Latest news

11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   1 10:55Қоил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  3 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  3 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  0 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  1 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  5 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2 07:31Янги мавсумда Про лигада ўйнамайдиган «Дўстлик» етакчисини сотувга қўйди  1 05:09АПЛ. "Ливерпуль" ўз уйида иродали тарзда "Лестер"ни мағлуб этди  6 01:20АПЛ. "Бўрилар" "Қизил иблислар"ни ғажиб ташлади  32 00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  3 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  23 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3

Юбилей муборак, ўзбек футболи қироли — Миржалол Қосимов! News

Юбилей муборак, ўзбек футболи қироли — Миржалол Қосимов!

Бундан 50 йил аввал Тошкент шаҳрида ўзбек футболи қироли дунёга келган.

(Ўтган йил ёзилган мақола янгиланиб қайта чоп этилди)

Ёшлигидан чарм тўпга меҳр қўйган Қосимовни буюк келажак кутаётганди.


Миржалол Қосимовнинг отаси ўғлини 10 ёшида Чиғатойдаги футбол мактабига олиб боради. Таниқли мутахассис Юрий Госпадарчук аввалига Қосимовни қабул қилишга кўнмайди. Лекин футболчининг отаси ва Қосимовнинг ўзи Госпадарчукни фикрини ўзгартиришга ва жамоага қўшилишга тиш-тирноғи билан тиришади. Госпадарчук эса бўлажак футбол юлдузини мактабга қабул қилишга кўнмасдан ўзга чора топа олмайди. Якунда эса Юрий Госпадарчук ўша қарори ўзбек футболининг келажаги учун жуда аҳамиятли ва муҳим бўлиб чиқади.



Ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Жаҳон ва Европа чемпионига айланган Миржалол Қосимов Ўзбекистон терма жамоаси билан ҳозирги кунга қадар ягона халқаро соврин бўлиб турган 1994 йили Ҳиросимада ўтказилган Осиё ўйинларида ғолибликни қўлга киритади.


Футболчилик даврида бир қатор жамоаларда муваффақиятли ўйнаган Қосимовни барча клублар ёрқин хотиралар билан эслайди.


Қосимов ёшлигида барча ўзбек футболчилари қатори "Пахтакор" шарафини ҳимоя қилишни орзу қилади. Унинг бу орзуси амалга ошади. Шунингдек, Қосимов ўз фаолияти давомида "Динамо Минск", "Спартак" (Владикавказ), "Алания", "Крилья Советов", "Ал Шабаб" ҳамда "Машъал" жамоаларида тўп тепади.



Қосимов ўзи ўйнаган барча клублар таркибида бир нечтадан голлар уришга эришган. Марказий ярим ҳимоячи учун ушбу кўрсаткич шунчаки фантастик натижа ҳисобланади.


Жарима зарбалари, бурчак тўплари ва тўп узатмаларни амалга оширишда нозик дид соҳибининг такрорланмас ижроларини ҳали-хамон футбол ишқибозлари ёрқин хотиралар билан эслашади.


Майдонни кўра билиш қобилияти, тўпни ҳис этиш ва етакчилик хусусиятига эга бўлган Қосимовни ўзбек футболи мухлислари ҳозиргача соғинишади.



Қосимовнинг футболчилик фаолияти ҳақида соатлаб гапириш, тўхтовсиз ёзиш мумкин. Ўзбек футболи қироли футболчилик фаолиятида битта армон билан бутсасини михга илганди. У ҳам бўлса Жаҳон чемпионатида иштирок этиш.

2005 йили "Машъал"да футболчилик фаолиятини якунлаган Қосимовнинг хайрлашув учрашуви 2007 йили 2 июнда Тошкентдаги МҲСК стадионида бўлиб ўтади.

Қосимовнинг хайрлашув ўйинида Ўзбекистон терма жамоаси Европа ва Осиё терма жамоаси юлдузларига қарши ўйнайди. Қосимов эса бир тайм Ўзбекистон терма жамоаси сафида, иккинчи бўлимда эса Европа ва Осиё терма жамоаси юлдузлари таркибида тўп тепади. Баҳс дўстона 3:3 ҳисоби билан тугайди.

Европа ва Осиё терма жамоаси таркибида Али Даеи, Мубарак Мустафа, Сергей Семак, Андрей Каряка каби футболчилар тўп суришади. Жамоани эса Валлерий Газзаев бошқариб тушади. Фаҳрий меҳмон сифатида эса Александр Писарев, Виктор Онопко, Александр Тарханов ташриф буюришади.

Ҳозирги кунда "Зенит" бош мураббийи сифатида ишлаётган Сергей Семак эса Қосимовнинг хайрлашув учрашувидан сўнг ўзининг блогпостида мазкур учрашув ва Ўзбекистонга ташрифи ҳақида алоҳида тўхталган.


- Сергей Семак Миржалол Қосимовнинг хайрлашув учрашуви ҳақида


Шундан кейин ўзбек футболининг "қалдирғочи" мураббийлик соҳасидаги фаолиятини бутсасини михга илган "Машъал" жамоасида Кумиковга ёрдамчи сифатида бошлайди. Кейинчалик эса Ўзбекистон терма жамоаси ва олимпия терма жамоасидаги бош мураббий Рауф Инилеевга ёрдамчи бўлади. 2007 йилга келиб эса ўша пайтдаги янги ниҳол "Қурувчи"га (ҳозирги "Бунёдкор") бош мураббий этиб тайинланади.

Қосимовнинг мураббийлик фаолияти ҳам яхши бошланади. "Қурувчи"ни қураётган Қосимов жамоани ОЧЛдаги дебют мавсумидаёқ ярим финалга қадар етаклайди. Ярим финал олдидан эса "Бунёдкор"га бразилиялик таниқли мутахассис Зико таклиф этилади. Зико эса ярим финалдаёқ ОЧЛдаги юришини тўхтатишга мажбур бўлади. Қосимов қўл остида ярим финалга йўл олган "Бунёдкор" Зико билан ўша бекатда қолади. 2008 йилнинг сентябрь ойида Қосимовни Рауф Инилеевнинг ўрнига терма жамоага бош мураббий этиб тайинлашади. Аммо мураббийлик фаолиятида ҳали тўлиқ "пишиб" улгурмаган Қосимовнинг бош жамоада ишлари кўнгилдагидек кечмайди. Натижада эса унинг ўрнига 2010 йили апрель ойида Вадим Абрамов ўтиради.


Абрамовнинг ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасидаги Эронга аламли тарзда ютқазган учрашувидан кейин 2012 йилнинг сентябрь ойида Қосимов яна терма рулига қайтарилади. Бу орада Қосимов маълум муддат "Бунёдкор" ва Ўзбекистон терма жамоасини бир вақтда бошқаришига тўғри келади.



ЖЧ-2014га чиқиш учун курашган терма жамоамизга якунда мундиалга бориш учун иккитагина гол етмай қолади. Қосимов ўшанда барча айбни ўз бўйнига олиб, истеъфога чиқишини билдиради. Аммо ЎФФ раҳбарияти Қосимовнинг истеъфосини қабул қилмайди ҳамда мураббий ўз ишини давом эттиради.

Ваҳоланки Қосимов ўшанда ЖЧ-2014 саралаш босқичини тўлиқ ўзи ўтказмайди. Гуруҳда 7та ўйин ўтказган терма жамоамиз якунда 14 очко тўплайди ва Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги ЖЧнинг сўнгги саралаш босқичида жамғарилган энг кўп очкоси сифатида қайд этилади. Аммо мундиалга йўлланма кўлга киритилмагандан кейин Қосимов кўпчилик томонидан кескин танқидлар остига олинади. Мураббий ўша саралаш босқичини тўлиқ ўзи ўтказмаганини, голлар нисбатига кўра қолиб кетилганини рўкач қилмайди. Яъни бахона қидирмайди. Ваҳоланки саралаш босқичини тўлиқ Қосимовни ўзи ўтказганида балки ўша етмай қолган голлар нисбатини бир очко ишлаган ҳолда тўлдириши мумкин эди. Лекин Қосимов ҳеч қандай баҳона қидирмайди. Афсона доимгидек мардлик қилади.


Осиё чемпионатидан кейин ЖЧ-2018 саралаш босқичининг илк беллашуида КХДРга ютқазилгач Қосимов яна истеъфо беради. Бу сафар унинг истеъфоси ЎФФ томонидан қабул қилинади. 2015 йил 23 июнь куни Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийсиз қолади.



