А Сериядан кетиши зарур бўлган 10 футболчи
09 jan 2019 21:15
News
А Сериядан кетиши зарур бўлган 10 футболчи
Италиядан кўплаб ёш ва иқтидорли футболчиларни яхшигина нарх эвазига топиш мумкин. Машҳур ўйинчилар ҳақида гапираверишдан маъно йўқ. Шу сабабли, бугун ҳали танилишга улгурмаган, лекин юқори салоҳиятга эга ва жамоасида ёрқин даражада порлай олмаётган иқтидорли футболчилар ҳақида суҳбатлашамиз.
Кристиан Куаме (“Женоа”)
Бу мавсумда Кшиштоф Пентек “Женоа”нинг кучли ўйинчилари қаторида бўла олди. У ҳаттоки, Иммобиле ва Роналдудан ҳам яхшироқ гол уришга муваффақ бўлди. Аммо унинг жамоадоши Кристиан Куаме ҳақида ҳам унутмаслик лозим.
Куаме мавсумни яхши бошлади ва польшаликдан ёмон ўйнагани йўқ. Баланд бўйли, 21 ёшли африкалик “Женоа”га “Читтаделла” клубидан келгани ўзингизга маълум. Клуб президенти Энрико Прециози уни “юқори салоҳиятга эга футболчи” деб атаганди. “Женоа” бу ҳужумчисини осонликча қўйиб юбормаслиги аниқ. Жамоа Куамени сотиш ҳақидаги миш-мишларларни рад этди.
Мойзе Кин (“Ювентус”)
Мойзе Кин янги иқтидорли ўйинчилардан биридир. Лекин у “Ювентус”да “ўрин” учун курашиб келмоқда. Ҳа, жамоада Манжукич, Дибала ва Роналдудек кучли футболчилар бор экан, асосий таркибда ўранашиб олиш бироз қийин кечади.
Роберто Манчини италияликни АҚШ термасига қарши баҳсда майдонга тушуриб, 18 ёшли йигитга ишониши билдирди. Мойзе Кен ўтган мавсумда “Эллас Верона” таркибида майдонга тушиб, 4та гол уришга эришганди. Лекин у бу мавсумда деярли ўйнагани йўқ.
Италияликлар Кен билан янги узоқ муддатли шартнома тузишни хоҳлашяпти. Бироқ Мойзенинг акаси у Италиядан кетмоқчи эканини маълум қилди: “Мойзе бу ерда қолади деб ўйламайман. Январда у бошқа лигани излаб кўрса керак”. Уни ижарага бериш ушбу вазиятдан чиқишга ёрдам бериши мумкин.
Андреа Раноккия (“Интер”)
Андреа Раноккия хатога тез-тез йўл қўяди. Балки шу сабабли, унинг иқтидорини қадрламай қўйишгандир. Аммо 30 ёшли ҳимоячи яна бир имкон беришларига лойиқ. Бу ёзда унинг “Интер” билан шартномаси муддати ўз ниҳоясига етади. Шундай экан, футболчи қаерга боришни ўйлаб кўриши лозим.
Италиялик катта тажрибага эга. Раноккия А Сериянинг 200дан ортиқ учрашуви ва Италия термасининг 21та ўйинида иштирок этган. У ҳаттоки, Англияда қандай позицияда ўйнаш кераклигини ҳам билади. Икки мавсум олдин у “Халл”да тўп тепганди. Унга бу клуб ёққандими? Унчалик эмас: “Биринчи куни мен нотўғри йўлдан юриб, машинамни уриб олгандим. Бу ерда ярим ой ўйнаган бўлсам-да, бирор кун ҳам хурсанд бўлганимни эслолмайман”. Андреанинг “Интернационал”даги фаолияти ҳам якунига етди. Унинг ўрнини Стефан де Врей, Шиме Врсалько ва Жуан Миранда эгаллади.
Мануэль Ладзари (СПАЛ)
Бу йилги мавсумда Мануэль Ладзари ўз обрўсини сезиларли даражада ошира олди. Тезкор ва ҳужумда хавфли ўйинчилардан бири СПАЛ таркибидаги асосий футболчидир. У Миллатлар Лигаси Италия таркибида майдонга тушди. Унинг келажаги порлоқ. Шу сабабли ҳам, СПАЛ ўйинчи учун 18 миллион евро талаб қилмоқда. Клуб қишда Ладзари ҳеч қаерга кетмаслигини маълум қилди. Аммо бу сумма (18 млн евро) АПЛ клублари учун нима ҳам бўлибди, тўғрими?!
Стефано Сенси (“Сассуоло”)
“Жажжи-Жоржиньо” А Сериянинг ёрқин ўйинчиларидан бири ҳисобланади. У бу йилги мавсумда скаутлар адашмаганини исботлаб бера олди. 23 ёшли футболчи паст бўйли бўлишига қарамай, ярим ҳимояда яхши ўйнайди ҳамда тезликни бошқара олади. Сенси яқинда Италия термасида дебют қилган эди. Шундан сўнг, “Милан” унга қизиқиш билдирганди. Президент Жорже Скуинци: “Ўйинчини сотишга ҳожат йўқ”, — деб таъкидлаган бўлса-да, таклифлар сони камайгани йўқ.
