Абрамов Қосимовдан реванш оладими? Сайтимиз ходимларидан бугунги ўйин учун ажойиб тахминлар
22 sep 2020 13:33
News
Абрамов Қосимовдан реванш оладими? Сайтимиз ходимларидан бугунги ўйин учун ажойиб тахминлар
Бугун биз нафақат жамоалар балки мураббийлар ўртасидаги ажойиб қарама қаршилик гувоҳи бўламиз. Яъни бунда Абрамов ва Қосимов номлари ўзаро куч синашишади.
Назарий жиҳатдан АГМК жамоасида устунлик бор. Аниқроғи, таркибдаги футболчиларнинг тажрибаси, маҳоратли легионерлар ҳамда тактик томондан Абрамовга муаммо туғдириши кутилаётган Миржалол Қосимов жамоасида қисман устунлик мавжуд. Қосимов шогирдлари барча ўйинларда оҳиригача курашмоқда ва гол ўтказиб юборган тақдирда ҳам вазиятни ўнглай олишмоқда. Олмалиқликлар тўрт турдан бери ғалаба нималигини билмаяпти ва рақибларига муҳим бўлган очколарни улашмоқда. Боз устига бу икки жамоанинг турнир жадвалидаги очколар ўртасидаги фарқ биттани ташкил қилмоқда. Бу эса ўз ўзидан учрашувга бўлган қизиқишни оширади. Миржалол Қосимов футболчиларини бугунги баҳсга жанговар тарзда тайёрлаганини кутиш мумкин. Ғалаба эса икки жамоага ҳам керак.
“Бунёдкор”ни эса ички муаммолар ҳамон қийнаб келмоқда. Шунда ҳам Абрамов шогирдлари майдонга чиқиб ўз ишларини аъло даражада бажармоқда. “Қалдирғочлар” 10та ўйиндан бери мағлуб бўлаётгани йўқ. Агарда бугун “Бунёдкор” ғалаба қозонадиган бўлса иккинчи ўринга чиқиб олишади ва бу қайсидир маънода футболчиларга навбатдаги ўйинларда руҳий устунлик беради. Лекин, бу жамоаларнинг сўнги ўйинлардаги натижалари тарози палласи Қосимов томонда эканлигини кўрсатмоқда. Оҳирги учта учрашувнинг барчасида олмалиқликлар ғалаба қозонган. Бироқ, ҳозир вазият бошқача. Футбол кутилмаган натижалари билан қизиқ, унда сиз истамаган ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Сўзимни шу ерда якунлаб сайтимиз ходимларининг бугунги қизиқарли ва шиддатли ўтиши кутилаётган учрашувга билдирган тахминларини эътиборингизга ҳавола этаман.
Камолиддин Алимов(қўшни маҳалла olamsport.com бош муҳаррири, самимий инсон) - Тўрт ойдан бери маош олмай келаётган "Бунёдкор" жамоаси футболчилари мардонавор ўйин намойишда давом этмоқда. Клуб сўнгги бор 19 июнь куни "Пахтакор"га имкониятни бой берган. Ўшандан бери Абрамов жамоаси мағлубият нималигини билмай келяпти. Дуранг кўпайиб кетмаганида "Бунёдкор" ҳозир АГМКдан турнир жадвалида юқорироқда жойлашган бўлар эди. Лекин бугун бу ишни амалга ошириш имконияти бор. Жамоаларни бир очко ажратиб турибди. Улар жадвалда ёнма-ён боришяпти. Бугунги ўйиндан кейин жамоаларнинг ўрни катта эҳтимол билан алмашиб қолса керак. АГМК иккинчи даврада очко улашувчи ролини "ижро" этмоқда. Хуллас, бугунги учрашувда "Бунёдкор"нинг имконияти юқорироқ ва жамоа минимал ҳисобда ғалаба қозонса керак. Дарвоқе, биринчи даврада АГМК 2:0 ҳисобида зафар қучган эди. Ўшанда голлардан бирига муаллифлик қилган Хожимат Эркинов эса "Пахтакор"га қайтган.
Нарзулла Сайдуллаев(бир сўз билан айтганда сайтимиз мотори, ажойиб иш бошқарувчи) – Қисқа ва лўнда фикр билдираман. Қизиқарли ўйин кечиши шубҳасиз. “Бунёдкор” ўз майдонида мағлуб бўлмаяпти. Менимча 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилса керак.
Жаҳонгир Файзуллаев, (Сайтимизнинг фотографи) – Бугунги ўйин ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, АГМК жамоасига кўз тегди деб ўйлайман. Албатта, бу жамоаларни таққослаш нотўғри. Лекин, АГМК иккинчи даврани мағлубият билан бошлади. Олмалиқликларнинг мағлубиятсиз серияси Бекободда барҳам топди. Ўтган турда эса сўнги дақиқада мағлубиятдан қутулиб қолди. “Бунёдкор” жамоаси эса барқарор ўйин намойиш этмоқда. Абрамов жамоасида тики-такани ажойиб тарзда йўлга қўйган. Аммо, статистикага назар ташлайдиган бўлсак Қосимов Абрамовдан анча устунлигини кўришимиз мумкин. Фикримча, АГМК катта бўлмаган ҳисобда ютади. Ушбу ўйин кўп нарсани ҳал қилиб беради.
Шерзод Нурматов(“Футбол ретро талқинда” лойиҳасининг муаллифи, талаба) - Чемпионат давомида фақат икки марта ютқазган пойтахт жамоасига қарши турнир мобайнида бор-йўғи бир марта мағлуб бўлган пойтахт вилояти жамоаси саф тортади. Шубҳасиз, майдонда жанг кўрамиз. чунки бугун шунчаки ўйин эмас, балко Абрамов-Қосимов қарама-қаршилиги гувоҳига айланамиз. Тахминимча, учрашувда олмалиқликлар битта тўп фарқи билан ғолиб чиқадилар.
Ниғмонхўжа Нозимов(“Бунёдкор” иштирокидаги ўйинларда рақиб ғалабасини кутадиган, қўшни маҳалла olamsport.com сайтининг меҳнаткаш ходими) - Бугунги учрашув биринчи даврадаги сингари АГМКнинг ғалабаси билан якунланса керак. Сабаби жамоа сўнгги тўртта учрашувда ғалаба қозона олмаяпти. Шунингдек, Қосимов Абрамов бошқарувидаги жамоаларига қарши қандай ўйнаш кераклигини яхши билади. Менимча, кичик ҳисоб билан олмалиқликларнинг қўли баланд келади.
Фаҳриддин Рўзиев(“Милан”нинг ғалабаларидан руҳланиб таътилда куч тўплаётган ижодкор) - Мураббийлар учун принципиал аҳамиятга эга бўлган баҳс. Жамоаларнинг турнир жадвалида ёнма-ён бораётгани ҳам ғалаба қийматини оширади. Шу туфайли баҳс кескин ва муросасиз ўтади. Якунда Қосимов шогирдлари минимал ҳисобда ғалаба қозонса керак.
Шуниси аниқки, бугунги ўйиндан фақат мухлислар ютади. Икки жамоа ҳам ҳужумкор ва очиқ футбол кўрсатади, икки жамоа ҳам ғалабага чанқоқ тарзда майдонга чиқади. Футболимиздаги шахслар учрашувида ғалабани ким ўз томонига оғдиришини эса ўйин давомида билиб оламиз. Бизни кузатишда давом этинг!
Абдулазиз Искандаров тайёрлади
Comments