Ёзда эркин агентга айланадиган топ-10 футболчи
04 jun 2019 23:30
News
Ёзда эркин агентга айланадиган топ-10 футболчи
10. Франк Рибери, 36 ёш
Сўнгги клуби: "Бавария"
Трансфер нархи: 4 млн. евро.
Рибери "Бавария"да 12 йил ўйнади. "Бавария"ни у ва Роббенсиз тасаввур қилиш қийин, аммо бу футбол. Францияликнинг ўзи ёшига қарамасдан тўп тепишни давом эттирмоқчи. Энди у даражаси пастроқ бўлган, иссиқ мамлакатга йўл олади. Навбатдаги давлат Қатар бўлиши мумкин. Уни Хави бошчилигидаги "Ал-Садда" кўришмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар юрган эди.
9. Арьен Роббен, 35 ёш
Сўнгги клуби: "Бавария"
Трансфер нархи: 5 млн. евро
Голландиялик ярим ҳимоячи Рибери каби "Бавария"да узоқ вақт тўп тепди. Кетишдан олдин у яна бир бор чемпионлик совринини боши узра кўтарди. Арьен ҳозирча янги клуби борасида бир тўхтамга келгани йўқ. У фаолиятини давом эттириши ҳам аниқ эмас. "Лестер", "Аякс", ПСВ, "Бенфика", "Гронинген" ва Хитой клуби қизиқиши ҳақида хабарлар эълон қилинди, аммо Роббеннинг ўзи жим.
8. Филипе Луис, 33 ёш
Сўнгги клуби: "Атлетико"
Трансфер нархи: 5 млн. евро
Диего Симеонега ҳавас қилиб бўлмайди: Унинг ажойиб "банда"си бўлиниб кетмоқда. Олдинроқ, Диего Годин, Хуанфран, Лука Эрнандес ва Антуан Гризманн ёзда жамоани тарк этиши эълон қилинди. Филипе Луис ҳам бу рўйхатда бор. "Атлетико" шарафини 2010 йилдан бери ҳимоя қилган (2014/15 мавсумда танаффус бўлган) бразилиялик Испания чемпионати олтин медалларини қўлга киритди, Испания Кубоги, Европа лигасида зафар қучди. Унинг кейинги клуби "Барселона" бўлиши кутилмоқда. Фелипе Луисда бошқа таклифлар ҳам бор.
7. Макс Крузе, 31 ёш
Сўнгги клуби: "Вердер"
Трансфер нархи: 10 млн. евро
31 ёшли форвард ҳали ҳам кучли. Якунланган мавсумда барча турнирларда у "гол+пас" тизимида "12+13" натижани қайд этди, аммо шартномани узайтиришни истамади. Унга даъвогарлик қилаётганлар етарлича. Улар орасида "Ливерпуль" ва "Бавария" ҳам бор. Аммо Крузе бу ёшда захирада ўтириб қолмаслик учун ўртамиёна клубни танласа керак.
6. Гари Кэхилл, 33 ёш
Сўнгги клуби: "Челси"
Трансфер нархи: 10 млн. евро
Кэхилл 2012 йилдан бери "Челси" шарафини ҳимоя қилиб келмоқда, сўнгги уч йил у жамоа сардори сифатида ўйнади, аммо Сарри келганидан сўнг асосий таркибдаги жойини йўқотиб қўйди. 2018/19 мавсумда у барча турнирларда бор-йўғи 8 марта майдонга тушди, хатто қайдномага киритилмади.
33 ёшли футболчи қишдаёқ ижарага кетиши мумкин эди. Унга "Милан", "Интер", "Ювентус", "Монако" ҳамда Англия чемпионатининг ярми қизиқиш билдирди, бироқ Кэхилл барча таклифларни рад этди. Энди у танлаши керак: "Челси" билан шартнома якунига етди, Гари эса фаолиятини якунламоқчи эмас. Тез орада у собиқ жамоадоши Жон Терри меҳнат қилаётган "Асто Вилла"га ўтиши мумкин.
5. Дэнни Уэлбек, 28 ёш
Сўнгги клуби: "Арсенал"
Трансфер нархи: 15 млн. евро
Жароҳатлар форвардга ўзини кўрсатишга имкон бермади. Жорий мавсум у икки марта операция қилинди, аммо Уэлбек саккизта учрашувда майдонга тушди. Сўнгги баҳс - ноябрь ойида "Спортинг"га қарши учрашув бўлди. Айнан ўша ўйинда у жиддий жароҳат олди. Унинг "Арсенал"даги фаолияти якунлангани аниқ. Бўлажак иш берувчилар жароҳатларни ҳисобга олиши аниқ.
4. Дэниел Старриж, 29 ёш
Сўнгги клуби: "Ливерпуль"
Трансфер нархи: 15 млн. евро
2013/14 мавсум Старриж учун ўзгача бўлиб қолади, чунки айнан ўша йили у 29та учрашувда 21та гол уришга муваффақ бўлган. Шундан сўнг унинг фаолиятида пасайиш кузатилди. Жароҳатлар, барқарорлик йўқлиги. Ҳозир "Ливерпуль"нинг қаҳрамонлари бошқа: Салоҳ, Мане, Роберто Фирмино ва хатто Ориги. 29 ёшли Старриж эса бошқа клуб топишига тўғри келади.
3. Марио Балотелли, 28 ёш
Сўнгги клуби: "Марсель"
Трансфер нархи: 20 млн. евро
Қачонлардир бу италияликнинг келажаги буюк дейилган эди, аммо иқтидорга феъл ҳалақит қилди. Балотелли сўнгги уч мавсумни Франция чемпионатида ўтказди, аввалига "Ницца"да тўпурар бўлди, сўнгги ярим йилда "Марсель"да ўйнади.
Ҳозир Балотелли янги таклифларни кўриб чиқмоқда. Бир неча кун олдин у журналистларни ҳали ҳеч нарса ҳал бўлмаганига ишонтирган эди. Аммо у "Парма" вариантини истисно қилмади.
2. Хуан Мата, 31 ёш
Сўнгги клуби: "Манчестер Юнайтед"
Трансфер нархи: 25 млн. евро
Испаниялик деярли 6та мавсумни "Олд Траффорд"да ўтказди, ўтган йили жуда ёмон ўйнади, жорий мавсум охирида эса клубдан таклиф бўлишига қарамай жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. Матага "Валенсия", "Барселона" ва "Ньюкасл" қизиқиш билдирмоқда.
1. Адриен Рабьо, 24 ёш
Сўнгги клуби: ПСЖ
Трансфер нархи: 35 млн. евро
Ярим ҳимоячи клубдаги ўзининг сўнгги учрашувини декабрда ўтказган. Кейин шартнома бўйича келишмовчиликлар бошланди. Ушбу воқеа футболчини таркибдан чиқариш билан якунланди. Рабьо футболсиз ўтган даврини тунги клубларда ва ПСЖга қарши постларга лайк босиш билан ўтказди.
Энди у эркин қушга айланади. Бир йил олдин ПСЖ уни 40-50 млн. еврога сотиши мумкин эди, энди эса у текинга жамоани тарк этади. Даъвогарлар орасида МЮ, "Эвертон", "Атлетико", "Ювентус", "Тоттенхэм" ва бошқа клублар бор.
Comments