Ушбу истеъфодан кейин кўплаб танқидларга учраган Қосимов мураббийлик фаолиятида кичик танаффус қилди. Бир қатор таклифларга қарамасдан Қосимов ҳеч бир чорловни қабул қилмади ва ҳордиқ чиқаришни маъқул топди. Фақатгина 2017 йил Қосимов яна ўзининг жонажон жамоаси "Бунёдкор"га қийин паллада ёрдам бериш учун қайтишга кўнади. Қосимов 2013 йили "Бунёдкор"дан кетгач "қалдирғочлар"нинг ҳам ишлари орқага юради. Чемпионатда медалларсиз қолиш, ОЧЛда гуруҳдан чиқолмаслик ва шунга ўхшаш бир қатор анти-рекордлар ўрнатилади.


4 йиллик танаффусдан кейин "Бунёдкор"ни қабул қилиб олган Қосимовнинг олдида "қалдирғочлар"ни янада узоққа парвоз қилишга ўргатиш вазифаси туради. Эндигина тухумдан ёрилиб чиққан ёш "қалдирғочлар"га учишни ўргатиш учун Қосимовга кўп вақт керак бўлмади. Қосимов келгач биринчи қилган иши жамоани қайта "реанимация"дан чиқарди.


Жамоани оғир аҳволда қабул қилган мураббий "Бунёдкор"га ғолиблик руҳи, характерни қайтаришга эришди. Қосимовнинг келиши билан жамоанинг натижалари яхшиланди. Миржалол Қосимовнинг илк иши футболчиларга қайси клуб шарафини ҳимоя этишаётганини тушунтириш ва уларни миясига буни сингдиришдан иборат бўлди. Қисқа фурсат ичида ўзбек футболи қироли бу ишни уддалашга муваффақ бўлди. Аммо 2018 йилги мавсум аввалгисиданда молиявий тарафлама қийин бўлди. Лекин шунга қарамай Қосимов йўқдан бор қилиш салоҳиятига эга эканлигини исботлашда давом этмоқда.


"Бунёдкор" учун Қосимовнинг йўқлиги мураббийни қадрини янада оширди. Чунки "қалдирғочлар"нинг 2014, 2015 ва 2016 йиллари қайд этган натижалар жамоа тарихидаги энг ёмони сифатида қайд этилди.

Қосимов "Бунёдкор"дан кетгач жамоа мураббийсиз қанчалик қийналган бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси ҳам маълум муддат шу куйга тушди. Яъни Қосимовнинг истеъфоси терма жамоага ҳеч қандай наф келтирмади. Аксинча, ўз вақтида танқид қилганларнинг кўпчилиги Қосимов давридаги терма жамоани соғинган паллалар жуда кўп бўлди.



Қосимовнинг футболчиликдаги армони, мураббийликдаги ЖЧ-2014 саралаш босқичининг омадсиз якуни ва мухлислар олдидаги мундиал қарзи уни янада кучли қилган бўлса ажаб эмас. Миржалол Қосимовнинг 2017 йилнинг иккинчи қисмида "Бунёдкор"га қайтиши жамоа қаддини кўтаришга, ўзлигини танишга туртки бўлди.


Қийинчиликларни доим мардонавор енгиб келган ўзбек футболи қироли - Миржалол Қосимов бугун ўзининг таваллуд айёмини нишонламоқда. Қосимов футболчилик даврида жуда катта обрў, ном қозонди. Бир қатор ютуқларга эришди. Мураббийликда ҳам Ўзбекистонда бир неча бор биринчи бўлди. Айни пайтда эса Қосимов Олмалиқнинг АГМК жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият кўрсатмоқда.


Футболни нозик дид билан ўйнаган, тўпга хушмуомалалик билан муносабатда бўлган Қосимов, мураббий сифатида жуда кучли тактик ва стратег ҳисобланади.



Қосимов нафақат кучли футболчи ёки мураббий, балки инсон сифатида ҳам ҳурматга лойиқ. Матбуот анжуманларида, интервьюларда журналистларнинг саволларига хушмуомулалик билан батафсил жавоб берадиган профессионал мураббий.


Ҳа-я, айтганча, кўпчилик Миржалол Қосимов ёшини Собиқ Иттифоқ даврида "урилмаганми", деган гумонларга кўп боради.

Яъни, ўша пайтлари Собиқ Иттифоқ даврида футболда бу каби ҳолатлар жуда кўп учраган.


Шу жойда 2003 йил, 24 январь куни "Спорт-Экспресс"да Миржалол Қосимов билан чоп этилган интервьюдан парча келтираман:

- Жалол, провакацион савол. Паспорт бўйича сиз 17 сентябрь куни 33 ёшга тўласиз. Ҳеч кимга сир эмаски, Собиқ Иттифоқ даврида ўсмирлар футболида ёшни 2-3 йилга "уриш" анча авж олганди. Футбол оламида Қосимов ҳам ёшини 1-2 йилга кичрайтирган, деган гаплар юради...
- (Кулади.) Биламан, биламан... Мен сизга аниқ айтаман. Агарда кимдир билан мени ёшим ҳақида баҳслашиб қолсангиз, бемалол 1970 йилда туғилган, деб ишонч билан айтаверинг. Баҳсда ғолиб чиқишизга кафолат бераман. Бу каби гап-сўзлар биринчи марта мактабда ўқиб юрган кезларимда пайдо бўлганди. Тошкент шаҳар биринчиликларида ўйнаб юрганимизда, рақиб жамоа мураббийлари мени ёши катта, деб эътироз билдирарди. Мени ёшим бўйича кўп гаров боғлашарди. Ютқазган эса ресторанга пул тўларди.

- Буни қандай аниқлашарди?
- У пайтлари паспортни ўзгартириш жуда осон бўлган. Аммо ФҲДЁда ёзиб қўйилган санани ўзгартириш имконсиз. ФҲДЁ орқали мени ёшим тўғрилигини аниқлашарди. Мени ёшим ҳақида жуда кўпчилик кўп гаров боғлашган. Аммо ҳар доим мураббийим гаровда ғолиб чиқарди.

Мана бу ўша пайтдаги суҳбатдан парча.




Миржалол Қосимов ҳақида қисқача маълумот:

Туғилган санаси: 1970 йил, 17 сентябрь
Туғилган жойи: Ўзбекистон, Тошкент шаҳри
Бўйи: 174 см
Позицияси: ярим ҳимоячи
Ўйнаган жамоалари: "СК ФММ Москва" (1986), "Пахтакор" (1987), "Динамо Минск" (1988), "Пахтакор" (1988-1991), "Спартак Владикавказ" (1992), "Пахтакор" (1993), "Алания" (1994-1996), "Пахтакор" (1997-1998), "Алания" (1999), "Пахтакор" (1999), "Крилья Советов" (2000-2001), "Ал Шабаб" (2001-2002), "Пахтакор" (2002-2003), "Алания" (2003-2004), "Машъал" (2005).
Терма жамоадаги фаолияти: Ўзбекистон (1992-2005)
Мураббийлик фаолияти: Ўзбекистон олимпия терма жамоаси (2006-2007), Ўзбекистон терма жамоаси (2008-2010, 2012-2015), "Бунёдкор" (2007-2014, 2017-2018), АГМК (2019-...)




Ўзбек футболининг тирик афсонаси бугун қутлуғ 50 ёшни қаршиламоқда. Миржалол Қосимовга бутун ўзбек футболи мухлислари номидан соғлик, оилавий бахт ва омад тилаб қоламиз. Мураббий сифатида эса катта марраларни, халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритишларига тилакдошмиз.


Маълумот учун: Миржалол Қосимов мураббийлик фаолиятида жами 321 ўйин ўтказган ва шуларнинг тенг ярмидан кўпи, яъни 66% учрашувларда ғалабани тантана қилган. Хусусан ўтказилган 321 ўйиндан 190тасида ғалаба, 69 дуранг ва 62 мағлубият қайд этилган. Эътиборли тарафи, Қосимов ОЧЛда ярим финалига 2 маротаба чиққан ягона ўзбек мутахассиси саналади. Айни дамда Суперлигада ишлаётган барча мутахассисларнинг умумий совринларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам Қосимов мураббийлик фаолиятида қўлга киритган совринларга тенглаша олмайди. Миржалол Қосимов мураббий сифатида 3 карра Ўзбекистон чемпиони ва Ўзбекистон кубоги соҳиби, Ўзбекистон Суперкубогида ҳам муваффақият қозонган мураббий. Мазкур натижа, яъни соврин ютиш борасида ҳам ички чемпионат миқиёсида ўзига хос хет-трик қайд этган ягона мутахассис.


Туғилган кун муборак, Миржалол Қўшоқович! Афсона! Маэстро!

Author :
Rating: +291   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика