"Локомотив" португалиялик мураббий бошчилигида Туркияда йиғин ўтказади
18 jan 2021 12:53
News
"Локомотив" португалиялик мураббий бошчилигида Туркияда йиғин ўтказади
"Темирйўлчилар" 7 январь куни португалиялик мутахассис Микаэль Секейрани билан шартнома имзоланганини расман эълон қилишганди. Бугунги кунга келиб клуб Садриддин Абдуллаев, Жавоҳир Сидиқов, Ислом Қобилов, Санжар Қодирқулов, Абдумавлон Абдужалилов ва Хуршид Мухторовлар билан таркибни кучайтириб олишга эришди. Бундан ташқари, кеча испаниялик марказий ҳимоячи билан ҳам музокара олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Эшитдик-да: "Локомотив"га испаниялик футболчи келади
"Локомотив" янги мураббий қўл остида 14 январь куни йиғинни бошлаган. "Championat.asia" олган маълумотларга кўра, жамоа Тошкентдаги икки ҳафталик йиғиндан сўнг 28 январь санасида иккинчи йиғинни ўтказиш учун Туркия учиб кетади. Туркиянинг жанубида жойлашган Анталия шаҳридаги йиғин 28 январдан 12 февралга қадар давом этади. У ерда ўтказиладиган назорат ўйинларида Секейра шогирдларига қайси жамоалар рақиб бўлиши ҳозирча аниқ эмас.
Эслатиб ўтамиз, "Локомотив" ўтган мавсумни Суперлиганинг 9-поғонасида тугатган. Бу йил эса жамоа жиддийроқ мақсадлар сари қадам ташламоқда.
P.S. "Championat.asia" ходимлари "Локомотив"нинг бугунги машғулотини ёритиш учун йўл олишган, тушдан сўнг машғулотдан суратларни томоша қилишингиз мумкин.
Comments