Latest news

08:52«Барселона»га Ольмони мавсумнинг иккинчи қисмида рўйхатдан ўтказиши яхшигина пул топиши лозим  1 08:41«Барселона» товон пули 100 миллион евро бўлган ҳужумчини сотиб олмоқчи  1 08:17Руд ван Нистелройга Чемпионшипдан таклиф тушди  4 08:03Бундеслига тўпурари фаолиятини АПЛ грандида давом эттирмоқчи  1 07:42ЖЧ-2026 саралаш. Бугун Қатар меҳмони бўламиз  22 07:30МЮ ёзда 50 миллион евро сарфланган футболчини қишда ижарага бермоқчи  0 00:36Клаудио Раньери "Рома"га келаётганини тасдиқлади. Тез орада клуб мураббийни таништиради  5 23:52Машарипов ва Турғунбоев сафга қайтди. Ўзбекистон МТЖ Қатарга қарши муҳим ўйин олдидан расмий машғулот ўтказди  3 23:29Ўзбекистон терма жамоаси Қатарга қарши муҳим ўйин олдидан расмий машғулот ўтказди  3 22:54Флик "Барселона"га "Байер" ҳимоячисини олиб келмоқчи  3 22:30Умар Эшмуродов ФИФА сайтига интервью берди  7 22:02Тебас: "Мбаппе "Реал"га келганда, энди уларни мағлуб қилиб бўлмайди дейишганди. Футбол математика эмас"  10 21:35Қатар термаси бош мураббийи Маркес Лопес: "Ўзбекистоннинг кучли ва заиф томонларини алоҳида ўргандик"  14 20:57Ансу Фати яна жароҳат олди. Футболчи бу сафар қанча муддатга сафдан чиқди?  7 20:30"Рома" Туркия бош мураббийи билан алоқага чиқди  4

“Келишилган ўйинлар қироли”. ХI боб News

“Келишилган ўйинлар қироли”. ХI боб

Уилсон Раж Перумалнинг "Келишилган ўйинлар қироли" китобининг ўн биринчи бобини тақдим этамиз.
Малайзияга учиб борган Перумал ўз ишида давом этаркан, кутилмаганда ёрдамчиси Прасад унга хиёнат қилади. Бу орада Самир «қаҳрамонимиз»га қўнғироқ қилиб, ғирром ўйин олиб бораётганини айтганча эътироз билдиради. Боз устига унинг жиноий иши судда кўриб чиқиладиган кун ҳам етиб келганди. Хўш, келишилган ўйинларнинг «қироли» даражасига кўтарилган Раж Уилсон Перумал яна панжара ортига йўл оладими?

«ГОНДУРАС БИЛАН НИГЕРИЯНИ ЖЧ-2010ГА МЕН ОЛИБ ЧИҚҚАНМАН»


«Агар ўйинни сотишни истамасангиз, садоқатингизни ҳурмат қиламан. Мен бировнинг чаккасига тўппонча тираб, ҳеч кимни мажбур қилмайман. Шунчаки пул ишлаб олишни таклиф қиламан холос». Учрашувларни сотиб олиш олдидан бошқалар билан шу тарзда ишлашга одатланганман. Келишилган ўйинлар турлича ташкил этилади. Кимдир ўзини ҳомийдек тутади, яна кимдир керакли ўйинчисини таркибга киритишга муваффақ бўлади. Айримлар футболчилар ва расмий шахслар учун тотализаторда пул тикишларини таъминлаш мақсадида расман кредит олиб берадилар. Шундай одамлар бўйнигача қарз бўлиб, уни тўлай олмайдиган аҳволга келиб қолганларидан сўнг исталган шартни бажаришга мажбур бўлиб қоладилар. Баъзилар эса ўйинчилар ва ҳакамларга очиқдан-очиқ таклиф билан чиқадилар. Асли хорват миллатига мансуб, лекин немис заминида туғилган ака-ука Анте билан Милан Сапина келишилган ўйинларни уюштириш борасида жуда устамон бўлиб кетгандилар. Улар Берлинда «Кинг» номли қаҳвахонани очиб, бу ерга футболчилар ва ҳакамларни таклиф қилганча букмекерлик сайтларида кредит очардилар.
- Шу ҳам иш бўлибди-ми? - дея истеҳзо билан кулиб қўярдилар бу ерга биринчи бор ташриф буюрган  футболчилар ва ҳакамлар мониторга қараб. - Ахир мен профессионалман. Ким ҳам натижаларни мендан кўра олдинроқ тўғри тахмин қила оларди?
Аслида улар ставкаларга дарҳол берилиб, худди компьютер ўйинларига маҳлиё бўлиб қолган болаларга айланиб қолганларини сезмай қолардилар.

ЁРДАМЧИНИНГ ХИЁНАТИ

Малайзияда мезбонлар Сурия терма жамоасини қабул қилардилар. Бу ўйинни мен ташкил этганди. Мен танлаган кениялик ҳакам ўзидан талаб қилинганидек учта пенальти белгилади ва 70-дақиқада стадионни тарк этиб, ютуғимни олиш учун йўл олдим. Янги йил арафасида Зимбабве терма жамоаси малайларнинг «Селангор» клуби билан ўйнарди. Ставкалар қабул қилинмади. Шунинг эвазига бўлса керак, африкаликлар осонликча рақибларини уч тўп фарқи билан ютдилар. Ўша куни оқшомда Дан синдикатида базм уюштирди. Адмир, Дино ва болгариялик Коста учиб келдилар. Коста ўзини худди катта боссдек тутарди. Унинг столида етти шиша вино бор бўлиб, Коста ҳар биридан оз-оздан ичиб турарди. 2008 йили сигаретларнинг ноқонуний савдоси билан шуғуллангани учун уни қамоқ жазосига ҳукм қилгандилар. Келишилган ўйинларни ташкил этиш борасида Костанинг ўз услуби бор эди. Агар мен бу масалада ўйинчилар, мураббийлар ва ҳакамларга мурожаат қилсам, болгариялик ҳамкасбим тўғридан-тўғри футбол ассоциациялари ёки клубларнинг президентлари ҳузурига борарди. Греция ва Туркияда у мустаҳкам алоқалар ўрнатганди. Коста футбол клубларининг президентлари ёрдамида Греция чемпионатида жуда кўп келишилган учрашувларни ташкил эта олганди.
2008-09 мавсумда Коста ҳатто Болгарияда бир клубни бутунлай сотиб олганди. Ўшанда у жамоа ёрдамида керакли натижаларни қайд этган ҳолда чўнтакларини қаппайтириб олганди. Костанинг режаларини бажарган ўша клуб эса мавсум якунида қуйи дивизионга равона бўлганди. Бу жамоани сотиб юбориб, керакли миқдордаги сармояга эга бўлган Коста Даннинг синдикатидан жой олганди. Дан ўша базмга мени таклиф қилмади. Европалик меҳмонлар билан кўришгач, уйимга равона бўлдим. Орадан икки кун ўтиб Зимбабве терма жамоаси Куала-Лумпурда Сурия билан куч синашди. Муаммолар бошланди. Футболчилар пулларни қўлга киритмагунларига қадар майдонга чиқишдан бош тортдилар.
- Тошингизни теринг! Таиландга қарши баҳсни барбод қилдингиз, - дея уларга бақиришга тушдим. - Энди пулларни олдиндан қўлга киритмоқчимисизлар? Аввал ишни бажаринг, кейин улушингизни олинг.
- Йуқ, олдин пулларни чўзинг, - дейишди футболчилар.
- Яхши. Сизларга 30 минг доллар бераман. Боринглар ва 4 гол фарқи билан ютқазинглар.
Ўйин пайтида захира ўриндиғида ўтирдим. Суриянинг тўртинчи голидан кейин стадионни тарк этдим. Зимбабве терма жамоаси рақибига 0:6 ҳисобида ютқазди. Таъбир жоиз бўлса, африкаликлар майдонда ўйинни пиёда юриб ўтказдилар. Учрашувдан кейин футболчиларга яна 20 минг доллар бердим. Бу орада Прасад Маниран исмли йигит билан тил бириктиришга улгурган экан. Улар Сурия чемпионати яхши даромад келтираётганини билардилар. Шунинг учун икковлон менга тегишли худудда ўйнашга қарор қилди. Улар бир қанча футболчилар ва бир агентга чиқдилар. Олдинги мавсумда келишилган ўйинларни ташкил этганим боис ўша клубнинг президентини танирдим. Улар олий лигада қолишга ҳаракат қилардилар. Шунчаки, бу пайтга келиб улар ўтган мавсум учун қарзни қайтарардилар. Ўйин 2:2 ҳисоби билан тугаши керак эди. Буни ҳамма биларди, фақат Прасад билан Манирандан ташқари.
Бу аҳмоқлар ўйинчилар ва мураббийларга фаол таъсир ўтказишга тушдилар. Менга Самир исмли одамим қўнғироқ қилди:
- Менга билдирмасдан ўйин ташкил қиляпсанми? Сингапурлик икки киши сотиб олинган беллашувда келишилган ўйин ўтказишга уриняпти. Футболчилар эса полицияга арз қилмоқчилар.
- Нималар деяпсан? Бундай гап-сўзлардан бутунлай бехабарман.
Бу ишларнинг ортида Прасад билан Маниран турганлигини тезда аниқладим ва уларга Суриядан даф бўлишларини маслаҳат бердим. Улар мени рақобатдан қўрқяпти, деган хаёлга бордилар. Ўйинчилар билан навбатдаги учрашув олдидан уларнинг хоналарига яширин камераларни ўрнатдилар. Ўша футболчиларни қамоққа олдилар. Сурия ТВ орқали бу ўйинчилар кўрсатилди. Улар Сурия қамоқхонасида беш ой ўтирдилар ва 100 минг доллардан гаров пули тўлаб, озодликка чиқдилар. Кейинчалик бу йигитлар ўша беш ой ҳаётидаги энг даҳшатли кунлар бўлганлигини тан олдилар. Қисқаси, бу аҳмоқлар бинойидек кетаётган бизнесимни барбод қилдилар. Ўшандан бошлаб суриялик футболчилар мен билан ҳамкорлик қилишга ва ўйинларни сотиш ҳақидаги таклифлардан қўрқиб қолдилар.

Биз меҳмонхонага жойлашдик ва клубнинг икки ўйинчиси - Мусонда ҳамда Уайт билан учрашдик. Мусонда сочларини тилла  рангга бўяб олганди. Улардан ойига қанча пулга ишлашлари ҳақида сўрадим. Замбиялик футболчилар шундай жавоб қайтаришди:
- Ойига 1000 евро.
Аслида улар 2000 еврога ишлардилар. Лекин унинг тенг ярми ижарада яшаш ва еб-ичишга кетарди. Мен уларни замонавий қуллар деб ҳисобладим. Финляндиянинг олий лигасида ўйнасалар-да, бу йигитлар худди фаррошлар каби маош олардилар.
- Бир ўйин учун 10 минг евро ишлашни истайсизларми? - дея сўрадим улардан.
«Рованиеми» ўйинчилари кўзимга енгил табиатли аёллардек кўриниб кетишди. Мега Зедди билан боғланди. У бу ерга келгунимизга қадар ҳам ўйинларни сотиш билан шуғулланганларини гапириб берди. Улар шарқий европалик одамлар, асосан руслар билан ҳамкорлик қилардилар. Кўп ўтмай Дан билан Динонинг керакли натижа учун уларга пул берганларидан хабар топдим. «Рованиеми» вакиллари келишилган ўйинларга шунчалик берилиб кетдиларки, олий лига билан муддатидан олдин хайрлашганларини ҳам сезмай қолдилар. Ваҳоланки, уларда тажрибали ўйинчилар етарли эди. Бу аҳмоқлар ҳар икки ўйиннинг бирида керакли натижани таъминлай олмаганлари учун бошқа ҳамкасбларимиз улар билан алоқани йиғиштириб қўйгандилар. Мега билан ўзимизни синаб кўришга қарор қилдик.
- Олий лига билан деярли хайрлашганларинг учун букмекерлар иштирокингиздаги ўйинга ставкаларни қабул қилмасликлари ҳам мумкин,  - дедим уларга. - Сизларга 10 минг доллардан гаров пули бераман. Буни янги мавсумдаги ҳамкорлик учун берилган аванс тариқасида қабул қилинглар. Агар келишилган ўйинда иштирок этишни истамасангиз, садоқатингизни ҳурмат қиламан ва жимгина ортга қайтаман. Шу пайтгача бировнинг пешонасига тўппонча тираб, ўйинни сотишга мажбур қилмаганман. Мен шунчаки пул ишлаб олишни таклиф қиламан холос. Агар рози бўлсангиз, менинг дунёимга кирасизлар. Истамасангиз, начора...
Мусонда ва Уайт билан суҳбатлашганимдан кейин Мега иккимиз Сингапурга қайтдик. У ердан Нигерия пойтахти Абуджага қараб учдик.

ЯНА АФРИКАДА

Етиб борганимиздан сўнг маҳаллий федерациянинг вакили билан учрашдик. ЖЧ-2010 саралаш  баҳслари ниҳоясига етиши олдидан Нигерия Тунисдан икки очкога ортда қоларди. Нигерияликлар сафарда Кения билан учрашсалар, Тунис эса Мапутуда Мозамбик билан тўқнаш келарди.
- ЖЧ финал босқичига нима қилиб бўлса ҳам чиқишимиз керак, - дея ялинишга тушди ўша амалдор.  - Бу масалада бизга ёрдам бера оласизми?
- Кения устидан ғалаба қозонишингизни таъминлашим мумкин,  - деганча унинг саволига жавоб қайтардим мен. - Аммо Тунис ғалаба қозонадиган бўлса, барибир мундиалдан четда қоласизлар.
Жаҳон чемпионатига Тунис ёки Нигериянинг бориши мени умуман қизиқтирмасди. Бу шунчаки бизнес. Вазиятдан чиқиб кетиш учун нигерияликлар билан алоқани яхшилашга ҳаракат қилдим.
- Тунисдан очко тортиб оладиган бўлсалар, Мозамбик ФА президентига 100 минг доллар ваъда қилишим мумкин,  - дея гапимда давом этдим. - Лекин бу йўл самара беришини билмайман. Гапимга ишонинг, терма жамоангизнинг Кения устидан ғалаба қозонишини кафолатлашим мумкин. Бу масалада кениялик бир қанча ўйинчиларни сотиб олганман.
Амалдор бениҳоя хурсанд бўлиб кетди ва босси билан албатта гаплашиб олишимизга ваъда бериб хайрлашди. Биз эртаси куни учрашдик.
- Мен Сингапурдаги «Football 4U» компаниясининг раҳбариман,  - дея ўзимни таништирдим Нигерия ФА президенти билан учрашган чоғимда.  - Пекин Олимпиадаси олдидан ташкил этилган қитъалараро Кубокда федерациянгиз билан ҳамкорлик қилганман. Ходимларингиз ҳам мени яхши танишади. Кения устидан ғалаба қозонишингизни таъминлайман ва бундан ташқари Мозамбикни руҳлантира оламан. Ахир жаҳон Кубоги учун курашишни истайсизлар, тўғрими?
 - Албатта, ростдан ҳам бу ишлар қўлингиздан келадими? - дея шошиб қолганча жавоб берди президент. У ўз қулоқларига ишонмасди.
- Сиз билан Найробига учиб, Нигериянинг ғалабасини трибунада нишонлаймиз. Ўз навбатида одамларингизни Мозамбик ва Тунис терма жамоалари ўртасидаги ўйинга юборишингизга тўғри келади.
Аслида ҳеч нарсани кафолатламагандим. Мен шунчаки уларни ишонтирдим холос.
- Энди менинг шартларимни эшитинг,  - деганча гапимда давом этдим. - Агар ҳаммаси кўнгилдагидек якунланса, ЖЧга тайёргарлик кўриш учун ФИФАдан миллион доллар оласизлар. Учта ўртоқлик ўйинида иштирок этишингиз  учун машғулот лагерингизни ташкил этиш ишлари билан ўзим шуғулланаман. Рақибларни ва ҳакамларни ҳам ўзим танлайман. Розимисиз?
ЖЧ йўлланмасини қўлга киритган жамоалар ФИФАдан 9 миллион доллар оладилар. Унинг 1 миллиони тайёргарлик ишларига  сарфланади. Терма жамоангизни мундиалга олиб чиқа олишини ваъда берган кишининг шартини қандай қилиб рад қилишингиз мумкин? Ўйлайманки, тунисликларга шундай таклиф билан чиққан тақдиримда улар ҳам иккиланиб ўтирмаган бўлардилар. Нигерияликлар рози бўлишди. Ўртоқлик ўйинларида сотиладиган терма жамоаларни қидириб топиш осон. Бунинг учун бир кунни тайин қилсангиз бас. Букмекерлар ҳам ўша беллашув учун гаров пулларини қабул қилишни бошлайдиган бўлсалар, ортиқча қийинчиликсиз салкам 5 миллион долларга ишлаб олишингиз мумкин. Дарвоқе, машғулот лагерини ташкил этиш учун 500 минг доллар етади. Агар 700 минг сўрасам, унинг 200 мингги чўнтагимда қолади. Кўриб турганингиздек, оддий жараён орқали ҳам яхшигина пулга ишлаб олса бўлади.
Африкада саралаш босқичининг охирги тури жуда қизғин кечди. Дастлаб АФКдаги одамим Кот-Д‘Ивуар - Того терма жамоалари ўртасидаги учрашув учун олдиндан сотиб олинган зимбабвелик ҳакамни тайинлади. Ўша ҳакам бир ҳафта олдин Баҳрайн ҳамда Того терма жамоалари ўртасида ўтказилган ўртоқлик ўйинида мен учун керакли бўлган 5:1 ҳисобидаги ғалабани таъминлаб берганди. Ҳакамни учрашувга тайинлаш мен учун бор-йўғи 10 минг долларга тушди. Бир кун олдин Нейробида кенияликлар билан гаплашиб олгандим. Йигитларимнинг икки нафари бошланғич таркибда майдонга тушиши, яна бири эса захирада қолиши керак эди. Нигерия учун -1 кўринишида фора бердилар. Шунинг учун -2 кўринишида ютқазиб беришларини сўрадим. Нигерияликлар тезкор гол ўтказиб юбордилар. Иккинчи голни ўтказиб юборишлари ҳам ҳеч гап эмасди, лекин ҳакам юз фоизли вазиятда пенальти белгиламади. Хуллас, улар катта қийинчилик билан 3:2 ҳисобида ғалаба қозондилар. Бироқ мен ҳеч нарса ютмагандим. Бунинг учун Туниснинг қоқилиши керак эди.
Мозамбик ФА президентига шундай мазмунда хат юбордим: «Агар Тунисни тўхтатиб қолсанглар, 100 минг доллар бераман». Ўйлайманки, у ҳозиргача ўша хатни сақлаб қолган ва ўртоқларига кўрсатиб юради. Ишонмайсиз, лекин Мозамбик 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Режам иш берди. Шу заҳоти ҳақиқий қаҳрамонга айландим. Ахир худди Гондурас каби Нигерияни ҳам ЖЧга олиб чиққандим-да! Бу ҳақда ҳеч кимга гапиришим керак эмасди. Амалга ошириш қийин бўлган ишни уддалай олганимни ҳис қилиб турардим. Энди мен келишилган ўйинларнинг ҳақиқий қиролига айлангандим. Албатта, бизнесим қонуний эмас. Ҳар қандай майда-чуйда нарсаларга ҳам эътибор беришга ҳаракат қиламан. ЖЧ финал босқичини ҳисобга олмаганда, ўз ишимда энг юқори чўққига кўтарилгандим. Чунки Нигерия билан Гондурас терма жамоаларининг ЖАРдаги мундиалда мен билан ишлашлари мумкинлигига ишонмасдим. Зеро, бундай мақомдаги мусобақада футболчилар жонларини жабборга бериб тўп сурадилар. Улар футболни яхши кўрадилар. Албатта, ўйинчилар ҳам пулларни севишади. Аммо бундай нуфузли турнирда майдонга қадам босганларидан кейин фақат футбол ҳақида ўйлашга тушадилар.

Ж.ЗАЙНОБУТДИНОВ тайёрлади

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика