Latest news

17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  0 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:54"Лестер" - "Челси". Кимлар асосий таркибда?  0 16:39Суперлига. "Андижон" - "Динамо" 1:0 (матнли трансляция)  3 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  14 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  25 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  7 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1

“Penalty”: Мансур Саидов: “Умуман пенальти тепмаслигимга жиддий сабаб бор” News

“Penalty”: Мансур Саидов: “Умуман пенальти тепмаслигимга жиддий сабаб бор”

Лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмони сифатида фарғоналик мухлисларнинг ёқимтойи Мансур Саидовни танладик. Тажрибали футболчини интервьюга кўндириш осон кечгани йўқ.
Сабаби ярим ҳимоячи интервью беришни хушламас экан. Аммо суҳбат чоғида Саидов анчагина хушчақчақ ва самимий инсон эканлигига гувоҳи бўлдик. “Penalty”нинг навбатдаги сони Тошкентдаги “Rohat” меҳмонхонасида бўлиб ўтди.

Гулшан Саъдуллаева: 1. Футболга кириб келгунингизча бўлган давр ҳақида гапириб берсангиз.

- Кичкиналигимда асосан стадионларда ўтган. Тоғаларим ҳаваскор доирада футбол ўйнашарди. Уларни ўйинларини кузатиб борардим. Ёшлигимда у қадар шўх бўлмаганман. Мактабда очиғини айтаман дарслардан кўп қочардим ва футбол ўйнаб юрардим.

Нарзулла Сайдуллаев: 1. Футболга қандай кириб келгансиз?

- Биринчи мураббийим деб дадамни айта оламан. Ёшлигимда тўп сотиб олиб берганди. Тоғам келиб уйимизни ичида столга зарба бериб гол уришни ўргатарди. Токи уйда қайсидир буюм синмагунича бизнинг машғулотларимиз давом этарди (кулади). Отам эса доим менга насиҳатлар бериб борарди. Стадионга бордингми, ўтирмагин доим футбол ўйна дердилар.



Гулшан: 2. Футболда ҳар нарса бўлиши мумкин, деймиз. Йигит кишига қирқ ҳунар оз, дейди халқимиз. Келинг шу икки фикрни умумлаштирамиз.

- Тўғриси мен фақат футбол ҳақида ўйлайман. 2003 йил ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидан сўнг оғир касал бўлиб қолганман, Юрий Саркисян Тибетга жўнатиб ўша ерда даволатган. Бир ярим йил давомида футбол ўйнай олмаганман, жуда қийналганман. Футболда жароҳатлар ҳам бўлади, шу сабабли ҳозирги ёшларга футболдан ташқари бошқа соҳа ёки ҳунардан ҳам хабардор бўлишларини тавсия қилган бўлардим. Ҳозирда асосий мақсадим кўпроқ футбол ўйнашни ўйлаяпман.

Нарзулла: 2. "Нефтчи" жамоасига келиш қандай рўй берган?

- 2000 йил футбол лицейида таҳсил олаётган пайтим, Республика чемпионати финалида Тошкент жамоасига пенальтилар сериясида ютқазиб қўйгандик. Ўша ўйинни Юрий Саркисян ҳам кузатган экан. У ёнимга келиб душанба куни Қибрайга келишимни айтган ва жамоага таклиф қилган. Шу тариқа “Нефтчи” аъзосига айланганман. Мен жамоага келганимда таркибда ака-ука Дўрмоновлар, Сергей Лебедев, Валентин Поддубний, Владимир Радкевич, Абдумажид Тоиров, Шерзод Райимжонов каби футболчилар бор эди. Улардан кўп нарсани ўрганганман. Бу футболчилар нафақат футбол майдонидаги, балки ҳаётий сабоқларни ҳам беришган. Мени ҳам жамоадош, ҳам ука сифатида қабул қилишган. Сафарларда йўл-йўриқ кўрсатиб, насиҳатлар бериб боришарди.

Гулшан: 3. Иккинчи давра бошланиш арафасида. Таътилни "Нефтчи" қай тарзда ўтказяпти ва қанчалик тайёр?

