Абдуқаҳҳор Маъруфалиев: "Чемпионлик учун "Нексия" беришганди"
27 feb 2016 13:14
News
Абдуқаҳҳор Маъруфалиев: "Чемпионлик учун "Нексия" беришганди"
Айни кез чемпион таркибдан жой олган футболчилар "Наманган" меҳмонхонасида бўлиб туришибди. Фурсатдан фойдаланиб, биз чемпион жамоа ярим ҳимоячиси Абдуқаҳҳор Маъруфалиевдан интервью олдик.
- Абдуқаҳҳор ака, байрам тадбири олдидан таассуротлар қандай? Айни кез нималар ҳақида ўйлаяпсиз?
- Биринчи галда ушбу шоу учрашувини ташкил қилган инсонларга, Наманган вилоят футбол федерацияси, "Навбаҳор" клуби раҳбариятига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Таклиф қилишганида бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Биласизми, ҳозир ўзимни худди 20 йил олдинги даврга тушиб қолгандек хис қиляпман. Жамоадош дўстларим билан учрашдик. Айримлари билан бундан 20 йил олдин кўришгандик. Улар билан дилдан суҳбатлашдик. Ҳозир қаерда ишлаётганимиз, нималар билан машғул эканимиз, оила аъзоларимиз ҳақида фикр алмашдик.
- Ўша 20 йил аввалги ғалабанинг асосий омили нима эди?
- Менимча, жамоадаги футболчилар, мураббийлар штаби жуда ҳам аҳил ва иноқ бўлган. Бир-биримизни ҳурмат қилардик. Кейин ўша пайтдаги Ўзбекистоннинг энг кучли футболчилари жам бўлганди. Ғалабага чанқоқ бўлганмиз.
- "Навбаҳор" сафига қўшилишингиз қандай рўй берган?
- Жамоа бош мураббийи Виктор Жалилов ва ўша пайтда клуб маъмури бўлган Самвел Бабаяннинг таклифи билан "Навбаҳор" сафига қўшилганман. Афсуски, чемпионати стартида "Трактор" клубига қарши кечган учрашувда жароҳат олиб, 5-6та ўйинни ўтказиб юборишимга тўғри келганди. Адашмасам, ўша чемпионлик мавсумида 19та учрашувда майдонга тушиб, 6та гол киритгандим. Чемпионлик учун мавсум аввалида ваъда қилинган "Нексия" автомобили билан тақдирлангандик.
Камолиддин Алимов
Comments