Самвел Бабаян: "Тўртта соврин ютмоқчимиз, шулардан бири - Суперкубок"
07 mar 2015 11:21
News
Самвел Бабаян: "Тўртта соврин ютмоқчимиз, шулардан бири - Суперкубок"
- Эртанги ўйин сиз учун қанчалик муҳим? Оддий ўйинми ёки соврин ютиш учунми?
- Мавсум давомида 4та мусобақада иштирок этамиз. Суперкубок ўйинини ажратишни истамаймиз. Мавсум аввалида соврин ютишни барча истайди. Шу боис муҳим ва қийин ўйин кутаяпмиз.
- ОЧЛ доирасидаги "Ал Шабаб"га қарши ўйиндан сўнг йигитлар қанчалик тиклана олишди?
- Футболчилар Саудия Арабистонида яхши ўйин ўтказиб қайтишди. Уларни имкон қадар тезроқ Тошкентга олиб келдик. Чартер рейс ташкил этиб футболчилар тўғри юртимизга қайтиб келишди. Эртанги ўйинга барча йигитлар тайёр.
- Сиз Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб топилдингиз. Бу эртанги ўйин олдидан ва умуман мавсум олдидан сизга қўшимча босим ўтказмайдими?
- Аввало барчага раҳмат айтмоқчиман. Тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдираман. Шахсан мен учун бу дастлабки индивидуал соврин бўлди. Бу соврин бутун "Пахтакор"ники.
- Сизни жароҳат олган, касал дейишганди. Ўйинда майдонга тушдингиз. Ҳаммаси ортда қолдими?
Владимир Козак: - Ҳа қишда кичик жароҳатим бор эди. Бироқ барчаси ортда қолди. Ўйинларга тайёрман. Ўзимни бошқа клуб либосида тасаввур қила олмайман. Ўзбекистонда фақат "Пахтакор"да ўйнайман.
- Битта ўйин, битта соврин. "Локомотив"ни рақиб сифатида қанчалик ўрганиб чиқдингиз?
- Тўғри таъкидладингиз, битта ўйин ва соврин ютиш мумкин. "Локомотив" жуда кучли рақиб. Улар таркибга 8 нафар янги футболчини қўшиб олишди. "Темирйўлчилар" ҳам соврин учун курашишлари аниқ.
- "Ал Шабаб" билан ўйинда ҳимояда анчагина хатолар бўлди. Йигитлар нима бўлганини тушунтириб беришдими? Хато такрорланмайдими?
- Тўғри ўша ўйинда тажрибали ҳимоячиларимиз хато қилишди. Қандайдир босим бордек ҳаракат қилишди. Аммо барча билан гаплашиб олдик, улар ўз хатоларини тан олишди.
- Эртанги ўйин учун қандай режа туздингиз? Тезда ҳужумкор ўйин таклиф қиласизми?
- Агар ҳозир ўз режамизни айтсам, ОАВ орқали бу маълум бўлади. Эртанги баҳсга ўз режамиз бор, фақат буни ўйиннинг ўзида кўришингиз мумкин.
- Сўнгги пайтларда "Пахтакор" иродали жамоага айланиб бормоқда. Бунга қандай эришилмоқда?
- Футбол вазиятли ўйин, сиз кутмаган ҳолат бўлиши мумкин. Ёки кутмаган ҳолатда гол уришингиз мумкин. Бунга қандай эришдик? Бунинг асосий сабаби деярли барча йигитлар "Пахтакор"да ўсишган, шу боис ҳам барча футболчилар майдонга бор кучларини ташлаб кетишмоқда.
- Игорь Сергеев олимпия ва миллий терма жамоасига асосий номзод ҳисобланади. У йўқ пайтида майдонга тушириш мумкин бўлган Пардаев, Алимов ва Солиев каби ҳужумчиларга эртага ўйин амалиётини беришингиз мумкинми?
- Албатта, эртага таркибда бир қатор ўзгаришлари бўлиши аниқ. Бунга ваъда бера оламан. Сабаби ўтган иккита ўйинда майдонга тушмаган барча футболчилар майдонга тушишга тайёрлар, улар ҳам асосий таркибда ўйнашга лойиқ.
Сергеевга келсак, у жуда ҳам универсал ўйинчи. Замонавий ҳужумчи деган номга Игорь тўла лойиқ. У ҳам 8 ёшида клубга келган. У "Пахтакор"да ўсди, катта бўлди ва ҳозир миллий терма жамоа ҳужумчиси. Яқин орада Игорь Осиёнинг энг кучли ҳужумчиси бўлиши мумкин.
- Эртага қўшимча вақт ва пенальтилар серияси бўлиши мумкин. Жамоа бунга тайёрми?
- Албатта, барчасига тайёрмиз. Пенальтилар серияси лоторея. Йигитлар бунинг устида ҳам ишлашмоқда.
- Аднан Ораховацнинг ўйини борасида нима дея оласиз? Жамшид Искандеровнинг жисмоний ҳолати қандай?
- Ораховац борасида нима дея оламан. Бизда унинг даражасидаги ҳимоячилар йўқ. Шу боис ҳам Аднанни ўз сафимизга қўшиб олдик. Агар менга "Челси"дан Бранислав Ивановични таклиф қилишса рад қилмасдим. Аммо вазиятдан келиб чиқамиз. Камолиддин Тожиевнинг жароҳати туфайли Ораховац дарҳол асосий таркибга кирди. Машғулотлар вақтида у ўз устида тинимсиз ишламоқда.
Искандеров эса "Ал Шабаб" билан баҳсда истимаси чиққани туфайли ўз имкониятини намойиш эта олмади. У Осиё Кубоги туфайли клуб билан йиғинларда иштирок этмади, ҳали жамоага тўлиқ қўшилиб кета олмади.
- Акбар Исматуллаев Азиз Ҳайдаров ва Одил Аҳмедовдан кейинги таянч ярим ҳимоячиси бўлиши керак эди. Нима учун Акбар ўша даражага чиқа олмаяпти?
- У жуда ҳам ёшлигидан "Пахтакор"да ўйнай бошлаган. Акбар жуда ҳам яхши футболчи, келажакда ундан ҳам яхши ярим ҳимоячи чиқади. Бунга ишонаман.
- Олимпия терма жамоаси Вьетнамга учиб кетади. Шу ўйин бизга керакми?
- Кеча барча эшитди. Асосий мақсад Олимпиадага чиқиш. Шу сабабли терма жамоа мураббийларига рад жавобини бера олмаймиз. Футболчиларимизни таклиф қилишса уларни қўйиб юборамиз.
- Олимпиада чиқиш бош мақсад қилиб қўйилди. Энди деярли ҳар икки ойда йиғин бўлиши мумкин. "Пахтакор" Олимпиада йўлида чемпионликни қурбонлик қилиши мумкинми?
- 8 мартдан кейин Терма жамоалар марказида мураббийлар қўмитаси билан мажлис бўлади. Ўша ерда барча масала кўриб чиқилади. Олимпия терма жамоасидан 5 нафар ва ундан кўп футболчи чақирув олса ўйинимизни қолдириш ҳуқуқига эгамиз. 2013 йил 6 очко туфайли чемпион бўла олмагандик, шу боис бу йил ҳеч нима қурбонлик қилинмайди ва иш олиб борилади.
Нарзулла Сайдуллаев
Comments