Latest news

00:43Мбаппеда бир неча ойдан бери руҳий муаммолар бор (L’Equipe)  0 00:16Тайрелл Маласиа 17 ой деганда майдонга қайтмоқда. У бугун ўринбосарлар сафида футбол ўйнайди  0 23:33Шомуродов, Ашурматов ва Файзуллаев ҳам қўшилди. Ўзбекистон МТЖнинг бугунги машғулотидан ГАЛЕРЕЯ  1 23:19Фрэнк Лэмпард мураббийликка қайтиши мумкин, аммо...  0 22:50Лисандро Мартинес жароҳат сабаб Аргентина терма жамоаси ўйинларида иштирок этмайди  0 22:10Родри "Олтин тўп"да кимларга овоз берган бўларди? Футболчининг ўзи жавоб берди  9 21:42Элдор Шомуродов: "Қатарга қарши ғалаба учун майдонга тушамиз, аммо гол ўтказиб юбормаслик ҳам жуда муҳим"  14 21:07"Ливерпуль" академияси: Сен ёлғиз эмассан  1 20:51Рустам Ашурматов: "Жамоавий ўйин бўйича Қатардан устунроқмиз"  3 20:0112 йиллик армон ёхуд "Насаф"ни чемпион қилган Рўзиқул Бердиев билан эксклюзив интервью   7 19:32ПСЖ бу сафар Тибо Куртуани сотиб олишга уриниб кўрмоқчи  3 19:13Рафинья Ямалга 10 минг фунтлик тилла "iPhone" совға қилди  6 18:41Неймар: "Шу ҳафтанинг ўзида 3 та фейк хабар чиқди. Бразилия менга бундай муносабатда бўлаётганидан хафаман"  12 18:10Беларусь терма жамоаси ҳужумчиси виза билан муаммо туфайли Миллатлар Лигаси учрашувини ўтказиб юборади  0 17:46"Бавария" Ян Кристиан Дризен билан шартномани узайтирди  1

ЖЧ-2013: Ўзбекистон йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлади! News

ЖЧ-2013: Ўзбекистон йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлади!

Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси Туркияда давом этаётган жаҳон чемпионати баҳсларини ишончли ғалаба билан бошлади.
Аҳмаджон Мусаев қўл остидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 23 июнь, якшанба куни Туркияда давом этаётган ёшлар ўртасидаги 2013 йилги жаҳон чемпионати баҳсларидаги иштирокини бошлади. Мусобақанинг дастлабки ўйинида ўзбекистонлик футболчиларга Океания чемпиони – Янги Зеландия ёшлар терма жамоаси рақиб бўлди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоасининг ҳозирги таркибида 2011 йилги Мексикада бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати қаҳрамонларидан олти футболчи бўлиб, улар учун Янги Зеландияга қарши ўйин айниқса принципиал эди. Чунки икки йил аввал ҳам ҳар иккала мамлакат ўсмирлар терма жамоаси илк турда тўқнаш келган, ўшанда Алексей Евстафеев шогирдлари аламли тарзда 1:4 ҳисобида имкониятни бой беришган эди. Яна ҳам эътиборли томони шундаки, Торреонда ўтган баҳсда дисквалификация сабаб майдонга туша олмаган жамоа етакчилари – ҳимоячи Сардор Раҳмонов ва ярим ҳимоячи Аббос Махсталиев бугун, Бурсада илк дақиқалардан ҳаракат қилишди. Ва, ҳеч шубҳа йўқки, улардан сўнггиси ўйиннинг ҳақиқий қаҳрамонларидан бирига айланди ва ҳақли равишда учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди.

Янги Зеландияга қарши ўйиннинг илк дақиқаларида Аҳмаджон Мусаев шогирдларида бир қадар ҳаяжон сезилган бўлиши мумкин, бироқ тажриба борасида барибир рақибидан бир калла устун бўлган ўзбекистонлик ёшлар ҳисобни нисбатан тезкорлик билан очиб, ўйиннинг боришини тўлиқ ўз назоратларига олишди. Ҳисоб эса рақиб дарвозабонининг кутилмаган хатосидан сўнг очилди. Учрашувнинг 14-дақиқасида зеландияликлар посбони, ўйинни бошлай туриб, тўпни қаршисида турган Игорь Сергеевга ташлаб берди. Сергеев чаққонлик билан тўпни эгаллаб олиб, жарима майдонига кириб, дарвоза томон зарба берди, бироқ Максим Крокомб хатосини нисбатан тўғрилаган бўлиб, зарбани қайтарди. Қайтган тўпга ҳаммадан биринчи бўлиб Аббосбек Махсталиев етиб келди ва ҳисобни очди.

Кейинги дақиқаларда ҳам Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоасида бир қатор қулай имкониятлар бўлди. Улардан энг хавфлиси тайм якунланиши арафасида Жамшид Искандеров ва Диёр Туропов жуфтлиги томонидан амалга оширилди. «Пахтакор» ярим ҳимоячисининг моҳирона тўп узатишидан сўнг қулай вазиятга чиқиб борган «Олмалиқ» вакили, ҳатто дарвозабонни ҳам алдаб ўтишга муваффақ бўлди, бироқ фақатгина омад туфайли Янги Зеландия ёшлар терма жамоаси иккинчи голдан қутулиб қолди. Иккинчи таймда маълум бўлдики, Туропов бўш дарвозага эмас, посбони тўпни эгаллашга шай бўлиб турган дарвозаларга чиройли голларни уришни маъқул кўрадиган футболчилар тоифасидан экан.

Ҳаяжонли ва мусобақадаги кейинги иштирокнинг кейинги ривожини белгилаб берадиган муҳим баҳснинг биринчи ярмидаги ғалабадан сўнг, Аҳмаджон Мусаев шогирдлари иккинчи бўлимни ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказишди. Парагвайлик бош ҳакам Антонио Ариаснинг иккинчи бўлим бошлангани ҳақидаги ҳуштаги янграганига 10 дақиқа ҳам бўлмай, чиройли комбинациядан сўнг, Янги Зеландия дарвозасидан иккинчи гол жой олди. Жарима майдончаси яқинида тўпни эгаллаб олган Аббос Махсталиев марказ томон ҳаракатлана туриб, тўпни ҳимоячиларни чалғитиб, қанотдан очилаётган Игорь Сергеевга жуда ҳам қулай тарзда ташлаб берди. Ёшлар ўртасидаги 2012 йилги Осиё чемпионатининг энг яхши тўпурари эса, моҳирона, аниқ, кучли зарбаси билан Крокомб дарвозасининг ишғол қилиб, Туркиядаги голлари ҳисобини очди – 2:0.

Шуни алоҳида қайд этиш жоиз, шу куни Бурсадаги «Отатурк» стадионига Ўзбекистондан юздан ортиқ футбол ишқибозлари ташриф буюрди. Ишқибозлик маданияти, жамоани тинимсиз ва давомли қўллаб-қувватлаб туриш масаласида камдан-кам мамлакатларнинг футбол мухлислари туркларни ортда қолдира олади. Бироқ, Янги Зеландия ва Ўзбекистон учрашуви вақтида стадионнинг жанубий секторларини Ўзбекистон байроқларига тўлдириб, тинимсиз қўллаб-қувватлаган ва футболчиларга руҳ бағишлайдиган қўшиқларни куйлаб турган ишқибозлар турк футбол жамоатчилигини-да ҳайрон қолдирди, ҳам ҳавасини келтиргани рост гап. Қайсидир маънода, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаларининг жаҳон чемпионатларидаги иштироки тарихидаги илк ғалабани қўлга киритилишида стадион худди Ўзбекистонда жойлашганидек муҳит яратилганига ҳам ўз таъсирини кўрсатди, албатта.

