“Бир футболчи тарихи”. “Ер шарига астероид хавф солса, уни тўхтатиб қоладиган” Нголо Канте ҳақида
03 feb 2021 17:37
News
“Бир футболчи тарихи”. “Ер шарига астероид хавф солса, уни тўхтатиб қоладиган” Нголо Канте ҳақида
Ҳа, сиз бу каби суратга ўхшашини кўп кўргансиз. Габриэл Жезуснинг 2014 йилги Жаҳон чемпионати вақти бўёқчилик қилиб юргани, 2018 йили эса айнан Жаҳон чемпионатида ўзи иштирок этгани ёдингизда бўлса керак. Айтганча, суратдаги йигитни танидингизми? “Челси” ва Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси – Нголо Канте. Кантенинг ёшлиги қандай ўтгани, унинг бугунги кунгача босиб ўтган йўли ҳақида сўз юритишга қарор қилдик.
Нголо Канте – ким ўзи у?
Канте 1991 йилнинг 29 март куни Франция пойтахти Париж шаҳрида дунёга келган. Нголонинг ота-онаси аслида, малилик бўлган, Малидан кўчиб келган. Отаси Канте 11 ёшга етганида вафот этди. Кантенинг онаси фаррош бўлиб ишлаб, 9 нафар фарзандни тарбиялаган. ЖЧ-2018 олдидан эса қаҳрамонимизнинг акаси – Ниама юрак хуружидан вафот этди.
Клублардаги фаолияти ҳақида
У ўзининг футболдаги илк фаолиятини “Сюрен” академиясида бошлади. 2010 йилда “Булонь” сафига кўчиб ўтди. Нголо Канте ўзининг болалигини эслаб шундай деган эди: “Футбол мактабида осонгина чўққига чиқдим. Бунгача футболга шунчаки, завқ олиш манбаидек қарардим. Кейин мураббийлар мени ноёб иқтидор соҳиби сифатида тан олишгач, турли академиялар кўрикларида қатнашишимга тўғри келди. Гарчи “Ренн”, “Сошо” ва “Амьен” каби клублар синовида рисоладгидек кўринсамда, биров жиддий қизиқмади. Шундан сўнг ҳали анча тер тўкишим зарурлиги, мендан-да иқтидорлироқ болалар кўплигини тушундим”.
Асосий таркибдаги дебютини 2012 йилнинг 18 май куни “Монако”га қарши ўйинда ўтказди. 2012/13 йилги мавсумда Лига 3 “Булонь”нинг асосий футболчисига айлана олди. “2010 йили “Булонь” ёшлар жамоаси таркибида олтинчи дивизионда тўп сурганман ва роса қийналганим эсимда. Чунки тезкор футболга илк марта дуч келгандим. Ҳаммасини жуда тез бажариш талаб этиларди. Аксига олиб, жамоа таркибига қўшилган пайт жароҳатдан тўлиқ фориғ бўлмагандим. Хуллас, қайсидир паллада ҳаттоки, иккиландим: “Йўқ, бу даражада ўйнашга қодир эмасман”. Хайриятки, ўша мураккаб даврни ҳам енгиб ўтдим ва бу катта сабоқдир” – деган эди Канте берган интервьюларининг бирида.
2013 йилнинг июн ойида Канте Лига 2 жамоаси бўлган “Каном” билан 3 йиллик шартномага имзо чекди. Ўша мавсумда чемпионатда 38 ўйинда майдонга тушди. Жамоасининг Лига 1 га чиқишига ҳисса қўшди. 2014 йилнинг 9 август куни мавсумнинг дастлабки учрашувида “Эвиан”га қарши ўйинда майдонга тушди. Лига 1 даги дебютида тўп киритишга ҳан эришди. 2014 йилнинг октябрида эса Канте жамоаси билан шартномасини 2018 йилга қадар узайтирди.
Шундай бўлса-да Канте мавсумнинг сўнггида жамоасини ўзгартирди. 2015 йилнинг 3 август куни “Лестер” сафига 8 миллион евро эвазига кўчиб ўтди. Кантени “Лестер”га скаут Стив Уэлш тавсия этган. Бироқ Клаудио Раньери футболчининг премьер-лигада ўйнаб кетишига шубҳа билан қараган.
АПЛдаги дастлабки голини 7 ноябр куни “Уотфорд” жамоасига урди. Айнан ўша мавсумда АПЛда “Лестер эртаги” бўлди. “Лестер” – АПЛ чемпиони! У жамоанинг етакчиси эди.
Мавсум якунлангач Кантега турли ТОП клублардан таклифлар туша бошлади. Футболчи эса Лондонга кўчиб ўтишни афзал билди. 2016 йилнинг 16 июль куни 32 миллион фунт эвазига “Челси” жамоасига ўтди. Жамоага ўтган мавсумида, яъни 2016/17 йилги мавсумда “Челси” АПЛда чемпион бўлди. Нголо эса қаторасига иккинчи йил (иккинчи йилида бошқа жамоада) Англия Премьер лигасида чемпион бўлди. Аввалроқ бундай натижага Карлос Тевес (“Манчестер Юнайтед”, “Манчестер Сити”), Эшли Коул (“Арсенал”, “Челси”), Ҳеннинг Берг (“Блекберн”, “МЮ”), Коло Туре (“Арсенал”, “Манчестер Сити”), Николя Анелька (“Арсенал”, “Челси”), Гаел Клиши (“Арсенал”, “Манчестер Сити”) ва Роберт Ҳут (“Челси”, “Лестер”) эришганди.
Айнан ўша мавсумда Канте – журналистлар талқинига кўра чемпионатнинг энг яхши футболчиси, “Челси”нинг энг яхши футболчиси ва Францияда ҳам йил футболчиси бўлди.
Айнан ўша мавсум сўнггида унга бошқа жамоалардан ҳам таклифлар туша бошлаган эди. Ҳатто, футболчи кетмаслиги учун жамоадаги энг кўп маош олувчи футболчига ҳам айлантиришди уни. Нголо ҳали ҳануз “Челси” сафида ўйнаб келмоқда.
Терма жамоадаги фаолияти ҳақида
“Лестер” сафида кўрсатган яхши ўйинларидан кейин Франция терма жамоаси бош мураббийи Диде Дешам Кантени терма сафига чорлади. Дебют учрашувини Голландия терма жамоасига қарши бўлган ўртоқлик ўйинида ўтказди. Дебют голини эса 2016 йилнинг 29 март куни, Россия терма жамоаси билан бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувида урди. Евро-2016 да термаси билан биргаликда финалгача қадар борган бўлса, ЖЧ-2018 да Жаҳон чемпиони бўлди.
Нголо Канте исми ҳақида
Унга Нголо сўзи қандай маънони англатиши ҳақида сўрашганида “Мали қиролларидан бирининг исми шундай бўлган. У қуйи табақа вакиллари орасидан ҳукмдор даражасига кўтарилган. Айтганча, Малига 2 марта борганман, у ерда қариндошларимиз бор” – деган жавобни берган.
Қизиқ томони бошқа жиҳат; Кантени жамоадошлари қисқартириб NG деб аташади. “Мени NG деб аташади. Тўғриси, бунга кўникиб қолганман” – деган эди Кантенинг ўзи.
Футболчи ва мутахассислар Нголо Канте ҳақида
Гари Линекер: “Агар Ер шарига қачондир астероид хавф солса, Канте уни тўхтатиб қолади”;
Клод Макелеле: “Бугунги кунда Канте жаҳондаги энг яхши ярим ҳимоячилардан биридир. Бироқ муаммо шундаки, мен бу даражадаги ўйинни 25 ёшимда намойиш этганман. Шундай экан, мени Канте билан таққослаш ноўрин”;
Киллиан Мбаппе: "Канте - жуда сифатли, ўзини халқаро даражада кўрсата оладиган футболчи. У талабларимизга жавоб беради. Канте ПСЖга жуда мос тушган бўлар эди. У франциялик ва унинг трансфер Франция чемпионатига бўлган эътиборни оширади. У бизга ўтса яхши бўларди";
Франк Лэмпард: “У дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири. Буни "Челси"га келмасимдан олдин ҳам билардим. У билан бирга ишлаб, бунга янада амин бўлдим”.
Нголо Канте ҳақида гап кетганида кўпчилик уни камтарлигини алоҳида эътироф этади. Майдонда эса унинг қиладиган иши катта. Кўпчилик футбол мухлислари унинг майдондаги ҳаракатларига кўп ҳам эътибор бермас, бироқ футбол мутахассислари учун Канте қиладиган иш қадрли.
Оғабек Самисов тайёрлади
Comments