Робин Госенс (“Аталанта”)
Ўз иқтидорини тўғри намоён қила олаётган ўйинчилардан яна бири Робин Госенсдир. У узоқ вақтдан буён бошқаларнинг сояси остида қолиб кетаётган эди. Лекин “Аталанта”да у энг яхшилардан бири бўла олди десак, муболаға бўлмайди. Германиялик ҳимоячи шу ёзда “Хераклес” клубидан келган. Агар статистикага назар солсак, у А Серияда тўртинчи поғонани эгаллаб турган энг яхши ҳимоячилардан бири ҳисобланади.
24 ёшли футболчи Бергамо клуби билан 2020 йилгача шартнома тузган. Аммо “Аталанта” ўйинчиларни сотиб юбориши билан танилгани ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун, клуб футболчини АПЛ клубларидан бирига сотиб юбориши мумкин.
Иньяцио Абате (“Милан”)
Иньяцио Абате — арзон ва тажрибали ҳимоячилардан бири. “Милан”да жароҳатлар сони кўплиги туфайли клуб сардорини марказий ҳимояга қўйишганди ва у бунинг уддасидан чиқиб, Гаттузо жамоаси кутилмаган ғалабага эришишида ёрдам бера олганди. Иньяцио Абате 300та ўйинда майдонда тушган бўлса-да, “Милан”да қолишига ишониш қийин. Шартнома муддати ёзда ўз якунига етади. Бу ҳам етмаганидек, Давиде Калабрия ҳам клуб таркибидаги асосий ўнг ҳимоячи бўла олди. Абате — тезкор, жисмонан кучли ва универсал ўйинчи. Шунинг учун, кўплаб клублар позициясига мос тушиши аниқ.
Равел Моррисон (“Лацио”)
Омадли шартнома ёки аксинча? Бу савол Моррисон билан боғлиқ масалада доим сирлигича қолса керак. “Юнайтед” академияси битирувчиси иқтидорли ўйинчи эканига шубҳа йўқ. Аммо у 2015 йилдан буён “Лацио”да тўп тепишига қарамай, ҳамон ўзига хос жиҳатини кўрсатолгани йўқ.
25 ёшли Равел Моррисон римликлар жамоасида бор ёки йўқлиги ҳам билинмайди. Уч йил давомида 4 маротаба “Лацио” таркибида майдонга тушди. Қолган вақтларда эса ижарадан-ижарага ўтиб юрди. Уни сотиб олиш унча қимматга тушмайди ва бу иш “ҳамирдан қил суғургандек” амалга ошишига шубҳа йўқ. Ким билсин, балки янги мураббий уни қайтадан кашф эта олар?!
Мартин Касерес (“Лацио”)
Мартин Касерас Уругвай термаси билан ЖЧдаги ўтган учрашувлардан сўнг “Лацио” таркибида мустаҳкам ўрнашиб олиши шарт эди. Аммо Мартин А Серияда мунтазам равишда майдонга тушишига нимадир ҳалал берди. Бундай иқтидорли ўйинчи захира ўриндиғида ўтириши қувонарли ҳолат эмас, албатта. Шартнома муддати яқин кунларда якунига етишини ҳисобга олсак, Мартин Касерес тезроқ ўзига янги клуб топиши лозим. Эслатиб ўтамиз, Касересга Италиядан “Парма” ва СПАЛ қизиқиш билдирмоқда.
“Кекса синьора”нинг собиқ ўйинчиси универсал ва турли позицияларда ўйнай олиши билан бошқалардан ажралиб туради. Шунингдек, у тажрибали ҳимоячилардан биридир: терманинг 86та учрашувида майдонга тушган, А Сериянинг 5та чемпионлик титули ҳамда ЕЧЛ олтин медали соҳибидир.
Медхи Бенатия (“Ювентус”)
“Юве”даги ҳолати ҳақида Бенатианинг ўзи шундай деганди: “Майдонга кам тушсам, кейин қийналаман”. Унинг сўзларига қараганда, у “мушкул давр”ни бошдан ўтказмоқда. Кўпчилик у жамоасини алмаштиришга уриниб кўради деб таҳмин қилмоқда.
ВВС версиясига кўра, Медхи Бенатиа Африка футболчиси деб тан олинганди. Бироқ у “Юве”да деярли ўйнамайди, “ўрнини” Бонуччи ва Кьеллинига бой бериб қўйди. Унинг шартномаси муддати 2020 йил июнда якунига етади. Жамоада ёш ўйинчи Даниеле Ругани борлиги учун ҳам, италиялик клуби билан бажонидил хайрлашса керак.
Нозима Зарипова таржимаси
Comments