Учрашув тақдирини амалда ҳал қилган учинчи гол 67-дақиқада Янги Зеландия дарвозасидан ўрин олди ва, сўзсиз, мусобақанинг ҳақиқий безакларидан бирига айланди. Навбатдаги ҳужумлардан бирида, тўп янги зеландияликлар ҳимоячилар томонидан қайтарилди ва Диёржон Туроповга келиб тушди. «Олмалиқ» ярим ҳимоячиси тўпни қайта ишлаб, 20-22 метрлар масофадан шундай чиройли ва аниқ зарба йўлладики, тўп Янги Зеландия посбони устидан ўтиб, дарвозанинг узоқ юқори бурчагига аниқ бориб тушди. Бунгача эса Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси сардори Владимир Козак худди ўша нуқтадан жуда кучли зарба йўллаб, рақиб дарвозасини ишғол этишга уриниб кўрган эди.

Ўйин давомида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси рақиб дарвозаси томон 21 марта зарба йўллаб, шундан 14тасини тўғри дарвозага йўналтирди. Тўпга эгалик қилиш борасида устунлик эса 60га 40 фоизни ташкил этди. Бутун ўйин давомида Крис Миличич шогирдлари ҳам қатор вазиятларни юзага келтиришга ҳаракат қилишди, бироқ уларнинг барча уринишлари, таянч ярим ҳимоясида ҳаракат қилган Владимир Козакнинг кўмагида, марказий ҳимоячилар Бобурбек Йўлдошев ва Сардор Раҳмоновнинг саъи-ҳаракатлари билан бартараф этиб турилди. Тоҳир Шамшитдинов ва Максимилиан Фомин эса қанотлардан ҳужумларга қўшилиб, рақибга нисбатан босимнинг бирор лаҳза пасаймаслигига хизмат қилишди.

Иккинчи бўлимда бир қатор етакчилар – Владимир Козак, Искандеров, Диёр Туропов алмаштирилди. Чунки олдинда ҳали Хорватия ва Уругвайга қарши осон бўлмаган ўйинлар бор. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 26 июнь куни Бурсада Тошкент вақти билан 23:00да Хорватия терма жамоасига қарши майдонга тушса, 29 июнь куни Антальяда Тошкент вақти билан 20:00да Уругвай ёшлари билан баҳс олиб боради.

U-20 ЖЧ-2013, гуруҳ босқичи
«F» гуруҳи, 1-тур учрашуви
ЯНГИ ЗЕЛАНДИЯ – ЎЗБЕКИСТОН 0:3 (0:1)
Голлар:
Аббос Махсталиев (14), Игорь Сергеев (53), Диёржон Туропов (67).
Огоҳлантириш: Максимилиан Фомин (57).
ЯНГИ ЗЕЛАНДИЯ: 20. Максим Крокомб, 2. Сторм Роукс (13. Лиам Ҳиггинс, 65), 3. Билл Туилома (15. Жастин Галли, 69), 4. Саймон Армс, 5. Льюк Адамс, 6. Томас Бисс, 7. Кэмерон Ҳовайсон, 8. Тим Пэйн, 9. Ҳэмиш Уотсон (17. Райян Томас, 46), 10. Тайлер Бойд, 11. Луис Фентон.
ЎЗБЕКИСТОН: 1. Асилбек Омонов, 2. Тоҳиржон Шамшитдинов, 3. Сардор Раҳмонов, 4. Бобурбек Йўлдошев, 5. Максимилиан Фомин, 6. Аббосбек Махсталиев, 7. Владимир Козак (20. Муҳсинжон Убайдуллаев, 63), 8. Диёржон Туропов (9. Жалолиддин Машарипов, 76), 10. Жамшид Искандеров (11. Абдул Азиз Юсупов, 70), 17. Игорь Сергеев, 18. Сардор Собирхўжаев.
Бош ҳакам: Антонио Ариас (Парагвай).
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика