Зидан vs Бэйл. Қандай қилиб уларнинг муносабатлари бузилди?
24 jul 2019 10:03
News
Зидан vs Бэйл. Қандай қилиб уларнинг муносабатлари бузилди?
Дастлаб, Гарет Бэйл учун ёз қандай ўтгани билан сизни таништирамиз:
- “Реал” ўйинчини топ-клубларга таклиф қилди, аммо ҳеч ким унга бунча маош бера олмайди (йилига деярли 17 млн евро).
- Агент Жонатан Барнет клубни трансфер ҳаракатларининг сустлигида айблади.
- Бэйлга Хитойдан 25 миллион евролик таклиф тушди, аммо у бунга рад жавобини берди.
- “El Mundo Deportivo”нинг ёзишича, Бэйлни Неймарга алмаштиришлари мумкин.
- Бэйл бошқа футболчилар сингари таътилдан қайтди, бироқ ўртоқлик учрашувларида ўйнамаяпти.
19 май куни “Реал Мадрид” мавсумни якунлади. Ўша пайтгача Бэйл соғ-саломат бўлишига қарамай, деярли бир ой ўйнамади. Учрашувдан кейин уэлслик мухлисларга миннатдорчилик билдирмади ва дарҳол ечиниш хонасига йўл олди, у ерда жамоадошларига шундай деди (журналист Фернандо Бургос маълумоти): “Шартнома якунига ҳали 3 йил вақт бор. Агар улар менинг кетишимни исташса, ҳар мавсум учун 17 миллион евро тўлашлари керак. Акс ҳолда мен қоламан ва гольф ўйнашимга тўғри келиб қолса, ўйнайман.“
8 июль куни Бэйл жамоадошлари сингари таътилдан қайтди ва ҳаттоки хорижий йиғинга жўнаб кетди, аммо ҳозир Зидан билан унинг келажагида боғлиқлик йўқлиги аниқ кўриниб турибди. Футболчи “Бавария” билан ўйинда ҳатто қайдномага ҳам киритилмади.
“Бэйл клуб сафидан четда, чунки, клуб уни сотишга ҳаракат қилмоқда”, - деди Зидан Хюстонда очиқчасига. - У эртагаёқ кетса, яхши бўларди. Шундай вақтлар келадики, биз айро кетишимизга тўғри келади. Турли йўллар томон бориш ҳаммамиз учун яхши бўлади. Кетиш мураббий ва футболчининг шахсан ўзининг қарори. Бу вазиятдан унинг хабари бор”.
“Реал”нинг собиқ президенти Рамон Калдероннинг сўзларига кўра, Зидан Бэйлга янги мавсумда жамоада қолмаслигини ваъда қилган.
Ўзаро муносабатларнинг иккита муҳим томони: классико ва Киевдаги ЧЛ финали
Икки ярим йил олдин барчаси аксинча эди. Ўша пайт Зидан “Реал”га келди ва интервьюсида Бэйлни “муҳим ўйинчи” деб атади. Бир йилдан кўпроқ вақт давомида Гарет таркибда яйради, у пайтда ортиқча саволларга ўрин йўқ эди. Сабаби, “Реал Мадрид” ҳужум чизиғида машҳур ББC учлиги (Бэйл, Бензема, Криштиану) ҳаракатланарди.
1. 2017 йил баҳорида “Барса”га қарши ўйин. “Реал” классикога тайёргарлик кўраётган эди. Бу пайтда эса Бэйл жароҳатини даволашда давом этаётганди. Ўйиндан олдин уэлслик футболчи Зиданга “Барса”га қарши ўйнашга тўлиқ тайёр эканлигини айтди, мураббий бунга ишонди ҳамда Бэйлни ўйинга туширишга қарор қилди. Аммо, 39-дақиқада Гарет мураббийлардан уни алмаштиришларини сўради. “Реал” 2:3 ҳисобида ютқазди. “У менга ўйнашга тайёрлигини айтди”, - деди мураббий учрашувдан кейин.
АS нашрининг хабарига кўра, ўшанда клуб шифокорлари Бэйлга шошилмасликни маслаҳат беришган. Балки, тиббиёт ходимлари қатъий талаб қўйишмагандир ёки бу ОАВнинг уйдирмасидир, буниси бизга қоронғу. Лекин, дастлабки талқинларга кўра, айнан шу воқеадан кейин алоқалар дарз кетган.
Бэйл мавсум сўнггига қадар сафдан чиқди, бироқ “Ювентус”га қарши ўтган ЧЛ финалида майдонга қайтди. Гарет жароҳатидан тикланиб бўлганлигига қарамай, Зидан уни фақат ўйиннинг охирги 13 дақиқасида ўйнатди. Бу пайтга келиб мураббий 4-4-2 схемасига ўтиш жараёнини бошлаганди. BBC йўқ қилиниб, Бэйл автоматик равишда таркибдаги ўрнини йўқотганди.
Шу билан бирга, уэлсликка умуман имконият берилмади десак нотўғри бўлади - масалан, у Ла Лигада ўйнади (2017/18 мавсумнинг 26 та ўйинида 16 та гол) - аммо муҳим ўйинларда у сояда қолди.
2017/18 мавсум Европа чемпионлар лигаси1/8 финалнинг “ПСЖ” га қарши иккала ўйинида ҳам захирада қолдирилди, чорак финал ва ярим финалларда умумий 86 дақиқа ўйнади. Учрашувлардан сўнг, Бэйл дарҳол ечиниш хонасига югурди, жамоадан ва мухлислардан тобора узоқлашиб борди (2019 йил баҳорида мухлислар унга қарши ҳуштакбозлик қилишди). Марселонинг сўзларига кўра, Гарет Мадридда 5 йил яшаганига қарамасдан испан тилини ўрганмаган.
2. Чемпионлар Лигаси финали - 2017/18. Киевда ҳаммаси тўлиқ ёмонлашди. Бу вақтга келиб, Бэйл ишончсизлик туфайли хафа бўлиб, яна захирада ўтирди. Иккинчи бўлим ўрталарида “Реал” ва “Ливерпул” жамоаларининг ҳар бири биттадан тўп киритишди, Бэйл 61-дақиқада майдонга тушди ва 63-дақиқада гол урди, 83-дақиқада иккинчи голини киритиб, дубл қайд этди ва чемпионликка эришди. Испанияда Бэйл ўйиндан кейин ғалабадан хурсанд эмаслиги, Зидандан ғазабланаётганлиги ҳақида ёзишди. У Зиданга қарата шундай деган экан: “Ёки мени таркибга киритасиз ёки мен кетаман”.
Баёнотдан кўп ўтмай, Зидан ёзда (Роналду билан бирга) жамоани тарк этди. Муаммониниг ечими топилгандай туюлди.
Аммо, баҳорда Зиданни ортга қайтаришди ва Мадрид газеталари дарҳол Бэйл учун ҳаммаси тугади деб ёзишди. Мураббий ҳамма нарсани пухта бажарди: у дарҳол ўйинчини “беркитиб ташламади”. (Ҳатто, Бэйл француз бошчилигидаги биринчи ўйинда гол ҳам урди), бир ярим ой кутди.
Ушбу ҳикоядаги якун аниқ. Зидан эндиликда трансферларни тўлиқ назорат қилади (бу унинг қайтишидаги шартлардан бири эди) ва у аллақачон якуний қарорни қабул қилган.
Шерзод Нурматов тайёрлади
Comments