Абрамовнинг "Динамо"си тарих остонасида: ким совринли ўринлардан четда қолади?
14 nov 14:00
News
Абрамовнинг "Динамо"си тарих остонасида: ким совринли ўринлардан четда қолади?
Эртага эса самарқандликларни ҳал қилувчи босқичга олиб бориши мумкин бўлган навбатдаги имтиҳон кутиб турибди: "Андижон"га қарши қолдирилган баҳс.
Гарчи ФИФА кунлари фонида бу учрашув кенг жамоатчилик эътиборида жуда ҳам кўзга ташланмаётгандек туюлса-да, аслида бу баҳс Суперлига жадвалига катта таъсир қилиши мумкин ва бу ҳал этиш жараёнида кимдир совриндорлик пойғаси ортда қолади, кимдир эса элитадаги масаласига аниқлик киритади.

“Динамо” учун ортга йўл йўқ — фақат ғалаба
Абрамовнинг Самарқандга келганига 3 йил бўлди. Бироқ мана шу вақтда у жамоани лифт мақомидан халос этиб, юқори ўринлар учун курашадиган жамоага айлантирди. Жамоа ўйини ўзгарди — ҳужумкор, тўп билан устунликка эга бўлиш, рақиб жарима майдончасида ўйнаш бошқача даражага чиқди. Самарқанд стадионидаги руҳ, мухлисларнинг кайфияти, жамоага ишонч — бари қайта жонланди. Бугун “Динамо” нафақат футбол ўйнайди, балки мухлисни ўзига ром этадиган томошабоп ўйин кўрсатади. Энди эса натижа, меҳнатлар самарасини кўриш вақти келди.
Агар “Динамо” “Андижон”ни мағлуб этса, очколар сони 56тага етади ва 3-ўриндаги “Пахтакор”ни қувиб ўтади. Ўзаро ўйинларда самарқандликлар устунлиги бўлгани учун улар расман кучли учликка кириб олади. Бу эса мавсумни мутлақо янги ракурсда давом эттиришни англатади. Қолган икки тур ҳам осон ўтмайди:
“Қўқон-1912” — кўп ҳолларда фаворитга қарши ўйинларда “сюрприз” тақдим этишга қодир жамоа;
“Насаф”— мавсум тақдирини белгилаб бериши мумкин бўлган титаник тўқнашув.
“Андижон” охирги бор Самарқандда 2019 йил мағлубиятсиз қайтган. Биринчи даврада “Бобур Арена”даги учрашув эса 2:1 ҳисобида самарқандликлар фойдасига ҳал бўлган.
Агар самарқандликлар бу икки тўсиқни ҳам мағлуб этса, Суперлигада илк бор кумуш медаллар қўлга киритилади. Бу – Самарқанд футболи учун янги саҳифа, янги босқич, янги тарих. Бундан ташқари, “Насаф” ва “Пахтакор” ўртасидаги ўринлар тақдири ҳам “Динамо”нинг натижасига бевосита боғлиқ. Ҳар икки жамоа ҳам хато қилишга тўлиқ ҳаққи йўқ. Яъни, “Динамо”нинг эртагаги ғалабаси икки гранд клубдан бирини совринли ўринлардан чиқариб юбориши эҳтимоли бор.

“Андижон” учун ўйин — плей-оффга қолмаслик илинжи
Самарқандда катта тарих ёзилиши мумкин, аммо бу ўйин иккинчи жамоа учун ҳам ҳаёт-мамот аҳамиятига эга. Максим Шацких бошқараётган “Андижон” ҳали Суперлигада тўғридан-тўғри қолиш масаласини ҳал қилгани йўқ. Жамоа 29 очко билан 12-ўринда — плей-офф хавфи тагида.
“Қўқон-1912” (30) ва “Сурхон” (31) ҳам яқинда. Демак, ҳар бир очко тилла қийматида. Агар “Андижон” Самарқанддан 3 очко билан қайтса:
— жамоа 32 очко билан 10-поғонага кўтарилади;
— қолган турларда ўз тақдирини ўзи белгилаш имконига эга бўлади.
Аммо уларнинг тақвими осон эмас:
— ОЧЛ-2да “Аркадағ”га қарши ўйин;
— Чемпионатда “Хоразм” ва “Бунёдкор”.
Шацкихнинг жамоаси халқаро майдонда тартибли ўйнаётгани кузатилмоқда, аммо ҳозирги босим остида улар чемпионатда қандай ҳаракат қилиши — мавсум тақдирини белгилайдиган омил.

Ўзаро ўйинлар статистикаси: Самарқандда меҳмонга осон эмас
Самарқандда бу икки жамоа ўртасида 22 марта учрашув бўлган. Натижалар эса бизга муҳим фактни айтиб туради:
“Динамо” — 14 ғалаба
“Андижон” — 2 ғалаба
6 марта — дуранг
Эътиборли жиҳати шуки, "Динамо" бу мавсум иккинчи даврада уйда мағлуб бўлгани йўқ. Жамоа сўнгги маротаба биринчи даврада "Нефтчи"га енгилган. Мавсумнинг кейинги қисмидаги 2 мағлубият Фарғонада "Нефтчи"дан, Навоийда "Қизилқум"дан қабул қилиб олинган.
Бироқ яна бир қизиқ жиҳат бор. Максим Шацких мураббий сифатида Суперлигада “Динамо”га ҳали ютқазмаган. У “Пахтакор”да бўлганида 1:1 ва 3:2 ҳисоблари қайд этилган. Бу факт ўйин темпини, интригасини янада ошириши шубҳасиз.
Эртагаги ўйинда фақат очколар эмас, балки учта катта масала ҳал қилинади:
1. “Динамо” тарихни ўзгартириш имкониятига эга бўлади.
2. “Андижон” элитада тўғридан-тўғри қолиш имкониятини қўлдан чиқариши ёхуд сақлаб қолиши мумкин.
3. “Насаф” ва “Пахтакор”дан бири совриндорлар сафидан четда қолиши мумкин.
Бу — оддий ўйин эмас. Бу — "Динамо" учун энг қайноқ палла .Самарқандда футбол муҳити бир нарсани кутяпти. Абрамов жамоаси тарих ёзадими?
Энг қизиғи — бу саволга жавоб айнан эртанги 90 дақиқа давомида топамиз.
Similar news
championat.asia
U-17 ЖЧ. Ўзбекистон Панама дарвозасига 6 та тўп йўллади
Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда барпо этиладиган 55 минг ўринли стадион қурилишига тамал тоши қўйди
"Нефтчи" чемпион бўлган охирги мавсумда ўзбек ва дунё футболи қандай эди?
Эшитдик-да! Кападзе Индонезия терма жамоаси бош мураббийи бўлишга яқин
Comments
Bu mavsum medallardan biriga ega chiqishiga, kelasi mavsum oltin medalni qo'lga kiritishiga tilakdoshman