- Жамоа иккинчи даврага тайёр. Футболчиларнинг кайфияти аъло даражада. Иккинчи давра тезроқ бошланишини истаймиз. Биринчи даврада учинчи ўринни олганимиз тасодиф эмаслигини кўрсатишга уринамиз. Футболда тасодифлар бўлмайди. Мақсадимиз ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушиш.



Нарзулла: 3. Олий лигадаги дастлабки голингизни эслай оласизми? (2001 йил "Академия"га қарши ўйинда)

- Илк голимни 2001 йилда “Академия” клубига қарши Фарғонадаги баҳсда ургандим. Бундай нарсаларни унутиб бўлмайди.

Гулшан: 4. Тасаввур қилинг сиз журналистсиз. Сизга қайсидир футболчидан интервью олиш буюрилди. Аксига олиб футболчи сизни рад этди. Сиз бўлса маошсиз қоляпсиз. Қандай йўл тутасиз?

- Бориб илтимос қилардим. Шахсан ўзимдан келиб чиққан ҳолда айтсам, аслида мен деярли интервью бермайман. Сизлар ҳам йўлини топиб мен билан суҳбатлашяпсизлар, мен ҳам бир амаллаб ўша футболчини кўндирган бўлардим (кулади).

Нарзулла: 4. Юрий Саркисян қандай мураббий? Унинг бошқаларга ўхшамаган жиҳатлари нимада?

- Бу инсон фақат футболда эмас умуман ҳаётда устозим дея оламан. Саркисян фарғоналик футболчилар учун “ота” ҳисобланади. Уйда ўз отам бор, кўчада ва футболдаги отам Юрий Саркисян. Бу инсон ҳақида қанча гапирсам ҳам оз, тўғриси ундан жуда ҳам миннатдорман. Футболда нимага эришган бўлсам барига Саркисян сабабчи.



Гулшан: 5. "Нефтчи" ёшлар жамоаси ҳақида қандай фикрдасиз? Таркибда асосий жамоага ўтишга тайёр бўлган футболчилар борми?

- Ёшлар жамоамизда қобилиятли футболчилар кўп. Фарғона истеъдодлик футболчиларга бой. Бир неча бор ёшларга қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказамиз. Таркибда яхши футболчилар бор. Масалан, “Нефтчи”дан ёшлар ва олимпия терма жамоаларига футболчилар чақирилмоқда. Ўша футболчилар ватанимиз шарафини ҳимоя қилишмоқда. Улар Ўзбекистон футболи келажаги.

Нарзулла: 5. 2003 йил ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этгансиз. Ўша мундиал ҳақида нима дея оласиз?

- Ўшанда Ўзбекистон ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига йўл олганди. Таркибимиз ажойиб футболчилардан иборат эди, Нестеров, Гейнрих, Жасур Ҳасанов, Иномов, Зейтуллаев... Гуруҳдаги барча ўйинларда ютқазганмиз. Мали, Аргентина ва Испанияга бир тўп фарқи билан имконият бой берилган. Ростини айтаман рақиблар биздан кучли бўлгани учун ва тажрибасизлигимиз туфайли мағлуб бўлганмиз. Ўша пайтда Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш биз учун энг юксак марра эди. Ҳозир эса ёшлар, ўсмирларимиз деярли ҳар йили мундиалга чиқишмоқда. Шу боис энди шундай бўлиб қолдики жамоаларимиз Жаҳон чемпионатларида чорак финалга чиқишса ҳам мухлислар бу натижани қониқарсиз деб ҳисоблашмоқда. Демак, футболчиларимиз мухлисларни Жаҳон чемпионатига чиқишга ўргатиб қўйишди. Яқин йиллар ичида Ўзбекистон мундиалда ярим финал ҳамда финалларда ўйнашига ишонаман.



Гулшан: 6. Блиц саволлар:
- Тошкентдан Фарғонагача бўлган масофа қанча? (419 км)

- Соатини айта қолай (кулади). 5 соатлик йўл.

- Мамлакатимизда 2002 йилга қандай ном берилган эди? (Қарияларни қадрлаш йили)

- “Қарияларни қадрлаш йили”

- "Устурлоб ясаш ҳақида китоб" кимнинг асари? (Фарғоний)

- Фарғона билан боғлиқ? Ал Фарғоний.

- 2016 йил қайси мучал йили бўлади? (маймун)

- Тўғриси билмайман.

- Баҳрайн пойтахти? (Манама)

- Ўша ерда терма жамоа сафида ўйнаганман. Лекин шаҳар номини эслай олмадим.

- Фарғонанинг энг ширин таоми?

- Ош!

- Ferrari қайси давлат автомобили? (Италия)

- Германия.

Нарзулла: 6. Миллий терма жамоада тўртта ўртоқлик учрашувида ўйнагансиз. Нима деб ўйлайсиз термада асосий футболчига айланиш учун нима етишмаган?

- Биласизми, терма жамоага чақирилган футболчига кўпроқ имкон беришса балки барчаси бошқача бўлармиди. Умуман бошқа муҳитга борардим, ўртоқлик ўйинларида 10-15 дақиқа имкон беришарди. Шу боис ҳам жамоага қўшилиб кетишим қийин бўлган. Лекин тан олишим ҳам керакки ярим ҳимояда рақобат ҳам жуда юқори бўлган.



Гулшан: 7. Ҳаёт тажрибангиздан келиб чиқиб ёш футболистларга қайси камчиликларингизни такрорламасликни маслаҳат берардингиз?

- Ўзбекчиликда шундай ҳолат борда, озгина кўзга кўринсангиз ва қўлингизга пул тушса юлдузлик касалига дучор бўлиб қоламиз. Ёшларга бу касалликка чалинмасликларини айтган бўлардим. Машғулотларда олдингидек ҳаракат қилишлари ва мухлислар учун ўйнашда давом этишсин.

Нарзулла: 7. 2014 йилги Жаҳон чемпионатидаги дастлабки пенальтисини эслайсизми? (Жавоб: Бразилия –Хорватия учрашувида. Неймар пенальтини амалга оширган)

- Тўғриси эслай олмадим. Биринчи ўйинда бўлган? Бразилия ва Хорватия учрашувида япониялик Нишимура белгиланганмиди? Барибир унча эслай олмадим.

Гулшан: 8. Жамоадошларингиз сизни ҳазилкаш деб айтишди. Қандай қизиқарли воқеани эсга ололасиз?

- Дубайда бўлган воқеани унутмайман. Жамоадошларимиздан бири тушлик маҳали пастга тушиб овқатланиб негадир ғалати ҳаракат қилиб ўз хонасига чиқиб кетаётганини кўрдик. Билсак у ясатиб қўйилган ананасни олиб хонасига чиқиб кетган экан. Ундан ананасни нима қиласан деб сўрасак уйга олиб кетаман деганди. Ўшанда маза қилиб кулгандик.

Нарзулла: 8. Ўтган йил "Навбаҳор"да ўйнадингиз. "Нефтчи"дан кетишингизга нима туртки бўлганди?

- Сабаби олдинги раҳбарият шуни истаганди. Уларнинг айтишича “Нефтчи”да шунча йил ўйнаб етарли пул топмаган эканман. Раҳбарият мени янада кучли клубга ўтишим ва терма жамоада ўйнашим кераклигини айтди. Жамоадан кетишга мажбур бўлдим. Уйда ўтирганимда “Бунёдкор”дан таклиф тушди ва “қалдирғочлар” билан шартнома туздим. Аммо бу жамоада ҳам қолмадим. Сабаби мураббийлар менга имконият беришларини, фақат бироз кутишимни сўрашди. Бу ёшда захирада ўтиришни истамаганим учун ўзим раҳбариятга бошқа клубга беришларини илтимос қилдим.



Гулшан: 9. Сиз оилада қандай отасиз? Аёлингиз касбингиздан нолимайдими?

- Йўқ турмуш ўртоғим касбимни тушунади, ҳурмат қилади. Қийинчиликларга чидайди. Оғир вақтларда мени қўллаб-қувватлайди. Қандай оталигимни болаларимдан сўраш керак (кулади). Бир қиз, бир ўғлим бор. Кичик ўғлим бир ярим ёшда. Ҳозирда тўп тепишга қизиқади. У кўпроқ машинага қизиқади. Йиғласа машинага олиб чиқсангиз жим бўлиб қолади. Футболчилар биласиз уйда кўп бўла олмайди. Футболчиликни тугатгач оиламга кўпроқ эътибор бераман деган ниятим бор.

Нарзулла: 9. Ўзингиз билан бирга ўйнаган энг кучли 3 нафар футболчи.

- “Нефтчи”га келганимда деярли барча футболчилар кучли эди. Уларнинг барчасини кучли деб биламан. Учтасини айтиш керак бўлса Асад Дўрмонов. Бу футболчини чап қанотга қўйсангиз ҳам, марказга қўйсангиз ҳам ажойиб ўйнаб берарди. Универсаллигига ҳавас қилардим. Умид Исоқов ва Анвар Бердиев каби ҳужумчиларимиз бор эди. Юқорида айтганимдек ўша пайтдаги барча футболчилар мен учун энг кучли футболчилар эди. Ўзим мухлислик қилган футболчилар орасига тушиб қолганим мен учун жуда ҳам бошқача бўлган.

Гулшан: 10. Водийлик мухлисларга дил сўзларингиз...

- Футбол мухлислар учун. Бу гапни сийқаси чиқиб кетган бўлиши мумкин. Лекин бу рост гап. Сабаби стадион бўм бўш бўлса иккита жамоа бир бири билан ўйнаса ғалати бўладику тўғрими? Мана Фарғонада янги замонавий стадион қурилди. Мухлисларга қулайликлар яратилди. Улар ўйинларимизга келиб қўллаб туришса, биз эса бунга жавобан ғалаба қозонаверсак. “Нефтчи” доим юқори ўринларда юриши керак.

Нарзулла: 10. Фаолиятингиз давомида хориж клубларидан таклиф бўлганми?

- 2003 йилги Жаҳон чемпионатидан сўнг германиялик мураббийимиз Ханс Юрген Гёде мени Германияга таклиф қилганди. Бироқ Саркисян “Нефтчи” билан чемпион бўлишимиз керак, сен бизга кераксан, Фарғона аҳли учун кераксан деганидан сўнг ҳеч қаерга кетмасликка қарор қилганман. Эрон, Баҳрайн клубларидан ҳам таклиф бўлган.



Гулшан: 11. Пенальти лойиҳасига танқидий фикрингиз борми?

- Тўғрисини айтаман сайтларни кузатиб бормайман. Ўзимнинг ўйинларимни ҳам томоша қилмайман. Голларим ва пасларимни кўришни ёқтирмайман. Фақат ўйинлардан кейин хатоларни кўриш учун жамоа бўлиб томоша қиламан холос. Уйда дадам газета олиб келсалар баъзида ўқишим мумкин. Энди матбуотни кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Лойиҳага омад тилаб қоламан. Баъзида журналистлар қўнғироқ қилиб ҳол аҳвол сўрашади, бир неча кундан сўнг ўша суҳбатимиз интервью сифатида чиқиб турибдику (кулади). Сизлар билан эса маза қилиб суҳбатлашдим, саволларнинг кўпи ноанъанавий экан.  

Нарзулла: 11. Анъанавий савол ёдингизда қолган пенальти ёки пенальтилар серияси.

- Юқорида финалда пенальтилар сериясида ютқазиб қўйганимизни айтдим. Ўшанда 4:5 ҳисобида ютқазганмиз, ҳал қилувчи пенальтини айнан мен ура олмагандим (кулади). Дарвозада Игнатий Нестеров турганди, зарбам тўсинга тегиб майдондан чиқиб кетганди. Жамоамизни ғалабадан маҳрум қилганим учун ўшандан бери умуман пенальти тепмайман. Машғулотлар вақтида 5та тепсам 5та гол ураман, лекин ўйинда 11 метрли жарима тўпини амалга оширмайман. Ўша финалдан кейин йиғлаб ўтирганимда Юрий Сарксиян келиб менга далда берганди.
Ёдимда қолган пенальти йўқ, пенальтичлар бор. Масалан Алан Ширер, Гаиска Меньдиета. Меньдиета пенальти тепаётган вақтда кўзи билан тўпга эмас дарвозага қараб турарди. Қолганлар эса тепаётганда тўпга қараб тепишади.


Гулшан Саъдуллаева ва Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашишди
Фото: Толибжон Қосимов
Rating: +1   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика