Жо Тонг Соп: "Агар КХДР чемпион бўлса халқимиз хурсанд бўлади"
09 jan 2015 12:19
News
Жо Тонг Соп: "Агар КХДР чемпион бўлса халқимиз хурсанд бўлади"
Унинг иккинчи қисмида КХДР бош мураббийи Жо Тонг Соп ва дарвозабон Ри Мьёнг Гук иштирок этишди.
Аслида соат 18:00да бошланиши лозим бўлган матбуот анжумани 10 дақиқа кечикиб бошланадиган бўлди. Бунга сабаб сифатида Сиднейда юзага келган машиналар тирбандлиги ("пробка") экани айтилди. Маълумот учун, айни пайтда шаҳар жуда кучли ёмғир ёғмоқда. Ҳаво ҳарорати ҳам тушиб кетди.
Узоққа кетиб қолманг, рақибларимиз иштирокидаги матбуот анжумани бир неча дақиқада бошланади.
Ниҳоят мураббий ва футболчи стадионга етиб келишди. Демак, матбуот анжумани бошланди.
Жо Тонг Соп: - Мусобақада барча финалга чиқишга ҳавас қилади. Бу Осиёдаги энг катта мусобақа саналади. Ўзбекистонни озми-кўпми биламиз, уларнинг футболидан хабаримиз бор.
Эртага мусобақанинг илк ўйини бўлиб ўтади. Биз бор кучимиз билан ўйнаймиз. Яхши натижага умид қиламиз.
- Нима учун бир қатор асосий футболчиларни Австралиядаги мусобақага олиб келмадингиз?
- Уларнинг кўпчилиги жароҳат туфайли мусобақага келишмади. Қолган ўйинларга умид боғлашга мажбурмиз.
- Ўзбекистон билан КХДР терма жамоасини таққосласак, сизнинг фикрингизга кўра ўз жамоаингизга қандай баҳо берасиз?
- Ўзбекистон терма жамоасини ўрганиб чиқдик. Уларда таркибда кўплаб ўзгаришлар борлигини биламиз. Рақибимизнинг кучли ва кучсиз томонлари бор. Ўзбекистон яхши жамоа, ушбу жамоа Осиё Кубогида кўпроқ қатнашган тажрибага эгалар. Лекин биз ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
- КХДР терма жамоаси қайси босқичга қадар етиб боради деб ўйлайсиз?
Ри Мьён Гук: - Барча жамоа ғалаба қозонишни истайди. Биз ҳам мусобақада иложи борича узоқроққа бормоқчимиз.
- Нима учун яқинда КХДР терма жамоасида бош мураббий алмашди?
- Бу маълумот тўғри эмас. Бош мураббий алмашгани йўқ.
- Нима учун Осиё Кубогига тайёргарлик жараёнида ўртоқлик учрашувлари ташкил этмадинглар? Бунга нима сабаб бўлди?
- Ҳар битта мураббий тайёргарликка ўзича ёндошади. Мен шундай қарор қабул қилдим. Асосийси ўртоқлик ўйинлари эмас жамоадаги ички муҳит ҳисобланади.
- Футболчиларингиздан бири 3та ўйинга дисквалификация қилинган...
- Агар чорак финалга чиқсак у майдонга тушади.
- Осиё Кубоги Австралияда бўлиб ўтади. Бу ердаги иқлимга мослаша олдингларми?
- Бизга барча шароитларни яратиб берди. Бу борада ҳеч қандай муаммога дуч келмадик. Мусобақа ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Нима учун ҳозирда КХДР клублари фақат ОФК Президенти кубогида иштирок этишади? Келажакда клубларингиз ОФК кубоги ва Осиё Чемпионлар лигасида ҳам қатнашиши мумкинми?
- Буни ОФК ҳал қилади. Айни пайтда клубларимиз ОЧЛда ўйнашга тайёрми ёки йўқми буни билмайман.
- Тасаввур қилинг КХДР Осиё Кубогида чемпион бўлди...
- Албатта бундан бахтиёр бўлардик. Бутун халқимиз учун ажойиб байрам бўлар эди.
Ри Мьёнг Гук: - Агар Осиё чемпиони бўлсак ҳам халқимиз, ҳам КХДР раҳбари хурсанд бўлади.
- Агар жамоа гуруҳдан чиқса Жанубий Кореяга рақиблик қилиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Шу борада қандай фикрдасиз?
- Биз гуруҳдан чиқа олсак ундан кейинги босқичлардаги рақибнинг ким бўлишининг фарқи йўқ. Агар биз икки карра куч билан ўйнасак кучли рақибни ҳам мағлуб эта оламиз.
Хайрулла Холиқов, Нарзулла Сайдуллаев
Сидней шаҳридан
Comments