантонани "Ливерпуль"га бириктиришга ҳаракат қилди, аммо "Энфилд"дагидар муаммоли ўйинчи билан боғланишга журъат эта олишмади. Кўп ўтмай, "Шеффилд Уэнсдей" варианти пайдо бўлди, француз у ерда бир неча ҳафта синовдан ўтди. Эрик "Хиллсборо"да ўзини жуда ноқулай ҳис қилди, бироқ, унда Англияда ўзини исботлаш истаги катта эди. Ўша паллада "Лидс" таклиф билан чиқди. Говард Уилкинсон жамоаси бор-йўғи бир неча кун ичида французни харид қиилишга эришди. "Лидс" Кантона учун "Ним"га 900 минг фунт тўлади.

Франциялик футболчи дарҳол журналистларнинг ҳайратига сабаб бўлди. Кантонанинг маҳорати ва ўйин натижасини мустақил равишда ҳал қила олиш қобилиятига нафақат матбуот, балки энг муҳими, инглиз мухлислари ошиқ бўлиб қолишди. Агар ҳужумчи ўз феъл-атворини ўзгартирмаганида ва машғулотларда жиддий ишламаганида буларнинг барчаси содир бўлмасди.

Чемпионат охирига қадар интрига сақланиб қолди. Мавсум тугашига бир тур қолганида "Лидс" "Шеффилд Уэнсдей"ни ютди (3:2), "Манчестер Юнайтед" "Энфилд"да "Ливерпуль"га мағлуб бўлди (0:2). Мана буни омад ва ютуқ, деса бўлади!


Муваффақият келтирганлар

Ҳа, Эрик Кантоннинг пайдо бўлиши "товуслар" олтинига маълум ҳиссасини қўшди. Бироқ, жамоанинг чемпионликни қўлга киритиши француз туфайли, деб айтиш умуман тўғри бўлмайди. Ҳа, лекин унутмаслик керакки, Кантона ўз вақтида пайдо бўлиб, ҳужумда ўзгарувчанликни таъминлади ва учта гол урди. Кантона "Лидс" "машинаси"нинг етишмаётган, аммо жуда муҳим ғилдирагига айланди.

Ютуқнинг асосий фигураларидан бири, бу шубҳасиз, мураббий Говард Уилкинсон эди. Унинг машғулотлари ўзгача услубларда олиб бориларди. Мураббий ҳамкасбларидан фарқли ва бошқача бўлишдан қўрқмасди. Говард таҳлилни, футболга илмий ва статистик ёндашишни яхши кўрар эди. "Лидс" Англияда ўйинларга эътибор қаратиши, машғулотлар ўтказиш жараёни ва футболчиларни ривожлантириш бўйича етакчи клуб эди.

Машғулотларда қўлланган усуллар ярим ҳимоячилар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатди. Масалан, Гордон Страканни олайлик. Унинг тўпга биринчи тегиши ва майдонни кўра олиш қобилияти жуда зўр эди. У ўнгда ўйнарди. Чап қанот учун эса Гари Спид жавобгар эди. Таянч нуқтани Дэвид Бэтти эгаллаганди, у инглиз футболи тарихидаги энг яхши таянч ярим ҳимоячилардан бири ҳисобланади. Яна бир ном - Гари Маккаллистер. У креативлик учун жавобгар шахс эди.

Ҳимоя чизиғини Тони Дориго, Крис Фэйрклоу, Крис Уайт ва Мэл Стерленд ташкил қилган. Доригодан ташқари ҳамма "Лидс"да узоқ вақт ўйнаган ва Уилкинсон жангчилари эканликларини исботлашган. 

Бир неча марта айтиб ўтилганидек, ҳужумда Род Уоллес ва Ли Чепмен жуфтлиги тўп тепарди. Бирининг бўйи паст, иккинчиси эса баланд эди. Уоллеснинг асосий устунлиги тезкорлик бўлиб, бунинг натижасида у кейинчалик қанот ярим ҳимоясида ўйнай бошлади. Чепмен Уилкинсоннинг машғулот усуллари туфайли иккинчи ёшлигини бошдан кечирди. У аллақачон 30 ёшдан ошган бўлсада, деярли ўнлаб жамоаларда, шу жумладан, "Арсенал"да ўйнашга улгурган.


Муваффақиятдан кейин

"Лидс" Эрик Кантона туфайли Англия суперкубогини қўлга киритди: "Ливерпуль" мағлубиятга учратилди - 4:3,  ўшанда франциялик ўйинчи хет-трик қайд этган. Кантона "товуслар"да асосий ролни ўйнашни хоҳлади, аммо Уилкинсон уни жамоа етакчиси сифатида кўрмади, оқибатда ҳужумчи ва мураббий ўртасидаги муносабатлар ёмонлашди. Шу сабабли, "Манчестер Юнайтед" Кантона учун 1,3 миллион фунт таклиф қилганда, раҳбарият бунга қаршилик қилмади, аммо мухлисларнинг ҳафсаласи пир бўлди.

"Лидс" АПЛ биринчи мавсумида 17-ўринни банд этди. Говард Уилкинсон 1996 йилгача бош мураббийлик вазифасини бажарди. 

Шерзод Нурматов таржимаси.

 

Rating: +6   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика